1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Унга дўзахдан бир парча кесиб бераман

12:10 / 02.11.2023 2894 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбарлар қиссасидаги энг гўзал ҳиссиёт уларнинг ҳам биз каби инсон бўлганидир. Аллоҳ таоло бизга иймон инсон табиатини ўзгартирмаслигини, балки уни тарбия қилишини англатишни хоҳлаяпти. Иймон шаҳватларни вайрон қилмайди, балки уларни тартибга солади!


Нуҳ алайҳиссалом ўғлининг чўкаётганидан қийналдилар. Оталик туйғуси билан фарзандларини ҳимоя қилиб, Аллоҳга ёлвордилар. Аммо Парвардигорлари бундан қайтаргач, тўхтадилар. Сеҳргарлар арқон ва асоларини ташлаганида Мусо алайҳиссалом қўрқдилар. У кишининг иймонлари заиф эмасди. Аммо у киши ҳам инсон эдилар. Инсонликларига бориб қўрқдилар. Аллоҳга роз айтиб, қавмлари олдига қайтганларида уларнинг бузоққа ибодат қилаётгани кўриб ғазабландилар, қўлларидан Таврот саҳифалари тушиб кетди. Зеро, баъзи бир ҳолатлар инсонни инсонлик чегарасидан чиқариб юборади!
Оламларнинг саййиди бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бошқа пайғамбар биродарлари каби башар эдилар. Инсонликларини айтишдан уялмасдилар. Инсонлик нуқсон эмас. Аксинча, мўъжиза бўлади ана шунда. Ҳисларинг, ташвишларинг, маҳзунлигинг, қайғунг билан инсонлигингча қолиб, сўнгра оламни ўзгартиришга ҳаракат қилишинг росмана мўъжизадир!


Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга дедилар:
«Мен ҳам инсонман. Менинг ҳузуримга хусуматлашиб келасизлар. Эҳтимол баъзингиз бошқангиздан далил келтиришда моҳирроқ бўлар. Мен эшитганимга кўра унинг фойдасига ҳукм чиқараман. Мен кимга бир ҳақни ҳукм қилсам, демак унга дўзахдан бир парчани кесиб берибман. Истаса уни олсин, истамаса ташласин!»
Имом Бухорий ривояти.


Молик ибн Динор роҳимаҳуллоҳ айтади: «Кишининг юз минг дирҳам садақа қилганидан, ҳаром бўлган бир дирҳамни тарк қилгани яхшироқдир!»
Имом Бухорий ривояти.


Ҳалолни яхши ҳам, ёмон ҳам, солиҳ ҳам, осий ҳам қилаверади. Аммо ҳаромдан фақатгина қалби Аллоҳ учун холис бўлганларгина қайтади. 


Ёлғончи ва хиёнаткор савдогар етимни кафилликка олиши мумкин. Бу улуғ иш. Аммо унинг хиёнат ва ёлғондан сақланиши, кишиларнинг молини ҳаром йўл билан ейишдан тийилиши бундан ҳам улуғроқ ишдир. Чунки Аллоҳ таоло покиза Зот. Фақат покиза нарсаларни қабул қилади!


Тунги клуби жавлон уриб турган киши масжид очганидан, унинг қурилишига ҳиссасини қўшганидан гапиради. Аммо унинг ишратхонасини ёпиши Аллоҳ учун масжид бино қилганидан суюклироқдир!


Маст қиладиган ичимликлар сотадиган киши Рамазонда ифторлик қилиб берганини гапиради. Аслида, унинг ароқ сотишни тарк этиши Рамазонда ифторлик қилиб берганидан яхшироқдир!


Тоат мақталган бўлса-да, ҳақиқий амалий иймон тоатда эмас, гуноҳлардан сақланишдадир!
Иймон гуноҳлар устида синалади!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир гўзал воқеа ўқиган эдим. Саҳиҳлигини билмайман. Бу воқеа Бани Исроилда бўлган. Мусо алайҳиссалом Роббиларига муножот қилгани чиқадилар ва Ундан сўрайдиларЭй давоми...

2877 09:00 / 20.12.2021
Кичкина ўғлимнинг кеча кечқурундан бери мазаси йўқ. Ишдан келсам, ҳамон аҳволи ўзгармаган, бирор натижа сезилмайди. Уни шифохонага олиб боришга қарор қилдим. У давоми...

5000 14:01 / 02.06.2022
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Тарихи Димашқ, номли китобида шундай ёзади.Суҳайл ибн Аби Ҳазм айтади.Молик ибн Динор роҳимаҳуллоҳ вафот этганидан сўнг уни давоми...

3189 10:30 / 25.10.2021
Молик ибн Назла розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига эски кийимда келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадиларМолинг давоми...

2408 17:00 / 23.03.2022