1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Муваффақиятнинг сабаби нимада?

09:45 / 05 октябрь 1354 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳунайн ғазоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотлари ичида алоҳида ўринга эга. Масофа қисқа эди. Душманнинг сони ҳам, қуроли ҳам оз эди. Гўё натижа олдиндан кафолатлангандек, душман худди ширин луқмадек эди. Озгина вақт ўтадию, мусулмонлар гўё ғалаба қозонади.

Демак, барча сабаблар муҳайё. Ҳатто ўшанда саҳобалар ҳам мағрурланиб: «Бугун озгина қўшинни мағлуб этамиз!» дейишган эди.

Аммо сабабларнинг Эгаси бу умматни тарбиялашни ирода қилди. Уларга сабабларга суянишни эмас, сабабларни тутишни ўргатди. Ғалаба кишиларнинг қўлидаги қилич-камонларида эмас, Ўзининг қўлида эканини уларга англатишни истади.

Қўшинлар тўқнашди. Жангнинг аввалида мусулмонлар енгила бошлади. Улардан кўпчилиги қочди. Ана шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам ўзларининг хачирлари билан мушриклар қўшини ичига: «Мен пайғамбарман, бу ёлғон эмас. Мен Абдулмуттолибнинг ўғлиман!» дея ёриб кирдилар. Ана шунда мусулмонлар ўзларига келишди. Набийлари атрофини ўраб олишди. Раббларига бўлган ниятларини тўғрилашди ва шундан сўнг ғалаба қозонишди!

Бадр ва Ҳунайндаги жангни кичик солиштириш орқали ғалаба сирини англаш мумкин. Бадрда Қурайшнинг кучи очиқ-ойдин кўп эди. Аммо мусулмонлар бутун орзуларини Аллоҳга боғлашди. Унга ёлворишди. Мусулмонларнинг ўша кундаги вазиятини Ҳамза розияллоҳу анҳунинг Қурайш қўшинини кўриб айтган гапи ифодалайди:

«Қурайшнинг сони ва қуроли кўп бўлса-да, у мени қўрқита олмайди. Биз улардан иймонимиз билан кучлимиз!»

Аллоҳга бўлган мана шу муҳтожлик, суяниш сабабларга эмас, сабабларнинг Раббига бўлиши ғалабани таъминлади. Аллоҳ уларнинг қалбини собит қилди. Фаришталар билан қувватлади. Шахсан Жаброил алайҳиссалом ўзининг отини миниб, илоҳий мадад қўшинини бошлаб келди!

Ҳунайнда эса урушга бўлган назар ўзгарди. Душманни мусулмонлар писанд қилишмади. Ўзларига катта баҳо бериб юборишди. Аллоҳ шунинг учун уларни душманлари билан ҳоли ташлаб қўйди. Катта мусибат содир бўлишига оз қолди. Мусулмонлар илоҳий тарбияни олгач, сабаблардан кўнгилларини узиб, сабаблар Раббига боғлашди. Ана шундан сўнг мусулмонлар душманлари кўз ўнгида аввалги ҳолатига қайтишди.

Бутун умматга айтилган гап ундаги якка шахсга ҳам айтилади. Ким Аллоҳга суянса, мана шу суянишнинг самараси ўлароқ Аллоҳ унга сабабларни муҳайё қилади. Ким Аллоҳдан бошқага суянса, Аллоҳ уни ўшанга ташлаб қўяди.

Аллоҳ инсоннинг икки марта адабини беради:

1. Сабабларни олиб, улар Аллоҳнинг измида эканини унутса.

2. Сабабларни бутунлай унутса.

Биз дарс олишимиз, ҳаракат қилишимиз керак. Билишимиз керакки, муваффақият Аллоҳнинг измида. Имтиҳонларга ақлимизга суяниб кирмаслигимиз лозим. Раббимизга суянайлик!

Биз даволанишимиз, дори-дармонни қидиришимиз лозим. Аммо шифо шифокорнинг қўлида ёки дори қутичасида эмас, Аллоҳнинг қўлида эканини унутмаслигимиз керак!

Биз ишлашимиз, тижорат қилишимиз лозим. Аммо ризқ Аллоҳнинг қўлидалигини унутмаслигимиз шарт. Ишлаш бир эшик, аммо Раззоқ Аллоҳдир!

Инсон «мен», «мендан», «меники» ва «менда» дер экан, Аллоҳ унга заифлигини, ҳеч нарсаси йўқлигини, ожизлигини кўрсатиб қўяди.

Агар инсон «мен Аллоҳ туфайли борман», «мен Аллоҳ билан биргаман», «мен Аллоҳга қайтаман», деса, Аллоҳ унга ким Ўзи билан бирга бўлса, Аллоҳ ҳам у билан бирга бўлишини кўрсатиб қўяди!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумдан келган хабарлар асосида қабр азобига ndash ким шунга лойиқ бўлса ndash ва унда Мункар ва давоми...

3601 14:00 / 21.03.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини мусулмонларнинг бир ишига бош қилиб қўйдилар. Шунда ансорлардан бири туриб дедиndash Эй Аллоҳнинг расули давоми...

2893 09:09 / 25 январь
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дуо ибодатнинг илигидир,, ndash деганлар. Термизий ривояти. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Роббингиз хаёли ва давоми...

38901 17:00 / 01.12.2022
Сўнги вақтларда Аллоҳнинг марҳамати, фазлу карами билан умрага бориш осонлашиб қолгани учун минглаб юртдошларимиз ҳарамайнга бориб, зиёрат ва умра ибодатларини давоми...

3185 11:00 / 01.02.2023