1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Барча ризқ эшиклари Раззоқнинг қўлида

09:00 / 04.02.2023 3860 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Уйунул ҳикоёт» номли китобида келтиради:
«Бир саҳрода яшайдиган кишининг эшаги, ити ва хўрози бор эди. Хўроз эрталаб уларни намозга уйғотар, ит уларни қўриқлар, эшак эса юкларини ташир эди. 
Бир куни тулки келиб хўрозни еб қўйди. Ҳамма хафа бўлди. Хўжайин солиҳ инсон эди. Бунда бир яхшилик бўлса керак, деб қўйди. 


Бир қанча вақт ўтиб бўри келиб эшакни ўлдириб қўйди. Бунга ҳам ниҳоятда қаттиқ хафа бўлишди. Солиҳ киши бунда ҳам бир хайр бордир, деб қўйди.
Бироз вақт ўтиб ит ҳам ўлиб қолди. Хўжайин бунда ҳам бирор яхшилик бордир, деди.
Бир куни эрталаб туришса ўғрилар атрофдаги ҳамма қўшниларни ўлдириб, молини олиб буларга тегишмаганини кўришди. Ўғрилар ўлдирилган кишиларни итлари, эшаклари ёки бошқа ҳайвонларининг овозидан топиб келиб қатл қилишган ва молларини олиб кетишган эди. Хўжайиннинг Ěбунда бир яхшилик бордир» дегани тўғри чиқди!».


Биз инсонларнинг назаримиз чекланган, қарашларимиз чегаралидир. Мушкулотимиз шунда. Воқеани озгина қисмини кўра оламиз. Аммо Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўриб, билиб ҳикмати билан ҳукм қилади.


Бизга ёқмайдиган ишлар воқе бўлганида унинг ҳикматини биз билмаймиз. Аммо бироз вақтдан сўнг Аллоҳнинг ихтиёри бизнинг ихтиёримиздан биз учун фойдалироқ бўлганини кўрамиз.
Биздан ҳар-биримиз қачонлардир бир нарсага қаттиқ ёпишиб олганмиз. Ўша нарса бўлмаса ҳаётимиз жаҳаннамга айланадигандек гўё. Бироз вақтдан сўнг ундан маҳрум бўлишимиз биз учун яхшилик эканлиги аниқ бўлган!


Бир кишини кўрамиз. Саодатимиз унга боғлиқ деб ўйлаймиз. Гўё дунёда ундан бошқа одам йўқдек. Сўнгра Аллоҳ бизга ундан яхшироғини беради. Энди Аллоҳ бизни ундан маҳрум қилганига ҳамд айта бошлаймиз. Биз учун хайрлироғини насиб қилганига шукр қила бошлаймиз!


Қачонлардир бир мансабдан маҳрум бўлганмиз. Ризқимиз шунда деб ўйлаганмиз. Биз ожиз инсонмизда. Берк турганини билмасдан ризқимиз шу эшикда деб ўйлаймиз. Барча ризқ эшиклари Раззоқнинг қўлида эканлигини унутамиз. Бироз вақт ўтиб Раззоқнинг саховатидан хижолат бўлиб қоламиз!
Қанча-қанча эр-хотинлик алоқалари ажралиш билан тугаган. Сўнгра икки томон ҳам ўзига муносибини топган. Саодатга эга бўлишган!


Қанча-қанча кишилар умр йўлдошидан ажралиб қолган. Сўнгра Аллоҳ унга маҳзунлигини унуттирадиган ҳаёт йўлдошини ато қилган!
Абу Салама розияллоҳу анҳу вафот қилганида хотини Умму Салама розияллоҳу анҳо қаттиқ хафа бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шундай дейдилар:
«Эй Умму Салама! Аллоҳга дуо қил. Мусибатимда ажр бергин, ундан яхшироғи билан унинг ўрнини тўлдиргин!», дегин».


Умму Салама Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек дуо қилди. Аммо унинг қалб тубида «Абу Саламадан ҳам яхшироғи бормикин?», деган ўй яширин эди. Бироздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга совчи юбориб уйландилар!


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат Абу Саламадан, балки бутун инсониятдан афзал эдилар!
Аллоҳ берган эваз эс-ҳушни олади. Унинг атоси кўзлардан хурсандлик ёшини оқизади. Агар Унинг раҳматини фаҳмласак, Унинг олиши ато қилишидир. Маҳрум қилиши эса неъматга кўмишидир!
Бир ҳикоя бор:
Бир подшоҳнинг солиҳ вазири бор эди. Доимо уни ўзи билан бирга олиб юрар эди. Қачон подшоҳга ёқмайдиган бирор иш содир бўлса вазир: «Бунда яхшилик бор!», деб қўяр эди.


Бир куни подшоҳнинг бир бармоғи кесилди. Вазир одатига кўра: «Бунда бир яхшилик бор!», деди. Подшоҳ ғазабланди. «Бунда қанақа яхшилик бўлиши мумкин?!», деб вазирни зиндонга ташлашга амр қилди. Вазир эса яна одатига кўра: «Бунда ҳам бир яхшилик бор!», деб қўйди.
Бир неча кундан сўнг подшоҳ овга чиқди. Уни бутпарастлар тутиб олишди. Бутлари учун қурбонлик қилмоқчи бўлишди. Аммо бошлиқлари унинг кесилган бармоғини кўриб қолди ва: «Бу қурбонликка ярамайди!», деди. Уни қўйиб юборишди. Подшоҳ вазирининг гапини эслади. Уни зиндонга солганига пушаймон бўлди. Келиб уни озод қилди, узр сўраб кўнглини олди ва деди:
- Сен айтган гап тўғри чиқди. Агар бармоғим кесилмаганида улар мени бутлари учун қурбонлик қилишар эди. Бармоғимнинг кесилиши аслида яхшилик экан. Аммо сенинг зиндонга ташланишингда қандай яхшилик бўлиши мумкин?!
Вазир деди:
- Мен одатда доимо сиз билан бирга юрар эдим. Агар зиндонга ташламаганингизда улар мени қурбонлик қилишар эди. Яхшилик мана шу!


Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафснинг Аллоҳга етишувидаги кўтарилиш босқичлари1. Нафсул аммора mdash .Ёмонликка кўп ундовчи нафс,..Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп давоми...

4007 15:00 / 09.05.2022
Ниқоб маска тақиш қачондан бошланганҚадимда, ун сотувчилар ва нонвойлар бозорига ниқоб тақиб кириш шарт бўлган. Бу иш соғлиқни сақлаш мақсадида амалга оширилган давоми...

2691 18:00 / 15.03.2021
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

5099 11:03 / 21.03.2020
Аслида қурболик тирикларнинг амали бўлиб, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида амалга оширилади. Шундай бўлсада, маййит номидан қурбонлик қилишнинг бир неча давоми...

8575 09:00 / 18.07.2021