1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Уни яхши кўрасанми?

17:03 / 22.12.2023 6079 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда ўтирсалар, саҳобалар ҳам атрофларида ўтирар эди. Шундай мажлисларнинг бирида кимдир орқасида боласини опичлаб келди. Сўнгра уни қучоғига олиб, юзларидан ўпди ва бошини силади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
– Уни яхши кўрасанми? – дедилар.


У айтди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Мен уни севганим каби Аллоҳ ҳам сизни севсин!

Сўнгра бир қанча вақт ўтиб, унинг боласи вафот этди. Ўғлини йўқотган ота маҳзунлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларидан узилиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни суриштирдилар:
– Фалончи кўринмай қолди?!


Кишилар дейишди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Унинг ўғилчаси вафот қилди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига бориб таъзия билдирдилар. Сўнгра унга дедилар:
– Сенга қайси бири суюкли: ўғлингдан тириклигингда фойдаланганингми ёки куни келиб жаннатга кирганингда унинг ҳар бир эшиги олдида ўғлинг эшикни очиб, сени кутиб олганини кўришингми?


У деди:
– Эй Аллоҳнинг Набийси! Майли, у мени жаннат эшигини очиб кутиб олсин. Шуниси менга суюклироқ!


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Сенга ўша бўлсин!


Шунда кишилардан бири сўради:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Бу ҳаммагами ёки унинг ўзига хосми?


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Ҳаммангизга!


Сулаймон алаҳиссаломнинг Ҳудҳудни қўрқитиб «Албатта, уни шиддатли азоб билан азоблайман!» деган гапининг тафсирида айтилган бир ажойиб гап бор: «Шиддатли азоб»дан мурод у билан аҳбоблари орасини ажратишдир, дейилган. Яқинлардан ажралиш катта ғурбатдир!


Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ ҳам ажойиб бир гап айтганлар: «Ёмон кўрган кишингга яқинлашишинг ҳам бало, яхши кўрган кишингдан узоқлашишинг ҳам бало – фарқи йўқ!»


Яқинларни йўқотиш ғурбатдир. Ҳаётингни ва уйингни шодликка тўлдирган ўғлингга энди ўрганиб қолганингда уни йўқотиб қўйиш – даҳшат. Қалбингга сурур олиб кирган қизингга энди ўрганиб қолганингда уни йўқотиш – даҳшат.


Бошингни силаганида дунёнинг ташвиши кетадиган, ўзингни унинг олдида ёш бола ҳис қиладиган онангни йўқотишинг – энг катта даҳшат. Сени суяйдиган, Аллоҳдан кейинги ҳимоячинг бўлган отангнинг бу дунёни тарк қилиши – мислсиз даҳшат. Келганида бошқаларнинг йўқлиги билинмайдиган, келмаганида эса бошқаларнинг борлиги билинмайдиган дўстингни йўқотиб қўйишинг ҳам нақадар оғир!


Аллоҳ таоло Ўзи билиб турса–да, фаришталаридан сўрар экан:
– Бандамнинг қалби мевасини олдингизми?
– Ҳа!
– Нима деди?
– Сенга ҳамд айтди, истиржоъ айтди!
– У бандамга жаннатда бир уй қуринг. Унинг номини «Ҳамд уйи», деб номланг!
Ҳамд уйлари сабр ва ризо билан қурилади.


Мусибат бизни бино қурилишидан чалғитиб қўймасин!
Аллоҳнинг қадаридан аччиқланиш уни ўзгартирмайди. Юзларни тимдалаш ўликни тирилтирмайди. Дод солиб йиғлаш уларга жонини қайтармайди. Аксинча, битта зарар иккита бўлади, холос: Суюкли инсонини йўқотиш – бир
зарар, сабрсизлик ила Ҳамд уйидан маҳрум бўлиш – зарар устига зарар!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03–07/1506–рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01–07/1959–рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Абид Дунё ўзининг .Ассомт, китобида келтиради.Мужоҳид ибн Жабр айтади .Менинг Қурайш қабиласидан бир дўстим бор эди. Бир куни унга дедим Кел бирбиримиз давоми...

2442 14:00 / 13.12.2022
Қуръони Карим оятларида баъзан кофир ва мушрикларнинг куфрий ва ширкий маънодаги сўзлари нақл қилинади. Яъни, мазкур сўзлар уларнинг ботил даъвоси ўлароқ ибрат давоми...

2463 11:47 / 14.12.2023
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ёки музтар чорасиз одам дуо қилганда ижобат этадиган, ёмонликни аритадиган ҳамда сизни ер юзида халифа қиладиган Зот яхшими давоми...

6095 11:19 / 09.03.2018
Ливерпуллик Вилям исмли адвокат қаттиқ касал бўлади. Шифокор унга иссиқ ўлкага бориб даволанишни маслаҳат беради. У Гибралтар бўғози орқали Марокашга йўл олади. давоми...

4111 10:10 / 09.10.2021