1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Кексаларга нафақа беришни биринчи бўлиб жорий қилган саҳоба

14:25 / 15 июнь 1308 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳу ўз даврларида ижтимоий таъминот ишларини энг гўзал тарзда йўлга қўйганлар ва бу ишга асос солганлар десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг хазинасига етарли мол тушганда, фуқароларга маош тайин қилишни ташкил қилдилар. Ўша ишларни кўрган, уларда иштирок этган кишилар бу ҳақда ишончли маълумотларни қолдирганлар.

Камбағал оилаларнинг ижтимоий таъминоти

Абу Убайд қуйидагича ривоят қилади:

«...Кундуз куни Умар бир дарахт остида ухлаб ётар эди. Бир аъробий аёл келиб, одамларга аланг­лаб қаради-да, унинг (Умарнинг) олдига келиб: «Мен бир мискина аёлман. Менинг болаларим бор. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб бизга Муҳаммад ибн Масламани закотчи қилиб юборди. У бизга ҳеч нарса бермади. Аллоҳ хайрингни берсин, сен бизга бир шафоатчилик қилсанг», деди.

«Ярфоъ! – деди Умар ходимига. – Менга Муҳаммад ибн Масламани чақириб кел!»

«Мени унинг олдига олиб борсанг, ҳожатим чиқармиди», деди аёл.

«Иншааллоҳ, у ҳожатингни чиқаради», деди Умар.

Ярфоъ Муҳаммад ибн Масламанинг олдига бориб, чақириб келди. У келиб: «Ассалому алайкум, эй мўминлар амири», деди.

Аёл уялиб кетди. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен сизлардан яхшиларингизни танлашда камчиликка йўл қўймаган эдим. Агар Аллоҳ азза ва жалла бу аёл ҳақида сўраса, нима деб жавоб берасан?» деди.

Муҳаммад ибн Масламанинг кўзларидан ёш оқди. Сўнг Умар: «Аллоҳ бизга Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Биз у зотга иймон келтирдик ва эргашдик. У зот Аллоҳ нимага амр қилса, шунга амал қилдилар. Садақани то Аллоҳ у зотнинг руҳларини қабз қилгунича ўз аҳлига, мискинларга бериб турдилар.

Сўнг Аллоҳ Абу Бакрни халифа қилди. У ҳам Аллоҳ унинг руҳини қабз қилгунича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилди.

Сўнг мени халифа қилди. Мен сизлардан яхшиларингизни ихтиёр қилишда нуқсонга йўл қўймадим. Агар сени яна юборадиган бўлсам, бу аёлга шу ва ўтган йилнинг садақасини бергин. Билмадим, эҳтимол, сени юбормасман», деди. Кейин аёлни чақириб бир туя, ун ва ёғ берди-да: «Буни олгин-да, бизга Хайбарда яна учрагин, биз ўша ерга бормоқчимиз», деди. Аёл Хайбарда унинг олдига келди. У унга икки туя берди ва: «Буни ол, Муҳаммад ибн Маслама келгунича сенга етиб туради. Мен уни сенинг шу ва ўтган йилги ҳаққингни беришга амр қилдим», деди».

Мусулмон раҳбарларнинг бева-бечоралар ҳаққига қандай риоя қилишини, уларнинг ижтимоий тенглик учун хизмат қилганини, оддий фуқаролар раҳбар билан қандай учрашишини, унга қандай шикоят қилишини кўриб қўйинг.

Ибн Саъд Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у эса ўз отасидан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳуга Ямандан кийимлар келтиришди. У киши уларни одамларга тарқатди. Ҳамма янги кийим кийиб юра бошлади.

Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари орасида ўтирар, одамлар эса унинг олдига келиб, салом беришар ва ҳаққига дуо қилишар эди. Бир куни у ерга Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо келишди. Уларнинг эгнида кеча тарқатилган кийимлар йўқ эди. Умарнинг қовоқлари осилиб, икки қоши орасида тугун пайдо бўлди. Сўнг: «Аллоҳга қасамки, сизларга берган нарсам менга татимади», деди. Одамлар: «Эй мўминларнинг амири, қавмингизга кийим кийдириб яхши қилгансиз-ку», дейишди. Шунда Умар: «Мен мана бу икки болани айтяпман. Одамларнинг орасидан ўтиб келишяпти, эгниларида эса ҳеч нарса йўқ. Кийимлар уларга катта келибди, улар кийимларга кичик келишди», деди.

Сўнг Яманга: «Тезда Ҳасан билан Ҳусайнга кийим-бош юборинглар», деб мактуб ёзди. У ердан икки сидирға кийим юборишди. Умар уларни икковларига берди».

