1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Қорилар сулоласи Абдулғофур махдум мулла Абдужалил охунд ўғли

14:00 / 11.03.2022 2040 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарихдан маълумки, Қўқон хонлиги (1710-1876) ташкил топган вақтдан, то инқилоб давригача Наманган музофотида бир нечта қорихоналар (мактаблар) бўлган. Ўша қорихоналар ичида энг машҳури Абдулғофур махдумнинг қорихона (мактаб)лари бўлган.

Маълумотларга кўра, Абдулғофур махдумнинг 2 та қорихонаси бўлган. Улардан бири Сардоба даҳасида, иккинчиси эса Чорсу мавзеси, ҳозирги Самарқанд кўчасининг бошланишида жойлашган бўлган. Ушбу қорихоналарда толиби илмларга Қуръони Каримни тажвид ва тартил қоидаларига риоя қилган ҳолда таълим берилган. Қолаверса, ушбу даргоҳдан ҳар тўрт-беш йилда бир неча толиби илмлар ҳофизи Қуръон бўлиб етишиб чиқаверган. Шу боисдан бўлса керак, ушбу қорихона халқ орасида «Ҳофизи Қуръонлар етиштирадиган завод» номи билан довруғ қозонган. Дарвоқеъ, ушбу қорихона (мактаб)нинг асосчиси Абдулғофур махдум мулла Абдужалил охунд ўғли (Ғофур қори) 1872 йилда Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Заркент мавзеси (ҳозирги Ахси кўчаси)да зиёли оилада таваллуд топди. Мавлоно Абдулғофурнинг отаси Абдужалил охунд ва бобоси Соҳиб охундлар кўплаб ҳофизи Қуръонларларни етиштирган ўз даврининг маълум ва машҳур мударрисларидан бўлган.

Мулла Абдулғофур қори эл-юрт орасида «Ғофир қори» исмлари билан машҳур бўлган. Шу боисдан сиз азизларга халқ орасидаги исмлари билан таништиришни лозим топдик.

Ғофир қори бошланғич диний билимни отаси Абдужалил охунддан олади. У болалигидан Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримга муҳаббат қўйди. Ота-онаси Ғофур қоридаги Қуръонга бўлган туйғуни кўриб, унинг тарбияси ва илми таҳсилини назоратга олади. Натижада, Ғофур қори 9 ёшида замонасининг етук олими ва машҳур ҳофизи Қуръони бўлган мулла Иззатуллоҳ қорида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олиб, ҳофизи Қуръон бўлиб етишади ва масжид хонақоҳида хатми Қуръонга имомликка ўта бошлайди.

Маълумотларга кўра, Иззатуллоҳ қори домланинг қорихонаси ҳовлисида катта бир тут дарахти бўлган экан. Ғофур қори домла уйқуни қочириш мақсадида, ана шу тут дарахтнинг тепасига чиқиб олиб, Қуръонни такрор қилар эканлар. Шу тариқа Ғофур қори Қуръони Каримни ёд олиб, ҳофизи Қуръон бўлган эканлар. Бир куни устози Иззатуллоҳ қори унга: «Эй ўғлим, сен Қуръони Каримнинг шаклини ёд олдинг, энди навбат аслига келди. Қуръони Каримнинг мазмун-моҳиятини тушиниб етмоғинг учун илм ўқиб, дарс олмоғинг лозим», дейди.

Шундан сўнг ҳазрат қори домла ўша даврнинг машҳур фақиҳ олими Собитхон тўра (1866-1928) Абул-маъонийда илмни давом эттириб, бошқа илмларни ҳам пухта ўрганади.

Ғофур қори домла Қуръон билан хулқланган, илмли, тақводор, ўта камтар ва салобатли киши бўлган. Манбаларда келтирилишича, хонлик даврида Наманган шаҳрида бир неча ўқув юртлари бўлганлиги келтирилган. Хусусан, Қўқон ўлкашунослик музейида Фарғона вилоятининг 1898 йилги обзорида мадраса, масжид ва қорихоналар ҳақида диққатга сазовор маълумотлар бор. Қуйида айрим мисоллар келтириб ўтамиз.

Наманган вилоятида 40 та мадраса — 1324 та талаба.

Наманган вилоятида 371 та бошланғич мактаб — 7121 та ўқувчи.

Наманган вилоятида 50 та қорихона — 305 та ўқувчи.

Юқорида келтирилган маълумотлардан Наманган музофотида илм-фан ва маданият қай даражада тараққий этганини кўришимиз мумкин[1].

 

Мавлоно Ғофур қори, ҳофизи Қуръонларни тарбиялаб, етказиб берадиган 2 та қорихона (мактаб)га асос солган.

Улардан бири Сардоба даҳасидаги «Масжиди жомеъ» масжидининг ёнида жойлашган бўлган. Бу қорихона ҳалқ орасида «Маржома» қорихонаси ҳам деб юритилган.

