Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Масжиди Набавийнинг воизи Шайх Абу Бакр Жазоирий айтадилар: «Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда ёзиш, шунингдек, уни Усмоний Мусҳаф расмига хилоф равишда ёзиш, агарчи араб ҳарфларида бўлса ҳам, ҳаромдир, ҳалол эмас. Чунки у Қуръони Каримнинг хусусиятларига путур етказади. Масалан, улардан кўзга кўринганлари: унинг мўъжизавийлигини, тиловатининг ибодат бўлишини, лафз ва маънолари ила қамраб олган ҳидоятни, мўъжизавийлигининг бир бўлаги бўлган фасоҳат ва баёнини кетказади».
Муҳаммад Али Собуний бу ҳақида жумладан шундай деганлар: «Қуръонни лотин ҳарфида ёзиш жоиз эмас, чунки бу Аллоҳ нозил қилган лафзнинг ўзгартиршдир. Албатта, бу иш Аллоҳ таолонинг Каломини ўзгартириш ҳисобланади. Аллоҳ таборака ва таоло аҳли китоб ‒ яҳудий ва насронийларнинг ўз китобларини бузганликлари, унинг лафзларини ўзгартирганликлари ва сўзларини алмаштирганликларини маломат қилган. Ушбу маломат ва таҳдид Қуръонни арабчадан бошқа алифбода ёзган кишини ҳам ўз ичига олади. Чунки бу Олий ва Улуғ Аллоҳнинг Каломига очиқ-ойдин қарши чиқишдир. Зеро У зот: « Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз» деган. (Зухруф сураси, 3-оят).
Қуръон матнини лотин алифбосида ёзиш ҳеч бир хилофсиз қатъий ҳаромдир. Бунга далил, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рим императори Ҳераклга уни Исломга даъват қилиб ёзган мактубларида Оли Имрон сурасининг 64-ояти араб ҳарфларида ёзилган эди».
Ўтган асрнинг йирик олимларидан бири Муҳаммад Ғаззолий: «Сизларга шуни билдираманки, лотин ва бошқа тилдаги алифбо ҳарфлари араб ҳарфларига зиддир. Чунки уларда араб нутқ товушларининг пайдо бўлиш ўринлари, уларга тегишли қоидалар, мад ва ғунна қоидаларидан ташқари бир қанча араб ҳарфлари ҳам мавжуд эмас. Шу боис Қуръонни лотин алифбосида ёзиш мушкул, балки бунинг имкони йўқ. Бинобарин араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда ёзилган мусҳаф Қуръон ҳисобланмайди. Бу – сақланган илоҳий ваҳийга ўзгартириш ва унга ёлғон учун эшик очишдир. Бунда Мусҳафни тўлиқ ё баъзисини нашр қилишнинг фарқи йўқдир», деган.
Уламолар Қуръони Каримни араб алифбосидан бошқа ҳарфларда ёзиш ҳаромлигига юқорида ўтган мусҳаф расмига хилоф қилишнинг жоиз эмаслиги ҳақида келтирилган ва бошқа далилларга қўшимча сифатида қуйидагиларни ҳам илова қиладилар:
- Қуръони Карим соф араб тилида нозил қилинган, бинобарин уни фақат араб ҳарфлари билан ёзиш мумкин. Чунки ёзув нутқнинг бир кўринишидар. Қуръони Каримнинг ўн бир жойида уни араб тилида нозил қилингани ҳақида оятлар келган бўлиб, биз улардан айримларини эслаб ўтамиз.
وَإِنَّهُ لَتَنزِيلُ رَبِّ الْعَالَمِينَ
نَزَلَ بِهِ الرُّوحُ الْأَمِينُ
عَلَى قَلْبِكَ لِتَكُونَ مِنَ الْمُنذِرِينَ
بِلِسَانٍ عَرَبِيٍّ مُّبِينٍ
Албатта, у (Қуръон) Роббул оламийннинг туширганидир. Уни Руҳул Амийн олиб тушди.. Сенинг қалбингга, огоҳлантиргувчилардан бўлишинг учун. Очиқ-ойдин араб тилида. (Шуаро сураси, 192-195 оятлар).
Ояти каримадаги «Руҳул Амийн»дан мурод фаришта Жаброил алайҳис-салом; «огоҳлантиргувчилардан» дегани эса, «Пайғамбарлардан» деган маънони билдиради.
