1447 йил 4 Рамазон | 2026 йил 22 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Статистика одами

16:50 / 23.05.2024 2964 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У туғилди. Маълум бир ёшга етгач, болалар боғчасига қатнади. Етти ёшга тўлганида эса қандайдир болаларга хос ички ҳаяжон билан мактаб остонасига қадам қўйди. Мактабни ҳам битириб, кўпчилик қатори ўзи орзу қилган олийгоҳга ўқишга кирди. Тўрт йиллик илм таҳсили ҳам тугади. Буёғига иш, мансаб пиллапояларидан аста-секин юқорига кўтарилиш каби кетма-кетлик давом этди...

Тенгқурлари бир нечта болали бўлганини эслатаверган онасининг раъйи ҳам ерда қолмаслиги учун уйланди. Бирин-кетин фарзандлар туғилди. Рўзғор ташвиши, иш фаолияти давомида бирма-бир кўтарилиб бориш кабилар билан умр сармоясини битта-битта камайтириб борарди.

Баъзан қулоғига фалончи кимё соҳасида олиб бораётган изланишлари натижасида инсониятга фойдаси тегадиган мана бундай кашфиёт қилди, фалон миллатдошимиз таълимда катта натижаларни қўлга киритиб, дунёнинг нуфузли бир нечта компанияларига ишга таклиф этилди, деган хабарлар чалиниб қоларди. Бундай хушхабарлар кўп бўлса-да, унинг диққат-эътиборидан четда қолаверар эди. Чунки унинг учун ўзи яшаётган ҳаёти муҳим, борлиги ҳам, йўқлиги ҳам қўлида мавжуд мол-давлатию, топган-тутганида эди...

Унинг мавжудлиги фақат рақамларни ўзгартирар эди. Туғилганидан дунё аҳолиси ўзгарганини билдириб, туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилди ва битта белги қўйилди. Мактабга чиққанида, ўрта таълимда илм таҳсил олаётганларнинг, олийгоҳга ўқишга кирганида эса олий маълумотлилар деган кўрсаткичини ўзгартириб турарди. Жамоат транспортига чиққанида сотиб олган паттаси ҳам унинг жамиятнинг бир аъзоси сифатида мавжудлигини исботловчи бир белги эди. Уйланганида оилалилар, фарзанд кўрганида эса фарзандли деган рақамларни ўзгартирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Чунки у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир...», деган гапларининг у учун ҳеч қандай қиймати йўқ, шунчаки уйланганлар деган рақам ўзгартириш эди. Бундан ташқари ишли ёки ишсизлар, ҳарбий хизматга лаёқатли каби рақамларни ҳам ўзгартирди. Ҳатто машинаси борлиги ва телефондан фойдаланиши ҳам абонент сифатида унинг бирор рақамни ўзгартиришига сабаб бўлди. Ёши бир жойга бориб, нафақага чиққанида нафақадагилар сони биттага кўпайиб яна бир рақам ўзгарди. Фарзандларини ҳам шундай тарбиялади. Кимгадир фойдаси тегиш, ўзидан кейин манфаатли нимадир қолдириш деган тушунчалар унинг ҳаёт тарзи учун бегона эди.

У вафот этди. Исм-шарифи ёзилган катакка битта чизиқ тортилди. Бу чизиқ у қилган ўзгаришларининг охири эди. Шу билан рақамларни ўзгартирган, бор-йўқлиги фақат шундангина иборат ҳаёти ҳам поёнига етди. Ҳасан Басрийнинг: «Эй одам боласи, сен кунлардан иборатсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг кетиши демакдир», деган ҳикматли гапи фақат шу рақамлар билан боғлиқ эди.

Бу инсонни ким деб ўйлайсиз? Балки сиздир, балки атрофингизда сиз билан ёнма-ён яшаётган яқинингиздир? Ким бўлишидан қатъи назар, у сиз билан яшаётган шу жамиятнинг бир аъзоси.

Энди шу жойда озгина тин олиб, босиб ўтган ҳаётимизни бир сарҳисоб қилиб кўрайлик. Борлигимиз нимани ўзгартиряптию, йўқлигимиз нимани? Эртага умр шамимиз сўнганида мозорбошида имомнинг жамоатга қараб, «Фалончи қандай инсон эди?» деган саволига жанозага йиғилганлар қалбан нима деб жавоб беришади? Фаранг императори Наполеон Бонапарт тарихчиларга «Тарихга мен тамал тошини қўяман, сиз эса уни ёзасиз», деб айтган экан. Бугун бизнинг мавжудлигимиз миллатимиз юксалиши, юртимиз равнақи учун ҳисса қўшишимизга сабаб бўлиб, тарихда ўзимизнинг «изимиз»ни қолдира оляпмизми? Бухорий бобомиз қолдирган «изи» – «Саҳиҳул Бухорий» Қуръондан кейинги асосий манба эканини ҳаммамиз биламиз. Абу Али ибн Сино қолдирган «из» – «Тиб қонуни» Ўрта аср Оврўпа уйғониш даврининг энг асосий манбаси бўлиб хизмат қилиб, бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмади.

Шу жойда масаланинг яна бир нозик нуқтасини ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Халқимизда «Яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ» деган нақл бор. Ёмонлардан қолган «из»нинг оқибатлари ҳақида Аллоҳ таоло Ўзининг каломида кўп бор эслатган. Тарихдан Чингизхон бошлаб берган мўғул истилоси, Ленин каби сохта пешволар асос солган чоризм мустамлакаси, Хитлер бошчилигида инсоният бошига оғир кунларни солган Иккинчи жаҳон уруши ва бугунги кунда ҳам дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган қирғинбаротлар мана шундай оғриқли «из»лар сирасига киради. Шундай экан, қай тарафда эканимизни аниқ қилиб, рақамлар домидан қутулишга, ўзимиздан кейин манфаатли нимадир қолдиришга ҳаракат қилайлик. Зеро, оламлар Раббига ҳам Каломида марҳамат қилганидек:

«Ҳар кимнинг юзланадиган тарафи бор. У ўшанга юзланувчидир. Яхшиликларга шошилинг. Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳ ҳаммангизни жамлайдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир» (Бақара сураси, 148-оят).

«Ҳилол» журнали 12(57) сон

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мана шу жойда содир бўлган қизиқ бир воқеа. Бу зинапоялар саййидимиз Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қабрлари олдида тугайди. Бу зот Самарқанд фатҳида шаҳид давоми...

1888 11:00 / 25.08.2022
Бир куни корхона раҳбари қўл остидаги уч нафар ходим билан суҳбат ўтказди. Уларга .Иккига иккини қўшса беш бўладими,, дея савол берди.Биринчи ходим .Ҳа жаноб, беш давоми...

8367 22:00 / 26.05.2022
.Инқироз, сўзи маълум қийинчиликлар, муаммоларни ва таҳдидларни муддатини англатади. Шу шарҳга биноан, мусулмон уммати бир неча хил инқирозни бошидан ўтказаяпти давоми...

5654 11:00 / 21.07.2021
Бир танишим ҳикоя қилади.Қишлоғимизда тарихдан дарс берадиган бир муаллим бўларди. Жуда илмли, ҳалим инсон эди. Муаллим ёшлигидан китоб йиғар, баъзан кутубхонадан давоми...

3349 11:00 / 18.08.2023
Аудиолар

232580 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151039 14:35 / 11.08.2021