1447 йил 14 ражаб | 2026 йил 03 январь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Дунё ҳаётига ортиқча берилмаслик

19:00 / 30.09.2025 805 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ

«Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. Ниҳоят, тўсатдан Соат келиб қолганда, усти­ларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У(дунё)да йўл қўйган камчиликларимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», – дерлар. Огоҳ бўлинг! Улар орқалаган нарса жуда ҳам ёмон!» (Анъом сураси, 31-оят).

Аллоҳга рўбарў келиш қиёматда рўй беради. Қиёматни ёлғон деганлар, унга ишонмаганлар Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарган бўладилар. Бу эса бу дунёю у дунёда уларнинг ўзига катта зиён етказади.

«Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарганлар шубҳасиз, зиёнга учрадилар».

Оятнинг асосий мақсади охиратда етадиган зиённи васф қилишдир. Уларнинг ҳоли кишилар онгига кучли таъсир этадиган услубда, бадиий бўёқлар билан таъриф этилмоқда. Гўё гуноҳлар оғир бир жисм-у, гуноҳкор уни орқасида кўтариб юриши керак.

«Ниҳоят, тўсатдан Соат келиб қолганда, устиларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида...»

Қиёмат тўсатдан қоим бўлди. Унда бўлиши лозим бўлган ҳамма ҳодисалар юзага чиқди. Барча одамлар маҳшар майдонига тўпланмоқдалар. Ҳамма бу дунёда қилган амалига мувофиқ, турли ҳолатда. Қиёмат кунини ва Аллоҳга рўбарў келишни ёлғон деганлар гуноҳларини орқалаган ҳолларида келмоқдалар. Афтидан, улар бу ҳолга тушишларини кутмаганга ўхшайдилар. Бошларига тушган кўргилик боис у дунёда қилган амалларига афсус-надомат чекмоқдалар. Гуноҳларини орқалаган ҳолда жим кетмасдан:

«У(дунё)да йўл қўйган камчиликларимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», – деб сўзлаб бормоқдалар.

Улар бу даҳшатли Кунда орқалаб кетаётган нарса нима? Одатда жамоатлар тўпланадиган жойларга одамлар совға-саломлар, кўз ва дилни қувонтирадиган гўзал нарсалар олиб борар эдилар. Аммо бу осийлар фоний дунёда қилган гуноҳларини орқалаб кетмоқдалар:

«Огоҳ бўлинг! Улар орқалаган нарса жуда ҳам ёмон!»

Машҳур муфассирлардан Суддий бу ояти каримани қуйидагича тушунтирганлар:

«Ҳар бир золим қабрга кирганда, албатта, унинг олдига бадбашара, қора рангли, бадбўй ҳидли ва ифлос кийимли бир кимса келади. Қабрда икковлари ёлғиз қоладилар. Шунда золим:

– Бунча ҳам бадбашарасан? – деб сўрайди.

– Сенинг амалларинг ҳам бадбашара эди, – дейди бояги иркит одам.

– Бунча ҳам ҳидинг бадбўй? – дейди золим.

– Сенинг амалларинг ҳам шунга ўхшаш бадбўй эди, – дейди у.

– Кийимларинг бунча ифлос? – дейди золим.

– Сенинг амалларинг ҳам шунга ўхшаш ифлос эди, – дейди у.

– Сен кимсан? – деб сўрайди золим.

– Қилган амалингман, – деб жавоб беради у ва биргаликда қабрда қолади. Қиёмат куни золим қайта тирилтирилганда амали унга:

– Мен сени у дунёда лаззат ва шаҳватлар билан кўтариб юрган эдим. Энди бугун сен мени кўтарасан, – дейди ва ортига миниб олади. Сўнг уни дўзахга ҳайдаб олиб боради».

Ушбу оятдан ва унинг тафсирида айтилган ҳикматлардан «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади» деган шиор ила ялло қилиб юрган кофиру мушриклар огоҳ бўлишлари керак.

Қиёмат кунини, Аллоҳга рўбарў бўлишни инкор этиш ҳам асосан юқоридагига ўхшаш бемаъни шиорларга муккасидан кетишдан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас. Қиёматга ишонмаслик икки дунё учун ҳам кони зиён бўлганидан, Ислом динида унга иймон келтириш ақийданинг асосий рукни деб тайин этилган. Қиёматга иймони йўқ одам, агар бошқа барча зарурий ақийдаларни ўрнига қўйса ҳам, мўмин-мусулмон бўла олмайди.

Инсонларда қиёматга нисбатан иймон, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, мукофот ва жазога нисбатан ишонч туфайли ҳаёт, одоб-ахлоқ, яхшилик-ёмонлик ва бошқа ҳодисаларга муносабат шаклланади.

