1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Дафн пайтида айтиладиган нарсалар | Фиқҳ дарслари (276-дарс)

19:00 / 04.04.2024 1934 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Жалолиддин Суютий «Шарҳис-Судури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобларининг «Дафн пайтида айтиладиган нарсалар» бобида, жумладан, қуйидагиларни келтирадилар:

رَوَى الطَّبَرَانِيُّ عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الْعَلَاءِ بْنِ اللَّجْلَاجِ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: قَالَ لِي أَبِي اللَّجْلَاجُ أَبُو خَالِدٍ: يَا بُنَيَّ، إِذَا مِتُّ فَأَلْحِدْنِي، فَإِذَا وَضَعْتَنِي فِي لَحْدِي فَقُلْ: بِسْمِ اللهِ، وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللهِ، ثُمَّ شُنَّ عَلَيَّ التُّرَابَ شَنًّا، ثُمَّ اقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِي - بِفَاتِحَةِ الْبَقَرَةِ، وَخَاتِمَتِهَا - فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَقُولُ ذَلِكَ.

Табароний Абдурраҳмон ибн Алаа ибн Лажлаждан, у отасидан ривоят қилади:

«Отам Лажлаж Абу Холид менга: «Болажоним! Вафот этганимда мени лаҳадга қўй. Мени лаҳадимга кўйганингда «Бисмиллаҳи ва алаа миллати Расулиллаҳи», дегин. Сўнгра устимга тупроқ торт­гин. Кейин бош тарафимда Бақаранинг аввали ва охирини қироат қилгин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шуни айтаётганларини эшитганман», деди».

Яна ўша китобнинг «Маййитга ёки қабрга Қуръон қироат қилиш» бобида имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:

«Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Бас, бу нарса ижмоъ бўлади. Буларнинг ҳаммасини Ҳофиз Шамсуддин Абдул Воҳид Мақдисий Ҳанбалий шу масала бўйича таълиф этган китобида зикр қилган.

Қабрга қироат қилишга келсак, унинг шариатда борлигига бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар жазм қилганлар.

Заъфароний: «Шофеъий раҳимаҳуллоҳдан қабр олдида қироат қилиш ҳақида сўрадим. «Ҳечқиси йўқ», деди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал буни аввал инкор қилар эди, чунки унга бирор ривоят етмаган эди. Унга ривоят етганда, ўз фикридан қайтган».

Имом Жалолиддин Суютийнинг «Шарҳис-Судури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобида зикр қилинган, имом Аҳмад ибн Ҳанбалга қабр устида қироат қилишга ҳужжат бўлган ривоятнинг қандай етганини шайх Абдулфаттоҳ Абу Fудда раҳматуллоҳи алайҳи «Саласу расоила фий истиҳбоби дуои ва рафъул ядайни фийҳи баъдас-салавотил мактуба» номли китобга ёзган муқаддимада ўқиймиз:

«Ибн Қайюм «Китобур руҳ»нинг аввалида (51-бетда) зикр қилади: «Халлол айтди:

«Ҳасан ибн Аҳмад Варроқдан, у Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилади:

«Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома Жавҳарий билан бирга жанозада эдим. Маййит дафн қилинганида, бир кўр киши қабр ёнида ўтириб, қироат қила бошлади. Шунда Аҳмад унга:

«Эй, сен! Қабрнинг ёнида қироат қилиш бидъатдир!» деди.

Мақбарадан чиққанимизда Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий ҳақида нима дейсан?» деди.

«Ишончли одам», деди.

«Ундан бирор нарса ёзганмисан?» деди.

«Ҳа», деди.

«Мубашшир менга Абдурраҳмон ибн Алаа Лажлаждан, у отасидан хабар берди. Ўша одам дафн қилинганидан сўнг бош тарафида Бақаранинг аввали ва охирини ўқишни васият қилган ва «Ибн Умарнинг шундай васият қилганини эшитганман», деган экан», деди.

Шунда Аҳмад унга:

«Қайтиб бориб, ҳалиги одамга айт, қироат қилаверсин», деди».

Имом Аҳмадни Аллоҳ раҳм қилсин. У билан ҳақнинг орасида адоват йўқ эди» (7-8-бетлар).

Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки, сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тикиб олади. Кейин қабр ичидаги инсон Таборак сурасини охиригача қироат қилганини эшитиб, буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинганда, у зот:

«У (Таборак сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», деганлар.

Ўликнинг қабр ичида туриб, Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман қилиш керак?!

Шунинг учун бизда дафндан кейин Таборак сурасини қироат қилиш одат бўлган.

Бошқаларда, масалан, Либияда Ёсин сурасини қироат қилиш одат бўлган.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фиқҳий китобларимизда олдисотди масалаларига кенг ўрин берилади. Чунки бу иш асосан ризқ топишга қаратилган. Ризқнинг ҳалол бўлиши учун эса иш шариатга мувофиқ давоми...

6153 13:36 / 30.01.2020
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ таоло.Бас, у довон ошиб ўтмади. Довон нима эканлигини сенга нима билдирди Қул озод давоми...

2393 19:30 / 26.09.2020
. Намозхоннинг ихтиёрисиз таҳорати кетса, дарҳол таҳорат қилиб, намозини охирига етказади. Гарчи ташаҳҳуддан кейин бўлса ҳам. Янгидан бошлаш афзалдир. давоми...

4129 00:00 / 04.11.2022
Учинчи қисмБир синфдаги раддга ҳақдор меросхўрлар билан бирга раддга ҳаққи йўқ меросхўрлардан бири, яъни эр ёки хотин ҳам бўлади.Бундай ҳолатда раддга ҳаққи йўқ давоми...

2368 11:00 / 19.06.2020