1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ёлғончи онам

17:18 / 30.12.2023 3533 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Марҳум суриялик режиссёр, доктор Мустафо Аққод ҳаёти ҳақида гапириб берар экан, қуйидагича ҳикоя қилади:
«Илгари мен оналар ёлғон гапирмайди деб ўйлар эдим, аммо менинг онам менга саккиз марта ёлғон гапирганидан сўнг, гумоним нотўғри эканини тушуниб етдим. 


Келинг, онамнинг менга айтган ёлғонларини сизга ҳам айтиб берай.


Ёлғонлар тарихи менинг туғилганимдан бошланган.


Мен жуда камбағал оиланинг ёлғиз фарзанди бўлганман. Оиламиз ночор бўлгани сабабли, уйимизда ҳеч қачон қорин тўядиган даражада егулик бўлмаган. Мабодо очликдан ўлмаслигимиз учун, қаердандир озгина бўлса-да гуруч олиб келинса, онам ўзининг ҳаққини ҳам емасдан, менга берар эди. Косасидаги гуручни менинг косамга ағдараётиб: «Болам, сен егин, менинг қорним тўқ», дер эди. 


Бу унинг биринчи ёлғони эди.
Ёшим бироз улғайганидан кейин, еб-ичишим ҳам шунга яраша ортди. Баъзан онам кичкина бир ариқдан минг машаққат билан бир дона майда балиқ тутиб келар ва уни пиширарди. Қорним очлиги учун балиқни тезда еб қўяр эдим. Мабодо, Аллоҳнинг марҳамати билан бирор кун икки дона тутилиб қолса, онам мен шошилиб чала-чулпа еган балиқнинг қолдиғи билан кифояланар, иккинчи балиқни ейиш учун узатилган қўлимни бўш қайтармай, бемалол еяверишим мумкинлигини, унинг қорни оч эмаслигини айтар эди. 


Бу онамнинг иккинчи ёлғони эди.
Ёшим улғайиб, мактабга чиқадиган пайтим ҳам келди. Лекин менга керакли нарсаларни олиб беришга бизда ҳеч қанақа сармоя йўқ эди. Мактаб харажатларига пул топиш учун онам бозордаги кийим-кечак дўкони эгаси билан келишиб, ишга тушиб кетди.


У кечки пайт бозордан қаттиқ ҳолдан тойиб, зўрға уйга келар, шундай бўлса-да чарчоғини билдирмасликка тиришиб, менга: «Болагинам, чарчаганим йўқ», дер эди.


Бу унинг учинчи ёлғони эди.
Ўқув йили охирига етгач, имтиҳон топширадиган бўлдик. Шунда онам ҳам мен билан бирга бораман деб қаттиқ туриб олди.


Кун ҳаддан ташқари иссиқ эди. Онам инсон чидаши қийин бу ҳавода, офтоб остида менинг имтиҳондан чиқишимни кутиб ўтирди. Имтиҳондан чиққанимда, онам мен учун бир стаканда сув сотиб олиб, қўлида ушлаб ўтирар эди.


Мен сувни ютоқиб ича бошладим. Шу пайт кўзим онамнинг юзига тушди. Иссиқ таъсиридан унинг юзларидан тер оқар, лаблари сувсизликдан қуруқшаб қолган эди. Мен дарҳол қўлимдаги сувни унга тутқаздим. Онам эса: «Болагинам, чанқаганим йўқ, ўзинг ичавер», деди.


Бу унинг тўртинчи ёлғони эди.
Отамнинг вафотидан сўнг онам бошига ҳақиқий беванинг куни тушди. Оиладаги бутун масъулият унинг зиммасига юкланган, ҳаётимиз аввалгидан ҳам оғирлашган эди. Бизни энди ҳақиқий очлик қийнай бошлади.


