1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Синовлар бука олмаган ҳақиқат

11:19 / 26 июнь 1438 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Муҳаммад Карим Абдужалил ўғлининг хотиралари)

Муҳаммад Карим Абдужалил 1957 йили Андижон вилоятидаги Булоқбоши қишлоғида туғилган. Бошланғич диний таълимни қайнотаси Муҳаммад Юсуф ҳожидан олган. 1981 йили Бухородаги «Мир Араб» мадрасасига ўқишга кириб, бир йилдан сўнг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом олий маъҳадида таҳсилни давом эттирган. 1985 йилда ўқишни тугатиб, «Мир Араб» мадрасасида мударрис бўлиб ишлай бошлаган. 1990-92 йилларда Ливиядаги исломий даъват дорилфунунида малака ошириб келиб, 1998 йилгача Булоқбоши туманидаги «Бобур» номли мадрасада мудир ва мударрис бўлиб ишлаган. 2003–2018 йилларда Андижон шаҳридаги «Саййид Муҳйиддин махдум» мадрасасида илмий мудир, ҳозир «Гранд таълим» ўқув марказининг Андижон филиалида ўқитувчи.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўз кетганда имкон қадар холис ёндашишга ҳаракат қиламан, чунки яқин қариндош бўлганим учун у киши билан боғлиқ кўпгина воқеаларга бевосита гувоҳ бўлганман, иштирок этганман. Афсуски, у кишининг вафотларидан кейин баъзи хотираларда муболағалар кўпайиб кетди. Баъзилар азбаройи муҳаббати кучлилигидан, ҳурмати юқорилигидан ҳиссиётга берилиб, Ҳазратни кўкларга кўтариб, ҳаддан ташқари мақтаб юборишади. Халқимизда «Пир ўзи учмайди, уни муридлари учиришади», деган гап бежиз айтилмаган экан.

Ҳазрат бизга Олий маъҳадда дарс берганлар, қолаверса, мен ҳам диний соҳада ишлайман, шунинг учун қариндошликдан ташқари ҳам орамиз жуда яқин эди. У киши билан кўп масалаларда ҳамфикр эдик, суҳбатларимиз фақат ва фақат илм ҳақида, фарзандларнинг келажаги ҳақида бўларди. Ким бўлишидан қатъи назар, илм борасида сўз бошласа, Ҳазратнинг юзига дарҳол табассум югуриб, у билан узоқ гаплашарди.

Баъзан мендан Ҳазратнинг ёшлик, талабалик даврлари ҳақида сўрашади. Мен эса у кишини оилаларимиз ўртасида қариндошчилик ришталари боғлангандан кейингина яқиндан таниганман. Шунинг учун устозимизнинг ёшлик, талабалик даврлари ҳақида фақат устозлардан, яқинлардан эшитганларим билан кифояланаман. Оила аъзолари, хоссатан завжамизнинг, танишларнинг айтишича, Ҳазратнинг болаликдан зеҳни жуда ўткир, хотираси кучли бўлган. Болалигидан диний илмлар билан бирга дунёвий илмларни ҳам пухта ўзлаштирган, шунинг самарасидан мана шундай забардаст олим бўлиб етишиб чиққан, деб ўйлайман.

Бир инсоннинг етук олим бўлиб етишиши учун кўп омиллар керак бўлади. Аввало Аллоҳ таолонинг инояти, қолаверса, ота-онанинг машаққатли меҳнати ва албатта, устозларнинг меҳнати билан бир талаба етук олим бўлиб етишади. Ҳазратда буларнинг барчаси мукаммал бўлган экан.

Қайнотам Муҳаммад Юсуф ҳожи дада ўғилларининг камолотига ҳисса қўшган, сабабчи бўлган ўнлаб устозларнинг исмларини санаб, уларнинг ҳаққига дуо қилар эдилар. Масалан, Ҳазрат Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўқиб юрган кезлар экан. Ҳожи дада ўғлининг ёзги таътилда ҳам илм билан машғул бўлишини хоҳлаб, мударрис Мухторжон домлани Андижонга таклиф қилибдилар, қоида илмини ўргатишни сўрабдилар. Домла бу илтимосни қабул қилиб, келибдилар, шогирд қийналмасин деб, кунига жуда оз дарс бера бошлабдилар. Ҳожи дада буни кўриб, боланинг иқтидорига яраша кўпроқ вазифа беришни сўрабдилар. Шундан кейин домла дарснинг ҳажмини анча оширган эканлар.

