1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳудҳуднинг ибрати ёхуд тақдирнинг олдида кўз кўр бўлади

20:00 / 02.11.2021 5221 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўрашди:

«Нега Сулаймон алайҳиссалом қушлар орасидан Ҳудҳудни қидирдилар?»

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар:

«Чунки Сулаймон алайҳиссалом бир манзилга бориб сувнинг қаердалигини билмасалар Ҳудҳуд ер остидаги сувнинг жойини у кишига айтиб берар эди».

Кишилар сўрашди:

- Нега унда ер остидаги сувни кўрадиган Ҳудҳуд ер устига тузоқ қўйилиб, усти тупроқ билан кўмиб қўйилса уни кўрмасдан тузоққа тушади?

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар:

«Қадар воқе бўлса кўз кўр бўлади».

Сулаймон алайҳиссалом бутун ер юзида подшоҳ эдилар. Инсонларга ҳам, жинларга ҳам ҳукмронлик қилганлар. У киши қушлар ва ҳашаротлар билан сўзлашар эдилар. Шамол у кишига бўйсунар эди. Буларнинг барини Аллоҳ у кишига берган эди. Аммо Аллоҳ у кишини Ҳудҳудга муҳтож қилиб қўйди. Агар сув чиқармоқчи бўлсалар ер остидаги сувнинг ўрнини Ҳудҳуддан сўрар эдилар. Ҳудҳуд у кишига қаерда сув борлигини айтиб берар эди.

Мана шу ер остидаги сувни кўрадиган Ҳудҳудга битта кичкина болача тузоқ қўйиб, устини тупроқ билан кўмиб қўйса уни кўрмас эди. Зеро, тақдирнинг олдида кўз кўр бўладида.

Ана шу Ҳудҳуд Ямандалигида Билқис ва унинг қавмини Аллоҳни қўйиб қуёшга сажда қилаётганини кўрди. Сулаймон алайҳиссалом Шомда эдилар. Яман билан Шом ўртасидаги масофа 2000 км атрофида. Ана шунча масофани Ҳудҳуд Аллоҳ йўлида тўрт марта босиб ўтди:

1. Кузатиш учун борди.

2. Сулаймон алайҳиссаломга хабар олиб келди.

3. Сулаймон алайҳиссаломнинг мактубларини Билқисга олиб борди.

4. Қайтиб келди.

Ҳудҳуд оддий қуш, Аллоҳ йўлида саккиз минг км йўл босибди. Ўзимиздан сўрадикми, Аллоҳ учун қанча йўл босдик?!

Билқиснинг катта тахти бор эди, ҳайбатли саройи бор эди, бепоён мулки бор эди, ривожланган цивилизацияси бор эди. Ҳудҳуд буларнинг барини кўзи билан кўрган эди. У Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳузурларига қайтганида булар ҳақида гапнинг орасида бирров айтиб ўтиб кетган бўлсада, аммо гапининг гавҳари ва мағзи уларнинг тавҳидни тарк қилгани, қуёшга сиғинаётгани ҳақида бўлди.

Агар биздан бирортамиз ғарб давлатларига сафар қилсак борми, ихтиролар соҳиби бўлмиш ғарбликларни ихтироларини, ривожланганини мақтаб тавҳидда турган ўз халқидан нафратланиб, қолоқлигидан хижолат бўлиб қайтади.

Иймон барча нарсадан устун туради. Инсоннинг ҳақиқий ўрни унинг Аллоҳга яқинлиги ёки узоқлигига қараб белгиланади.

Бу ҳақда албатта Ҳудҳуднинг ибрати бизга етарлидир!

Ҳудҳуд покизаликни севадиган қуш бўлиб, у турли заҳарли кимёвий газлар ва моддалардан ҳоли бўлган ҳудудларда яшашни ёқтиради. У хавфни сезса, бошидаги тожини тикка қилиб, омонлик пайтида тожини тушириб олади. Агар ўзига ёки болаларига нисбатан душман хавфини сезса, думи остиги безлардан қора рангли бадбўй суюқлик чиқаради. Аллоҳ таоло уни ўткир кўриш қуввати билан жиҳозлаган. У сувни узоқдан кўради. Араблар кўзи ўткир одамларни «Унинг кўзи ҳудҳудникидан ҳам ўткир» деб айтадилар.

Кейинги ўрганишлардан маълум бўлишича, ҳудҳуд почтачилик хизматини маҳоратли бажариб, мактубни керакли манзилга етказишда кабутарлардан кўра аниқ ва тезкорроқ экан.

Аллоҳ таоло бу жонзотни ана шундай имконият ва хусусиятлар билан яратган. Булар бизга маълум бўлгани. Маълум бўлмаганлари жуда ҳам кўпдир.

Интернет манбалари асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Зикр шайтонни қувади ва савалайди. 2. Зикр Аллоҳ таолони рози қилади. 3. Зикр ғамандуҳларни кетказади. 4. Зикр шодлик ва сурурни жалб қилади. 5. Зикр қалб ва баданни давоми...

1354 13:02 / 02 декабрь
Бир киши шайхнинг ҳузурига бориб .Эй шайх, нега мен доим яхшилик қилиб юрадиган кишилардан ўзимга нисбатан ёлғон ва хиёнатни кўраман,, деб сўради. Шайх саволга давоми...

2097 16:00 / 05.01.2023
АҚШнинг фазовий тадқиқот билан шуғулланувчи агентлиги бўлмиш НАСА сайёрамизнинг ва ойнинг ноёб расмини эълон қилди. Сайёрамизни Сатурн ва унинг ҳалқалари ёнида давоми...

2247 09:00 / 26.06.2021
Бундан олти йил аввал, 2015 йил, 10 март куни етук аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганлар.Шу давоми...

2985 22:26 / 09.03.2021