1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Намозга айтилган азонни эшитасизми?

17:50 / 31.10.2021 4369 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кўзи ожиз одам келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг масжидга етаклаб олиб келадиган одамим йўқ, уйимда намоз ўқийверайми?» деди. 

У зот унга рухсат бердилар. У орқага қайтиб кетаётганида чақириб: 

«Намозга айтилган азонни эшитасанми?» дедилар. 

«Ҳа», деди. 

«Ундай бўлса, жавоб бер», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги зикри келган кўзи ожиз одам Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу бўлганлар. У кишининг уйлари масжиддан узоқ ва уни етаклаб келадиган одами йўқ эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жамоатга келмай, уйда намоз ўқишга рухсат сўраганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига аввал изн бериб, кейин «Намозга айтилган азонни эшитасанми?» деб сўраганлар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум «Ҳа», деб жавоб қилганларида, ундай бўлса, жамоатга кел, деб рухсатни бекор қилганлар.

Уйи узоқ, кўзи ожиз, етакловчиси йўқ одамга жамоат намозидан қолишга изн бўлмаганидан кейин, бошқалар ўзлари билиб олаверсалар бўлади.

Қадимги мусулмонлар бу масалада жуда ҳам ҳушёр турганлар, жамоат намозидан ҳеч қолмасликка ҳаракат қилганлар.

Имом Муслим келтирган ривоятда машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: 

«Ким эртага Аллоҳ таолога мусулмон ҳолида рўпара қилинишидан хурсанд бўлишни истаса, ана ўша намозларини азон айтилган жойда адо этсин. Аллоҳ Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳидоят суннатларини шариат қилиб берди. Албатта, ана ўшалар (жумладан, жамоат намози ҳам) ҳидоят суннатларидандир. Агар сиз мана бу кейин қолганга ўхшаб, уйингизда намоз ўқисангиз, Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилсангиз, залолатга кетган бўласиз. Бизнинг ичимизда фақат нифоқи очиқ-ойдин бўлган мунофиқгина жамоат намозидан қолишини кўрганман. Баъзи кишиларни икки киши кўтариб келиб, сафга турғазиб қўяр эдилар».

Имом Бухорий келтирган ривоятда Имом Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: 

«Кимни ота-онасидан бири унга шафқат этиб, жамоатдан ман қилса, гапига кирмасин», дейдилар.

Ушбу далиллардан келиб чиқиб, Ҳанбалий мазҳаби уламолари «Жамоат намози фарзи айндир», деганлар.

Моликий, Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари «Жамоат намозлари суннати муаккададир», деганлар. Улар ўз ижтиҳодларига жамоатнинг афзаллиги ҳақидаги ҳадисларни далил қиладилар ва ушбу шиддатли ҳадислар тарғиб учун айтилган, дейдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . .Анас розияллоҳу анҳу .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эскириб қолган хурмо келтирилди. Бас, у зот уни текшириб, ундан қуртни чиқара бошладилар,, давоми...

640 12:20 / 29 октябрь
. . . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачон бирингиз таом еса, товоқнинг уст томонидан давоми...

604 09:08 / 13 август
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйларидан бирига давоми...

3366 14:30 / 04.04.2021
. . Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча уйғонганларида .Субҳаналлоҳ, бу кеча қайси давоми...

2340 11:00 / 13.03.2023
Аудиолар

213033 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132253 14:35 / 11.08.2021