1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Тенги чиқса, текинга бер!

05:00 / 07.03.2017 4511 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

“Тенги чиқса, текинга бер!” Ушбу халқ мақолидан қуйидаги маъноларни тушунишимиз керак.

Биринчидан, бу тавсия қиз боққанларгадир. Чунки одатда қиз бола турмушга берилади.

Иккинчидан, қиз боланинг тенги чиқса, бериш керак. Тенги бўлмаганларга эса узатмаслик лозим.

Учинчидан, одатда турмуш қуриш учун ташаббус йигит тарафидан бўлади. Мазкур мақолда эса ташаббус қиз тарафидан бўлиши ҳам мумкинлиги маълум бўлади (яъни қиз тараф ўзларига муносиб бўлган оила билан қуда-анда бўлишлик мақсадлари бор эканлигини изҳор этиши, бу борада ўртага вакил қўйиб бўлса ҳам, ташаббус кўрсатиши мумкин ва бунинг ҳеч қандай айбли жойи йўқ).

Тўртинчидан, “текинга бер” деган жумладан, демак, қиз болани турмушга беришда куёв тарафдан бир қанча молиявий-мажбурий тўловлар борлиги келиб чиқади.

1) Маҳр. Яъни шариатимиз қиз болага катта миқдорда маҳр беришга буюрилган. Унинг энг оз миқдори ўн дирҳам, кўпининг эса чегараси йўқ.

2) Никоҳ валимаси харажатлари.

3) Келиннинг нафақаси.

4) Бошпана билан таъминлаш.

Булардан ташқари, келиннинг кўнглини овлаш учун куёв тарафдан бериладиган қанчадан-қанча совға-саломлар, ҳадя ва сарполарнинг ҳаммасидан воз кечиб бўлса ҳам, ҳаттоки келиннинг отаси ўз ёнидан харажат қилиб бўлса ҳам, қизини тенги чиққан жойга узатишидир. Албатта, мазкур мақолнинг остида жуда ҳам катта ҳикмат ва баракалар бор. Ўтмишда ушбу кўрсатмаларга амал қилароқ қурилган оилаларнинг барчаси бахтли-саодатли бўлиб, фаровон турмуш кечириб, тинч ва осойишталикда умр гузаронлик қилганлар.

Таассуфки, охирги даврларда мазкур мақолнинг ҳеч қандай аҳамияти қолмади. Ёки мақолнинг маъносини халқимиз тушунмаганлиги туфайли суиистеъмол қилишни бошлади. Масалан, “тенги” деганда биринчи мезон мол-дунё, гўзаллик, насл-насаб ва яна қандайдир дунёвий ғаразлар тушуниладиган бўлди. Бу қўштирноқ ичидаги тенгликнинг натижаси эса қандай бўлаётганлиги ҳаммамизга маълум.

Куёв тараф ҳам мазкур мақолдан ўзларининг фойдаси учун унумли фойдаланяпти. Яъни келин тарафга: «Халқимизда “Тенги чиқса, текинга бер!” деган мақол бор. Бу дегани куёв тарафнинг зиммасига ҳеч қандай харажатларни юкламасдан қизингни текинга бер, дегани-да», деб секин сўз бошлайди.  

“Энди, қуда, буёғи ўзингизга ҳавола, ошга неча киши бўлиб келайлик? Ва у ерда неча кишига сарпо кийдирасизлар? Сизларга ҳиммат кўрсатиб, шундай ўғлимизни қизларингизга уйлантиряпмиз. Бунинг учун неча хона уйни жиҳозлар билан тўлдириб берасизлар? Албатта, жиҳозлар оддий бўлмаслиги керак. Ундан ташқари, яна қандай харажатлар бўлса, ўзларингизнинг ҳимматларингиз…” деб барча сарфларни “текин”га келаётган келин тарафга юклаб қўйишяпти.

Демак, кўпгина исломий тавсия ва тушунчалар нотўғри тушунилаётганидек, бу борада ҳам ана шундай иллат такрорланяпти. Аслида эса мазкур мақолнинг ҳаётдаги татбиқини қуйидаги улуғларимизнинг қилган иш-тадбирларидан билиб олсак бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Ҳафса Хунайс ибн Ҳузафа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадинада вафот этган эди. Бас, Умар айтди: «Ҳафсани Усмонга тақдим қилдим. У бу ишга бир назар солай, деди. Бир неча кеча кутдим. Сўнг у менга учрашиб, ҳозирги кунда уйланмай турганим маъқулга ўхшайди, деди.

