1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Электрон почтага келган ҳаётий қисса

10:25 / 24.02.2022 5879 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таниқли мисрлик ёзувчи, журналист, доктор Абдулваҳҳоб Мутовеъ раҳимаҳуллоҳнинг электрон почтасига келган ибратли қиссани сиз азиз ўқувчиларга тақдим этамиз. Ўйлаймизки, ушбу қисса барчамизга манзур бўлади ва бўлиб ўтган воқеа ибрат намунасини ўтайди деган умиддамиз. Келинг қиссани тўлиқ шаклини қаҳрамоннинг ўзидан эшитинг!

Мен гўзал қиз эдим. Яшаш шароити ўртача оилада униб ўсдим. 17 ёшга тўлганимда бадавлат оиладан совчи келди. Уйимизда байрам бошланиб кетди. Оила аъзоларим унинг оиласини шундай мақташар эдики, пок, ҳалол, олийжаноб, гўзал ахлоқ соҳиблари деб ҳисоблашар эди. Менга уйланмоқчи бўлган йигит оилада иккинчи фарзанд экан. Ундан икки ёш катта акаси ҳам бор экан. Отасининг ер мулкини иккинчи ўғил юритар экан. Чунки унда куч-қувват, ишни кўзини биладиган қобилияти бор экан. Акаси эса унинг бутунлай акси бўлиб, унда бошқалар билан мулоқот қилишга хоҳиш йўқ, оғир босиқ йигит экан. Йигитнинг отаси бизга жуда катта никоҳ тўйини қилиб берди. Ўзимизни қишлоқ ва қўшни қишлоқ аҳллари ҳам тўйга ташриф буюришди. Шундай қилиб мен уларнинг кўп хонали, кенг уйларига келин бўлиб тушдим. Қайнонам жуда ажойиб оила бошлиғи, қайнотам эса гўзал ҳулқли инсон эдилар. Қайнакам эса бағрикенг йигит бўлиб, камгап, атрофдагилар билан унча иши йўқ киши эди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам отаси барча ишларни менинг турмуш ўртоғимга топширгандир. Бутун оила аъзолари бу ҳолга рози эканликларини ҳис қилдим. Оила аъзолар бир тану бир жон эдилар. Уларнинг қарор қабул қилишлари ҳам ҳамжиҳатликда бўларди. Бир йил ўтиб она бахтига муяссар бўлдим. Фарзандим туғилгач оиланинг эркатой овунчоғига айланди. Қайнакам ва қайнсинглимнинг юзларидан табассум аримай қолди. Ўғлим уларнинг доимий овунчоғига айланди. Қайнакам доим мендан хушбўй овунчоғим қани деб сўраса, қайнсинглим ухласаю турса қўлидан қўймас эди. Бир куни нонушта пайтида қайнакам уйланиш ҳақида гап очиб қолди. Аввалри у бу ишни ортга суриб келарди. Мен ўзимга ўзим шундай дедим. Насиб бўлса мен унга ўзимни ўлчовимга мос келин топаман. Бу фикримни тушунтириш учун эримга шундай дедим: «Отангизни мулкларини идора қилиб турган сиз, демак охирида мерос ҳам сиз ва сиздан кейин фарзандларингиз ҳақли. Агар акангиз уйланиб, фарзанд кўрадиган бўлса шу меросларинг ярмига эга чиқа бошлайди. Агар фарзанд кўришни ўйламай, фақат уйлантириб қўямиз, ўзимиз келин топамаз деб айтсак у биз топган қизга рози бўлади».

