1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тарих омонатдир (учинчи мақола)

16:02 / 15.09.2023 986 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

11. Фан олимлари билан шариат олимлари ўртасини айириш динсизликдан қолган сарқит. Бошқача қилиб айтганда, бу ёндашув Ғарбдаги дин ва дунё илмлари ўртасидаги зиддиятнинг интиқосидир. Ислом оламида фан олимлари билан дин олимлари ўртасида бундай зиддият бўлмаган, аксинча, улар ҳамиша бир бирини қўллаб келган ва кўпинча бу илмлар бир шахсда ҳам жамланган. Ғарбда эса дин ва дунё илмларини жамлаган олим бўлмаган. Билъакс, дин олимлари билан фан мутахассислари ўртасида ҳамиша зиддият қайнагани боис улар Ислом оламидаги дину дунё илмларидаги уйғунликни қабул қилиша олмаган. Улар буни тасаввур ҳам этиша олмайди ёки буни исташмайди. Шунинг учун улар мусулмонларда ҳам ўзларида бўлгани каби дин олимлари билан тажрибий илм олимлари ўртасида низо топишга интилишади ва ушбу мақсадлари учун фойдаланса бўладиган бирор хабар учраб қолса, ўшани шишириб, истаганларидек талқин қилишади. Уларнинг ана шунақа ғаразли қарашларидан таъсирланган кишиларимиз улардек фикрлайдиган бўлиб қолгани муаммони яна ҳам чуқурлаштирган.


Мустамлакачи шарқшуносларнинг нохолисликлари, инсофсизликлари шунчалар бўлдики, бир умр ибодату диёнатда ўтган буюк мутафаккирларни замон билан муросасозлик қилган мунофиқларга чиқариб қўйишди. Жалолиддин Румийдек ҳар бир сўзи ояту ҳадис бўлган, фарз намозларни канда қилмай, тунларни намоз билан бедор ўтказган тасаввуф олимини Исломга душман бўлган бир бебош даҳрий сифатида тасвирлашган. Асли қози бўлиб, кейинчалик мавлавий тариқатига асос солган зокирни шу аҳволга солишгандан кейин, бошқасини ўзингиз билаверинг. Умар Хайёмни кофиру фожирга чиқаришлари ҳам қуруқ туҳмат эканини аллома Мубашшир Тарозий илмий исботлаб берган. Бу ҳақда устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари алоҳида рисола ёзганлар. Бечора Умар Хайёмнинг бундай бўҳтонга нишон бўлишининг асосий сабаби унинг табиий илмларга моҳир бўлгани эди. Мана сизга айримларнинг «илмий тадқиқотлари». Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. 


Ислом тарихида шариат олимлари билан тажрибий илмлар мутахассислари ўзаро яқин алоқада бўлгани, ундан ҳам ўтиб, айрим қомусий олимлар ҳар икки илмни жамлагани ҳақида тарихий асослар жуда ҳам кўп. 


Аввало шуни билиш лозимки, у даврларда Ислом оламида олимлар қайси соҳага қизиқмасин, масжид мадрасаларда Қуръон, ҳадис ва бошқа қатор шаръий илмларни ёшликдан ўрганишган. Кейинчалик бошқа соҳа билан шуғулланган ва танилган бўлсалар ҳам, аслида диний илмларни ҳозирги анча-мунча аҳли илмга дарс бера оладиган даражада яхши билишган. Жуда кўплари ҳам шариат илмларида, ҳам тажрибий илмларда хизмат қилган. Улар дину дунё илмларини бир маконда ‒ масжидда ўрганишгани ҳам сўзимизни тасдиқлайди. Кўпчилик фан олимлари диндор, тақводор инсонлар бўлгани тарихдан маълум. Шунинг учун Ислом оламидаги тажрибий илмлар мутахассисларини диндан узоқлаштиришга уриниш тарихий воқеликка зиддир.


Сўзимиз қуруқ бўлмасин учун бир-иккита мисол келтирсак. Абу Алий Ҳусайн ибн Сино шогирди Абу Убайд Жузжонийга имло қилган таржимаи ҳолида ўн ёшда Қуръони Каримни ва бир қатор шеърларни ёдлаб бўлганини, фалсафани ўрганишдан олдин фиқҳ ва тасаввуфдан дарс олганини, соликлардан бўлганини, йигитлигида фалсафа ва тиббиётни ўрганиш баробарида фиқҳни ўрганишда давом этганини ҳикоя қилади. У яна шундай дейди: «Қачон бирор масалада бошим қотса, уни тўғри ўзлаштира олмасам, жомеъга қатнар ва намоз ўқиб, барчани йўқдан бор қилган Зотга илтижо қилардим. Шунда менга берк бўлган маълумотлар очилар, қийин нарсалар осон бўлиб кетар эди».


Ёшлигимда Ибн Синонинг ҳаёти ҳақида нашр қилинган бир китобда ўқигандим, у киши ҳар доим масжиддан чиқаётиб: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», деб дуо қилар экан.