Аҳволимизни кўрганлар, онамга «Ҳали ёшсан, икковингизни ҳам боқиши учун ким биландир турмуш қургин», деб маслаҳат беришди. Аммо онам: «Бошқа турмуш қурмасам ҳам бўлаверади, иккимизни қийналмай боқа оламан», деб жавоб берди.
Бу онамнинг бешинчи ёлғони эди.


Мактабни тугатганимдан сўнг университетга ўқишга кирдим. Уни ҳам тугатиб, яхшигина даромадли ишда ишлай бошладим.


Шундан сўнг ўз-ўзимга: «Энди онамнинг менга қилган хизматлари, ҳаётда тортган қийинчиликлари учун роҳатини кўрадиган пайт келди. Бундан кейин рўзғор масъулиятини ўз зиммамга оламан», деб ўйладим.


Бу пайтга келиб онам соғлигини йўқотган, шундай бўлса-да, ҳар куни эрталаб бозорга чиқиб, сабзавот сотар эди. Мен онам ишламаслиги учун унга иш ҳақимнинг маълум миқдорини ажратишга қарор қилдим. Аммо онам бу сафар ҳам: «Болагинам, менинг пулим етарли, пулинг ўзингда қолаверсин», деб жавоб берди.


Бу унинг олтинчи ёлғони эди.
Иш фаолиятим билан қатор магистрлик даражасини олиш учун ўқидим. Натижада менга бериладиган иш ҳақи ҳам ошди.


Энди мен ишлаётган олмон ширкати менга бу ердаги шаҳобчасида эмас, балки Олмониянинг жойлашган асосий идорасида ишлаш таклифи билан чиқди. Бу таклифдан бошим осмонга етдт. «Ҳақиқий бахтли ҳаётим энди бошланди», деб қувона бошладим.


Олмонияга бориб, яшаш шароитларимни жойига қўйганимдан сўнг, онамнинг бу ерга келишини таклиф қилиб, қўнғироқ қилдим. У эса мени нотинч қилиб қўйишга андиша қилиб, таклифимни рад этди ва: «Йўқ, болам, мен унақа ҳаётда яшаб ўрганмаганман», деб жавоб берди.


Бу унинг еттинчи ёлғони эди.
Орадан йиллар ўтди. Онам қариб, саратон касаллиги билан оғриб қолди. Мен бор-йўғимни ташлаб уйимизга – унинг ҳузурига жўнаб кетдим. Етиб келганимда, бояқиш онам амалиётдан чиқиб, уйимизда ётоғида чойшабга ўралганича бир аҳволда ётар эди.
Менга кўзи тушгач, базўр мен томонга юзланди, оғриқларини билдирмасликка ҳаракат қилиб, менга жилмайди. Унинг бу аҳволда кўриш мен учун жуда оғир эди, аммо онагинам яна мени тинчлантиришга ҳаракат қилиб: «Болам, йиғлама, менинг аҳволим яхши. Оғриқлар ортда қолди», деди. 


Бу унинг саккизинчи ёлғони эди. 
У менга шундай деди-ю, кўзларини юмганича бошқа очмади»...

Обидхон Абдулҳамидхон тайёрлади
«Ҳилол» журналининг 6(51) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тақсит савдоси.Тақсит, сўзи луғатда бўлиббўлиб тўлаш маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда савдо молини нақд қилиб, баҳосини насия қилишга айтилади. Бунда савдо давоми...

10898 17:33 / 29.03.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар. Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан давоми...

2615 12:30 / 20.01.2022
Ўзбек тилида қалам аҳли ва нотиқлар томонидан мурожаат қилинмай қўйганлиги туфайли деярли унутилаёзган кўп сўзларимиз бор. Масалан, какра деган сўзни бугунги давоми...

2043 09:38 / 09.10.2023
Ибн Асокир Саъид ибн Абу Саъиддан ривоят қилади.Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Урдунда вабога чалинганида у зотнинг қабри ҳам шу ерда жойлашган ўша ерда давоми...

4860 22:16 / 25.04.2017