قُرآنًا عَرَبِيًّا غَيْرَ ذِي عِوَجٍ لَّعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ
Арабча Қуръонни эгриликсиз қилиб (туширдикки), шоядки, тақво қилсалар. (Зумар сураси, 28-оят).
إِنَّا جَعَلْنَاهُ قُرْآنًا عَرَبِيًّا لَّعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ
Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз. (Зухруф сураси, 3-оят).
Жалолиддин Суютий ўзларинниг Қуръон илми борасида ёзган китобларида Аллома Заркашийдан нақл қилади: У киши жумладан шундай деганлар: «Уни (Қуръонни араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзишни) жоиз деб эҳтимол қилиниши ҳам мумкин, чунки уни арабча талаффузда ўқийдиган киши тўғри ўқиши мумкин. Аммо ҳақиқатга яқин гап жоиз эмаслигидир, худди уни араб тилидан бошқа тилда ўқиш жоиз бўлмагани каби. Бунга, қалам икки тилнинг бири, деган нақл ҳам далолат қилади».
Демак, Қуръон араб тилидан бошқа тилга ўгирилганда Қуръон бўлмагани каби, араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзилса ҳам Қуръон ҳисобланмайди, яъни уни мусҳаф дейилмайди.
- Маълумки, Қуръони Карим Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замоналарида фақат араб алифбосида ёзилган, ҳолбуки, саҳобалар ичларида форс, ҳабаш, румлик ва бошқа араб бўлмаган кишилар ҳам бор эди. Уларнинг бирорталари уни ўз ҳарфларида ёзишни ўйлаган ҳам эмас ёки Пайғамбар алайҳиссалом уларга ўзлари ё қавмлари учун осон бўлсин деб бошқа ҳарфни тавсия қилган ҳам эмаслар. Балки у зот: «Қуръонни нозил бўлгандек ўқинглар», деганлар. Шу боис, барча саҳобалар маълум расмга кўра ёзганлар ва арабий нутқда талаффуз этганлар.
- Аллоҳ таоло мусулмонларга Қуръон тиловатини осонлаштириш учун уни турли қироатларда, яъни ўқиш услубларида нозил қилди ва ҳар ким улардан ўзига осон бўлганида ўқишига рухсат берди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни саҳобаларга ҳарфма-ҳарф таълим бердилар. Буни Ислом умматига енгиллик учун ва Қуръоннинг мўъжизаси ўлароқ Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилди. Аммо У зот Ўз Каломини араб тилидан бошқа тилда ўқишга ёки араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзишга рухсат бермади. Агар мумкин бўланида, Пайғамбор алайҳиссалом уни албатта жорий қилган бўлардилар. Чунки у зот доимо умматларига енгиллик бўлиши учун ҳаракат қилардилар. Қуръонни турли қироатларда ўқилишига рухсат бўлишини ҳам Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўраган эдилар.
- Кейинчалик Абу Бакр Сиддиқ ва Усмон розияллоҳу анҳумо даврларида Қуръонни жамланганида Ислом диёрлари кенгайиб, мусулмонлар сони кескин ошган, кўплаб араб бўлмаган халқлар Исломга кириб, Қуръон ўрганишга киришган эдилар. Шунга қарамай, саҳобаи киромлар мусҳафларни фақатгина араб алифбоси асосида ёзганлар ва бунга бутун Ислом уммати ижмоъ қилган. Ҳолбуки, уларнинг ораларида бошқа ҳарфларда ёзишни биладиганлар, фақатгина ўша ёзувларни танийдиганлар, Қуръон ўқишни осон ўзлаштиришлари учун уни ўз алифболарида ёзишга муҳтож бўлганлар ҳам бор эди. Аммо улардан бирорта инсоннинг араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш ҳақида фикр билдиргани ҳам нақл қилинмаган. Чунки, улар Қуръонни муҳофаза қилишда Пайғамбар алайҳиссаломнинг тутган манҳажларини маҳкам ушлаганлар ва буни энг ишончли йўл эканини яхши билганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бизларни уларга эргашишга амр қилиб: «Менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатларини маҳкам тутинг, уларни озиқ тишларингиз ила тишланг», деганлар.