Абу Бакр Сиддиққа учрадим ва агар хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман, дедим. Абу Бакр индамади. Ўшанда ундан Усмондан аччиғим чиққанидан кўра кўпроқ аччиғим чиқди. Бир неча кун турганимдан сўнг унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр менга учраб: «Эҳтимол, Ҳафсани менга тақдим қилганингда ва мен сенга жавоб бермаганимда аччиғинг чиққан бўлса керак?» деди. «Ҳа», дедим. «Менинг сенга жавоб беришимдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни зикр қилганларини эшитганим ман қилди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилишим мумкин эмас эди. Агар у зот тарк қилсалар, қабул қилишим мумкин эди», деди Абу Бакр» (Имом Бухорий ривоятлари).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек хассос инсон бева қолган қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳога кўнгилдагидек умр йўлдоши ахтаришга ҳаракат қилганлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Баъзи кишилар бу ишни уят, ор ҳисоблайдилар. «Қизи бор одам ўз қизини бировга хотинликка қандай ҳам тақдим қилиши мумкин?!» деб ўйлайдилар. Қизи бор одам совчи келган чоғда ҳам ноз қилиб туриши лозим, деган фикрда бўладилар. Бу урф-одатга боғлиқ нарса бўлиб, шариатга ҳеч тааллуқли жойи йўқдир.

Мана, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуни олиб кўрайлик. Шариатга энг қаттиқ амал қиладиган одамлардан бири, ҳасаб-насаб, ижтимоий ҳолат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлик, кишилар орасидаги ҳурмат-эътиборлари ҳавас қиларли даражада яхши. У кишининг қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳо ҳам ҳеч бир камчиликлари йўқ. Улар ноз қилиб совчи кутмай, аҳли фазл куёв ахтаришган. Ҳазрат Усмонга менинг қизимни ол, деб илтимос қилганлар. Бир неча кун ўтиб, яна қайтиб бориб сўраганлар. Охири рад жавоби олганлар. Шунинг ўзи анчагина зарба бўлиб тушиши керак эди.

Аммо Умар розияллоҳу анҳу бу билан кифояланмадилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, Ҳафсага уйланишни таклиф қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларини ғалати тутдилар: «ҳа» демадилар ҳам, «йўқ» демадилар ҳам. Индамай кетавердилар. Бу ҳолат Умар розияллоҳу анҳунинг аччиқларини чиқарди. Лекин кўп ўтмай, энг муносиб, энг яхши, энг улуғ куёв топилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланиш истагини билдирдилар ва уйландилар.

Ана шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларининг ғалати тасарруфлари сирини очдилар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланиш ниятлари борлиги ҳақидаги гапларини эшитган эканлар. Буни Умар розияллоҳу анҳуга очиқ айтиш мумкин эмас эди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий сирлари ҳисобланар эди.

Демак, валий ўз қарамоғидаги қизи, синглиси ёки бошқа аёл қариндошини аҳли фазл кишиларга айтиб, никоҳига беришга уриниши яхши иш ҳисобланади. Бу шаръий, одоб-ахлоқ доирасидаги ишдир. Ушбу ишни қилган кишига нисбатан қарши томон ҳам муносиб бўлишга уриниши лозим («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан).

Саъид ибн Мусаййиб роҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм халқасида (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан давом этиб келаётган илм ҳалқасида) дарс берар эдилар. Ўша пайтда амирал мўъминин Абулмалик ибн Марвон пойтахт бўлмиш Дамашқда турар эди. У ўз ўғлига Саъид ибн Мусаййибнинг қизини олиб бериш учун совчи қўйди. Бу ишларга эса девонхонанинг раиси Ҳишом ибн Исмоилни масъул қилди. У Саъид ибн Мусаййибнинг ҳузурларига бориб: «Амирал мўъминин ўзининг ўғли Валид ибн Абдулмаликка қизингнинг қўлини сўраяпти», деб хабар берди. Саъид ибн Мусаййиб бир оз ўйлаб турдилар-да, сўнгра: «Эй Ҳишом! Бориб амирал мўъминин Абдулмалик ибн Марвонга мен бунга рози эмаслигимни етказ», дедилар. Шунда Ҳишом: “Сен бунинг оқибати нима бўлишини яхши биласанми?!” деди. «Жуда ҳам яхши биламан. Лекин мен қизим билан биргаликда кишанланган ҳолатда қиёмат кунида жаҳаннамга киришни хоҳламайман!” дедилар Саъид ибн Мусаййиб.

Ҳишом ибн Исмоил амирал мўъминин Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳузурига қайтиб бориб, Саъид ибн Мусаййиб таклифга рад жавоби берганликларининг хабарини берди.