Аллома Зиркилий Абу Убайддан нақл қиладики, Ибн Сино вафоти олдидан бемор бўлганда барча мол-мулкини хайру эҳсон қилиб, қул-чўриларини озод қилади ва уч кунда Қуръони Каримни хатм қилиб, сўнг вафот этади. Айрим манбаларда Ибн Сино ёшлигида айтган бир қатор фалсафий фикрларидан кейинчалик қайтгани ҳам таъкидланади.


Ибн Сино «Тиб қонунлари»нинг ҳар бир мужалладини басмала ва ҳамду сано, салавот билан бошлаган. Ҳолбуки, у пайтларда китобни ҳамду салавот билан бошлаш ҳатто диний китобларни ҳам унча урф бўлмаган эди. Шундан ҳам алломанинг эътиқоди қандай бўлганини англаса бўлади.


Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий алгебра фанига асос бўлган ўзининг дунёга машҳур «Ал Жабр вал муқобала» асарини қуйидаги ҳамду сано билан бошлайди:


«Аллоҳга неъматлари учун Ўзига лойиқ мақтовли ҳамд бўлсин. Ўз махлуқотлари ичидан Унга ибодат қиладиганларга фарз қилган бу ҳамдларни адо этиш билан шукр воқе бўлади ва у неъматнинг зиёда бўлишини вожиб этади. Биз У Зотнинг парвардигорлигига иқрор бўлиш, азизлиги олдида хорлик кўрсатиш, буюклигидан қўрқиш билан Ундан бошқадан омонда бўламиз. У Зот Муҳаммадни ‒ у кишига ва аҳли оиласига Аллоҳ салавоту салом йўлласин ‒ пайғамбарлардан мосуволик, ҳақ йўқ бўлиб, ҳидоят яксон топган бир пайтда пайғамбарлик билан юборди. У зот туфайли кўрларнинг кўзини очди, одамларни ҳалокатдан қутқарди, йўқсилликдан кейин сероблик берди, тарқоқликдан кейин бирликни насиб этди. Роббимиз Аллоҳнинг баракоти таралди, улуғворлиги олий бўлди, исмлари муқаддас бўлди. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Набий Муҳаммадга ва аҳли оиласига Аллоҳ салавоту салом йўлласин».


Ушбу ҳамду салавотдан кейингина Муҳаммад Хоразмий раҳматуллоҳи алайҳ асар мавзусини муноқаша қилишга киришади ва китобни яна ҳамду салавотлар билан якунлайди. Фараз қилинг, агар бугун ҳам қачон қараса ўзимиз фахр билан тилга оладиганимиз буюк аждодлар йўлидан бориб, мактаб ва институтлардаги дарсликларни ҳамду салавотлар билан бошлаб, шундай якунлайдиган бўлсак, буни бошқалар қандай қабул қилади? 


Абу Райҳон Беруний Ҳиндистон тарихига оид «Фи таҳқиқи ма лил Ҳинд» номли машҳур китобида қаерда Аллоҳ таолони зикр қилса, албатта “субҳонаҳу ва таоло”ни, пайғамбарларни эслаганда “алайҳис салом”ни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни зикр қилганда “саллоҳу алайҳи” ёки “соллаллоҳу алайҳи ва саллам”ни қолдирмай келтириб ўтади. 


Айтишларича, Шамсулаимма Абдулазиз Ҳалвоний ўз даврида Бухоронинг қозиси бўлиб, аллома Берунийни илм йўлидаги айрим уринишларини ҳимоя қилиш учун унинг ишларини ёқлаб алоҳида фатво ҳам чиқарган.


Улуғ фақиҳлардан Абулҳасан Алий ибн Ийсо Валволажий айтади: «Абу Райҳонни кўргани кирдим. У жон талвасасида, нафаси изтиробда, қалби сиқилган эди. Ўша ҳолатда: «Бир куни менга фосид бобонинг (она тарафдан бобо) меросдаги улуши ҳақида нима деган эдинг?» деди. Мен унга ичим оғриб: «Шу ҳолатда я?» дедим. У менга: «Ҳой сен! Дунё билан ушбу масалани билиб хайрлашишим уни билмай дунёни тарк этишимдан яхшироқ эмасми?»

 деди. Мен унга ўша масалани қайта айтиб бердим, у ёдлаб олди ва ўргатишни ваъда қилган масаласини менга ўргатди. Унинг ҳузуридан чиқдим. Йўлга тушгванимдаёқ қичқириқ овози эшитилди». Яъни, Беруний вафот этди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин.
(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана шундай мураккаб бир даврда Аллоҳ таоло Бану Исроилга Айюб алайҳиссаломни набий қилиб юборди. У зотнинг молмулклари, аҳли аёллари кўп эди. Аллоҳ таоло Айюб давоми...

5670 12:45 / 06.03.2019
Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қилган муҳим ва тарихий ишларидан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

856 15:44 / 09 октябрь
Яъқуб алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг набиралари, яъни Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғилларидир. .Яъқуб,нинг маъноси .ортдан келувчи,дир.Яъқуб алайҳиссаломнинг давоми...

3605 17:00 / 25.02.2019
Инсоният рисолаи Муҳаммадиядан аввал ўз мақсадини аниқ билмас эди. Қай тарафга юзланишни идрок эта олмасди. Борар жойи қаерлигини ҳам англамас эди. У ўз давоми...

1178 16:07 / 14.11.2023
Аудиолар

137656 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021