1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Доктор Тоҳо Ҳубайший – аллома, мутасаввиф, дин ҳимоячиси

14:00 / 27.07.2022 2073 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)
 

«Доктор Тоҳо Ҳубайший сўзласа атроф файзга тўларди. Гапирмай қўйса, одамлар безовта бўларди. У мадад қилинган зотлардан, илоҳий ато аҳлларидан, вақтига барака берилган ҳол эгаларидан эди. Ўзидан кейин етук кишиларни, хайрли амалларни, ибратли сўзларни мерос қолдирди».

Доктор Иброҳим Ҳудҳуд

Ал-азҳар университети собиқ раиси,

Тафсир қисми катта устози

 

 

Тўлиқ исмлари Тоҳо ибн Дасуқий ибн Маҳдий ибн Бадавий ибн Ҳубайший ибн Омир ал-Ашбулий ибн Абдуллоҳ ал-Ашабулий ибн Муҳаммад Закий ибн Марвон ал-Ҳусайний ал-Мағрибий ибн Абдурозиқ ибн Аҳмад ибн Шарафуддин ибн Носируддин ибн Омир ибн Яҳё ибн Маръий ибн Иброҳим ибн Ҳозим ибн Юнус ибн Аҳмад Марвон ибн Абдурозиқ ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Исо ибн Мусо ибн Жаъфар ибн Иброҳим ал-Муртазо ибн Мусо ибн ал-Козим ибн Жаъфар ас-Содиқ ибн Муҳаммад ал-Боқир ибн Али ибн Зайнулобидин ибн ал-Имом ал-Ҳусайн ибн ал-Имом Али ибн Абу Толиб ва саййида Фотима аз-Заҳро бинти саййидина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Аслида Доктор Тоҳо Ҳубайший яшаган жойда чақалоқларга барака, узоқ умр, гўзал хулқни ифода қиладиган ва чақалоқнинг ўзи билан боғлиқ бирор исмни қўйиш урф бўлган. Лекин унинг исмини отаси пайғамбарларнинг сўнгиси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Каримда келган гўзал исмлари билан аташни муносиб кўрди.

Доктор Тоҳо Ҳубайшийга насаблари Ҳусайн розияллоҳу анҳуга бориб етгани учун «ал-Ҳусайний», Азҳари шарифда таълим олиб, у ерда дарс бергани учун «ал-Азҳарий» нисбати берилади.

У зотнинг она шаҳри Миср шимолидаги Димётдир. Димёт қадимий шаҳарлардан бўлиб, номи Тавротда «Кафтур» номи билан зикр қилинган. Ҳозирги номи Қадимги фиръавнлар даврига оид бўлиб, «Тамҳийт», яъни «Шимолдаги шаҳар» деган маънони билдиради. Қибтийлар эса «Тамиёт» деб атаган шу ном ҳозирги Димётга яқиндир.

Доктор Тоҳо ҳижрий 1363 йили сафар ойининг ўн иккинчисида, милодий 1944-йили 7 февраль душанба куни дунёга келган. У зот фарзандларнинг саккизинчиси эди. Отаси жуда меҳнаткаш, покдомон киши бўлиб, деҳқончилик билан шуғулланган. Ота-онаси фарзандларининг таваллуди қувончини нишонлаб улгурмай Иккинчи Жаҳон Уруши қайғу, ғам-ташвишлари уларнинг қишлоқларига ҳам сизиб кирди. Уруш таъсирида ҳаёт машаққатлари янада ортди.

Беморлиги

Доктор Тоҳо Ҳубайший соғлом ҳолда дунёга келган. У зотнинг истараси иссиқ айниқса, кўзлари жуда ҳам чиройли бўлиб, кўрган киши ҳавас қиларди.

