1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Тарихимизни асрайдиган маскан

11:59 / 29 сентябрь 954 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тошкентнинг Эски шаҳарида – Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуаси ҳудудида Ислом цивилизацияси маркази барпо этилаётганидан кўпчилик юртдошларимиз хабардор. «Мазкур марказнинг асосий вазифалари нималардан иборат, у нима мақсадда ташкил этилди?», «Янги мажмуа ҳудудида яна қандай муассасалар ўрин олади?». Шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб олиш мақсадида мухбиримиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан суҳбат уюштирди.

– Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, Шоазим ака. Ўқувчиларимизга биринчи навбатда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ЎзИЦМ) ҳақида умумий маълумот бериб ўтсангиз. Марказ олдига қўйилган асосий мақсад-вазифалар нималардан иборат? Ўзбекистоннинг, жумладан, жаҳон ислом цивилизациясидаги ўрни ҳақида нималар дея оласиз?

– Ваалайкум ассалом. Қарши бўлмасангиз, сўзимни, аввало, юртимизнинг Ислом дунёси, дин ривожидаги ўрни ҳақидаги фикрлар билан бошласам. Маълумки, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди қадимда Афросиёб, Турон, Мовароуннаҳр каби турли номлар билан аталган. Ана шу заминда яшаган Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Бухорий, Ибн Сино, Замахшарий, Термизий, Мотурудий, Насафий сингари буюк аждодларимиз саъйи ҳаракати билан йирик илм-фан марказларига асос солинди ва бу жараёнга Мусулмонларнинг Биринчи ренессанси дея таъриф берилди. Эътиборлиси, уламоларимиз нафақат диний, балки кўплаб дунёвий илмларни ҳам эгаллаб, шу тариқа ҳам Ислом тамаддунига, ҳам дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшишди.

XII асрнинг иккинчи ярми – XIII аср бошларида бошланган мўғул босқини Марказий Осиёнинг Ироққача бўлган ҳудудидаги «олтин давр» ривожини тўхтатиб қўйди.

Мўғуллар истибдоди туфайли илм-фан ва бунёдкорлик йўналишларида кузатилган салкам бир асрлик турғунликка, ниҳоят, соҳибқирон Амир Темур томонидан барҳам берилиб, Европада «Темурийлар даври ренессанси», «Марказий Осиёнинг Иккинчи ренессанси» деб аталган давр бошланди. Бу пайтда, айниқса, меъморчилик ва ҳунармандчилик юксалди, мусиқа ҳамда миниатюра санъатларига, шеъриятга эътибор кучайди. Диний, шунингдек, тиббиёт, астрономия, фалсафа ва бошқа йўналишларда кўплаб асарлар ёзилди.

Аммо вақт ўтиб, яъни XVI асрдан бошлаб Буюк Ипак Йўлининг инқироз сари юз тутиши мамлакатлар орасидаги ўзаро алоқаларнинг узилишига сабаб бўлди.

Тан олиб айтиш жоиз, қайси мамлакат ҳукмдори ўз юртида илм-фан ривожига эътибор берса, ўша давлат гуллаб-яшнайди. Бунга Темур давлатида қайд этилган ижобий ўзгаришларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Лекин, афсуски, юқорида тилга олинган ана шу икки давр – икки ренессанс тарихчиларимиз томонидан батафсил ўрганилмади, керакли даражада маълумот тўпланмади, аниқроғи, уларга сиёсий сабаблар туфайли тақиқлар қўйилди.

Ана шу жараёнларни ўрганиш, илмий меросимизни асраб-авайлаш – Ислом цивилизацияси маркази олдига қўйилган бирламчи мақсадлардан биридир.

Бундан ташқари, яна бир муҳим вазифа борки, у ҳам бўлса диндаги ихтилофларни ўрганиш, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бир-биридан фарқ қилган фикрларга уларнинг қайси бири тўғри-ю қайси бири нотўғри эканлигига ишончли манбалар орқали ойдинлик киритиб, халққа тақдим этишдир. Зеро, Ислом тарихини ўрганиш давомида шу нарса маълум бўлдики, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейинги даврда хулафои рошидинлар фитналар гирдобида қолиб, кейин айнан ана шу фитналар қурбони бўлдилар. Шундан сўнг Исломнинг ўзида ҳар хил бўлинишлар рўй берди. Турли мазҳаб вакиллари бир-бирларини тушунмай, ўзаро баҳс олиб боришди. Бир-бирларига қарши чиқишди. Бухорий, Мотурудий, Насафий каби аждодларимиз Исломнинг софлиги учун курашиб, бу баҳс-мунозараларга чек қўйишга ҳаракат қилишди. Аҳамиятлиси, бу курашлар биз яшаётган давргача давом этган бўлиб, фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам асл Исломни ҳимоя қилиш, уни халққа тўғри тушунтириш ишларига бош-қош бўлдилар.

Зеро, бу чора-тадбирлар нафақат, мусулмонларнинг ўзлари учун, балки дунё миқёсида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун амалга ошириш йўлида зарур бўлган чора-тадбирлар эди.

Айнан шу омилларни инобатга олган Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг 2017 йилги йиғилишида нутқ сўзлаб, ўша минбардан биринчи марта Имом Бухорийни тилга олдилар, Ислом ва терроризм умуман бошқача тушунчалар экани ҳақидаги фикрларни билдирдилар. Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги илмий-тадқиқот марказига ўхшаган марказлар ташкил этилаётгани, уларнинг асосий мақсади Исломнинг асл моҳиятини жамият аъзоларига етказишдан иборат эканини эътироф этдилар. Мана – бизнинг асосий вазифамиз.

Дарҳақиқат, ҳар бир диннинг, жумладан, Ислом динининг мақсади – аввало, яхшиликка буюриш. Исломда бошқа миллатни, бошқа динни камситиш деган нарса йўқ. Аксинча, унда бағрикенглик, бошқа халқ вакиллари билан ҳамжиҳатликда яшаш тарғиб қилинган. Буни одамларга етказиш керак, холос. Лекин Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг айрим жойларини кесиб олиб, уни ноўрин таърифлаб, чуқур илмга эга бўлмаган, Исломга энди кирган ёшларга ва катталарга «мана бунақа экан» деб фақат бир томонлама тушунтириб, халқига, ватанига, бошқа инсонларга, динига нисбатан қарши қўйиш, бу нотўғри, албатта. Ана шундай ҳолат сабабидан ҳам юртимизда Имом Бухорий, Имом Мотурудий илмий марказлари, Ислом цивилизацияси маркази фаолиятларини йўлга қўйиш эҳтиёжи туғилди.

Шу тариқа 2017 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг, август ойида эса Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.

Дунёда Ислом динини ўрганадиган бундай марказлар кўп. Масалан, Англиянинг Оксфорд шаҳрида Ислом тадқиқотлар маркази бор. Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда – Исломни англаш институти. Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Қатар, Франция, Германия каби давлатларда ҳам Ислом дини ўрганиладиган илмий тадқиқот марказлари бор. Буларнинг ҳаммаси Ислом тарихини, меросини ўрганади. Бизнинг олдимизга ҳам шундай мақсад қўйилган. Ўз навбатида, марказимиз диний ҳамда илмий меросни ўрганишдан ташқари, одамларга диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиб бериш билан ҳам шуғулланади. Ҳамкорлик доирасида марказимизнинг мақсад ва вазифаларига доир турли конференция ва семинарлар мунтазам ташкил этилмоқда. Бугунги кунга қадар Малайзия, Индонезия, Туркия, Россия, Буюк Британия, Франция каби мамлакатларда тақдимот маросимлари ўтказилди.

– ЎзИЦМнинг янги биноси, марказ тузилмаси ҳақидаги маълумотлар ўқувчиларимизни қизиқтириши табиий. Ушбу муассасалар қачон илм ихлосмандлари учун ўз эшикларини очади?

– Аввало, мажмуанинг майдони анча катта – 60 минг квадрат метрдан ортиқ, яъни салкам 7 гектар эканини айтиб ўтиш жоиз. Бу «Пахтакор» стадиони ҳамда унинг атрофидаги ҳудудга тенг майдон. Ушбу майдонда барпо этиладиган кутубхона, конгресслар зали ҳамда музей белгиланган меъёрларга жавоб берадиган даражада тайёрланиши керак. Узунлиги 161 метр, эни эса 118 метрни ташкил этадиган марказ биноси уч қаватдан иборат бўлади. Бино марказий гумбазининг баландлиги 65 метрни ташкил этади. Бино қуриб битказилгач, интерьерга ҳамда атрофни ободонлаштиришга урғу берилади, экспонатларнинг жойлашуви, уларни сақлаш учун шароит яратиш ва бошқа кўп омиллар албатта вақтни олади. Қурилиш ишларини, Худо хоҳласа, 2024 йилда тугатишни мўлжаллаб турибмиз.

 Қурилиш ишлари қачон битар экан, деб қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ, албатта. Кутубхона базасини деярли шакллантириб бўлдик. Марказ кутубхонаси ва архив фондида қарийб 600 мингта манба ва адабиёт сақланмоқда. Шундан 2037 таси қўлёзма ва тошбосма китоблар ҳамда тарихий ҳужжатлар, 26 минг 648 таси замонавий нашр ҳамда 532 минг 174 таси электрон ресурслардир. Республика фондларидаги 52 минг 255 та қадимий қўлёзма манбанинг маълумотлар базаси яратилди. Аҳоли билан ҳам ишлаяпмиз. Кимдандир китоб сотиб оляпмиз, кимдир ҳадя қиляпти. Масалан, муфтий Бобохоновлар оиласи марказга ўз кутубхоналарини совға қилдилар. Мақсадимиз – қадимий қўлёзмаларни шунчаки йиғиш эмас, балки уларни ўрганиш, керак бўлса таржима қилиб халқимизга етказиб бериш.

Марказимиз таркибидан: Ислом тамаддуни тарихи музейи, Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси, Илмий тадқиқотлар маркази ҳамда Юртбошимиз таклифларига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўрин олади. Бу эса таълим муассасасида таҳсил оладиган талабаларимиз ўзлари учун қулай муҳитда, тажрибали мутахассислар кўз ўнгида тарбияланиш имкониятига эга бўладилар деганидир. Илмий тадқиқотчилар, шунингдек, мусулмонлар идораси, кутубхона ва музей ходимларининг ҳам бир жойда бўлганлари ҳамма учун фойдалидир. Бошқача қилиб айтганда, марказ кўп тармоқли илмий, маданий, маърифий, маънавий муассаса бўлади.

– Маълумки, тарихий манбаларнинг асосий қисми қадимги қўлёзмалар кўринишида бўлиб, уларнинг катта қисми ҳалигача ўзбек тилига таржима қилинмаган. Бу борада марказ томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Бу борада қилинаётган ишлар жуда кўп. Машҳур «Темур тузуклари» ўзбек, рус, инглиз, француз ва форс тилларида жамланиб, ўзига хос, яъни совғабоп кўринишда нашр этилди. Ўтган олти йилда шунга ўхшаган 40 тага яқин китоб тайёрланди, нашрдан чиқди. Жорий йил аввалида Марказ илмий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2024 йил давомида яна 12 та китобни таржима қилиш, нашр этиш ва шарҳлаш режалаштирилди. Марказ томонидан нашр қилинган китобларни кутубхоналарга бепул етказиб беряпмиз.

Илмий мерос, қадимги китоблар шунчаки тўпланаётгани йўқ. Ҳар бир қўлёзма ёки тошбосма асарнинг мазмунидан ташқари, ўз тарихи бўлади. Яъни, ёзуви қанақа, муқоваси қандай, хаттоти ким бўлган, қандай қоғозга босилган ёки ёзилган ва ҳоказо. Масалан, бир қўлёзманинг охирги бетида «бу китоб фалон йили, фалончи хаттот томонидан, Қўқонда, Шарифзода мадрасасида кўчирилди» деган ёзув борлигини, ёзув ёнига «Худоёрхон вақф қилди» деган муҳр босилганини аниқладик. Демак, биз нима қиламиз? Аввал тарихчилардан Шарифзода масжиди қачон, қаерда ва ким томонидан қурилганини сўраб биламиз. Кейин хаттотнинг ўзи ким, қачон ва қаерда яшаган, устозлари ким бўлганига аниқлик киритгач, муҳрдаги ёзув билан шуғулланамиз. Бир китобнинг ўзида шунча маълумот!

– Бугунги кунда келажак – илмга, ахборотга эга бўлган ёшлар қўлида экани тобора ойдинлашмоқда. Бу борада Ўзбекистон ёшларига нима деб маслаҳат берган бўлардингиз?

– Бир файласуф айтганидек: «таълимга киритилган инвестиция, яъни сармоя мамлакатнинг эртасига эмас, индинига сарфланган сармоядир». Бугун юртимизда бу инвестиция давлатимиз томонидан киритиляпти, десак адашмаймиз…

Аждодларимизнинг бизга қолдирилган илмий мерослари ҳам Аллоҳ томонидан бизга берилган неъматдир. Лекин ҳар қандай неъматнинг қадрига етиш керак. Қуръони Каримда ҳам: «Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят) деб марҳамат қилинган. Яъни ҳар қандай неъматдан меъёрида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Биламизки, неъмат дегани фақат озиқ-овқат дегани эмас. Мисол учун, бу ақл-идрок, онг-шуур бўлиши ёки янги замонавий қулайликлар, жумладан, ахборот технология воситалари бўлиши мумкин. Бу воситалар бизга эрталабдан-кечгача вақтни олди-қочди хабарларни кўриш билан ўтказиш, бошни ортиқча, кераксиз маълумотлар билан тўлдириб, мияни кучсизлантириш, шу тариқа саломатлигига зарар етказиш учун берилмаган. Ўша технологиялардан янги кашфиётларни очиш, ихтироларни амалга ошириш изланишлар олиб бориш, адабиётларни ўқиб онг-тафаккурни ошириш, дунёқарашни кенгайтириш, юрт тарихи, қадриятларини ўрганиш учун фойдаланилса, марҳамат, бемалол фойдаланаверинг.

Кейин, албатта, тил билиш зарур. Аввал ўз тилини яхшилаб билиб олгандан сўнг камида битта хорижий тилни ўрганиш керак.

Миллий қадриятлар ҳақида гап кетганда, мен биринчи навбатда, ҳалоллик, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга иззат кўрсатиш, ота-онанинг фарзандлари олдидаги ва фарзандларнинг ота-онаси олдидаги масъулияти, оиладаги эр-хотин муносабатларини, қўшничилик муносабатларини, тўғрисўзликни, эҳтиёжмандларга пинҳона ёрдам беришни айтиб ўтган бўлардим. Энг муҳими, буларнинг кўпчилиги, агар ҳаммаси бўлмаса, Ислом дини билан боғлиқ. Исломда бу хислатлар доимо улуғланган. Яхши амаллар савоб келтирадиган амаллар сифатида эътироф этилган.

Маҳаллага катта эътибор қаратиляпти. Чунки маҳалла азалдан ёшларни тарбиялаган, кексаларга ҳурмат кўрсатилишини таъминлаган. Бу бекор эмас, албатта. Зеро, илм-билимдан ташқари, уларда ҳаётий тажриба бор. Бундан унумли фойдаланиш керак. Нега ота-она боласига: «Эй, барака топгур мана бу ишни қилма» дейди? Чунки у ўз вақтида ўша ишни қилиб, пешонасини кўкартирган. «Болам мен қилган хатони қилмасин», дейди ота-она.

– Демак, ота-онага ҳам кўп нарса боғлиқ шундайми?

– Албатта. Ҳозир, афсуски, қайси оилага қараманг, бола мактабдан келгач: овқатини еб ўтирганида ҳам телефонини титкилайди, энг ёмони, ота-онанинг ўзи шу матоҳдан кўзини узмайди. Овқат еб бўлинганидан кейин ҳам ўша аҳвол. Болалар, ота-она, бобо-бувилар ҳамма ё телефонга боқади, ё телевизорга. Болаларнинг тарбияси билан эса ҳеч ким шуғулланмайди. Бобо-буви бор жойда улар болаларга насиҳат қилиши керак, билмаганини ўргатиши керак. Бу ҳам миллий қадриятнинг бир кўриниши. Кейин кеч бўлганда бу хатоларни тўғрилаш қийин бўлади.

– Саволларимизга батафсил жавоб қайтарганингиз учун сизга миннатдорлик билдирган ҳолда суҳбатимизни марказ фаолияти ҳақидаги умумий хулоса билан якунлаб беришингизни сўраб қолардик.

– Бир сўз билан айтганда, марказимиз аждодларимизнинг Ислом цивилизациясига қўшган беназир ҳиссаси, жумладан, муқаддас динимиз равнақи, илму фан тараққиёти, маънавий камолот йўлидаги саъй-ҳаракатларини намоён этадиган масканга айланади, иншааллоҳ. Бу ерга келган ҳар бир юртдошимиз қандай буюк заминда туғилгани, қандай улуғ инсонлар вориси эканини яна бир карра ҳис қилса, хорижий меҳмонлар ушбу муассаса мисолида Ўзбекистоннинг ўтмишию бугуни ҳақида яхлит тасаввурга эга бўла оладилар.

 

Шуҳрат Хўжа суҳбатлашди.

«Ҳилол» журнали 2(59) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазондан мақсад инсоннинг тақводор бўлиши, унинг гўзал хулқлар билан хулқланишидир.Мусулмон инсон Рамазондан гўзал хулқлар ила хулқланган ҳолатда чиқиши давоми...

2109 18:30 / 10.05.2021
.Олтин ва кумушни жамғариб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг .хушхабар,ини беравер,.Мазкур аламли азобнинг қандай бўлиши қуйидаги ояти давоми...

4387 18:34 / 08.04.2018
Рамазон ойининг биринчи куни. Пешиндан сўнг ифторлик режаларини тузиб турган эдим, курсдошларимдан бири қўнғироқ қилиб, кўп йиллик дўстимизнинг отаси бандаликни давоми...

2377 09:49 / 19 январь
GfK халқаро тадқиқот институти ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2016 йили дунёнинг энг китобхон миллати хитойликлар бўлишди. Сўровномага жавоб берган давоми...

1758 17:41 / 05.10.2021