1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тарих омонатдир (бешинчи мақола)

14:55 / 19.09.2023 1168 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

15. Бахтиёр руслар бизга уламоларимизни танитганини иддао қилибди. Тўғри, унинг гапида ҳам жон бор. Халқимиз қўлидаги бор китобларни тортиб олиб, ёқиб ташлаб, олимларни қатағон қилиб, қолган қутган асарларни бир жойга жамлаб, уларни ўрганишни ҳам истаганча чеклаб қўйиб, кейин илмсиз халққа уч тўртта олимимизни ўша большевиклар танитган. Бироқ, бу танитишда аслида ўзбек халқига яхшилик қилиш эмас, бошқа сиёсий мақсадлар назарда тутилгани сир эмас. Аммо маърифатпарвар кишиларимиз одатдагидек бу имкониятдан унумли фойдаланиб, айрим яхши натижаларга эришишган. Шунда ҳам танлаб берилган уч тўртта олимнигина танита олишган ва салла кийган уламоларимизни сал кам комунист қилиб тавсилашга мажбур бўлишган. Баъзиларини «кошки танинитшимаганда эди», дейдиган қилиб таърифлашган. Мана, ҳали ҳануз ўша нотўғри тасвирлар халқимиз онгини ва битикларини тарк этгани йўқ.


Бахтиёр большевиклар ўзбек халқи учун танитиладиган уламоларни танлашдан олдин уларни обдон ўрганганларини айтибди. Бу тўғри фикр. Бироқ, у бу танловда олимларнинг дин билан зиддияти эътиборга олинганига ишора қилибди. Аслида ундай эмас, бироз бошқачароқ. 


Минг йил олдин ўтган олимлардан намуналар танланар экан, мақсад ҳосил бўлиши учун уларнинг жаҳонда таниқлилиги, асарларини топиш имконияти бўлиши ва бошқа жиҳатлари эътиборга олинган. Шу билан бирга, ўзи диндор бўлса ҳам диний илм билан танилмаган бўлиши албатта назарда тутилган. Чунки таърифда уларни динсизлаштириш имкони топилиши керак эди. 


16. Кўпчилик номусулмон тақдқиқотчилар ва тарихчилар Ислом уламолари, жумладан, имом Ғаззолийнинг айрим файласуфларни кофирга чиқарганини айтиш билан Ибн Сино, Беруний, Форобий ва бошқа мутафаккирларни мусулмонлардан ажратиб олишга уринган. Бу ҳам ғарбча ёндашув бўлиб, мусулмон жамияти воқелигини яхши англамагандан келиб чиққан. 


Аслини олганда бировни маълум бир масала туфайли куфрга кетди дейиш бошқа масала, унинг кофир сиймосида яшаши умуман бошқа ҳолат. Шунингдек, зоҳирда куфрни англатса да, таъвили бўлгани учун уни куфр эмас, бидъат деб таъриф этиш ҳам бор. Шу билан бирга, кимдир куфр деб билган тушунчани бошқалар қабул қилмаган бўлиши ҳам мумкин. Бу каби нозик нуқталарни кўпчилик фарқламай қолади ва кейин муаммо келиб чиқади. 


Диндаги бирор қатъий хабарни ноқасд инкор қилган кишига куфр нисбат берилиши унинг барча дин амалларини инкор қилганини, ростмана кофирдек ҳаёт кечирганини англатмайди. У ўзи Исломни ўрганиб, яхши кўриб, унга қўлидан келганча амал қилиб юрган бўлиши мумкин. Бироқ, маълум масаладаги нотўғри тушунчаси уни куфрга олиб кетган бўлади. Айрим нохолис ёки билимсиз тадқиқотчилар эса қасду ноқасд бу фарқни тушунмай, бир умр масжидга қатнаб, ибодатда ўтган олимларни бира тўла ўзларига ўхшаш кофир деб тавсифлашга уринишади. 


Умуман олганда, бирор олимни кимдир фалон гапи учун кофир бўлди, деганда унинг кофирлардек ҳаёт кечиргани тушунилмайди. Чунки баъзан куфрга чиқаришда ҳаддан ошишлар ҳам бўлган. Имом Ғаззолий ўша пайтларда ашъарийларга заррача хилоф қилганларни кофирга чиқарганлар ҳам пайдо бўлганини айтиб, уларни қаттиқ танқид қилади ва ушбу мавзуда «Файсалут тафриқа байнал Ислами ваз зандақа» деган алоҳида рисола ёзиб, куфрга чиқаришнинг қайдларини баён этади. Бу борада жуда ҳам эҳтиёткорлик лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, Аллоҳ ва Расулига ҳамда қиёматга инонган кишини, аҳли қиблани кофирга чиқариш ножоизлигини урғулайди. Бу китоб бугунги ҳаддан ошган такфирчи тоифаларга раддия сифатида ҳам жуда муҳим.


