1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тарих билан юзма-юз

19:40 / 06.09.2021 1367 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қоҳиранинг кўпгина қадимий ёдгорликлари, осори-атиқалари шаҳар четидаги «Мадинатул-қубур», яъни «Қабрлар шаҳри» деган мавзеда жойлашган. Бу жойнинг яна бир номи Дувайқа ҳам дейилади. Мисрга келган сайёҳларни бу ўлка тарихида муносиб из қолдирган икки буюк шахс: улуғ саркарда Салоҳиддин Айюбий ва Миср султони Муҳаммад Алий номлари билан боғлиқ обидалар кўпроқ қизиқтириши табиий.

 Қоҳираликлар «Тоғдаги қалъа» деб атайдиган Салоҳиддин қалъа-қўрғони (цитадели) пойтахтнинг энг муҳташам иншоотларидан саналади. Ўн саккиз гектар ерни эгаллаган бу қалъа Исломнинг улуғ саркардаси, Қуддуси шариф фотиҳи султон Салоҳиддин Айюбийнинг фармони билан барпо этилган. Асли исми Юсуф ибн Айюб бўлган, Салоҳиддин Айюбий номи билан дунёда танилган султон Миср, Сурия, Яманни етмиш беш йил (1174–1249) идора қилган айюбийлар сулоласининг асосчисидир. Ислом олами уни Байтул-Мақдис (Қуддуси шариф)нинг иккинчи фотиҳи сифатида яхши танийди. Жасур, адолатпарвар саркарда, салибчиларга қарши курашда ном чиқарган ҳукмдор йигирма икки йиллик ҳукмронлик даврида Мисрда ҳокимиятни марказлаштириш, салибчиларни тор-мор қилиш ва Шомни эгаллашга муваффақ бўлди. У Ислом оламини бирлаштиришга эришди. Унинг насроний салибчиларга қақшатқич зарба берганига қарамай, олижаноблиги, адолати, сулҳ ва келишувларга хайрихоҳлиги учун Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам баравар ҳурмат қилишган.

Атрофи баланд девор билан ўралган кўпбурчакли бу қўрғон 1176 ва 1207 йиллари меъмор Қорақуш раҳбарлигида Муқаттам тоғи тизмаларида барпо қилинган. Аввалда қалъадан Нилга қараб Қоҳирани ўраб олувчи баланд девор қуриш режаланган, кейинчалик бу фикрдан воз кечилди. Қалъанинг ўрнида қадимий Юсуф алайҳиссалом девори бўлган. Меъмор шу деворни кавлатиб, қўрғон ичига қўшдириб юборган. Миср ёзувчиларининг айтишича, қурилишга ҳатто Жизадаги эҳромлардан келтирилган палахса тошлар ҳам ишлатилган экан. Энг қизиғи, насроний салибчиларнинг ҳужумидан ҳимояланиш учун тикланган бу қўрғоннинг қурилишида султон асосан асир тушган салибчилар меҳнатидан фойдаланган экан. Бундан ҳам қизиғи, қўрғон ичига тоза сув йўли (водопровод) тортиб келинган, бу сув йўлидан ҳатто яқин-яқингача фойдаланилар эди. Қўрғонда султон ва унинг оиласи, аъёнлар, саркардаларнинг қароргоҳи, аскарлар учун казарма, омбор ва масжидлар жойлашган, қалъадагилар худди турфа гул каби бир-биридан гўзал ва кўркам саройларда яшашган. Салоҳиддиннинг шахсий котиби Ибн Шаддод ёзиб қолдирган хотираларга кўра, қўрғон ичида оврупаликларнинг ҳатто тушига ҳам кирмаган муҳташам шифохона бўлган. Бу ерда дунёнинг турли ўлкаларидан таклиф қилинган мусулмон табиблар беморларга олий даражада хизмат кўрсатишган, таом ва дори-дармон эса бепул берилган.

Салоҳиддин Айюбий қўрғони улуғ саркарданинг муҳташам шавкатидан хотира сифатида ҳозиргача сақланиб келяпти. Ислом уммати учун улкан хизматлар қилган саркарда ва фотиҳ қурдирган бу ҳашаматли иншоот унинг шоҳона яшаб ўтганини англатмайди. У қудратли салтанатнинг ҳукмдори бўлган эса-да, дунёга кўнгил қўймади. У ўзи кўп қайтарадиган «Шундай одамлар борки, улар учун пул қум каби қадрсиздир» деган қоидага муносиб яшади, вафот этганида фарзандларига ундан битта олтин ёмби ва қирқ етти дирҳам пул мерос қолган эди.

