1446 йил 4 зулқаъда | 2025 йил 01 май, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Умарали эшон – Нақшбандия тариқатининг олим ва мударриси (биринчи мақола)

09:00 / 11.10.2021 1879 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақола Учкўприк тумани, Яккатут қишлоғида жойлашган Умарали эшон мақбарасининг тарихини ёритишга бағишланган бўлиб, унда нақшбандия тариқатининг раҳнамоларидан бири Умарали эшон Абу Бакр ўғлининг ҳаёти ва мураббийлик фаолияти илк марта тадқиқ қилинган.

Ҳаётлари

Биз ушбу мақолада XIX асрнинг иккинчи ярми, XX асрнинг 20-йилларида яшаб ўтган қўқонлик нақшбандия тариқатининг пир-муршидларидан бири Умарали Эшон ҳаёти ва фаолияти тўғрисида дастлабки маълумотларни беришга журъат қилдик.

Ўз замонасининг муршиди бўлган Ҳазрат Умарали Эшоннинг мақбаралари Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги Яккатут қишлоғида жойлашган. Нақшбандия тариқатининг пири комили, олим ва мударриси сифатида танилган Умарали Эшон ибн Абубакр тахминан 1830 йили Қўқон шаҳрининг Дегрезлик мавзесига қарашли Яланғоч ота маҳалласида таваллуд топди. Отаси Абубакр Эшон асли хўжандлик бўлиб, йигитлик чоғларида Қўқонга келиб, «Халфа домла», «Хаким ҳалифа» номлари билан машҳур бўлган Муҳаммад Ҳаким ибн Баҳоуддин Эшон Ҳазратлари (1815-1896) билан бир мадрасада илм таҳсил қилганлар ва у кишининг сингиллари билан турмуш қурганлар. Мана шу никоҳдан Умарали эшон дунёга келганлар.

Умарали болалигидан ғоят зийрак, илмга салоҳиятли ва хушрўй эди. Буни сезган отаси фарзандининг тарбияси ва таълим олишига қаттиқ эътибор берган. Умарали 6 ёшга тўлганида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган ҳофизи Қуръон бўлган. 7 ёшга кирганларида масжид хонақоҳида Хатми Қуръонга имомликка ўта бошлаган. У дастлабки диний таълимни отаси Абубакр Эшондан олади. Сўнгра Қўқон шаҳридаги «Мадрасаи Мир» ва «Абдужалил халифа» мадрасаларида таҳсилни давом этиради. У ерда араб, форс ва туркий тилларнинг сарф ва наҳвини мукаммал эгаллайди. Бу мадрасаларда толиби илмлар диний ва дунёвий илм олиш билан биргаликда тариқат кўрсатмалари ва ундаги йўналишлар борасида ҳам билим олишар эди. Умарали Эшон мадрасалардаги таҳсилни тамомлагач, ўз ҳаётини тасаввуфга бахш этади ва Марказий Осиёда машҳур бўлган Сўфи Бадал Эшон ва Абдулҳаким Эшон даргоҳларига боради. У ерда шариат ва тариқат илмларини ўрганиб, илму ирфонда камолга етади.

Сўфи Бадал ва Абдулҳаким Эшон ҳазратлари Умаралига «Халифа» унвонини бериб, иршоднома (йўл– йўриқнома, диплом, йўлланма) битиб берадилар. Иршодномада “Қашқар қишлоқлик Умаралига” ёзилганлигининг сабаби айни иршод берилган пайтларда у киши шу номли қишлоқда яшар эдилар. (Қашқар қишлоқ ёки Қурбонқашқар Учкўприк туманида жойлашган). Умарали эшон бир мунча муддат оталарининг хонақоҳларида яшаб, одамларни ҳақ йўлга солиш, шогирд – мурид тарбиялаш билан шуғулланади.

Муршидлик мақомлари

Тарихий манбаларга кўра, 1850 йилларда Қўқон хонлигида қипчоқ аҳолиси билан маҳаллий аҳоли ўртасида фитна пайдо бўлиб, шу жумладан, уламолар, тасаввуф вакиллари ҳам қипчоқ фитнасига қарши чиқадилар.

1852 йили мингбоши вазифасида турган қипчоқ элатига мансуб Мулла Холбек бунга жавобан, баъзи уламо ва суфийларни пойтахтдан узоқлаштиради. Шу тариқа Умарали Эшон ҳам дастлаб «Қашқар» қишлоғига кейин эса «Яккатут» қишлоғига кўчиб ўтишга мажбур бўлади. Куёвлари Дадахон Маҳдум шундай хотирлайди:

«Мулла Умарали Охунд (қайноталари) етук олим ва фозил инсон бўлганлар, шогирдларидан бир неча муфти, қози ва олимлар чиққан. Улар абул маъоний Мавлоно Собитхон тўра ибн Файзхон ва Дадахон қори Суҳайлий Намангонийлардир».

Дадахон қори Суҳайлий ўз устозининг вафотига атаб марсия ёзган. Қуйида мазкур марсиядан энг муҳим жиҳатларини келтириб ўтамиз.

Офтоби шариати набавий,

Дину миллатни бадри табони.

Қутби зуҳҳоду ашрафи уламо,

Домла Умар охунди Намангоний.

Соф дил, покрў, салиму-т-табъ,

Соҳиби фазлу жуду эҳсони.

Зикри авроди, ҳар ибодати

Эрди элдин ҳамиша пинҳоний.

Хосу ом ичра хўб эди машҳур,

Гарчи қилган билан ўзин фоний.

Шарифу лутфу файзи суҳбатидан,

Баҳраёб эрди кўп мусулмони.

Ушбу мисраларда Умарали эшоннинг инсоний фазилатлари, софдил, тақволи, ибодатли, илм–маърифатли инсон бўлганликлари эҳтирос билан баён қилинган. У Машраб, Сўфи Оллоёр, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Навоий ва Фузулийларнинг асарларини яъни, шеру ғазал ва рубоийлари ҳамда қитъа, ҳикматларини диққат билан ўрганганини унинг мутолаа қилган китобларидан билишимиз мумкин.

(Давоми бор)

Акрам Шарипов, мустақил илмий тадқиқотчи.

Чиноз тумани, Олмазор қўрғони

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мавлоно Абдулваҳҳоб қори домла 1888 йил, Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси, Ҳожа Амин маҳалласи ҳозирги .Кўзагарлик, кўчасида таваллуд топди. Қиблагоҳи Абулқосим давоми...

2648 14:00 / 30.07.2022
Бир толиби илм камолотга эришишида ўнлаб, юзлаб устозларнинг меҳнати синади. Уларнинг иршодлари, меҳнатмашаққатлари ва дуолари натижасида талаба илмда юксалади. давоми...

1842 13:40 / 11.09.2024
Усома Азҳарий 1976 йил, 16 июлда Миср Араб Республикасининг Искандарийя шаҳрида дунёга келган. Президент қарори билан Усома Азҳарий 2014 йилдан бери Миср Араб давоми...

988 10:33 / 16.08.2024
Мулла Абдулқодир қори 1888 йил Тожикистоннинг Ўратепа шаҳрида таваллуд топди. Эндигина уч ёшга тўлган вақтда, ҳазрат Абдулқодирнинг отаонаси Наманган шаҳри давоми...

2271 12:44 / 11.01.2023
Аудиолар

154118 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

8773 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

73436 14:35 / 11.08.2021