Мухторжон домла кейинчалик мадрасадаги устозлару талабаларга Ҳазратнинг илмга қанчалик чанқоқ бўлганини, кечаю кундуз ўқиб, уч ой давомида «Алфия» китобини ёд олганини айтиб берганлар. Мадрасанинг ўша вақтдаги мудири Абдуллатиф домла ҳам Ҳазратга қўлидан келганча ёрдам қилган эканлар.

У пайтларда Қуръони Карим тиловати ёзиб олинган магнит тасмалар ниҳоятда ноёб бўлган, мустабид тузум бу каби тасма эгаларини доимий назоратда ушлаган. Муҳаммад Содиқ бошлиқ бир неча толиби илмлар ана шундай Қуръон тиловатини топиб, ундан ўзлари учун нусха кўчиришга рухсат сўрашган экан. Мудир ҳам бўлғуси имомлар ўз соҳасини пухта ўргансин деб, рози бўлган экан. Аммо кимдир бу ҳақда хавфсизлик қўмитасига хабар етказибди. Буни қарангки, Аллоҳ таоло ана шундай оғир даврда ҳам бандаларининг кўнглига ҳидоят солиб қўяверган экан. Қўмитанинг масъул ходимлари бу ишни бемалол жиноий ишга айлантириш имкони бўла туриб, катта яхшилик қилишган экан. Уларнинг олдида икки йўл – қонунга кўра тинтув ўтказиб, ёш талабани қамаб юбориш ёки юқорига «Бундай ҳолат йўқ экан» деб кўрсатма бериш турган пайтда иккинчи йўлни танлаб, оқилона иш тутишган. Улар Муҳаммад Юсуф ҳожи дадани эҳтиёткорликка чақириб, Ҳазратни ўша пайтнинг қоидасига кўра мадрасадан четлатиш жазосидан сақлаб қолишган экан.

Ҳазратнинг муфтийликка сайланишлари ҳақида гапирадиган бўлсам, дарҳақиқат, бу иш бутун собиқ Иттифоқ ҳудудида яшаган мусулмонлар учун катта ютуқ бўлган. Етмиш йиллик истибдод даврида мусулмонлар динидан, тарихидан, маданиятидан маҳрум қилинган эди. Таъбир жоиз бўлса, халқнинг тафаккури қашшоқлашиб кетган эди. Аллоҳ таоло бу борада туб бурилиш ясай оладиган инсон сифатида Ҳазратни танлаган эканки, бундай масъулиятли вазифа у кишига насиб қилди. Шу даврдан бошлаб, нафақат Ўрта Осиё, балки Кавказ, Озарбайжон мусулмонлари ҳаётида ҳам диний-маърифий уйғониш ҳосил бўлди.

Бу вазифа қанчалик шарафли бўлса, шунчалик машаққатли, масъулиятли эди. Тили, урф-одати, дунёқараши турлича бўлган бешта республикага муфтий бўлишнинг ўзига яраша машаққатлари бор эди. Етмиш йиллик зулм енгиллаб, халқимизнинг энди кўксига шамол тегай деганда янги-янги муаммолар, қаршиликлар, тўсқинликлар бошланди. Бу фитналар кундан кунга кучайса-кучайдики, асло юмшамади. Охири аҳвол шу даражага бориб етдики, вазият Ҳазратнинг истеъфога чиқишини тақозо этди.

Ўша пайтларда маълум даражада Ҳазратнинг ёнларида юрган одам сифатида айтишим мумкинки, вазият жуда таҳликали, қўрқинчли эди. Бунинг ортида кимлар тургани, қандай ғаразли мақсадлар борлиги ёлғиз Аллоҳ таолога аён. Кимдир мансаб дардида, кимдир билиб-билмай фитнага аралашиб қолган, ким ҳақ, ким ноҳақлигини тушуниб бўлмайдиган ҳолат юзага келтирилди.

