1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Бақара сураси, 267-оят

09:05 / 22.04.2018 5765 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир. Бақара 267.

Маълумки, ўзи топган мол-мулкни садақа қилиб юбориш осон эмас. Ҳар бир одам кўпроқ мол-дунёга эга бўлишни хоҳлайди. Садақа қилиш учун маълум даражада фидокорлик, ўзидан, нафсу ҳавосидан кечиш талаб этилади.

«Садақа» сўзи «тасдиқлаш» маъносини англатади, яъни молидан садақа қилувчи киши қалбидаги иймонини амалий жиҳатдан тасдиқлаган бўлади.

Шунинг учун ҳам мол-мулкдан садақа қилишга тарғиб қилувчи оятни Аллоҳ таоло мўминларга маҳбуб сифат билан бошламоқда:

«Эй иймон келтирганлар!» демоқда. Бу сифат билан нидо қилинганда, мўмин киши ҳар қандай оғирликни ҳам писанд қилмай адо этишга киришади.

Сўнгра нималардан садақа қилиш кераклиги баён қилинмоқда:

«Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар».

Бу таъриф мўминларнинг қўлига тушадиган барча турдаги молу мулкни – аввало, ўзлари касб қилиб топган ҳалол, пок ризқларини, сўнгра Аллоҳ ердан чиқариб берган зироатлар, конлар ва бошқаларни ўз ичига олади.

Пок нарсадан садақа қилишга амр қилинди, лекин масала ниҳоятда аҳамиятли бўлганидан яна таъкидланмоқдаки:

«Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг».

«Нопок» дейилганда фақат «ҳаром»ни тушунмаслик керак, балки паст, арзимаган, киши назарига илмайдиган нарсаларни ҳам тушуниш лозим. Қисқа қилиб айтганда, «пичоқни ўзингга ур, оғримаса, бировга» қабилида иш қилиш керак. Садақа бераётган киши ўзини садақани олаётган кишининг ўрнига қўйиб кўрсин. Берилса, ўзи олмайдиган нарсани бировга ҳам садақа қилиб бермасин. Шунга ишора қилиб:

«Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз», дейилган.

Яъни «Биров паст нарса берса, оласизми? Йўқ, олмайсиз. Олсангиз ҳам, кўзингизни юмиб, ижирғаниб, ноиложликдан оласиз. Шундай экан, бошқага ҳам яхшисидан раво кўринг».

«Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир».

Аллоҳ бой бўлганидан кейин Унинг йўлида қиладиган садақангиз ўшанга ярашгудек бўлсин. Аллоҳ мақталган Зотдир, Ўзининг йўлида садақа қилганларни У ҳам мақтайди.

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши ҳақида ҳадис илми имомларидан Ибн Аби Ҳотим раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши: «Бу оят биз ҳақимизда нозил бўлган, – деганлар. – Хурмоларимиз бор эди. Ҳар бир киши хурмосининг оз-кўплигига қараб, олиб келиб, шингили билан масжидга осиб қўяр эди. Супа аҳлининг таоми йўқ эди. Улардан бирорталари оч қолса, ҳассаси билан қоқиб, ранг тортган ва пишиб етилган хурмоларни олиб, ер эди. Яхшиликка рағбати йўқ баъзи кишилар бўлмағур, ёмон шингилларни ҳам осиб қўйишар эди. Шунда Аллоҳ таоло «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз…» оятини нозил қилди. Шундан сўнг биздан ҳар биримиз ўзида бор хурмонинг энг яхшисини келтирадиган бўлди».

  Садақа қилмаслик ёки нопок – паст нарсалардан садақа қилиш ушбу садақа эгасининг қалбида иймон сустлигининг ва бирор шубҳа ёки касаллик борлигининг далолатидир.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва Қуръонни одамларга астасекин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлакбўлак қилиб нозил қилдик, Исро сураси, давоми...

1562 19:00 / 10.09.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .У Кунда Ул Зот сизни чақирур. Бас, Унга ҳамд ила жавоб берурсиз ва дунёда фақат озгина турганлигингизни давоми...

1263 19:00 / 23.04.2024
Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади .Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган давоми...

3323 12:10 / 25.10.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ сизларга ҳаёт тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўшандан давоми...

6389 14:00 / 05.03.2023
Аудиолар

210900 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130162 14:35 / 11.08.2021