1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 17 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бир гап айтайми?

14:00 / 04.04.2022 3853 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу расмнинг нима эканлигини биласизми?

Расмда тахминан 15 мингта галакатика бор. Хаббл телескопи орқали олинган фото. Тасаввур қиляпсизми, 15 мингта галактика! Шу расмдаги ялтираб турган тухумсимон нуқталарнинг ҳар бири галактика. Шу нуқталарнинг биттасини Сомон йўли галактикаси деб олайлик. Бу бизнинг галактика. Шу Сомон йўлининг ичида Қуёш тизими жойлашган. Қуёш тизимининг ичида Ер жойлашган. Ерда биз бормиз.

Энди ўйлаб кўрайлик, шу расм ичида Сомон йўли галактикаси нуқтадек кўриняпти, Сомон йўлининг ичида Қуёш тизими нуқтадек кўринади, Қуёшнинг олдида Ер нуқтадек кўринади, Ернинг олдида биз нуқтадек ҳам кўринмаймиз.

Мўмин-мусулмон одам атрофини ўраб турган борлиққа, ерда ўсиб турган ўсимликлар, устидаги осмон ва ундаги юлдуз, сайёраларга ибрат назари ила боқиб, бу нарсалар бежизга яратилмаган, ҳар бири ҳикмат билан, аниқ мақсадда яратилган дея тафаккур қилиши лозим.

Оддий кўз билан қараганимизда осмонда ажиб гўзалликларни кўрамиз. Энди самога телескоп орқали назар солсак, осмон жисмларини, уларнинг жозибасини кўриб, Роббимизнинг қудрати олдида нақадар ожиз, заиф эканимизни янада кўпроқ ҳис қила бошлаймиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор. 

Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин» (Оли Имрон сураси, 190-191-оятлар). 

Расм борасида тафаккур қилиб, ўзимизнинг нақадар заиф, ожиз, улкан коинот олдида кўринмай кетадиган даражада кичик махлуқ эканимизни ҳис қиляпмиз.

Расмни кўргач, шундай улкан коинотни ҳам, бизни ҳам, бутун оламларни ҳам яратган Холиқ таолонинг қудратини ҳис қила оляпмизми?! Унинг доимо бизни кўриб, билиб турганидан хабаримиз борми?!

Қани айтингчи, инсон деб аталмиш шундай митти жонзот пули кўплиги, мансабда ўтиргани, қиммат машинада юргани, данғиллама ҳовлида ўтиргани, танишлари кўплиги учун ўзини катта олиши, керилиши, одамларни менсимаслиги, ғўдайиши ҳеч ақлга тўғри келадими?!

Улкан коинот олдида кўринмай кетадиган даражада кичик бўлган, бурни, қулоғи, тиши орасидагини қўли билан чиқарганда, юзини бироз буриштириб, дарров қўлини ювиб олишга интиладиган, кун давомида ичидан бир неча марта нажосат чиқадиган, покланиш учун бир идишдаги сув ва махсус қоғозга эҳтиёжи тушадиган инсон қандай қилиб манмансираши, мутакаббирлик қилиши мумкин?!

Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, Аллоҳ таоло шу кичик махлуқ бўлмиш инсонни мукаррам қилиб яратган. Агар инсон Аллоҳ таолони таниса, Унга ибодат қилса, Аллоҳ таолога муносиб банда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлиб яшаса, мукаррамлиги собитдир.

Ана шу мукаррамликнинг белгиларидан бири — мусулмон инсон атрофга тафаккур назари ила боқишидир. Жумладан, осмонга қараганда ҳам.

Осмонга қараб, Қуёшни, Ойни, юлдузларни, кометаларни, сайёраларни кўрганимизда ва расмдагидек коинотга оид маълумотларни ўқиганимизда, «Роббимиз, буни бежизга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин!» деб дуо қилсак, Аллоҳ таолонинг фазли ила, юқоридаги оятда мақталган бандалар қаторида бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг яратганлари борасида тафаккур қилиб, иймонимиз нури зиёда бўлишини, ибодатга рағбатимиз янада ортиб боришини насиб этсин!

Аллоҳ таоло барчамизни тик турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ёнбошлаганда ҳам Ўзини зикр қилувчи зокир бандаларидан айлаб, қалбимиз доимо Ўзининг ёди билан банд бўлишини насиб этсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳунайн ғазотида Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам баъзи инсонларга кўпроқ ўлжа бердилар. Ақраъ ибн Ҳобис ва Уяйна ибн Ҳиснга юзтадан туя бердилар. давоми...

2529 09:00 / 02.12.2023
Мусулмон киши одамларнинг қалбларини ёмон гумон ва тилларини ғийбат қилишдан сақлаш учун ўзига гап тегадиган, айбситиладиган жойлардан узоқ юриши керак. Зеро, давоми...

932 16:25 / 20.08.2025
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб сўради Эй Аллоҳнинг Расули, қайси садақанинг савоби кўп Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1594 16:47 / 24.10.2024
.Аллоҳ, ёзуви бор қўзичоқ, тарвуз, қовун, тухум, булут, ёнмай қолган Каъба расми, рукуъ ва сажда қилиб турган дарахт, харсангтош кабиларни .мўъжиза, деб айтишади. давоми...

3577 17:05 / 04.11.2023