1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Одамларни афв этиш ва уларни кечириб юбориш

14:00 / 28.06.2022 2240 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анасдан ривоят қилинади:

«Бир яҳудий аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўштини олиб келди. Ул зот ўшандан едилар. Ҳалиги аёл тутиб келтирилди.

«Уни ўлдирайликми?» деб сўрашди.

«Йўқ!» дедилар.

Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даҳанларидан билиб турар эдим».

Ўша заҳарланишнинг асорати кейинчалик ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларида қолган. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу ҳар сафар ўша асоратни кўрганларида, мазкур воқеа эсларига тушишини айтганлар.

Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалар кечиримли зот эканларини кўрсатади. Жонларига қасд қилиб, заҳарланган гўшт берган аёлни, бу заҳарнинг асорати, таъсири бутун умрга юзларида қолган бўлса-да, афв қилганлар, кечирганлар.

Бу ҳодиса Ҳайбар урушида бўлган. Яҳудийлар Ҳайбар деган жойга тўпланиб олиб, у ерни Исломга, мусулмонларга қарши катта бир марказга айлантириб олишган эди. Яҳудийлар бошлиқ кофирлар, мунофиқлар, мушриклар ўша ерга йиғилиб, мусулмонларни йўқ қилиш, уларга зарар етказишни маслаҳат қилишар, турли фитна, фасодларини ўша жойда режалаштиришарди.

Ана шу сабаблар туфайли, шунингдек, уларнинг ҳужумга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарлар оқибатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у жойга саҳобалар билан бориб, уларга қарши уруш қилишга мажбур бўлганлар.

Ана шунда Салом ибн Микшам исмли одамнинг хотини Зайнаб бинти Ҳорис деган яҳудий аёл жуда катта фитна қилган. Одамлардан «Муҳаммад қўйнинг қайси жойини яхши кўради?» деб сўраб, қўлини яхши кўришларини билиб олиб, ўша жойига заҳар солиб, олиб келган.

Ўша жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалардан бир киши ҳам бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир-икки чайнаганларида, унга заҳар солинганини Жаброил алайҳиссалом келиб айтганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу гўштни ким келтирди? Жаброил алайҳиссалом менга уни заҳарланган, деяптилар», деганлар. Унгача ёнларида ўтирган саҳобий оғзидаги гўштни ютиб юборган экан, дарҳол жон таслим қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ зарарланган бўлсалар-да, Аллоҳ таоло сақлаб қолиб, тирик қолганлар. Ана шундай ҳолатда ҳам бояги аёлни ўлдирайлик, дейишганда рад қилганлар.

Бўлмаса, ёнларидаги саҳобийни ўлдиргани учун, ўзлари зарарланганлари учун ҳам қасос ҳақлари бор эди. Бироқ афв қилганлар, бағрикенглик билан кечириб юборганлар

Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг минбарда туриб шундай деганини эшитдим:

«Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир!»

Аллоҳга қасамки, буларга амр қилингани фақатгина одамларнинг хулқига нисбатан кечиримли бўлиш ҳақидадир.

Аллоҳга қасамки, агар мен одамлар билан бирга юрсам, уларнинг хулқига нисбатан кечиримли бўламан».

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу машҳур саҳобалардан бўлиб, ҳазрати Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳамда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо розияллоҳу анҳонинг ўғиллари, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жиянлари бўладилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб келган муҳожирларнинг биринчи туғилган фарзанди бўлганлар.

Ҳижрат, янги жойларга ўрнашиш, муҳожир оилаларда эр-хотинларнинг бир-бирларидан узоқлиги каби бир қанча сабаблар бўлиб, муҳожирлар ўртасида бир муддат бола туғилмай қолган. Ўша пайтда яҳудийлар «Биз муҳожирларни сеҳрлаб қўйдик, энди улар туғмайди», деб гап тарқатишган.

Ана шу пайтда биринчи бўлиб Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу туғилганлар. У кишининг оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнсингиллари бўлган. Шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доим хабар олиб турар, «Асмонинг уйига қаранглар, чироқ ўчмаяпти, бир гап бормикин, тўлғоқ тутмадимикин», деб доим тайинлаб турардилар.

Чақалоқ туғилгач, уни бир матога ўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб югуриб келишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шодлик билан уни бағирларига босиб, танглайини ширинлик билан кўтариб, унинг ҳаққига дуолар қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак дуоларини олган улуғ киши эдилар.

У киши Язид ибн Муовия даврида Маккаи Мукарраманинг ҳамма тарафига ўзлари халифа бўлганлар.

Шу киши минбардан туриб, Аъроф сурасидаги ушбу ояти каримани ўқиган эканлар:

«Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир».

Сўнг уни ўзлари шарҳ қилиб:

Аллоҳга қасамки, буюрилган нарса одамларнинг хулқига нисбатан кечиримли бўлишдир.