Кунларнинг бирида болалик чоғида кўчада ўйнаб юрган пайти қўшни аёл бу жажжигина, чиройли болани кўриб, ўта ҳайрат ва ҳасад билан боқади.  Аёл уни кўргач, Аллоҳнинг гўзал санъати учун зикр қилиб, салавот айтиш ўрнига, бадназар билан тикилиб «Бу болакайнинг кўзлари намунча чиройли, ўзига тортади-я» деб ўзининг кўкрагига уради. Тўсатдан шу заҳотиёқ ёшгина Тоҳонинг кўзлари ёши қон аралаш оқиб тушади ва ҳеч нарсани кўрмай қолади. (Аслида мусулмон киши ҳайратланарли бир нарсага кўзи тушса, Аллоҳни зикр қилиб, ما شاء الله «МашаАллоҳ», яъни «Аллоҳ хоҳлаганидек», «Аллоҳнинг иродаси билан» дейиш ва салавот айтиш керак.)

Ушбу воқеадан кейин онаизор дилбандининг ҳолатидан жуда ҳам тушкун ҳолатга тушади ва дарров отасининг амакиси шайх Али ал-Ғолийга Қуръон ўқитиб, кўз тегишига қарши руқия қилдиради. Лекин боланинг дардига шифо бўлмайди. Соддадил она нима қилишини билмай болаларни хатна қилувчи устага бориб, ундан нимадир чора кўришини фарзандлари дардига муолажа қилишини сўрайди. У шифокорга жўнатиш ўрнига, қўлидан келмасада, ўзича даволашга уруниб кўради. Унинг муолажаси мутлақо натижа бермайди.

Вақт ўтган сари боланинг куни тунга айланиб, бутунлай кўз нуридан айрилади. Онасига марказда бир шифокор ўз ишининг устаси экани, у одамларни китоб ўқигандек, касаллигини топиб муолажа қила олишини айтадилар. У эртаси куни пиёда иссиқда боласини қуёш тиғидан пана қилиб, бағрига босиб марказ шифохонасига шошилади. Машаққатлар билан етиб борса, унга эътиборсизлик билан қараб, яна фарзандининг бу ҳолга тушгани учун дакки ҳам беришади. Улардан нажот истаб келган онаизор шифо учун сўнги манзили шу ер экани, бошқа яна қандай чора кўра олиши мумкинлиги ҳақида сўрайди. Марказ шифокори шаҳардан узоқроқда соҳил бўйида янги Порт Саид шаҳрида кўз шифокорлари мутахассиси борлигини айтади. Она олдида яна машаққатлар кутиб тургани, лекин фарзандининг кўз нурини қайтариш йўлида ортга юролмаслигини ҳис қиларди. Ота эса оила учун эрта тонгдан тунгача иш билан машғул эди. Унинг шифохоналарга боришга мутлақо иложи йўқ эди. Мушфиқ она болани кўтариб, ўзи билмаган, ҳеч кимни танимайдиган шаҳар, Порт Саидга қийинчиликлар билан етиб бориб, бир кўз шифокорини топади. У болани синчиклаб текшириб кўриб, онага вазият жиддийлиги, маълум амалиётларни қўллаш зарурлигини тиббиёт тили билан узоқ тушунтиради. Она шифокорни эшитиб, «Мен сиз айтганларни яхши тушунмайман. Лекин иш аввало Аллоҳнинг қўлида, сўнгра Унинг изни ила сизни қўлингизда, сиз имкон борича сабабларни қилинг. Биз ортингизда, «Я Робб» дея дуо қилиб турамиз» дейди. Табиб икки босқичда тиббий амалиёт ўтказиш лозимлигини, натижа эса фақат Аллоҳдан эканини таъкидлайди. Она рози бўлгач, икки бора ёш Тоҳо Ҳубайшийнинг кўзларида муолажа амалиёти ўтказилди. Натижада, Тоҳо Ҳубайшийнинг кўзлари ҳаракатни зўрға илғай оладиган даражада яхшиланди. Шифокор онага бу энг охирги натижа экани ва ортиқ ўзларини уринтирмасликлари лозимлигини таъкидлади. Онаси маҳзун ҳолда, қийинчиликлардан толган ҳолда болани кўтарганча яна қишлоққа қайтиб келди.

Орадан кўп ўтмай онаси оламдан ўтди. Энди ёш Тоҳо Ҳубайшийнинг эҳтиёжларига ёрдамлашиш масъулияти опалари ва акаларига ўтди.