Зубайр ибн Бакр Муҳаммад ибн Саломдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шифо бинт Абдуллоҳ Адавийя розияллоҳу анҳога «Эрталаб ҳузуримга кел», деб одам юборди. Шифо айтади: «Эрталаб унинг ҳузурига бордим ва Отика бинт Усайд ибн Абул Ийс розияллоҳу анҳони унинг эшиги олдида кўрдим. Кириб, бир муддат гаплашдик. (Умар) бир кийим чиқариб унга берди. Кейин бошқа бир кийим чиқариб менга берди. Мен: «Эй Умар, мен ундан олдин Исломга кирганман. Мен амакингнинг қизиман, у эмас! Сен менга одам юборгансан, у бўлса ўзи келган», дедим. У: «Мен буни сендан бошқаси учун келтирмаган эдим. Аммо икковингиз жам бўлиб қолганингиздан кейин унинг сендан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлигини эслаб қолдим», деди».

Ёш болаларнинг ижтимоий таъминоти

Ислом аҳли пойтахти бўлмиш Мадинаи мунаввара шаҳрига савдогарлар карвони келиб тушди. Карвонда аёллар, ёш болалар ҳам бор эди. Халифа Умар ибн Хаттоб саҳобалардан Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: «Карвондагиларни қўриқлашга вақтинг борми?» дедилар.

Икковлон кечаси билан карвондагиларни қўриқлаб, намоз ўқиб чиқишди. Умар розияллоҳу анҳу ёш боланинг йиғисини эшитиб, ўша томон бордилар ва унинг онасига: «Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхши қара!» деб ортларига қайтдилар. Бола яна йиғлашда давом этди. Умар розияллоҳу анҳу яна унинг онаси олдига қайтиб келиб: «Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхшилик қил!» деб: ортларига қайтдилар. Тун охирлаб қолганда яна боланинг йиғисини эшитган халифа ҳалиги онанинг олдига бориб «Шўринг қурисин. Яхши она эмасга ўхшайсан. Кечаси билан ўғлинг тинчимади-я!» дедилар.

Қаршисида турган одам раҳбар эканини билмаган она худди қоровулга гапираётгандай: «Эй Аллоҳнинг бандаси, кечаси билан мени тинч қўймадинг. Ахир мен уни кўкракдан ажратмоқчиман. У бўлса кўнмай, инжиқлик қиляпти», деди.

«Нима учун?» сўрадилар Умар розияллоҳу анҳу.

«Чунки Умар фақат кўкракдан ажратилган болаларга нафақа тайин қилган», деди аёл.

«Боланинг ёши қанчалик бўлди?» дедилар Умар.

«Фалон ойлик бўлди», деди аёл.

Умар розияллоҳу анҳу: «Уни кўкракдан ажратишга шошилма», дедилар ва орқаларига қайтиб кетдилар.

Сўнг халифа бориб, бомдод намозига имомликка ўтди. Намоздаги одамлар унинг йиғисидан қироатини ажрата олишмади. Бўлиб ўтган ҳодисадан қаттиқ таъсирланган халифа йиғлаб туриб намоз ўқир эди. Салом берганидан сўнг: «Умарнинг шўри қурисин! Мусулмонларнинг қанчадан-қанча болаларига зулм қилибди», деди ва жарчини чорлаб: «Болаларингизни кўкракдан ажратишга шошилманглар! Биз Исломда ҳар бир туғилган болага нафақа берамиз!» деб жар солишга амр этдилар. Бу ҳақда бош­қа юртларга ҳам фармон юбордилар.

Қарилик нафақасини жорий қилиш

Исломда бугунги кунда «қарилик нафақаси» деб номланаётган нафақанинг жорий бўлишига ҳам айнан ғайримусулмон фуқаролар сабаб бўлишган. Бу борада Ислом шариатининг ғайримусулмон фуқароларга бўлган риоясидан мусулмон фуқаролар ҳам фойдаланиб қолганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Имом Абу Убайднинг «Ал-Амвол» китобида қуйидагилар келтирилади:

«Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб кўчада тиланиб юрган яҳудий чолни кўриб қолиб, уни чақирдилар-да: «Агар сендан ёшлигингда жизяни олиб, қариганингда ташлаб қўйсак, сенга нисбатан инсоф қилмаган бўлибмиз», дедилар ва унга Байтулмолдан керагича таъминот жорий қилдилар».

Ўша пайтда мусулмонлар жамиятидан бошқа бирор жамиятда қарияларга, хусусан ғайридин қарияларга нафақа берилгани ҳақида маълумот борми? Бу ишни биринчи бўлиб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жорий қилдилар.

«Ислом тарихи» китоби биринчи жуз

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҳижратдан аввалги 13 йил Рамазон ойи, душанбага ўтар кечаси милодий 610 йил, августОиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

2400 10:30 / 26.11.2019
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ироқнинг Мовсил вилояти яқинидаги Нийнаво деган жойга ўз набийси Юнус алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Юнус алайҳиссалом Бану давоми...

3926 17:00 / 11.02.2019
Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бану Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётгани ҳақида хабар келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

2216 13:00 / 17.05.2021
Милодий олтинчи асрда оламда инсоният ўзини ўзи ўлдиришга рози бўлибгина қолмай, балки бу ишга ошиқар эди. Гўёки у бу ишни қилиш учун назр атаган ёки қасам ичгану, давоми...

3123 15:49 / 13.01.2023
Аудиолар

137651 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57719 14:35 / 11.08.2021