- Аллоҳ таоло Қуръони Каримни фасиҳ араб тилида, махсус кайфият ва суратда нозил қилган. Қуръонни айнан нозил бўлгандагидек ўқиш вожиб эканига бир қанча оят ва ҳадислар далолат қилади. Уни ҳар ким ўзича ўқиши умуман мумкин эмас. Бинобарин, уни ёзувда ифодалаш учун қўлланиладиган ҳарф унинг тўғри ўқилишини таъминлаши лозим. Акс ҳолда, уни ёзган ҳам, ўқиган ҳам гуноҳга қолади. Қуръон товушларини араб ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан тўлиқ ва тўғри ифодалашнинг имкони йўқлиги ойдек равшан. Агар шартли белгилар (трансикрипция, транслетератция) билан буни уддалашга ҳаракат қилинган тақдирда ҳам бу нарса араб нутқ товушларини, уларнинг махраж ва талффуз меъёрларини пухта ўзлаштиргандагина фойда бериши мумкин. Акс ҳолда, унинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Қолаверса, у ўқувчини чалғитиши, кўпроқ ўз тилига мойил талаффуз этишига сабаб бўлиши ва натижада Қуръони Каримнинг лафзларини нотўғри талаффуз этишга олиб келиши тажрибалардан маълум.
- Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, трансикрипция арабча исмлар, истилоҳлар, ҳарф номлари каби қисқа матнлар учун ишлатилади, холос. Ҳеч қачон у билан бир бутун матн ёки китобни ифодаланмайди.
- Қуръон ёзиладиган алифбо қироат тўғри бўлишининг шарти ҳисобланган мад, ғунна, тафхим, тарқиқ каби қироат ва тажвид қоидаларини ҳам ифодалаши керак. Шунингдек, тиловат мобайнида вақф ва васл яъни тўхташ ва қўшиш қоидаларини аниқлаш учун ҳам яна алоҳида белгилар таъйин қилиш лозим. Буларни араб алифбосидан бошқа алифбода кўрсатиш жуда ҳам мушкул. Хусусан лотин, кирилл ва шунга ўхшаш алифболарда бунинг умуман иложи йўқ, чунки уларда ёзилганда бир бутун сўзни бўлишга, бўлинган сўзларни қўшиб юборишга тўғри келади.
Агар бу талабларни бир иложини қилиб қондириш мумкин, деб фараз қинганда ҳам уларни ўргатиш учун бир неча саҳифани истилоҳларни тушунтириш учун ажратиш керак. Энди ўша бир неча саҳифани ўзлаштиришга сарфланган вақт ва ҳаракат араб ҳарфларини ўрганишга йўналтирилса, унданда мукаммал савод чиқиши турган гап. Шу боис, Қуръонни фақат араб ҳарфида ёзиш ва ўрганиш ҳар томонлама энг тўғри йўл. Зотан, Қуръон араб тилида нозил бўлган.
- Қуръон қироат қилмоқчи бўган киши ўқигани Қуръон ҳисобланиши ва у билан савоб касб этиши учун уни имкони борича Аллоҳ нозил қилган кайфиятда, арабий талаффузда ўқиши лозим. Аммо кимики уни тажвидини бузиб, ўз тилидаги товушлар билан билганича ўқиса, ўқигани Қуръон бўлмайди. Бинобарин, Қуръонни бошқа алифбода ёзиб, уни одамлар орасида Қуръон деб тарқатиш кишиларни овора қилишдан бошқа нарса эмас. Чунки уни ўқиган инсон Қуръон ўқиган ҳисобланмайди. Шу боис, бошқа алифбодан фойдаланиш биринчи босқичда араб ҳарфларини ўрганиш учун ярашлиги мумкин, холос.
- Қуръони Каримнинг Илоҳий Китоб эканлиги, инсонлар унинг олдида ожиз экани ва ундаги ҳар бир сўз, ҳар бир ҳарф буюк илм асосида келтирилганлиги ўзининг илмий тасдиқини топган улкан ҳақийқатдир. Бинобарин, унга инсон ижоди дахл қилмаслиги лозим.
- Ҳар бир тилнинг балоғат ва имкониятларини фақатгина унинг ўз алфбоси ёрдамида тўлиқ ифодалаш мумкин. Қуръоннинг балоғати, назм ва тартибидаги мўжизавийлиги ҳам араб ёзувида тўла акс этади, бошқа алифболар унинг ушбу хусусиятини ифодалашга ҳам ожизлик қилади. Қуръонга бундай халал етказиш ҳеч қачон ҳалол бўлмайди.
- Уламолар Қуръони Каримни хато ўқилишига сабаб бўлиши эҳтимолини эътиборга олиб мусҳафни ёзишда «шикаста» ва «риқоий» каби айрим араб хат турларини қўллашдан ҳам қайтарганлар.