1947 йили қишлоқда оммавий вабо тарқалиб, кўпчиликнинг ёстиғи қуриди. Мусибатлар Доктор Тоҳо Ҳубайший хонадонини ҳам четлаб ўтмади. Унинг отаси оламдан ўтди. Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг болалиги жуда қийинчилик билан ўтди. Айниқса, ота-онасининг эрта вафот этиши уни оғир ҳаёт синовларига рўпара қилди. Уни парваришлашда ака-сингиллари, кейинчалик турмуш ўртоғи, шогирдлари кўп хизмат қилдилар.

Илм йўллари

 Доктор Тоҳо Ҳубайший олти ёшида қишлоқдаги бошланғич мактабга қатнаб Қуръони Каримни ёд олди. Сўнгра Димётдаги ал-Азҳар бўлими мадрасасига қабул қилиниб, тўрт йиллик эъдодия босқичини, ундан кейин беш йиллик санавия босқичини тугатди. У пайтда ал-Азҳарда санавия босқичи ҳозиргидек уч йил эмас, беш йиллик бўлган. У ерда таҳсилни тугатиб, тафсир илмини чуқур ўрганишни мақсад қилиб, Қоҳирага келиб ал-Азҳар университети Усулуд дин факультети тафсир йўналишига ҳужжатларни топширади. Лекин имтиҳон пайтида келса, бу йўналишда унинг исми чиқмайди. Масъуллар Ақида ва фалсафа йўналишидаги талабалар билан имтиҳонга кириши лозимлигини айтишади. У киши қайтиб кетиб яна бошидан ҳужжатларни тайёрлаб ўзи танлаган тафсир йўналишига топширади. Шу ҳолат тўрт беш марта такрорланади. Охири бу Аллоҳнинг иродаси экани, уни Ақида ва фалсафа йўналишига танлаганини сезиб, Яратганнинг тақдирига таслим бўлади.

1970-1971 йилларда Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети Усулуд дин факультетига кириб, Ақида ва фалсафа йўналиши бўйича олий маълумотли дипломни олди. Ушбу факультетда яна ўқишни давом эттириб, 1972-1973 йиллари магистрлик босқичини тамомлади. Таълим олиш жараёнида барча босқичларда тиришқоқлик билан ўқиб, энг пешқадам талабалардан бўлди ва устозлари назарини топди. Ақида ва фалсафа йўналишида 1978-йили илк уринишидаёқ докторликни муваффақиятли йўқлади. Доктор Тоҳо Ҳубайший 1983 йили университетда ақида ва фалсафа бўйича «Ёрдамчи устоз» даражасини олди. 1988 йили эса «Устоз» даражасини қўлга киритди. Аслида иш фаолиятни ўқиш билан бир қаторда 1971 йилдаёқ асистент (ёрдамчи ўқитувчи) вазифасидан бошлаган.

Доктор Тоҳо Ҳубайший илмий фаолиятлари давомида икки йил Саудия Арабистонида ва Жазоирдаги Амир Абдулқодир университетида талабаларга дарс берган. Ҳамда Мисрдаги кўплаб университетларда илмий мажлисларда хусусан, Судан, Қувайт, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатларда халқаро илмий анжуманларда қатнашган. Шунингдек, у зот бир неча илмий ташкилотларда масъул бўлган, жумладан:

1. Пайғамбарзодалар қўмитаси[1] мудири

2. Ислом Олий мажлиси аъзоси,

3. Азҳари шариф катта уламолари ҳайъати аъзоси,

4. Азҳари шариф Ақида ва фалсафа бўлими раиси,

5. Профессор-устозлар малакасини ошириш қўмитаси раиси.