Шундай кунларда Ҳазратни кўргани бордим. Ҳазрат вазият чигал экани, суриштирув бошлангани, бу кетишда оқибат жуда хунук бўлиши аниқ бўлиб қолганини айтдилар. Кўпчилик қатори мен ҳам вақтинча хорижга чиқиб кетиш фикрини билдирдим. Ҳазратнинг оилалари ва Зоҳиджон домла учаламиз Чимкентга, у ердан аввал Ленинградга, кейин Москвага учдик. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, у пайтларда самолётга чипта топиш жуда мушкул эди. Аммо Аллоҳ йўлимизни очиб, қийинчиликларсиз Москвага етиб олдик. Борадиган манзилимиз Саудия Арабистони эди. Ҳазрат Саудия ҳукуматига вазиятни тушунтириб, виза олдилар. Токи манзилга етиб олгунимизча анча муаммолар, текширувлар бўлди, аммо Аллоҳ таоло Ҳазратга келгусида кўплаб китоблар ёзиб, халқига мерос қилиб қолдиришни тақдир қилган экан, учраган барча тўсиқлардан эсон-омон ўтиб олдик.

Ҳар бир инсоннинг фитратида обрў-мансаб, шуҳратга интилиш бўлади. Олим одамда ҳам бундай интилиш бўлиши табиий. Бу нарса мустаҳкам ирода, тақво, ихлос билан чекланмаса, илмий фаолиятга тўсқинлик қилиши мумкин.

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ҳазратни шундай мақомга кўтариб қўйдики, нафақат Ўзбекистон, балки иттифоқ давлатлари орасида ҳам таниқли шахсга айланди. Ҳазрат муфтий, депутат сифатида ойнаи жаҳонда нутқ қилар, матбуотда мақолалари чоп қилинарди. Унча-мунча одамга насиб қилмайдиган масъулиятли вазифа – раҳбарлар олдида туриб, халқнинг дардини айта олиш ҳам у кишига насиб қилди. Бир сўз билан айтганда, Ҳазрат шон-шуҳратнинг ҳам, лавозимнинг ҳам барча босқичларини кўриб ўтдилар. Аммо ҳеч қачон мансабга, мол-дунёга алданмадилар. Аксинча, кенг дунё одамнинг кўзига тор, зиқ келиб қолишини шайх жанобларининг ҳаётидаги айрим синовлар мисолида кўрдим. Баъзан ўйга толиб, Ҳазратнинг бошидан ўтган юқоридаги кўнгилсиз воқеалар у кишининг обрў-мансабдан кўра илмий фаолиятни афзал кўришларига туртки бўлганмикин, деб қоламан.

Ҳазрат Саудияга 1993 йил кетган бўлсалар, биз у ерга бир йилдан кейин бордик. Боришимиздан олдин «Давлат Ҳазратни ушлаб келиш учун элликтача одам юборяпти экан», деган миш-мишлар қулоғимизга чалинди. Орада Москвада тўхтаб ўтганимизда ҳам шу гапларни эшитдик. Ҳазратнинг олдига етиб боргач, эртасига бу ҳақда айтдим. Ҳазрат чуқур ўйга толиб, бир муддат индамай қолдилар. Вазият жуда оғир, катта давлат учун бир кишини ушлаб келиш муаммо эмас. Узоқ жимликдан сўнг Ҳазрат «Худо бир томонга бошлар...», деб қўйдилар. Шундан сўнг гапни чўзиб ўтириш тўғри эмаслигини англаб, индамадим...

Кейинроқ билсак, Ҳазратни излаб икки киши келибди, уларнинг ҳам мақсади – Ҳазратнинг айбсизлиги тасдиқланганини айтиб, юртга қайтишларини илтимос қилиш экан.

