1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Шу уйда Аллоҳнинг Ҳабиби яшаганлар

16:00 / 28.01.2024 8465 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ниҳоятда тақволи, обида, ўта ҳаёли, покиза нафс, олиймақом аёл эдилар. У зотнинг ҳужраларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳу дафн қилинганлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дафн қилинмасларидан олдин онамиз уйларига кирсалар, устларидаги баъзи либосларини ечар, бошларидан ҳижобларини олардилар ва «Бу қабрда ётганлар эрим ва отам-ку» дердилар. Қачонки Умар розияллоҳу анҳу дафн қилингач, уйга кирсалар ҳам қабрда ётган Умар розияллоҳу анҳудан ҳаё қилиб рўмолларини, ҳижобларини ечмайдиган бўлдилар.

Ушбу расмда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужралари кўрсатилган. Ўнг тарафдаги сўрини кўряпсизми? У Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сўрилари.

Қабрлар ҳақида гапирадиган бўлсак: чап тарафдаги четдаги қабр икки олам сарвари Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари, унинг ёнидаги, бироз пастроқдаги Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабрлари, унинг ёнидаги, бироз пастроқдаги, қора парда ёнидагиси Умар розияллоҳу анҳунинг қабрлари.

Ўртада қора рангли пардани кўряпсиз.

Ўнг тарафдаги бўйра устидаги жой Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўринлари. Мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севиклиларининг хоналари, жиҳозлари, жойларини кўряпсизми? Дунё аёлларининг улуғларидан бўлган онамиз розияллоҳу анҳонинг қанчалар содда, камтар, фақирона ҳаёт кечирганларини тасаввур қиляпсизми?

Онамиз шу хонада яшаб, саҳобаларга, саҳобияларга, тобеинларга, бутун умматга Исломнинг оилавий мавзуга тегишли ҳукмларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйда нималар билан машғул бўлишлари, аёлларига қандай муомала қилишлари ва бошқа кўплаб ҳукмларни баён қилганлар.

Худди шу хонада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бир идишдан ғусл қилишган.

Худди шу хонада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўштни аввал онамизга бериб, кейин онамизнинг тишлари, сўлаклари теккан жойига муборак оғизларини қўйиб, гўштни тановул қилганлар.

Худди шу хонада Оиша онамиз кундошлари юборган таомнинг товоғини уриб синдирганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида меҳмон бўлиб турган саҳобаларга «Қани, таомдан олинглар. Онангиз рашк қилди» деганлар.

Худди шу хонада Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум ва бошқа саҳобалар меҳмон бўлишган.

Имом Муслимдан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида ёнбошлаб ётган эдилар, болдирлари очиқ эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, киришга изн сўради. Унга изн бердилар. У кирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан ўша ҳолда гаплашдилар. Кейин Умар розияллоҳу анҳу келиб, у ҳам киришга изн сўради. Унга изн бердилар ва у билан ҳам ўша ҳолатда гаплашдилар. Сўнг Усмон розияллоҳу анҳу киришга изн сўраган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтириб, кийимларини тўғриладилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Бакр кирганида у билан чиройли кўришмадингиз, унга эътибор ҳам бермадингиз. Кейин Умар кирди. У билан ҳам чиройли кўришмадингиз, эътибор ҳам бермадингиз. Усмон кирганда эса ўтириб, кийимларингизни тўғриладингиз-а?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмайинми?» дедилар.

Худди шу хонада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб ётганлар ва Рафиқул Аълога интиқол қилганлар.

Шу ўринда Хайруллоҳ Ҳамидов аканинг мана бу шеърлари ёдимга келди:

Маслаҳат бобинда дилга ҳамхонам –

Завжидан ҳадислар сўзлар кўзда нам

Онамга ҳам она Ойиша онам

Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Аллоҳ таоло Расули Акрамга кўплаб саловот, салом ва дурудлар юборсин! Содиқ саҳобаи киромларнинг барчаларидан, жумладан, Оиша онамиздан рози бўлсин!

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлиб бориш бахтини ато этсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
IIЎша вақтларда уйланиш учун аёлни эр томон излар эди. Аввал аёл томондан гап чиқиши уят ҳисобланар эди. Аммо қизи бева қолган Умар ибн Хаттоб янгича йўл қўллашга давоми...

4224 09:50 / 11.03.2019
Тарвуз ва қовун сотадиганларни ҳеч кузатганмисиз. Улар доим тарвуз ёки қовуннинг энг катта ва ширинини чақмоқлаб, ўртасидан кесиб, харидорлар кўрадиган тарзда давоми...

5607 14:00 / 25.07.2022
Арабларда қадимги вақтларда киши аёли минган отни сотмас, балки рашки кучлилигидан бошқа бирор эркак минмасин деган мақсадда отни сўйиб юборар эди. Бугунги давоми...

2826 16:00 / 30.01.2023
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўта сахий зот эдилар. У кишининг сахийликлари Аллоҳ таолонинг розилиги учун ўзларида бор молу дунёни чин дилдан, савоб умидида давоми...

3480 18:33 / 02.01.2019
Аудиолар

210862 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130127 14:35 / 11.08.2021