Эрим бу гапимга рози бўлди ва мен топмоқчи бўлган қиз ҳақида сўради. Мен унга: «Топмоқчи бўлганим қиз эмас, балки ажрашган жувон, эри билан бир ярим йилдан ортиқ яшамаган, фарзанд кўришмагач ажрашган. Аммо жуда чиройли, гўзал ҳулқ соҳибаси. Аёл кишига хос бўлган истарали ҳарактер эгаси, асосийси унинг сифатлари акангизнинг феълига мос тушади. Бола кўрмасин деб шуни танладим, шунда ҳамма мерос фарзандларимизга бўлар эди», дедим. Эрим бунга фикримга ҳам рози бўлди ва қайнакамни шу жувонга кўндириш маъсулиятини менга юклади. Қайнакамга юқоридаги сифат эгаси бўлган жувон ҳақида гапирганимда ўйланиб ҳам, нега ажрашганлик сабабини сўраб ҳам ўтирмади. Унга жуфт топганлигимдан хурсанд эканлиги шундоқ юзидан кўриниб турар эди. Суҳбатимиз сўнгида айтган гапи ҳали ҳамон қулоғимда жаранглайди. У гапимни эшитиб бўлгач «Таваккалту алаллоҳ», деди ва хуфтон намозига масжидга чиқиб кетди. Шундай қилиб уйимизда одатда жувонларга хос тарзда ихчамгина тўй бўлиб ўтди. Ўшанда ғалаба нашидасини ҳис қилдим. Чунки меросни қўлга киритиш бўйича чизган режам мен ўйлагандек бораётган эди. Тўйдан сўнг овсиним билан тинч-ҳотиржамликда ҳаёт кечира бошладик. Ҳаётимиздаги ҳотиржамликни бузишга бирор бир нарса йўқ эди. Шундай кунларнинг бирида қайнакам бемор бўлиб ётиб қолди ва оқибатда оғир хасталик сабаб вафот этди. Уни кўз ёшлар билан сўнги манзилга кузатдик. Барча оила аъзолар қайнсинглим атрофида жамландик ва бир биримизга қаттиқ боғланиб борар эдик. Оғир кунларнинг бирида яна бошқа воқеа содир бўлдики, барчамизни ҳайратлантирадиган ҳолат юз берди. Вафот этган қайнакамнинг аёли ҳомиладор экан. Ҳомиладорлик белгиси вақт ўтган сайин билиниб борар эди. Кафтимни бир-бирига уриб дедим: «Қандай ҳомиладор бўлди, ваҳоланки, у туғмас, биринчи оиласидан ажрашишнинг сабаби ҳам туғмаганлик ҳолати эдику», деб ўйланиб қолдим. Шундай қилиб овсинимнинг кўзи ёриди, у чиройли эгизакларнинг дунёга келишига сабабчиси ҳисобланган покиза, оқила она бўлди. Эрим мени қилган ишларим учун дакки берди. Шунингдек, менинг ўзим бу дунёдан битта фарзанд билан ўтдим. Бошқа фарзанд кўрмадим. Эгизаклар аста-секин улғаяр, ҳар гал уларни кўрганимда хотиралар бирин-кетин кўз ўнгимдан ўтар, жумладан, катталар бу дунёдан ўтиб кетишгандан кейин ер мулкининг ҳаммаси болаларимники бўлишини истаб, тузган режаларимнинг ҳаммаси ўтарди. Йиллар ўтиб, болалар катта бўлишди. Мен ўғлимнинг ҳарб бир босаётган қадамидан ҳавотирда эдим. Уни назорат қилиб суриштириб турар эдим. Бизнинг ер ҳайдайдиган тракторимиз бор эди. Ўғлим ўқишдан таътил берилган пайтлари шу тракторда еримизда деҳқончилик билан шуғулланиб турар эди. Бир куни тракторни миндида, далага қараб жўнади. Йўлнинг қия жойига етганда тез келаётган юк машинаси билан тўқнашиб кетади ва уни бир неча ўн метрга ирғитиб юборади. Автофалокат ҳақидаги хабар бизга етиб келганда дарҳол уни ўзимизга яқин бўлган марказий шифохонага олиб бордик. Шифохонанинг жонлантириш бўлимида уч кун ётгач жигарпорам ҳам омонатни топширди. Бошим айланиб ҳушимни йўқотиб ерга йиқилдим. Мени тиббий текширувга олиб боришди, менга кучли стресс ҳолати деган ташхис қўйилди. Узоқ муддат муолажа олдим. Бир неча ҳафта ўтгач турмуш ўртоғим вафот этди. Менинг ёнимда овсинимнинг болаларидан бошқа яқинларим қолмади. Ҳа, мен жирканч режа тузиб раҳматли қайнакамга туғмас жувон топган эдим. Бугун эса ўша туғилишини истамаган болалар менинг ёнимда туришибди. Барча мерос шу болаларга бўлиши учун жигарпора бўлган ўғлим ҳам вафот этди. Мен туғилишини истамаган болалар бугун фарзандларимга айланишди. Аллоҳ таоло атрофимдагилар бирин кетин вафот этиб, қилган разил ишимнинг иқобини бу дунёнинг ўзида олишимни ирода қилди. Қайнакам вафот этди, унга кўп йиғладим, сўнг аёли вафот этди. Мен овсиним билан ҳаётининг сўнги лаҳзаларида бирга эдим. Унинг вафот этиш ҳолати менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Ўша ондаги ҳиссиётларимни тасвирлаб бера олмайман. У вафот этаётганида юзи мунаввар эди, тинмай Алҳамдулиллаҳ дер эди, у шундай роҳат билан Аллоҳга ҳамд айтар эдики, худди жаннатдаги жойини кўраётгандек, эди.