- Агар ҳар бир халқ Қуръонни ўз алифбосида ёзадиган бўлса, дунёда ўнлаб, балки юзлаб хилма-хил Қуръонлар пайдо бўлади: русча, ўзбекча, инглизча, хитойча ва ҳ.к. Бунда Қуръонга бирор ҳарф қўшилиши ёки ундан бирор нарса камайиши табиий ҳолга айланиб қолади. Натижада Қуръоннинг лафзлари ўзгаради ва маъносига халал етади. Бориб-бориб бир неча хил Қуръонлар вужудга келади. Вақт ўтиши билан мусулмон бўлган икки халқ бир-бирининг Қуръонини танимай қолади. Бу билан Ислом душманлари Қуръонга таъна тоши отишларига, фитначилар турли шубҳалар тарқатишларига ва мусулмонларга нисбатан ишончсизлик юзага чиқишига эшик очилади. Қуръони Карим бизларга ўтган умматларнинг ўз муқаддас китобларини ўзгартирганликларини ва бу уларни куфрга олиб борганини бир неча оятларида ҳикоя қилган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли китобларга эргашиб кетишдан огоҳлантирганлар. Уламоларимиз Қуръоннинг бирор ҳарфини қасддан ўзгартириш кофирлик эканига иттифоқ қилганлар. Чунки бу – Аллоҳнинг каломи бўлмаган нарсани У зотга нисбат бериш ёки унинг акси ҳисобланади.
- Мусулмонлар азалдан ўз динларини, маънавий меросларини ўрганиш учун араб тилини ўрганишга, лоақал араб ҳарфларини ўзлаштиришга катта эътибор берганлар. Қорилар Қуръонни мусҳафдан ёд олганлар. Шу боис, агар Қуръоннинг бирор ҳарфига ўзгратириш киритилгудек бўлса, уни Ислом уммати баралла эълон қилиб, фош қилган. Агар Қуръонни ҳар ким ўз алифбосида ёзадиган бўлса, унда бирор ўзгариш бор ё йўқлигини билиш, уни назорат қилиб туриш мушкул бўлиб қолади. Бунинг оқибати эса маълум.
- Барча алифболар ўзгарувчан бўлади. Бу нарса замон ўтиши билан бир даврнинг Қуръони билан иккинчи даврнинг Қуръони турлича бўлишини тақоза қилади. Бунда хатнинг ўзгариши баҳонасида Қуръонга бирор халал етса биров ажрата олмай қолади.
- Агар араб ҳарфини танимаган кишиларга оятларни ўзлари билган ҳарфларда ёзиб берилса, улар Қуръонни ўша асосда ўқийверсалар, ҳеч қачон уларнинг талаффузлари росланиб, тўғри ўқиб кетишлари умид қилинмайди. Балки улар Қуръонни тўғри ўқишлари учун албатта араб ҳарфларини ўрганишлари лозим. Айрим рухсат берганлар ҳам янги мусулмон бўлган кишилар учун устоз топиб, араб ҳарфларини ўргангунларича бўлган қисқа муддат ичида намозлик сураларни ўрганиб туришларини назарда тутганлар, холос. Аммо бизнинг диёримиз каби аҳолиси қадимдан мусулмон бўлган юртларда бу нарсага ҳожат йўқ.
- Араб ҳарфларини ўрганиш қийин иш эмас. Ахир кишилар иш ўрганиш, маълум йил тирикчилик қилиш, бошқа халқларнинг адабиётларини ўрганиш ва бошқа мақсадлар учун ҳам турли тил ва ҳарфларни ўрганадилар. Бу рўйхатда мусулмонлар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлгач, қандай қилиб мусулмон кишининг ўз Парвардигорининг Каломи ва динининг асоси бўлган Қуръонини лоақал тўғри ўқишни ўрганиши мушкул иш бўлади? Нима учун мусулмон киши ўз динига, Муқаддас Китобига ҳеч бўлмаса бошқа нарсаларга эътибор берганчалик эътибор бермайди, уни бузиб ўқиш учун йўл ахтаради? Албатта бу – Аллоҳга ва Қуръонга иймони, муҳаббати бор кишига муносиб ҳолат эмас. Бу ҳақиқатни аждодларимиз яхши англаганлар, шу боис, улар Қуръон илмида ва араб тилида айрим араблардан ҳам ўтиб кетганлар, уларга устоз бўлганлар, Исломга ва Қуръонга катта хизматлар қилганлар.
(Давоми бор)
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид