1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Гар шоҳману, сенга қуллигимдан шодман

15:31 / 17.09.2024 1957 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен тушдиму бандингга қачон, озодман!

Гар шоҳману, сенга қуллигимдан шодман!

Бор дарди жаҳоннинг менга қилмас таъсир,

Чеҳрангни кўриш билан дили ободман!

Хуррам ўша кун жонни сенга топширсам,

Фарҳод ила Мажнунга, ахир, авлодман!

Қошингда макон тутдиму, бердим кўнгил,

Дўстлик уйини қилолмадим бунёд ман.

Билсанг, нима хоҳишим менинг васлингдан:

Ўзликни қилолсам сени деб барбод ман!

Қай кунки, дилим олдинг-у, маҳбуб бўлдинг,

Ушшоққа вафо бобида мен устодман!

Қаддингни хаёли токи кўзим ичра,

Сарв бўлса халойиқ, мен сарви озодман![1]

Бу ташбеҳ агар мосмас: ширинсўзсанким,

Бу борада Ширинсану, мен Фарҳодман!

Давлат қани – тўксам қадамингга қумдек?

Мен дўмбирадек ичи ҳавою бодман[2].

Бу чарху фалак бўлди мудом қасдимда,

Тортмас қўлини то бўлмасам барбод ман.

Шероз сиқилтирди кўнглимни жуда,

Қилсам бўлар энди сафари Бағдод ман.

Кўкка етар, аммо Соҳиби девонга[3]

Етмас сира урсам-да неча фарёд ман!

Саъдий, ватанни севиш иймондандир,

Лек ўлма очингдан дея: «Мен зурёдман!»

* * *

Жаннат дегани суҳбати ҳамдам асли,

Ёр бўлмаса мос, юзи жаҳаннам асли.

Етсанг ҳузурига улуғ инсонларнинг,

Қадр айла, ҳаёт маъниси шул дам асли.

Девлар-да юрар – суврати одам гўё,

Кўз, оғиз эмас нишони одам асли.

Одам дегани хулқи билан одамдир,

Ё ҳусни билан бошқаси алдам асли.

Ҳар кимки ҳасад этмаса, чекмас ҳасрат,

Ёр ёр ила топишса, шу байрам асли.

Саҳро йўлини тутмаса ким кўкламда,

Кўклам нафаси унга муҳаррам асли.

Ким боғласа кўзини гўзал юзлардан,

Панд этма, жаҳолат унда маҳкам асли.

Бўлмайди ҳаловат сира бу оламда,

Бўлмай яқинингда ёри ҳамдам асли.

Қон оқса агарда ярадор кўнгилдан,

Дўстларни кўриш бўлади малҳам асли.

Дунё гўзалу мол азизу жон ноёб,

Ёр барчасидан аммо мукаррам асли.

Мол дардида ҳасратда ҳамиша мумсик,

Саъдий эса дўст васли-ла хуррам асли.

* * *

Юзинг қошида дунё гулистонлари мот!

Бахш этгуси васлинг кишига мангу ҳаёт!

Бир қатра томиз икки лабингдан ерга,

Ўлик табиатга жон кирсин шу заҳот!


* * *

Эй тонг ели, сен узоқ сафар айлагайсен,

Ул ёр эшигидан-да гузар¹ айлагайсен.

Биздан унга сен дуою хизмат етказ,

Сўр: «Дўстлардан қачон хабар айлагайсен?»

* * *

Дўст айбини дўст юзига ким солмаса, бас,

Бу чин дўстлик одати-ю расми эмас.

Дўстлик шуки, дўсти тўғри йўлдан тойса,

Дўстлик юзидан дўстини дўстим демас.

* * *

Бўлмас юритиб қисмат узра фармон,

Етганда ажал топилмагайдир дармон.

Бўлмайди экин-тикин қилиб қиш фасли,

Қил яхшилик бор экан қўлингда имкон.

* * *

Дунё молидан бўлса ҳам бир қил,

Ўзингни жаҳонда бутпараст деб билгил.

Синдирдиму ташладим, дейсан, бутни,

Ҳолбуки, яшар у сен билан, эй ғофил!

* * *

Алдайди сени қачонгача бу дунё?

Вақт етди – қил охиратга ҳам бир парво.

Умр ўтди-ку, бўшатиб берарсан энди

Ўрнинг янги авлодга – бу эски савдо.

* * *

Мард аҳли на жаннат, на жаҳонни истар,

На сочи узун, қоши камонни истар.

Бир ёр бор уларда – ҳеч назири йўқдир,

Ҳар икки жаҳонда шу жонни истар.

* * *

Турса ҳамки минбар пойида,

Эшак сира бўлмайди одам.

Эшакдайдир кирса-да юзга,

Ўрганмаса адаб одам ҳам.

* * *

Дарвеш қоқиб ўтар эшикни бир бор,

Унга эшик кўпдир, сен ема кўп ғам.

Сенга сир айтганга ишонма зинҳор,

Сенга айтган айтар бошқаларга ҳам.

Саъдий Шерозий

 

Эргаш Очилов таржимаси

«Ҳилол» журнали 2(59) сон

 

[1] Сарви озод – тик ва баланд сарв.

[2] Бод – ел, шамол.

[3] Соҳиби девон – Шамсиддин Жувайний

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Холид ибн Кийсондан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳузурида эдим. Шунда Иёз ибн Ҳайсама ўрнидан туриб .Эй Форуқнинг ўғли Сенга ўз шеърларимдан айтиб давоми...

3773 05:00 / 07.03.2017
Мир Алишер Навойининг ажиб байтларини шу пайтга қадар ҳамма хар ҳил тушуниб келган. Шу боис, собиқ иттифоқ даврида ҳам бобомиз томонидан қолган меросларни давоми...

6786 05:00 / 07.03.2017
Ватан қадри Чашма қошида тиниқ сув Қадрини билмас киши, Сайр этиб гулшанда гулни Кўзига илмас киши. Ваҳ, бу не ғафлатки инсон ndash Кўксида тутмиш Ватан, Ким ватан давоми...

1449 11:28 / 27.10.2024
Тўғри сўз ҳам гоҳо мисли ўқ,Теккан жойга ботади, болам.Иззатингдан аъло бойлик йўқ,Ибратингдан аълороқ гул ҳам. Чеҳрангга ким боқса ногоҳон,Истарангдан юзи давоми...

1730 14:54 / 11.01.2024
Аудиолар

213193 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132413 14:35 / 11.08.2021