Иккинчи қорихона эса, Чорсу мавзеси, ҳозирги Самарқанд кўчаси бошидаги досааф биноси ўрнида бўлган. Мазкур даргоҳдан юртимизнинг кўплаб машҳур уламолари ва ҳофизи Қуръонлари таълим олиб, ҳалқимизнинг яхши-ёмон кунларида элу юрт ардоғида бўлиб, хизмат қилиб ўтишди.

Таълим олган шогирдлардан ака-ука Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ махдумлар, Абдулҳошим қори (куёвлари), Ёсинхон тўра, Муҳаммадхон қори, Мамадали қори, Абдулқодир қори, Абдусамад қори, Абдулворис қори, Юнус (раис ғирвонлик) Абдулқайюм ҳожи, Исмоил кўзи ожиз қори ва Тўхтасин қорилар ҳамда бошқалар Қуръон илмларидан таҳсил олишган.

Ғофур қорининг фарзандлари кўзи ожиз қори воқеасини шундай эслашади. Кунларнинг бирида қорихонага 8-9 ёш атрофидаги кўзи ожиз бўлган болани бир киши етаклаб келди. Буни кўрган биз ва бошқа қори болалар ҳайрон бўлиб қолдик. Бу ҳайронликни кўрган қори дадамиз шундай дедилар: «Эй болаларим, бу болани Аллоҳ таоло икки кўзини ожиз қилган-у, қалб кўзини очиб қўйган. Иншааллоҳ сизлар ёрдам бериб, 5 оят, 5 оятдан ўқитиб, ёдлатиб турсангизлар, албатта Қодир Эгам бу болага Қуръони Каримнинг ҳифзини муяссар қилади. Аллоҳнинг каломи-Қуръоннинг ўзи бу болани азиз ва мукаррам қилгай, дедилар. Агарда сизлар ёрдам бермасангизлар, бу бола оддий тингловчи бўлиб қолади, дедилар. Биз албатта ёрдам берамиз деб жавоб қилдик. Шу тариқа халиги кўзи ожиз бола Ғофур қори қўлларида таълим олиб, ҳофизи Қуръон бўлиб етишди. Шунга ўхшаш туғма кўзи ожиз болалардан 4 нафари ушбу даргоҳда сабоқ олиб хофизи Қуръон бўлиб етишиб чиққан экан. Юқоридаги воқеликдан сўнг Ғофир қорининг довруғи тез орада бутун Ўрта Осиё ҳудудларида маълум ва машҳур бўлиб кетади. Натижада, қорилар етказиб берадиган қорихонанинг ҳам довруғи ошиб, ҳар тарафдан бўлажак қорилар кела бошлайди. Шу тариқа, Ғофур қори домла элу юрт орасида «эшон қори домла», «эшон қори бува» исмлари билан ҳурмат топди. Уларнинг ибратли хусусиятларидан бири шу эдики, ўзида қанчалик илм бўлмасин, доимо ўзидан катта олимлар фикрига амал қилган.

 

Ўзбекистон СССР Марказий ижро қўмитасининг 1928 йил 13-19 ноябрда бўлиб ўтган 2-чақириқ 4-сессиясида «эски усул мактаблар ва қорихона»ларни тугатиш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши дин ва диндорларга нисбатан шафқатсиз кураш бошланганидан далолат  берарди[2].

 

Дарҳақиқат, 1928 йилги ҳужум ҳаракатида шўролар кўплаб дин пешволари, уламолар ва зиёлиларни сиқувга олиб, туҳмат ва бўҳтонлар билан йўқ қилишни бошлади. Натижада кўплаб аҳли уламолар сургун ва қулоқ қилиниб, отиб ташланади. Масжид, мадрасалар ҳамда қорихоналар аста-секин ёпилиб, маданий ва маънавий меросимиз бўлган кўплаб обидаларни йўқ қилиш даври бошланади. Шу қатори Ғофур қорини ҳам тазйиққа олиш бошланган эди. Бир куни хукуматнинг юқори лавозимида фаолият кўрсатаётган Ғофур қорининг мурид ва мухлисларидан бири Ғофир қорининг тўнғич ўғли Ҳомидхон махдумга шундай деган экан.