Масалани яна ҳам ойдинлатиш учун бир мисол айтсам. Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳнинг Ислом илмларида ёзган асарлари, мусулмончилиги, диндорлиги ҳаммага маълум. Бироқ, айрим қарашларда файласуфларнинг фикрларига эргашгани учун у кишини ҳам ўша эътиқоди учун кофирга чиқарганлар бўлган. Тўғри, бу гапни бошқалар қабул қилмай, у кишининг олам қадимлиги ҳақидаги сўзларини таъвил қилишга уринган. Гап шундаки, Ибн Таймияни куфрга кетганликда айблашларидан у кишини диндан чиққан ёки динга зид бўлган фикрдаги киши деб қаралмайди. 


Файласуфларнинг баъзи бир фикрлари куфр бўлиши ҳақидаги фатволар, иборалар ҳам шунга ўхшаш бўлган, уларни бира тўла кофир бўлиб, диндан қайтган муртад кишиларга айланганини билдирмаган. Бу илмий доирадаги бир илмий баҳс сифатида кўрилган. Шунинг учун мазкур олимлар ўз даврида қозиликлар ҳукм сурган мусулмон жамиятида эркин, бемалол фаолият юрита олганлар, асарлар ёзиб, мунозалар олиб борганлар. Биров уларни диндан қайтганликда айблаб ўлимга ҳукм қилмаган. Билъакс, борликларида ҳам, ўлганларидан кейин ҳам уларнинг китоблари ўрганилган, тадқиқ этилган. Бироқ, қалбида Исломга нисбатан адовати бор айрим кимсалар мусулмон жамияти тарихидаги мазкур вазиятдан ўз мақсади йўлида фойдаланиб, уни Ислом билан фан олимлари ўртасидаги зиддиятга айлантириб, уларнинг ўрталарига тўсиқ қўйшга уринган. 


Ибн Сино ўзини кофирга чиқарган кишиларнинг сўзини инкор қилар экан, шу мазмунда форсий рубоий битади. Ундан Ибн Синога нисбат берилган айрим гаплар замона фитнаси, тушунмовчилик бўлганини англаш мумкин: 


کفر چو منی گزاف، آسان نبود
محکم تر از ایمان من ایمان نبود
در دهر چو من یکی و آن هم کافر
پس در همه دهر یک مسلمان نبود


Бу тўртликни устоз Эркин Воҳидов ажойиб шаклда ўзбек тилига таржима қилган: 
Менинг куфрим айбларга дилимдан ўзга султон йўқ,
Бу оламда менинг покиза имонимдек имон йўқ.
Жаҳон аҳли аро танҳо мусулмон мен эдим, эй воҳ,
Агар кофир эсам мен ҳам, бу дунёда мусулмон йўқ.


Тафаккур қилинса, ушбу сатрлар ҳам юқорида айтилган фикрларни яна бир бор қўллаб қувватлайди. Зотан, Ибн Сино ҳамиша масжидда намоз ўқиб, фақиҳлар либосида юриб, Қуръон хатм қилиб ўтган.


Инсон табиатига хос ҳолатлардан бири шуки, айб ишга одатланганида эътиборли кишиларни ҳам ўз гуруҳига қўшиш орқали ўзини бироз оқлашга уринади. Мана шу хоссадан келиб чиқиб, баъзи бир шаҳватпарастлар тасаввуф шоирларининг илоҳий ишқини ўзининг шаҳвоний ҳирсига, айрим ароқхўрлар мажозий майни маст қилувчи ичимликка йўйишга интилишади. Мусулмон мутафаккирларни диёнатсиз, диний эътиқодларга қарши қилишга бўлган ҳаракатларда ҳам айни шу инсоний омил яққол сезилади.


17. Тарихий ҳодисаларга бугунги шароит назари билан эмас, ўша давр кўзи билан боқиш лозим. Афсуски, кўпчилик буни унутиб қўяди ва умуман бошқа бир шароитда ўтган тарихий ҳодисаларга ўзи яшаб турган муҳит таъсирида муносабат билдиришга ўтади. Бу ҳолатда тарих борасида тўғри хулоса чиқариш имконсиз.


