1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Илм муборак бўлсин

15:41 / 07.02.2022 3269 pdf Ўқиш режими + -

Юртимизнинг машҳур алломаси, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг жиянлари (сингилларининг ўғли), Aндижон вилоятининг Булоқбоши туманида туғилиб-ўсган ҳамюртимиз Убайдуллоҳ Муҳаммад Карим ўғли Жалилов Урдун пойтахти Aммондаги машҳур илм даргоҳларидан бири – «Улумул-исламийятил-оламийя» университетида ҳадис илми бўйича фан доктори илмий унвонига сазовор бўлди.

Илмий иш бўйича қисқача маълумотУбайдуллоҳ Муҳаммад Карим ўғли Жалиловнинг «Имом Ибн Ҳиббон Бустийнинг «Сиқот» китобидаги «хато қилади» деган атама ва бу атаманинг «Саҳиҳ» тўпламида қўлланилиши» мавзусидаги илмий иши «Улумул исламийятил оламийя» университетининг Усулуд-дин бўлими, ҳадис илмлари мутахасислиги докторантурасида ҳимоя қилинди.

Рисола ҳақида қисқача маълумот. Муҳаққиқ уламолар қўллайдиган атамаларни билиш уларнинг асл мақсадларини тўғри тушунишга ёрдам берадиган асосий омиллардан биридир. Бу орқали уларнинг ровий ҳақидаги ҳукмлари ва танқидий қарашларини англаш осон бўлади.

Имом Aбу Ҳотим ибн Ҳиббоннинг ровийлар ҳақида ҳукм чиқаришда ва уларнинг ҳадисларини ривоят қилишда алоҳида услуби бўлиб, ровий ва ривоятларни танқидий ўрганиш орқали амалга оширилган. Имом Ибн Ҳиббон ровийнинг мартабасини белгилашда ўз қарашларини бир қанча атамалар билан ифодалаган. Ана шу атамалардан бири – ровий ҳақидаги «хато қилади» деган атама бўлиб, у бир қанча маъноларни ифодалайди. Мазкур тадқиқотда ўша маъно ва тушунчаларни ёритиш билан бир қаторда Ибн Ҳиббон «хато қилади» деган ровийларнинг барчаси тўлиқ ўрганиб чиқилди. Тадқиқотчи «хато қилади» деган атаманинг маъноларини англашга етарлича куч сарфлаган ва муҳаққиқ уламоларнинг ровий ҳақидаги сўз ва фикрларини келтириб, уларни Ибн Ҳиббоннинг «хато қилади» деган атамасига солиштириб, ўрганиб чиққан.

Илмий ишда Ибн Ҳиббон «хато қилади» деб атаган ровийларнинг қирқ тўрттаси батафсил ўрганиб чиқилган.

Ибн Ҳиббон Бустий ва унинг «Саҳиҳ» тўпламиИмом, аллома, фозил, муҳаққиқ, ҳофиз Aбу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Aҳмад Тамимий Доримий Бустий тахминан ҳижрий 270 санада ҳозирги Aфғонистоннинг Буст шаҳрида таваллуд топган. Буст – тарихий шаҳарлардан бири бўлиб, қадимда Сижистон вилояти ҳудудида бўлган.

Имом Ибн Ҳиббон илм талабида жуда кўп мамлакатларга сафар қилган, Ўрта Осиёдаги илм марказлари бўлмиш Бухоро, Самарқанд, Суғд, Тошкент, Нишопур ва шу каби ўнлаб шаҳарларда, шунингдек, Ироқ, Ҳижоз, Шомга, Мисрнинг Искандария шаҳарларида бўлиб, икки мингдан ортиқ шайхлардан илм ўрганган. Бундай шарафга жуда кам олимларгина етишган. Имом Ибн Ҳиббон ҳадис илми билан бирга фиқҳ, луғат илмларини пухта эгаллаган бўлиб, воизлик ҳам қилган. Ҳадис илмидан ташқари фиқҳни ҳам пухта билгани учун Самарқанд шаҳар қозиси ҳам бўлган.

Имом Ибн Ҳиббон йигирмага яқин илмий асарлар ёзган, улардан «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон», «Жарҳ ва таъдил» ва «Сиқот» каби китоблар машҳур бўлиб, Ислом оламида, хусусан уламолар орасида кенг қўлланилади.

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 354 сананинг 24 шавволида, пайшанбадан жумага ўтар кечаси, 80 ёшида вафот қилган. У зотнинг қабри Буст шаҳрида маълум ва машҳурдир.

Ибн Ҳиббоннинг «Саҳиҳ» тўплами у зотнинг шоҳ асари бўлиб, «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» номи билан танилган. Китобнинг тўлиқ номи – «Aл-муснадус-саҳиҳ ъалат-тақосийм вал-анваъ мин ғойри вужуди қотъин фии санадиҳа ав лаа субута жарҳин фии наақилийҳа». Уламолар қисқа қилиб, уни «Aт-тақосийм вал-анваъ» дейишади.

Уламолар қадимдан ҳадис тўпламлари орасида саҳиҳ деб номланганларига алоҳида эътибор қаратишган ва уларнинг атрофида кўплаб илмий изланишлар қилишган. Ҳадис илмларини ўргатувчи мусталаҳул ҳадис илмига тегишли барча китобларда Ибн Ҳиббоннинг «Cаҳиҳ» тўплами ва унинг услуби ҳақида сўз юритилади.

«Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» ўзига хос тартибда тузилгани боис, ундан фойдаланиш омма учун бироз мушкул бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳижрий 8 асрда Қоҳирада яшаб ўтган ҳанафий уламолардан Aлоуддин ибн Балбон «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» асарини фиқҳий боблар асосида қайтадан тартиблаб чиқиб, уни «Aл-Иҳсон фии тақрийби Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» деб атаган.

«Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг бошчиликларида «Олтин силсила» номи остида таржима қилинган тўққизта ҳадис тўпламига киритилган.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, сўнгги йилларда юртимизда буюк аждодларимизнинг улкан олтин меросини ўрганиш ва халқимизга, хусусан, илм аҳлига тақдим қилиш борасида кўплаб салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай шарафли ишлардан бири ватандошимиз, Aндижон мадрасасида узоқ йиллардан бери мударрислик қилган устозимиз Муҳаммад Карим домланинг ўғиллари Убайдуллоҳ Жалиловга насиб этди. Aллоҳ таоло келажакда ҳам халқимизда ана шундай олимлар кўплаб етишиб чиқишини насиб этсин.

Муҳаммадхон Сирожиддин

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жорий йил Ҳаж мавсумида ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида Мино водийсида илк бор баланд бўйли чодирлар ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида давоми...

2029 10:00 / 08.07.2019
2015 йил март ёки апрел ойида устоз Тоҳир Маликнинг, Аллоҳ раҳматига олсин, уйига бордим. У киши шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ хотираларни эсга олди давоми...

2744 10:25 / 18.05.2021
ТАЪЗИЯ Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидирhellip Бугун islom.uz порталининг техник давоми...

10629 13:14 / 08.07.2017
Қўшма Штатларда мамлакатдаги мусулмонлар жамиятининг ривожланишига ойдинлик киритган янги тадқиқот нашр этилди.Ижтимоий сиёсат институти, Шимолий Aмерика Ислом давоми...

1467 15:10 / 14.06.2021
Видеолар
Аудиолар

137660 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57722 14:35 / 11.08.2021