Туҳматларга қолиб, она ватанини, оиласини, кекса ота-онасини ташлаб, бегона юртга кетган ҳар қандай одам бунга сабабчи деб гумон қилинган ҳукуматга нисбатан ёмон муносабатда бўлиши табиий бўлар эди. Аммо Ҳазрат бундай инсон эмас эдилар. Юртдаги сиёсатга мутлақо аралашмадилар, бирор кимни қораламадилар. Аксинча, у киши фикру зикрини умматнинг диний саводхонлигини оширишга қаратдилар. Шоҳ асарларини ёздилар, илмий фаолият билан шуғулландилар, ватандаги энг долзарб масалалар бўйича савол-жавоблар, маърузалар қилиб, халқимизни залолатдан, фитнадан ҳимоя қилишга бел боғладилар.

Фикримча, Ҳазратнинг «Озодлик» радиосидаги эшиттиришларини тинглаган раҳбару мутасаддилар бу кишидан ҳеч кимга ёмонлик етмаслигини, у кишининг илмий фаолиятидан халққа фақат манфаат келишини тушуниб етган бўлса керак. Ҳукумат вакиллари билан учрашувда Ҳазрат аввало номлари оммавий ахборот воситаларида оқланишини, у киши туфайли қамоққа ҳукм қилинганлар озодликка чиқарилишини сўрабдилар, ўзларининг, яқинларининг хавфсизлиги таъминлаб берилса, юртга қайтишларини айтибдилар. Давлатимиз бу шартларни бирданига бўлмаса-да, босқичма-босқич бажарди. Буни кўргач, Ҳазрат ватанга қайтдилар.

Ҳазрат қайтиб келгандан кейин ҳам дин йўлидаги холис хизматни давом эттирдилар, бутун умрларини халқимизни ислоҳ қилишга бағишладилар.

Қайноғамнинг вафотидан бироз олдин кўнглимдан ғалати ўй-хаёллар кечган. Бир сафарга кетиш арафасида у кишининг зиёратига бордик. Суҳбат қуряпмиз-у, негадир хаёлимга «Бу инсоннинг исми тарих зарварақларидан ўрин олади, китоблари узоқ вақт ўқиб-ўрганилади», деган фикрлар келаверди. Қайтганимдан кейин бу борада яна бир мулоҳаза қилиб кўраман, дегандим...

Устозимизга халқимиз учун энг оғир даврда диний идорага раҳбарлик қилишдек, мустабид ҳукумат раҳбарларига халқ дардини, мўмин-мусулмонларнинг дардини айтиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифа тақдир қилинган экан. Шукрки, у киши бу вазифани шараф билан адо этдилар. Ният холис бўлса, иймон кучли, ирода мустаҳкам бўлса, чинакам таваккул қилинса, Аллоҳ таоло бандасини ҳар қандай қийинчилик пайтида ҳам қўллаб-қувватлар экан. Энг оғир синовлар ҳам бу ҳақиқатни бука олмади.

Аллоҳ таоло устозимизни раҳматига олсин…

Флюра Умурзоқова оққа кўчирди

«Ҳилол» журналининг 12(57) сони

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзаро алоқаларни тугатишдаги энг буюк мезон Роббимизнинг .Ўзаро орангиздаги фазилатни унутманг,, оятидир. Қалбингизни очган ўринларда қиличингизни давоми...

1998 17:00 / 21.07.2022
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу айтади.Бадр жангида иштирок қила олмаганимнинг сабаби шуки, мен ва Абу Ҳасил Мадина томон йўлга чиқдик. Бизни Қурайш мушриклари давоми...

1924 17:00 / 16.11.2021
Бир киши 48 йил аввалги бошланғич синф ўқитувчисини хиёбонда кўриб қолиб, хижолатлик билан ёнига бориб .Устоз, мени танидингизми, деди.mdash Йўқ, таниёлмадим, деди давоми...

4487 20:00 / 01.10.2021
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Мифтоҳу дорус саодати, номли китобида айтади.Олимлардан бири бир гуруҳ савдогарлар билан кемага минди. Денгиз ўртасига бориб давоми...

2739 13:05 / 03.03.2022