1447 йил 20 жумадис сони | 2025 йил 11 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Дунёнинг ҳақиқатлари

16:00 / 28.04.2023 2637 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу дунё ҳеч қачон доимий иқомат маскани бўлмаган ва ҳеч бир кимсага вафо қилмаган. 
Одамлар охиратни унутдилар ва уни янада кучлироқ унуттирадиган қасрлар, кўшклар, саройлар қурдилар, азиз умрларини фақат мол-дунё тўплаш ортида югуриш билан ўтказиб юбордилар. Ўткинчи ҳою ҳаваслар, исроф ва дабдабали тўйлар учун минг машаққат билан пул йиғиб, лаҳзада совурдилар.  Натижада, ўзлари учун ҳам яшамадилар. Соғлик-саломатликларини ўйламадилар. Илм-маърифат ҳосил қилиш, маънавий оламларини бойитиш ҳақида бош қотирмадилар. Охири, умрларини сарф этган нарсаларидан ҳам лаззат ололмай, уларни бир лаҳзада ташлаб кетдилар. 


Дунё неъматларидан фақат охират учун фойдаланган инсон зафар қучади. Дунё қулайликларини илми, тақвоси кучайишига васила қилган ғалаба қилади. Дунёда гўё ўзга юртга вақтинча юмуш билан борган мусофирдек ўзни тутган инсон муваффақият қозонади. Дунёда Аллоҳ ўзига эҳсон қилган бойлик ва неъматлардан ўзгаларга эҳсон қилган ва нафсининг бахиллигини енгган инсон саодатга қовушади, тақво ва зуҳд сиррига етишади. Аллоҳнинг маърифати, махофати ва муҳаббатига ноил бўлади. 


Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки елкамдан ушладилар ва «дунёда гўё ғариб-мусофир ёхуд йўловчидек бўл», дедилар.


Ҳадиси шариф давомида ўқиймиз: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Қош қорайтирсанг тонгни кутма. Тонг оттирсанг шомни кутма. Соғлиғингдан хасталигинг учун, тириклигингдан ўлиминг учун олиб қўй», дер эди.
Имом Бухорий ривояти. 


Ушбу ҳадиси шариф ниҳоятда фойдали насиҳатни ўз ичига олган улуғ ҳадислардандир. Агар у ҳақда тафаккур қилсак, ўзимиз учун олам-олам маънолар эшигини очган бўлардик. 


Эътибор беринг, айтиладиган гап нечоғли муҳимлигидан, нақадар катта огоҳлантиришни ўз ичига олганлигидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг бир эмас икки елкаларидан ушлаб олдилар ва шу тариқа айтажак сўзларига диққат қилиши, жон қулоғи билан тинглаши лозимлигини уқтирдилар. Токи, бу сўзлар унинг бутун вужудига сироят қилсин, қон-қонига сингсин, сўнгра ҳаётини ўзгартирсин:
«(Эй Абдуллоҳ), дунёда гўё ғариб-мусофир ёхуд йўловчидек бўл!». 


Қисқа, аммо оламларга татигулик мавъиза. Дунёнинг ҳақиқатини, унинг асл моҳиятини очиб берувчи етук сўз. Ва айни чоғда, мўмин киши дунё билан қандай муомала қилиши тўғрилигини англатувчи сўз.


Майли, дунёдан фойдалан, неъматларидан баҳра ол, аммо бу ер сенинг асосий маконинг эмас, шуни бил. У охиратга қараб узанган йўл устида жойлашган муваққат тўхтаб ўтиш жойингдир. Шундай экан, асосий эътиборингни ҳақиқий уйингни обод қилишга қарат, охират сафарингдаги вақтинча бекат вазифасини ўтаётган дунё аталмиш бу жойда асл мақсадингни унутиб қўйма, унинг ялтир-юлтирларига маҳлиё бўлиб, замонингни ютқазма. Балки, бу ерда одамларга яхшиликлар қил, маҳзун кўнгилларга қувонч бағишла, маъюс чеҳраларга табассум расмини чиз. Аллоҳга тоатда бўл, ибодат қил, илм ол, қалбингни риё, ҳасад, кибр, ужб, бахиллик, ҳирс, очкўзлик каби иллатлардан тозала. Ва бу дунёни Жаннатга олиб борувчи улов қил. 


Бу дунёга қаттиқ боғланиб, узун орзулар қурма. Балки, лаҳзангни ғанимат бил. Агар кеч кирса, бунинг учун Аллоҳга ҳамд айт ва шу йўсинда тонг ҳам оттираман, ҳали узун яшайман, бас шундай экан, мазза қилиб ўйнаб-кулиб олай дема. Бордию соғлик-саломатликда тонг оттирсанг кечқурун ҳам худди шундай бўлади, дея ғурурга алданма.
«Соғлиғингдан хасталигинг учун, тириклигингдан ўлиминг учун олиб қўй!». 


Инсон ҳаёти бир маромда давом этмайди. Гоҳо соғлом, ғайратли бўлади, гоҳида хасталанади. Шундай экан, оқил киши соғлик кунларини келажакда ўзи учун фойда келтирадиган ишларга сарфлаб, ғанимат билади. Соғлигингдан хасталигинг учун олиб қўй, дегани шу. "Тирикликдан ўлим учун олиб қўйиш» ҳам шундай. Ҳаётлик давримизда вафотимиздан сўнг бизга фойда келтирадиган ишларни кўпайтириб, ўзимиздан аввал охиратга савобли ишларни юбориб туришимиз муҳимдир. 


Қабристон пештоқида шундай ёзув бор эди: «Молу дунёингни ўзинг билан бирга бу ерга олиб кела олмайсан... Лекин, уларни ўзингдан олдин юборишинг мумкин». 
Бу - эҳсон ва молиявий яхшиликнинг энг гўзал васфи эди.


Алишер Султонходжаев

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир қора аёл масжидни супуриб юрар эди. У вафот қилганида саҳобалар унинг вафотини унча катта бўлмаган бир давоми...

2567 15:00 / 24.09.2024
Қуръони Каримни тадаббур қилган киши бир нарсага ажабланмай қолмайди. Унинг сураларида инфоқ эҳсонга даъват такрортакрор келаверади. Бу ишлар мудом жаннат давоми...

1433 10:56 / 28 август
Қадимда бир бой киши кичик ўғлига умр бўйи эсдан чиқмайдиган дарс бермоқчи бўлди. Кечқурун ота ўн иккига кирган ўғлини ёнига чақириб .Эртадан бошлаб ишга бориб, давоми...

4297 11:00 / 10.03.2023
Сабр уч турли бўлади1. Аллоҳга қилинган тоатибодатдаги сабр.2. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилишдаги сабр.3. Аллоҳнинг азоб берувчи қазоиқадарларига қилинган давоми...

2188 18:00 / 30.03.2023