1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бир йилда 3 млн тонналик исроф

11:00 / 12.02.2023 32787 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларнинг қадрига етмаслик гуноҳдир. Бугунги кунда дунёнинг қашшоқ давлатлари аҳолиси очликдан силласи қуриб, соғлигини йўқотиб бораётган бир пайтда айрим давлатларда озиқ-овқат борасида исрофгарчиликка йўл қўйилиши жуда ачинарли.


БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилда дунё бўйича ишлаб чиқарилган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 31 фоиз (!) чиқиндига айланган. Ваҳоланки, йўқотилаётган бу озиқ-овқат маҳсулотларининг 25 фоизи муҳтожларга берилса, бутун дунёдаги очлик муаммосини тўлиқ ҳал қилишга эришса бўлади!


Ўзбекистонда ҳам маҳсулотларнинг чиқиндига чиқиш кўрсаткичи анча юқори. Мамлакатда йилига 3 миллион тонна истеъмол маҳсулотлари исроф қилинади. Биргина Тошкент шаҳрида ҳар куни 2 тоннага яқин нон маҳсулоти чиқиндига ташланади. Бу эса фақатгина пойтахтда йилига 730 тонна нон маҳсулоти чиқиндига айланишини англатади.


Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 4 миллион аҳоли кам таъминланган ҳисобланиб, даромадининг 67 фоизини озиқ-овқат маҳсулотларига сарфлайди.
Қанча қишлоқ хўжалик маҳсулотлари омбордан пештахтага келгунга қадар яроқлилик муддати қисқаради. Импорт маҳсулотлар ҳужжати тўғри бўлмаса, божхона омборларида қолиб кетади ва йўқ қилинади.


Супермаркетларда яроқлилик муддати тугаб сотилмай қолган маҳсулотлар шунчаки исроф бўлади, ҳатто чегирмалар ҳам бунга ёрдам бермайди. Дўконлар яроқлилик муддати оз қолган маҳсулотларни муҳтожларга тўғридан-тўғри бериб юборгандан кўра, йўқ қилишни афзал кўради – чунки солиқ тўламайди.


Кўриниб турибдики, бу ерда қандайдир тизимли муаммо бор, кимлардир озиқ-овқатга етиб бора олмаяпти, қаердадир эса исроф қилиняпти.
Муҳтожларнинг бу озиқ-овқатларга етиб бориши, уларни тўғри ва манзилли тақсимлаш тизими ҳали йўлга қўйилмаган. Дўконлар, супермаркетлар учун озиқ-овқат маҳсулотларини беғараз тақдим этишни рағбатлантириш тизими мавжуд эмас.


Бошқа давлатлар мисолида кўрадиган бўлсак, масалан, Германияда яроқлилик муддати оз қолган озиқ-овқат маҳсулотлари беғараз тақдим қилинганда, ноль ставкада ҚҚС ҳисобланади.
Қозоғистонда эса озиқ-овқатни беғараз тақдим этган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари бор.
Францияда савдо дўконлари сақлаш муддати тугаган, аммо истеъмолга яроқли, узоқ муддат сифатини сақлаб қоладиган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол учун хайрия фондларига беғараз тақдим этилиши шарт!


Бизда ҳам самарали «фудшеринг платформалари»ни ривожлантириш, озиқ-овқат банклари фаолиятини йўлга қўйиш вақти келди.
Аммо шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини олдини олиш, солиқ маъмурчилиги ҳамда маҳсулотларнинг яроқлилик муддатини белгилаш тизимини такомиллаштириш, хайрия фаолиятини ривожлантириш учун электрон платформаларни яратишга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.


Агар озиқ-овқат маҳсулотларидан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилса, исроф бўлмайди, озиқ-овқатга муҳтожлар камаярди, қанча касалликлар ва бошқа ижтимоий муаммоларнинг олди олинарди.
Шунингдек, исрофгарчиликка йўл қўйилмагани ҳисобига гуноҳ орттириб олмаган ва Аллоҳ таоло севмаган бандалар қаторида бўлишдан ўзимизни тортган, муҳтожларнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи қондирилгани ҳисобига ажр-савобларни ҳам қўлга киритган бўлар эдик.

Шаҳноза Соатова
«Ҳилол» журналининг 11 (44) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар розияллоҳу анҳу ҳажга бордилар. У киши ўшанда халифа эдилар. Ҳажда зоди роҳиласиз сафар тайёргарлигисиз келган бир қанча кишиларни кўриб қолдилар. Улар давоми...

2705 14:28 / 16.02.2024
Фарзанд отаонага вақтинчалик берилган илоҳий омонат бўлиб, унинг қалби отаонасидан кўрган барча яхши ва ёмон нарсаларни нусха кўчириб оладиган ва шунга кўра давоми...

1206 15:32 / 14.10.2025
Дунёдаги ҳар бир зулмкор, золим инсон қуйидаги тўрт босқични босиб ўтади Биринчи босқич Кечиктириш ва муҳлат бериш. .Ва уларга муҳлат бераман, албатта, Менинг давоми...

2937 09:00 / 21.06.2022
Молдунё келибкетадиган нарсадир. Бугунги бойлар бир кун келиб фақир бўлишади. Фақирлар эса бир куни бой бўлишади. Бугунги соғлом инсонлар бир кун бемор бўлишади. давоми...

942 10:25 / 03 февраль