Ҳа, устоз Аллоҳга қасамки, мен уни тинмай Роббисига шукр айтаётганини эшитдим ва билдимки, у қалбининг поклиги ва буюк Холиқига яқинлигининг мукофотини олаётган эди. Ҳозир мен болаларим билан яшаяпман, яъни овсинимнинг болалари билан. Мен уларга она ўрнидаман. Улар ҳаётларидаги бирор бир қадамни мен билан маслаҳатлашмай босмайдилар. Улар келиб табассум қилган ҳолда «Эй онажоним» деса мен ичимда «Эй Роббим бу Сенинг ҳикматинг», деб қўяман. У зот субҳану ва таоло Алламул Ғуюб (Ғайбларни ўта билувчи зот) дир. У зот менга «Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаганини қилади. Ёмон макр фақат ўша макрни тузувчининг бошига етади», деган дарсни ўргатишни ирода қилди. Дарҳақиқат, мен ушбу дарсни ўргандим. Ҳар намозларимда Унга дуо қиламан, ҳар вақт гуноҳларимни кечиришини, айбларимни яширишини Ундан илтижо қилиб сўрайман.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ وَهُوَ الْحَكِيمُ الْخَبِيرُ 

«У бандалари устидан мутлақ ғолибдир. У ўта ҳикматлидир, ўта хабардордир». (Анъом сураси, 18-оят)

Одамлар устидан ғолиблик, уларни ўз иродасига бўйсундириш фақат Аллоҳга хосдир. У ҳар бир ишни ҳикмат ила қилади. У ҳар бир нарсадан хабардордир. Одамлар ана шу ҳақиқатларни англаб етиб, шунга яраша иш кўрсинлар.

يَعْلَمُ خَائِنَةَ الْأَعْيُنِ وَمَا تُخْفِي الصُّدُورُ


«У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур». (Ғофир сураси,19-оят)

Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У Зот ҳамма нарсани билади. Ҳаттоки,

«У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам...» билади.

Яъни, кимнингдир бировга билдирмасдан, ўғринча кўз қири ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. У Зот

«...кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур».

Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам Аллоҳ таоло жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин, бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар Ундан огоҳ бўлсинлар.

رَبَّنَا لاَ تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ

«Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин. Албатта, Сен Ўзинг кўплаб ҳадя этувчисан». (Оли Имрон сураси, 8-оят)

Илмда собит бўлган мўмин кишининг ҳоли шу – у ҳидоят нима эканини, унинг қандай улуғ неъматлигини жуда яхши тушунади. Шунинг учун ҳидоятни берган Аллоҳга ёлвориб, қалбини ҳақ йўлига бошловчи ҳидоятдан оғдирмаслигини ўтиниб сўрайди.

«Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин».

Улар Аллоҳ таолонинг «Ваҳҳоб» – кўплаб ато қилувчи Зот эканини ҳам яхши биладилар ва Унинг Ўзидан раҳмат ато қилишини сўрайдилар:

«Албатта, Сен Ўзинг кўплаб ҳадя этувчисан».

Кўплаб ҳибалар ато қилувчисан.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Муҳаррир Хуршид Маъруф 

Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Касбим ndash муҳандис. Кўп йиллардан буён техника ва телекоммуникация йўналишида фаолият юритиб келаман. Мазкур соҳа бўйича илмий изланишлар ҳам олиб борганман. Шу давоми...

2888 16:00 / 09.12.2023
15581603 йиллар орасида қарийб 45 йил давомида Англия ва Ирландия қироличаси бўлган Елизавета I ҳақида қизиқ маълумотлар бор экан. Ушбу маълумот рус тилидаги давоми...

1705 11:32 / 05.12.2023
Кўпроқ китоб ўқишни ҳаммамиз ҳам истайман, албатта. Лекин бунга доим ҳам имкон топмаймиз ёки ҳафсала бўлмайди. Қуйида берилаётган баъзи тавсияларга амал қилган давоми...

2642 10:02 / 16.10.2021
Жанубий Кореяда аёлим ва уч ёшлик қизим билан яшаётганимизга сал кам бир йил тўлган маҳаллар, ноябрь ойининг ўрталари эди. Биз талабалар учун куз фасли бироз давоми...

6692 17:00 / 01.07.2022