1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ ҳар бир инсонни номаи аъмоли билан чақиради

19:00 / 21 июнь 776 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ

«Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган Кунни (эсла). Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас» (Исро сураси, 71-оят).

Барча одамлар ўз имомлари ила чақириладиган Кун қиёмат кунидир. «Имом» деб бошқаларни эргаштирувчи, ҳамманинг олдига тушиб юрувчиларга айтилади. Гоҳо «имом» сўзидан одамларнинг номаи аъмол китоблари ҳам қасд қилинади. Шундан келиб чиқилса,

«Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган Кунни (эсла)» жумласидаги «имом» ҳар бир кишининг бу дунёда қилган амаллари битилган «номаи аъмоллари»дир. Демак, қиёмат куни Аллоҳ ҳар бир инсонни номаи аъмоли билан чақиради. Яъни қиёмат бўлиб, ҳамма қайта тирилиб, маҳшарга тўпланганида, ҳаммага номаи аъмоли берилади. Ўшанда

«Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас».

Номаи аъмол китоби ўнг томонидан берилиши яхшилик аломатидир. Аҳли жаннатларнинг, яъни жаннатга элтувчи амал қилиб ўтганларнинг номаи аъмол китоби ўнг томонидан берилади. Ана ўшанда улар амаллари битилган китобларини мароқ билан ўқийдилар. Ёруғ дунёда ана шундай ишлар қилиб яшаганларидан мамнун бўладилар. Уларга ажру савоблар тўлалигича берилади, заррача зулм қилинмайди.

ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ

«Ким бу дунёда кўр (гумроҳ) бўлса, у охиратда янада кўр (гумроҳ) ва янада йўлдан адашганроқ бўладир» (Исро сураси, 72-оят).

Бу дунёдан кўр-гумроҳ ҳолида – иймонсизликда, гуноҳ ва исён қилиб ўтса, у дунёда бундан ҳам баттар кўр ва гумроҳ бўлади. Қиёмат тўполонида нима қилишини билмай, гирён уради. Хору зорликка йўлиқади. Умуман, юрадиган йўлини топа олмай, сарсон-саргардон бўлиб, охири дўзахга тушади. Охиратда шундай. Бу дунёда эса ўзлари кўр-гумроҳ бўлганлари етмагандек, бошқаларни ҳам ўзларига эргаштиришга уринадилар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам йўлдан урмоқчи бўладилар:

ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ

«Сени Бизнинг шаънимизга бошқасини уйдиришинг учун Биз ваҳий қилган нарсадан фитна қилиб буриб юборишларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, албатта, сени дўст тутар эдилар» (Исро сураси, 73-оят).

Мушриклар турли йўллар билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ юборган ваҳийдан буриб юборишга жуда кўп уриниб кўрганлар.

Мисол учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бизнинг ва ота-боболаримизнинг бутларимизни сўкишни, танқид қилишни тўхтатсанг, биз сенинг илоҳингга ибодат қиламиз», – дейишган.

Шунингдек, кофир бошлиқлардан баъзилари келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бизга камбағаллардан алоҳида мажлис тайин қилгин», – дейишган.

Шунга ўхшаш анчагина таклифлар бўлганлиги тарихдан маълум ва машҳур. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг таклифларини қабул қилсалар, Аллоҳнинг ваҳийсидан бурилган бўлар эдилар. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг таклифларига кўнсалар, Аллоҳнинг шаънига, У Зот индирган ваҳийга бошқа нарсани уйдирган бўлар эдилар. Мушриклар эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан айни шу ҳолдагина, яъни Аллоҳ ваҳий қилган нарсадан бурилиб, Аллоҳнинг шаънига ваҳийдан бошқа нарсани уйдирганларидагина рози бўлар ва у зотни дўст тутар эдилар.

ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ

«Агар сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди» (Исро сураси, 74-оят).

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қани энди, ҳамма одамлар мўмин-мусулмон бўла қолса» деган рағбатлари жуда ҳам кучли эди. Баъзан даъват фойдасини кўзлаб, кўнгилларига мушрикларнинг катта бошлиқларини йўлга солиш учун тадбир ахтариш хаёли ва бошқа баъзи муроса муомалалари ҳам келар эди. Шундай ҳолларда Аллоҳ таолонинг Ўзи дарҳол вазиятга аралашиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни тўғри йўлда собитқадам қилар эди. Бунга «Абаса» сурасининг аввалги қисми тушишига сабаб бўлган Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг қиссаси мисол бўла олади. Ваҳийдан оғишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асраб турганлиги ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсларининг аҳамияти ушбу ҳолда яққол билинади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Батаҳқиқ, Мусога тўққизта очиқойдин оят мўъжиза бердик. Бану Исроилдан уларга у Мусо келган пайтинима бўлганини сўрагин. Бас, Фиръавн унга .Албатта, мен давоми...

772 19:00 / 27 август
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қиладиУшбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора давоми...

3336 08:06 / 10.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга ndash ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик, Исро сураси, давоми...

1054 19:00 / 02 январь
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Сен .Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми Тақво қилганларга Робблари давоми...

4108 17:00 / 02.12.2020