Қоҳиранинг шуҳратини дунёга ёйган обидалардан яна бири султон Муҳаммад Алий қурдирган муҳташам жомеъ масжидидир. Муҳаммад Алий масжиди девори алебастр плиталар билан кўтарилгани учун «Алебастрли масжид» деган ном билан танилган. Масжид асли турк бўлган юнонистонлик меъмор Юсуф Бошна лойиҳасига асосан 1830–1848 йиллар орасида Истанбулдаги Аё-София ибодатхонасига ўхшатиб тикланган. Масжидга кираркансиз, унинг ҳашаматидан, гўзаллигидан ақл шошиб қолади. Масжид минораларининг баландлиги 84 метр, хонақоҳи эса ҳамма томони қирқ метрли тўртбурчак шаклда, шифтни диаметри 21 метр, баландлиги 52 метрли гумбаз безаб турибди.

Хонақоҳга солинган қизил гиламнинг чиройидан кўз қамашади. Узун занжирларга осилган биллур қандил ва чироқлар шодаси пастлигидан бошингизга тегай дейди. Улар худди устингизда осилиб турган юлдузларни эслатиб юборади. Олтин суви юритилган беқиёс шифтга қараб, худди тунги зумрад осмонни кўргандай бўласиз. Султон Муҳаммад Алийнинг мақбараси ҳам масжид ичида. Француз қироли Луи Филипп Парижнинг машҳур осори-атиқасини французларга қайтариб бергани учун султон Муҳаммад Алийга бир соат ҳадя қилган эди. Ўша соат ўрнатилган минора масжид ҳовлисида, фавворанинг кунботар томонида жойлашган.

Султон Муҳаммад Алийнинг ҳаёт йўли ҳам масжиди тарихи каби жуда қизиқарли. У Македонияда албанлар оиласида туғилган. Аммо унинг камоли ва салоҳияти Мисрда бор бўйи билан намоён бўлди. Шу ерда у ҳарбий саркарда ва ҳукмдор бўлиб етишди, пошо даражасига эришди. У ёшлигида таҳсил олмаган саводсиз киши бўлса-да (қирқ ёшидагина ўқиш-ёзишни ўрганган), саркарда ва узоқни кўра билувчи ҳукмдор сифатида унга тенглашадигани бўлмаган. У Салоҳиддин Айюбийнинг беваси Шажаруд-дур хонимнинг ҳукмронлиги пайтида ҳаддидан ошиб, мамлакатни эгаллаб олган мамлукларга (собиқ қулларга) қарши шафқатсиз кураш олиб борди. У 1811 йили мамлукларнинг беш юзга яқин вакилини ўз қўрғони ичидаги Извошлар музейи биносига таклиф қилиб, уларга атаб зиёфат уюштирди. Сертакаллуф мезбон сифатида уларни ҳурмат билан кутиб олиб, шоҳона зиёфат билан сийлади. Сўнг бирин-кетин душманларини ўлдириб, жасадларини хилхонасига дафн эттирди ва бу иши билан Мисрни мамлуклар хуружидан халос этди.

Масжид яқинидаги яна бир ёдгорлик – «Юсуф алайҳиссалом қудуғи» сайёҳларнинг севимли жойларидан бўлиб, унинг атрофидан одам аримайди. Зиёратчилар қудуқ чуқурлигини аниқлаш учун унинг тубига қараб қичқиришади, тош ташлаб кўришади. Йўлбошловчиларнинг айтишича, чорқирра усулда бурамасимон қилиб кавланган қудуқнинг чуқурлиги 88 метр, сатҳи Нил дарёсининг энг қуйи қисми билан тенг экан. Ривоятларга кўра, Юсуф қудуғи ўша пайғамбар замонида кавланган эса-да, кейинчалик беркилиб кетган экан. Султон Салоҳиддин салибчи асирларга уни кавлатиб, қудуқ кўзини очтирган экан.

Аҳмад Муҳаммад

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугун ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради.Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Тоҳир Малик Ҳобилов Тоҳир 2019 йил 16 май куни 73 ёшида вафот этди.Шу давоми...

2361 09:40 / 16.05.2019
Жаҳаннам дарвозаларининг номлари Аллоҳ барчамизни ундан асрасинБиринчи дарвоза Жаҳаннам.Иккинчи дарвоза Саъийр.Учинчи дарвоза Лазо.Тўртинчи дарвоза давоми...

7588 08:00 / 07.04.2019
Қуръонда пайғамбарлар дуолари давоми Қуръонда Юнус алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган.Албатта, Юнус ҳам юборилган Пайғамбарлардандир. Ўшанда у тўлган кемага давоми...

3328 12:40 / 18.04.2019
Ҳар қандай инсон ва жамият ҳаётидаги муаммоларнинг асоси бу диний ҳақиқатларни билмаслик ва уларга амал қилмасликдандир. Ўз динини билмаслик ва унга амал давоми...

2489 09:10 / 26.09.2019