1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Исломда молни зое қилиш ҳаромдир

09:02 / 14.09.2024 1439 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا كَفَّنَ أَحَدُكُمْ أَخَاهُ فَلْيُحَسِّنْ كَفَنَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз ўз биродарини кафанласа, унинг кафанини яхшиласин», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Кафан оддий оқ сурпдан ёки шунга ўхшаш матодан бўлиши зарурлигини биламиз. Ушбу ривоятдаги «яхшилаш»дан кафанни бекаму кўст, тўлиқ, тоза ва пухта қилиш тушунилади. Албатта, кафанни қимматбаҳо матолардан қилиш, уни зийнатлаш мумкин эмаслигини ҳамма яхши билади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْبَسُوا مِنْ ثِيَابِكُمُ الْبَيَاضَ، فَإِنَّهَا مِنْ خَيْرِ ثِيَابِكُمْ، وَكَفِّنُوا فِيهَا مَوْتَاكُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ. وَلِأَبِي دَاوُدَ: لَا تَغَالَوْا فِي الْكَفَنِ، فَإِنَّهُ يُسْلَبُهُ سَلْبًا سَرِيعًا.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кийимларингиздан оқини кийинг. Чунки у энг яхши кийимингиздир. Ўликларингизни ҳам ўшанда кафанланг», дедилар».

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Кафанда ортиқчаликка йўл қўйманглар. Чунки у тезда суғуриб олинади», дедилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмонлар учун оқ рангли кийим афзал эканлиги.

2. Мусулмонларнинг кафани ҳам оқ рангли бўлиши.

3. Кафанга ортиқча сарф-харажат қилиш дуруст эмаслиги.

Бу баҳоси қиммат мато олишга ёки керагидан ортиқча кўп мато ишлатишга ҳам тегишлидир.

«Чунки у тезда суғуриб олинади», яъни чириб кетади. Бунда мол зое кетади. Исломда молни зое қилиш ҳаромдир.

Оиша онамиздан ривоят қилинишича, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида устиларидаги кийимларига қарабдилар. Унда бир неча сариқ доғлар бор экан. Кейин:

«Мени ушбу кийимни ювиб, яна икки кийим зиёда қилиб, кафанланглар», дедилар. Мен:

«Бу эски-ку?» дедим.

«Янгига тирик одам ҳақлироқ», деди», дейилган.

Ҳа, ўлган кишининг тирикларда ҳаққи, ҳурмати бор, лекин ҳаммаси шариат кўрсатган чегарада бўлиши лозим. Кези келганда яна шу масалага тегишли айтиб қўйиш лозим бўлган бир гап бор.

Маййитнинг дафнига лозим бўлган ҳамма сарф-ҳаражатлар унинг ўз молидан бўлади. Агар ўзининг моли бўлмаса, унинг нафақасини қилиши керак бўлган одамнинг молидан бўлади. У ҳам бўлмаса, байтул молдан бўлади. У ҳам бўлмаганда эса ўзига тўқ мусулмонларнинг маошидан бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрни бўр билан сувашни, унинг устига ўтиришни ва давоми...

1703 16:48 / 27.10.2024
. .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Менга умматимнинг ажрлари, ҳаттоки кишининг масжиддан давоми...

2877 09:00 / 06.06.2021
. . . Сохр алҒомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳим Умматимга саҳарини баракали қилгин, давоми...

2160 11:48 / 27.11.2024
1. Муаззинга эргашиб у айтаётган азон калималарни қайтариб туриш. 2. Тунги намозни икки ракат енгил намоз билан бошлаш. 3. Ичимликка нафас урмаслик, пуфламаслик. 4. давоми...

2301 11:00 / 20.01.2023
Аудиолар

210859 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130124 14:35 / 11.08.2021