Қиёматга иймони йўқ кофирлар, ҳаёт фақат бу дунё ҳаётидан иборат, қайта тирилиш йўқ, деган тасаввур асосида яшайдилар. Улар эслари кириб, то қариб, ҳеч бир нарсага ярамай қолгунларича кечган арзимаган вақтни ҳаёт деб тушунадилар. Уларнинг тасаввури ердаги ҳаётга мустаҳкам ёпишиб қолган. Тасаввурларидаги беш кунлик ҳаётда кўпроқ маза қилиб олишга ҳаракат қиладилар. Улар тафаккур доиралари жуда ҳам тор кишилардир. Уларнинг ҳаёти ҳам ўша тасаввурларига мос – ниҳоятда тор. Умрлари вақт нуқтаи назаридан, бир кишининг ҳаётига тенг келади ёхуд келмайди. Макон жиҳатидан ўзлари яшаган жамиятдан ташқарига чиқа олмайдилар. Муомала жиҳатидан эса қисқа муддатда, тор маънода кўрганлари билан бўлади, холос. Шунинг учун ҳам ўз мақсадларига эришиш – маза қилиб қолиш учун барча қабиҳликни киприк қоқмай қилаверадилар. Қиёматга, у дунёга, қайта тирилишга, ҳисоб-китобга ишонмаганларидан кейин улардан бошқача тасаввурни кутиб ҳам бўлмайди.

Қиёмат кунига, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, мукофот ва жазога иймон келтирган мўмин-мусулмон тасаввурида эса ҳаёт тамоман бошқача бўлади. У ҳаётни фақат бу дунё ҳаёти деб эмас, балки ҳам бу дунё, ҳам у дунё ҳаётидан иборат деб тушунади. Унинг эътиқоди бўйича, ҳаёт беш кунлик эмас, бир кишининг умрига, бир қавмнинг умрига ёки бу дунёнинг муддатига тенг эмас, ушбу қисқа вақт билан чегараланиб қолмайди. Балки дунёвий ҳаёт муддати ухровий ҳаёт муддати олдида унинг назарида беш кунлик бўлиб қолади. У дунё ҳаётини замон чегаралай олмайди. Қиёматга, охиратга иймони борлиги учун унинг тафаккур уфқи доираси жуда кенг бўлади.

Мусулмон инсон тасаввурида ҳаёт макон жиҳатидан ҳам чексиздир.

Унинг ҳаёти фақат ер курраси доираси билан чегараланиб қолмайди. Балки бу коинотдан ўтиб, кенглиги осмонлару ерга тенг бўлган жаннатда ҳақиқий боқий ҳаёт кечиришига ишонади.

Мўмин инсоннинг ҳаётий муносабатлари ўз атрофидаги шахслар билангина чегараланиб қолмайди. У Аллоҳ таоло, фаришталар, барча ўтган мусулмон умматлар, келажак мўминлар ва жаннатдагилар билан алоқадор бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон киши ўз ҳаётини доимо яхшиликлар билан тўкис этишга ҳаракат қилади.

Исломда, бошқа ботил динлардаги каби, жаннат ҳаётини кўзлаб, бу дунёни азоб-уқубатда ўтказиш керак, деган тушунча ҳам йўқ. Балки у дунёда яхши ҳолатларга эришиш учун бу дунёни яхши ўтказиш мўминга шарт қилиб қўйилади. Қуръони Каримнинг аксар ояти карималарида «Бу дунёдаги насибангни унутма», – дейилади. Исломда бу дунё охиратнинг экинзорига ўхшатилиши бежиз эмас. Бу дунёдаги экинзорга ким эзгулик уруғини қадаса, яхшилаб парвариш қилса, у дунёда яхши ҳосил олади. Бинобарин, инсон бу дунёда фақат яхши амалларни қилмоғи, ер юзида иймон, Ислом, адолат ҳукм суриши учун зулм, истибдод ва ёмонликка қарши курашмоғи лозим. Ана шундагина охират ҳаётидан – жаннатдан умидвор бўлса бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: «Агар бирингизга қиёматнинг хабари келса, қўлида кўчат турган бўлса, уни экиб қўйсин», – деганлар. Исломда бу дунёнинг ободлигига шу даражада эътибор билан қаралади. Ислом руҳини тушунмайдиган баъзи бир шахслар ёки авлодлар тасаввурига қараб, бутун бошли илоҳий динга нисбатан ҳукм чиқаравермаслик керак. Шу билан бирга, инсон нафси бу дунёга доимо қизиқиб туриши эътиборидан Қуръони Карим мувозанатни сақлаш учун кўпроқ зуҳд ва тақвога чақириб, дунё ҳаётига ортиқча берилмасликка даъват этиб туради.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қиладиУшбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора давоми...

3976 08:06 / 10.11.2018
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп давоми...

5050 11:56 / 12.01.2019
Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта иззатлидир, ўта давоми...

3486 13:00 / 28.12.2020
Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади .Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган давоми...

3364 12:10 / 25.10.2018
Аудиолар

218940 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

138024 14:35 / 11.08.2021