1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Седана ҳар дардга давоми?

16:00 / 23.01.2023 3253 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам седана ҳақида «У сомдан бошқа ҳар бир дардга шифодир», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Ибн Шиҳоб айтади: «Сом бу ўлимдир».
Араб тилида маъно қалбларга чуқурроқ етиб бориши учун умумни ифода қилувчи лафзлар кўп ишлатилади. Бу тилнинг хусусияти шундай. Қуръони Каримда ҳам бу каби ибораларга дуч келишингиз мумкин. Масалан, Аллоҳ таоло Од қавмини ҳалок қилиш учун юборилган шамолни: «Роббининг амри ила ҳар бир нарсани яксон қилур» (Аҳқоф сураси, 25-оят) дея васфлаган. Ҳолбуки, Од қавмига юборилган мазкур шамол ҳар бир нарсани вайрон қилмаган, ҳар бир инсонни ҳалок қилмаган. Балки вайрон бўлишга қобил бўлган нарсаларнигина вайрон қилган. Ҳалок қилиниши лозим бўлган кишиларнигина ҳалокатига сабаб бўлган. Ҳуд алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминларга зарар етмаган. Худди шунга ўхшаб, седана ҳақидаги «ҳар бир дардга шифо» деган сўзни шундай тушунмоқ лозим. У шифо бўла оладиган ҳар бир касалликка шифо. Мутлақ ҳар бир дардга эмас.
Ўзи умуман бу каби умумни ифода қилса ҳам мутлақ ҳар бир нарсани ўз ичига олмайдиган ибора ва услублар ҳар бир тилда мавжуд. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўзбек тилида ҳам бир одамга «Бирор нарсага эҳтиёжинг борми?» десангиз «Раҳмат, ҳамма нарса бор», деб жавоб бериши мумкин. Ҳолбуки, унда ҳамма нарса йўқ ва бўла олмайди ҳам. Бу ҳолатда зарурий бўлган ҳамма нарсаси борлиги тушунилади.
Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлар ва ояти карималардан ҳукм чиқариш ҳаммага эмас. Бугунги кунда седана ҳақидаги ҳадиси шарифнинг зоҳирига қаттиқ ёпишган ҳолда ҳар қандай касалга тавсия қилиш ҳолати кучайгандан-кучайиб кетди. Одамлар мутахассисга бормасдан фақат қора седанадан тайёрланган озуқавий қўшимчаларнинг ўзи билан даволаниб, натижада касаллари оғирлашиб ўлим билан тугаган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ўзим гувоҳи бўлган бир қанча ҳолатлар бор. Оиласидан айримлар COVIDга чалинганда докторга олиб бормасдан «Мана шуни ичсанг, яхши бўласан, ҳадис бор. Ҳамма дардга шифо дейилган», дея фақат седана ва асал бериб ўпка тамоман ишдан чиққунча уйда сақлаб ўтиришган. Охири мусибат билан якун топган. Бошқа бир танишимнинг жигарида хасталик бор эди. Гепатит С билан оғриган эди. Докторларга бормасдан фақат қора седана билан кифояланди. Натижада жигар циррозидан вафот этди. Аллоҳ раҳмат айласин. 
Айтмоқчи бўлганимиз, седананинг албатта, фойдалари бисёр. Аммо бу ҳар бир дардда фақат седана ичса тузалиши кафолатланган дегани эмас. Умумий тавсия қилувчи, иммунитетни ошириш воситаси сифатида меъёрда истеъмол қилиб юриш фойдали. Бироқ юраги касал киши кардиологга бориш керак. Жигар касал бўлса, гепатолог ёки гасроэнтерологга, ўпкада ўзгариш бўлса, пульмонологга бориш керак ва ҳоказо. Балки ҳолатингиз ўта хатарлидир? Тезда чора кўрмаса, жарроҳлик амалиёти ўтказилмаса, ҳаётингиз хавф остида қолар? Текширтириш керак. Касалликни ташхислаш ва ҳолатни ўрганиш керак.
Биз ҳозир мутавотир бўлмаган бир хабар, яъни оҳод ҳадислар сирасидан бўлган бир ҳадиси шариф ҳақида сўз юритмоқдамиз. Ваҳоланки, мутавотир бўлган Қуръони Карим оятларидан ҳам тўғридан-тўғри ҳукм олиш, зоҳирига қаттиқ ёпишиб олиш тўғри бўлмайди. Асал ҳақида Қуръони Каримда: «Унда одамлар учун шифо бордир» (Наҳл сураси, 69-оят) дейилган. Шундай бўлса-да, асал ҳам ҳар бир инсонга фойда қилмаслиги, аксинча, зарар бериши мумкин. Бу эса у ёки бу инсоннинг мизожи ва хасталигининг турига қараб аниқланади. 