Доктор Тоҳо Ҳубайший дарс бериш, масъул вазифалар ва илмий сафарлар билан бир қаторда ақоид, ҳадис, фиқҳ, тасаввуф, тарих, фалсафа ва бошқа турли фанларга оид жами 134 мужалладли 91 та китоб ёзган. Бу китоблардан 88 таси турли нашриётларда чоп этилган. Доктор Тоҳо Ҳубайший китобларнинг аксариятини ўз ҳисобидан нашр қилдириб, турли илм даргоҳларида устозлар, талабалар, илм ихлосмандлари ва яқинларига беминнат тарқатар эди.

Ёзган китобларидан:

1. «Саййидуна Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам»

2. «Ақидатуна ва силатуна ва бил кавни вал ҳаяти»

3. «Ал-асмаул ҳусна»

4. «Ас-суннату вал бидъа»

5. «Ал-иътибару би бақоил жаннати ван нар»

6. «Қоваидут тасаввуф»

7. «Ал-ҳақоиқул жалийя фир родди аъла ибн Таймия»

8. «Риҳлатий ила Узбакистан»

9. «Ал-маръату ва ҳаққул мийрос»

10.              «Сияҳату фи санавати ҳаятий» ва бошқаларни келтириш мумкин.

Доктор Тоҳо Ҳубайший ҳар бир ёзган китобларининг ўзига яраша юзага келиш сабаблари ва тарихи бор. Бунга бир мисол, 1995 йили Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дин душманлари томонидан туҳмат ёғдирилишидан бироз аввал тушида Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳни кўради. Бир тепаликда Имом Бухорийга итлар ташланиб ҳужум қилар, у зот эса тош билан уларни ҳайдаётган эди. Тоҳо Ҳубайший Имом Бухорийга яқинлашганда: «Эй Тоҳо, менга ёрдамлашгин, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бирга ҳимоя қиламиз» дейдилар. Орадан кўп ўтмай суннат ва ҳадисга нисбатан бўҳтонлар кучаяди. Шунда туши таъвилини суннатни ҳимоя қилиш учун ўзига юклатилган вазифа деб билиб, «Ас-суннату фий мувожаҳати аъдаина», яъни Суннат душманларимиз қаршисида номли 290 бетли китоб ёзди. Мазкур китоб Қоҳирадаги нашриётларда турли номлар билан беш марта қайта нашр қилинган. Доктор Тоҳо Ҳубайший ҳар сафар янги нашрларга қўшимчалар киритади. Сўнгиси 413 бетли ҳолда чоп этилди. Бу китоб Аллоҳ таолонинг қабули сабаб, нашриётдан чиқиши биланоқ тезда тугаб кетади.

(Давоми бор)

 

Доктор Тоҳо Ҳубайший раҳматуллоҳи алайҳнинг «Сияҳатун фи санавати ҳаятий байнал амали вал алам» номли китоби асосида
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

 



[1] Бу қўмита тарихи Мисрдаги мамлуклар ҳукмронлиги даврига бориб тақалади. Унга Усмонийлар даврида янада кенгроқ имтиёзлар берилди. Қўмитанинг асосий вазифаси Миср ва бутун дунёдаги Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг насабларини чуқур ўрганиш, уни сақлаш, у зотнинг авлодлари билан ўзаро танишиш, турли илмий анжуманларни ўтказишдан иборат.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёратrdquo рукнидаги туркум суҳбатларини навбатдаги сонида устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қайноталари Шайх Исмоил махдум давоми...

9401 19:05 / 15.11.2017
Имом Абу Довуднинг исми Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ Аздий Сижистонийдир. Бу зот ҳадис илмининг ҳофизларидан, Сунанrdquoнинг соҳибидир. Сижистон Хуросоннинг давоми...

6813 22:17 / 27.04.2017
Агар ҳақ сўзни айтолмасанг, ботилга қарсак чалма Агар сенга ҳасад қилувчини тополмасанг, билки, сен муваффақиятсиз инсон экансан. Аллоҳга, бирор нарса бериши учун давоми...

3500 18:30 / 27.05.2021
Аввалроқ шайх Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳақларида мақолалар чиқарган эдик. Орада бир муддат узилиш бўлиб қолди. Ўзимиздаги маълумотларни тартиблаб яна давом давоми...

3800 11:04 / 17 сентябрь
Аудиолар

137657 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021