Аллоҳга қасамки, агар одамлар билан бирга юрсам, мана шуни қиламан, яъни афвли, кечиримли бўламан, деган маънода гапирганлар.

Ушбу ҳадисдан афв қилиш, кечиримли бўлиш ҳар бир мусулмон одамга зарурлиги, кези келганда кечиримли бўлиш лозимлигини билиб олдик.

Шуни ҳам айтиш керакки, қасос, ўч олишга, жазолашга қудрати етиб турган ҳолатда ҳаққи бор бўла туриб, кечириб юбориш ҳақиқий кечиримлилик бўлади.

Аксинча, қасос олишга, жазолашга уриниб, ҳаракат қилиб, бироқ эплай олмагандан кейин, ноиложликдан «Кечирдим», дейиш ояти каримадаги афвни олишга кирмайди. Қудрати етиб, қўлидан келиб турганда кечиришгина ҳақиқий кечиримлилик бўлади.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўргатинглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар. Бирортангиз ғазабланса, жим бўлсин», дедилар».

Шарҳ: Бу сўзлар бошқа ҳадисларда ҳам кўп марталаб келган. Булар жуда эътиборли нарсалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирингизга илм ўргатинглар, билган билмаганга ўргатсин», деганлар. Бир илмни устоздан чуқур, пухта ўрганиб олган одам энди уни билмаган одамга ўргатиши керак. Илм ана шундай қилиб тарқалади. Бошқа йўл билан тарқалмайди.

Ҳозирги кунда ном чиқараман деганлар қийинлаштириш билан ном чиқаради. Нимани сўрасангиз, «бу бўлмайди», «бу куфр», «бу ширк», «бу ҳаром», дейишга тушади. Ваҳоланки, ҳар бир масалада шариат рухсат берган енгиллик, осонлик томонларини олиш керак.

Аллоҳ таоло икки ишдан бирини танлаш ихтиёрини берганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим енгилини олганлар.

Баъзиларга: «Бу нарсага шариат рухсат берган», десангиз ҳам «йўқ» дейишади. Масалан, рўзани олайлик. Ҳамма ҳадисларда «Ифтор вақти бўлган заҳоти, дарров оғиз очилади», дейилган. Аммо баъзи кишилар саккиз-ўн дақиқа ёки ундан ҳам кўпроқ вақт оғизларини очмай, кутиб ўтиришади. Сабабини сўрасангиз, «Яна бироз ўтсин», дейишади. Бу билан ўзини кўрсатмоқчи бўлишади. Бироқ бу жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Осон тарафи борми, бор. Шариат рухсат берганми, берган. Ана шу томонини олиш керак.

Аслида, ғазаб кўпинча гап талашишдан бошланади. Секин-секин тортишиб бориб, одам ғазабланиб кетади. Ана шунда жим бўлиш, гапдан қолиш керак, шунда ғазаби тушади.

Бошқа ҳадисларда ҳам: «Ғазаби чиқиб турган одам тик турган бўлса, ўтирсин, ўтирган бўлса, ёнбошласин, жуда бўлмаса, таҳорат қилиб келиб, икки ракъат намоз ўқисин», дейилган.

Демак, ҳадиси шарифларда ғазабни босишнинг чоралари ҳам кўрсатиб берилган. Инсон ўзининг табиатини ўзи яхши билади, шунинг учун ғазаби чиққанда қандай босишни ҳам билиши керак экан. Бунинг оқибатида бирор кор-ҳол бўлмаслиги учун ғазабини босиб олиши керак экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Таълим бериш ишларига алоҳида эътиборли бўлиш кераклиги.

2. Диний таълимотларни ва амалларни осонлаштириш яхшилиги.

3. Диний таълимот ва амалларни қийинлаштириш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига зид экани.

4. Ғазабланганда жим бўлиш ғазабни босиш бўйича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларидан бири экани.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Яҳё ибн Убайдуллоҳ Маданийдан, у отасидан ривоят қилади.Мен Абу Ҳурайранинг худди шу гапларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганини давоми...

1066 14:35 / 17 май
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мамлукнинг таомга, кийимга ҳаққи бор. Унга кучи етмайдиган иш буюрилмайди,, дедилар,.Шарҳ Демак, давоми...

1433 18:04 / 28.09.2020
Ибн Умардан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Барчангиз масъулдирсиз ва раъиятингиздан сўралурсиз. Имом масъулдир. У ўз раъиятидан сўралур. давоми...

2365 16:00 / 19.04.2021
Салмондан ривоят қилинади.Гумондан хавфсираб, ходимимга суякни ҳам санаб бераман,.Салмондан ривоят қилинади.Гумондан қўрқиб, суякни санаб бераман,.Шарҳ Ушбу икки давоми...

2031 15:02 / 13.06.2020