Хаттобий юқоридаги ҳадис шарифда келган «ҳар бир дардга шифодир» деган иборани шарҳлар экан бундай дейди: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «ҳар бир дардга» деган сўзлари хос маъно ирода қилинувчи ом (умумий) сўзлар сирасига киради. Зеро, набототлардан бирортасининг табиатида дардларни уларнинг муқобили билан даволашда турли мизожга мувофиқ келувчи барча нарсаларни қамраб оладиган хусусият йўқ. Ҳадисдан мурод «рутубатдан ҳосил бўлувчи ҳар бир дардга шифо» эканидир».
Демак, шифобахш набототлар касаллик тури ва беморнинг мизожига қараб у ёки бу дардга даво бўлади. Бирор бир ўсимлик барча касаллик турига муқобил келувчи шифони ўзида жам қилолмайди. Иссиқлик туфайли юзага келган дардга иссиқлик берилмайди. Совуқлик туфайли пайдо бўлган дардга совуқлик ичирилмайди. Беморлик нима сабабдан пайдо бўлган бўлса унинг зидди билан даволанади. Масалан, гемоглобин миқдори нормадан тушиб кетган кишига ҳижома қилинмайди. Иссиқлик туфайли қон босими ошиб кетган хастага қази-қарта, новвот чой ёки қаҳва берилмайди. Ваҳоланки, бу нарсалар ўзининг зидди туфайли юзага келган касалликларда шифо бўлади.
Шундай экан, умумий ҳолатда қора седана ва унинг ёғидан тайёрланган озуқавий қўшимчалардан истеъмол қилиш фойдали. Бироқ соғлиғингизда ўзгариш сезсангиз фақат мазкур дармондорилар билан кифояланмасдан мутахассис шифокор билан маслаҳатлашинг. Танангизда кечаётган жараён нимадан иборат эканини аниқланг ва шифокор кўрсатмаси бўйича иш тутинг. Чунки у ўз соҳасининг мутахассиси. Айрим замондош муфассир уламоларимиз Аллоҳ таолонинг «Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг» (Наҳл сураси, 43-оят) ояти каримасидаги «зикр аҳли»ни «ҳар бир соҳанинг билимдонлари», дея изоҳлашган. Шунга кўра, ояти кариманинг мазмуни гўёки, «агар билмасангиз биладиганлардан сўранг» дегани бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, седана ҳақидаги ҳадиси шарифда келган «ҳар бир дардга шифо» деган сўзнинг маъноси борасида уламолар икки хил фикр билдиришган. Бир тоифа унинг зоҳирини ушлаган ҳолда мутлақ тушуниб, «Ҳақиқий маънода шундай. У ҳар бир дардга шифо», деган бўлишса, бошқа бир тоифа «Мазкур ибора гарчи лафзан умумни ифода қилса-да, мазмунан хусусни тақозо қилади», дея седана ўзи шифо бўладиган ҳар бир дардга шифо дея маъно беришган.
Агар бу икки йўлнинг ўртасини олиб, «Седана барча дардга бўлмаса-да аксар дардга шифо» деб ҳисобласак ҳам дуруст бўлади. 
Машҳур моликий олим ва фақиҳлардан қози Абу Бакр ибнул Арабий бундай дейди: 
«Асал табиблар наздида «ҳар бир дардга даво» бўлишга седанадан кўра яқинроқдир. Бироқ, шундай бўлса-да, баъзи хасталиклар борки, унинг соҳиби асал ичадиган бўлса, зарарланиб қолади. Агарки, Аллоҳ таолонинг асал ҳақида айтган «унда одамларга шифо бор» деган сўзидан мурод аксар касалликларга шифо эканлиги бўлса (ҳолбуки шундай), қора дона (ҳақида айтилган сўз)ни ҳам шу маънога йўйиш (яъни ҳар бир касалликка эмас, балки аксар касалликларга шифо деб тушуниш) тўғридир».

Алишер Султонхўжаев
«Ҳилол» журналининг 10(43) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тошкентнинг Эски шаҳарида ndash Ҳазрати Имом Ҳастимом мажмуаси ҳудудида Ислом цивилизацияси маркази барпо этилаётганидан кўпчилик юртдошларимиз хабардор. .Мазкур давоми...

955 11:59 / 29 сентябрь
Инсонлар ҳайрон қолишди... Қандай қилиб мажусий Абу Луълуъа мўъминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни Масжиди Набавийда, бомдод намозини ўқиётганида қатл давоми...

2536 16:14 / 12 август
.Олимлар фалон сайёрада сув борлигини аниқладилар,, деган гапларни эшитиб қоламиз. Гўё сув бор дейиш орқали яшаса бўлади демоқчи бўлишади шекилли. Биз бу сайёрада давоми...

2021 09:14 / 23 февраль
Натан Аусубел ўзининг .Оммабоп қиссалар, номли китобида келтиради .Мушук билан ит бир бўлак пишлоқ борасида тортишиб қолишди. Уларнинг ҳар бири пишлоққа ўзини давоми...

1334 14:00 / 17.08.2022