Отангиз Ғофур қори домла маълум муддат кўча-куйга камроқ чиқиб, ўзига эҳтиёт бўлишини етказинг, дейди. Ҳомидхон махдум отасига эшитган гапларини етказади. Ғофур қори ўқувчи талабаларга жавоб бериб юборади, ўзи эса Қўқонга жўнаб кетади. Шу орада шўролар Наманганнинг Хонабод қишлоғида паранжи ечтириш учун халқни мажбуран тўплайди ва иффатли, ибо-ҳаёли бўлган ўзбек аёлларини ошкора ва мажбуран паранжисини ечтиришга ҳаракат қилади. Мазкур ҳукумат фитнасига қарши ғалаён кўтарилади. Ушбу ғалаёнда қатнашган икки исёнчи бола қочиб келиб, Маржома масжиди ёнидаги қорихонага беркиниб олади. Шўролар исёнчи йигитларни ушлаб, Ғофур қори ҳукуматга қарши ўз шогирдларини тарбия қилаётган экан, деган уйдирмалар билан уни қидирувга бериб, қаерда ушланса отиб ташлансин деган хукм чиқаради. Аслида эса ўша икки йигитлар Ғофур қорига ҳеч қандай алоқаси бўлмай, фақат ўша ерга яширинган эди холос. Ушбу ҳодиса бўлган вақтда эса Ғофур қори Қўқонда яшаётган бўлган. Ушбу воқеадан озгина вақт ўтиб, Ҳомидхон махдумнинг аёли Файзихон ойим тўсатдан оламдан ўтиб қолади. Бу нохуш хабар Ғофур қорига етиб боради. Ғофур қори келинининг жанозасини ўқиш учун Наманганга келади. Уни келгани тўғрисидаги хабар ҳукумат нозирларига етиб боради. Нозирлар келиб уни ҳибсга оладилар. Шу тариқа шўролар ҳеч қандай сабабсиз салкам 2 йил Наманган турмасида Ғофур қорини ушлаб турадилар. Шу муддат ичида Ҳомидхон махдум яшаб турган уйларини сотиб, Тошкентдан яхши бир адвокат олиб келади ва отаси Ғофур қорини қутқариб олади. Роппа-роса икки йилдан сўнг суд бўлади. Суд қарорига кўра, Ғофур қорини отиш ҳукми бекор қилиниб, 3 йилга Наманганнинг ҳар бир туманларида 2 ой муддатдан яшаб, сўнгра бошқа туманга ўтиш шарти билан сургун қилинади. Ғофур қори жазо муддатини ўтагандан сўнг қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига кўчиб кетади ва у ерда ўз фаолиятини давом эттиради. Умрининг сўнгида она юрти Наманганга қайтиб келиб, вафот этади. Қори домла 1949 йили Наманганда оламдан ўтдилар, Қуръон ходими шаҳарнинг катта қабристони «Мангулик» мозорига дафн қилинади. Ғофур қори домланинг 3 та фарзандлари Ҳамидхон, Маъсумхон ва Зоҳиджон ўғиллари ҳамда бир неча набира ва абиралари қорилар сулоласининг давомчилари ҳофизи Қуръонлар бўлиб, дин ва юрт равнақига хизмат қилиб келмоқдалар.

Ғофур қори домланинг оиласи ва фарзандлари тўғрисида қуйидаги маълумотларни тўплашга эришдик.

Ғофур домла 2 та аёл билан турмуш қурган. У аёлларидан 13 та фарзанд кўрган.

Аввалги аёли Сорахон ойим (ваф.1961). Ундан 4та ўғил, 2 та қиз фарзанд кўрган.

Фарзандлари Ҳомидхон (1893-1992), Маъсумхон (1898-1991), Зоҳиджон (1914-1994), Маҳмудхон (1919-1942).

 

Кейинги аёли Ойшахон ойим. Ундан 3 та ўғил, 3 та қиз фарзандлари бор. Фарзандлари Орифхон (1924-1993), Маъруфхон (1933-2011), Абдурауфхон (1940-2011).[3]

  

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи.

Чиноз тумани, Олмазор қўрғони.

     
 
 

[1] Ҳ. Бобобеков. Қўқон тарихи. —Т.; Фан, 1996. Б.148.

[2] А. Салмонов. Ўзбекистонда совет ҳокимияти диний сиёсатининг фожиали оқибатлари.(1917-1991 йиллар). —Ф.; ФДУ, 2018. Б. 45.

 

  

[3] Ушбу маълумотлар Ғофур қори авлодларининг шахсий архивидан олинди. 

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мақолада 19асрнинг иккинчи ярми ва 20аср бошларида яшаб ўтган Наманганлик нақшбандия тариқатининг раҳнамоларидан бири бўлган Иноятхожа ибн Улуғхожа давоми...

2059 17:00 / 03.12.2021
Фиқҳий масалалар бўйича машҳур, маъруф ва мўътараф бўлган тўрт мазҳаб ndash ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳақ эканлигига, уларга эргашиш давоми...

4712 16:30 / 04.04.2017
Ҳофиз, олим, илм талабида юрт кезган Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Холид ибн Аҳмад ибн Холид ибн Ҳаммод Зуҳлий Холидий Ҳаравий.Абу Саъид ибн Аъробий, Абу Наср давоми...

1421 16:00 / 03.10.2021
иккинчи мақолаАлий розияллоҳу анҳу Абу Ҳанифанинг боболари ва зурриётларига қилган дуолари ҳамда Шаъбийнинг Абу Ҳанифани тўғри йўлга йўналтириши натижасида у давоми...

2705 11:00 / 19.01.2021
Аудиолар

137649 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57718 14:35 / 11.08.2021