18. Ислом оламига Юнон, Форс, Ҳинд фалсафалари кириб келгач, улар хусусида кенг баҳс мунозаралар борган. Ўша пайтларда ҳақиқатан фикр эркинлиги, илмий баҳслар қизғин кечиши жуда ҳам юқори савияда бўлган. Ислом дини барча илмларга очиқ бўлиб, улар билан эркин баҳсга киришгани бор ҳақиқат. Тарихни ўргансангиз, шунга амин бўласизки, бир қатор бузуқ ақийда эгалари бошқа жойларни қўйинг, Каъбанинг ёнида ўтириб ўз фикрларини тарқата олган, асарларидан таълим берган, баҳслар олиб борган. Ақидавий фалсафий мунозаралар шунчалар кенг ёйилганки, ҳатто Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ таваллуд топган қишлоқнинг номи калом аҳлининг баҳс мунозарада «Мо турид?» ‒ «Нима демоқчисан?» деган гапидан келиб чиққан, деган қарашлар бор. Хуллас, мусулмон жамиятлар олдинда ҳақиқатан жуда ҳам фаол, уйғоқ ва жўшқин бўлган.
Бахтиёр у даврларда сўз фикр эркинлиги, эътиқод эркинлиги бугунгига нисбатан анча юқори бўлганини тўғри таъкидлаган. Бироқ, кейинроқ бу эркинликнинг топилмаслигини фақатгина сиёсий ёки диний ижтимоий босимга боғлаши хато бўлган. 


Аслини олганда имом Мотуридий, имом Ашъарий, имом Насафий, имом Ғаззолий каби калом илми уламолари ақлий илмлар асосида мантиқий қоидалар билан Ислом эътиқодини, фалсафасини тушунтириш орқали бошқа фикрий қарашларга барҳам берган. Бошқача қилиб айтганда, бошқа фалсафалар Ислом ақидаси қаршисида мағлуб бўлган. Энди уларни чўзиб юришга ҳожат қолмаган. Ўрганилди, баҳс қилинди, жавоби берилди, энди яна нега уларни кўтариб одамларни чалғитиш керак, нега хатолар такрорланавериши керак, деган хулосага келинган.


Илмлар тарихини ўрганган одам биладики, ҳар бир илмнинг келиб чиқиш, авж олиш ва тиниш даврлари бўлади. Фалсафий илмлар ҳам ана ўша босқичларни бошдан ўтказган. Буни тўғри фаҳмлаш даркор.


Ҳадис ёки фиқҳ илми борасида олдинда бўлган илмий ҳаракатлар кейин такрорланмаган. Нега? Илм бўғилгани учунми? Йўқ, масалалар ҳал, мақсад ҳосил бўлган, энди олдингидек уринишларга ҳожат қолмаган.


Қолаверса, олимлар тарафидан бефойда тортишувлардан кўра фойдали илмлар билан банд бўлиш чақириқлари янграб, одамлар фалсафий илмларга унча қизиқмай қўйган. Омма ўртасида бу мавзуларни олдингидек ҳақни истаб эмас, бошқа мақсадларда кўтариб чиқиш кузатилганда пешволар уларга қаршилик қилган. Шунда ҳам бу илмларнинг мутхассислар тарафидан ўрганилиши кейинги давларда ҳам давом этаверган. Ҳозирда ҳам бутун Ислом оламида мусулмон файласуфларнинг асарлари ўрганилади, тадқиқ қилинади. Бунга ҳеч қандай таъқиқ ёки эътироз йўқ. Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ақийда матнлари» номли асарини ўқисангиз, сўзимга мисоллар топасиз. Бироқ, айни пайтда бизда бу борада изланишлар жуда ҳам сустлиги бор ҳақиқатдир.
(Давоми бор)


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи пайғамбарлар борки, исмлари Қуръони каримда келмаган бўлса ҳам, ҳадиси шарифларда ёки набийлар қиссалари ёзилган мўътабар китобларда келган.Шундай давоми...

2468 15:10 / 23.03.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардаги ишларини тамом қилганларидан кейин Фадак сари юриш қилдилар. У ерда ҳам яҳудийлар яшашарди. Улар ўзларича давоми...

2007 16:30 / 21.08.2021
Ҳунайн ғазоти Маккаи мукаррама фатҳ қилингандан сўнг, ҳижрий саккизинчи йил шаввол ойининг ўнинчиси, чоршанба куни бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2651 18:30 / 10.03.2022
Яман аҳлидан бўлган ўн уч нафар мусулмонлардан ташкил топган Нужайб гуруҳи ўзлари билан Аллоҳ уларга фарз қилган молларининг садақаларини олиб Расулуллоҳ давоми...

5630 05:00 / 11.03.2017
Аудиолар

137655 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021