Саъид ибн Мусаййиб эса масжидда дарсни якунлагандан сўнг уйга қайтиб бордилар. Қизлари эса дарс қилиб ўтирар эди. Унга салом бердилар-да: “Ҳа, қизим, нима қиляпсан?” дедилар. «Қуръон ўқияпман», деб жавоб қилди қиз. «Уни тушуняпсанми?» деб сўрадилар. Қизлар эса: «Битта оятдан ташқари ҳаммасини тушуняпман.

«Роббимизбизга бу дунёда ҳам яхшиликниохиратда ҳам яхшиликни бергинва бизни дўзах олови азобидан сақлагин» (Бақара сураси, 201-оят).

Охиратдаги яхшилик жаннат эканлигини биламан. Лекин дунёдаги яхшилик нималигини билмаяпман», деди. Саъид ибн Мусаййиб: “Дунёдаги яхшилик солиҳ киши учун солиҳа жуфтдир”, дедилар. Сўнгра овқатланиш учун ўтирдилар. Қизлари эса яна Қуръон ўқишда давом этди.

Шу пайт эшик тақиллади. «Ким у?» деб сўраган эдилар, қизлари «Абдуллоҳ ибн Абу Вадода келибди», деди. «Айт, кираверсин», деб рухсат бердилар. У кириб келиб, Саъид ибн Мусаййиб билан бирга таомланди. Абдуллоҳ ибн Абу Вадода кабағал эди. Шунга қарамасдан Саъид ибн Мусаййибнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларидаги дарс ҳалқаларида қатнашар эди. Лекин кеча дарсга келмади. Шунинг учун ундан Саъид ибн Мусаййиб: «Нима учун кеча дарсга келмадинг?» деб сўрадилар. У эса: “Эй хожам, кеча рафиқам вафот этиб қолди. Унинг жаноза ва дафни билан машғул бўлиб қолдим”, деди.

– Нима учун менга хабар бермадинг, Абдуллоҳ?

– Мусулмонларнинг илм олмоқликдан маҳрум бўлиб қолишларини хоҳламадим, – деди.

–  Бирор солиҳа аёлга уйланиш ниятинг борми? – деб сўрадилар устоз.

– Эй хожам, қайси солиҳа аёл менга турмушга чиқар эди?! – деди Абдуллоҳ.

Саъид ибн Мусаййиб:

– Агар мувофиқ келса, менинг қизимни бир кўргин, – дедилар.

Сўнгра яна:

– Эй Абдуллоҳ, агар рози бўлсанг, кўчага чиқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан иккита гувоҳни келтир, ақд-никоҳга гувоҳ бўлсинлар, – дедилар.

Абдуллоҳ ўзида йўқ хурсанд бўлган ҳолатда кўчага чиқиб кетди.

Сўнгра уйланди. Ва жуфтини ўзи билан бирга олиб кетаётганида Саъид ибн Мусаййиб «Аллоҳ икковларингнинг кечаларингга барака берсин», деб дуо қилдилар.

Абдуллоҳ айтади: «Шундан кейин ниҳоятда баракали ҳаёт кечирдим. Ҳаттоки устозимдан дарс олиш учун боришимга ҳам ҳожат қолмади. Чунки рафиқам ўз отасидан барча илмни олган экан».

Мазкур ривоятлардан “тенги” деганда асосан диндорлиги, ахлоқ-одоби, илм-маърифати эътиборга олинишини билдик. Агар баъзиларнинг тушунчасида бўлганидек, тенглик мол-дунё, мансаб, гўзаллик ва яна қандайдир дунёвий ўлчамлар бўлганида эди, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу қизлари Ҳафсани ўз даврининг зодагонлари бўлмиш қанчадан-қанча бой-бадавлат кишиларга турмушга бериш учун ҳаракат қилган бўлардилар. Лекин бу танлов ҳазрат Умар розияллоҳу анҳудек одил ва тақводор кишининг танлови бўлмас эди.

Ёки Саъид ибн Мусаййиб роҳматуллоҳи алайҳнинг танловларини томоша қилинг. Кимсан, амирал мўъмининнинг ўғлига, яъни даврининг шаҳзодасига қизларини бермадилар. Балки камбағал ва муҳтож бўлган, лекин илмли, маърифатли, ахлоқли, одобли шогирдлари Абдуллоҳга узатдилар. Ва, албатта, мазкур танловлар қандай натижа бергани тарихдан ҳаммамизга маълум.

 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон одам ҳар доим иффатли, ҳаёли бўлмоғи лозим. Айниқса, муҳаббат масаласида. Масалан, бир йигит бир бегона қизни яхши кўрсаю, турли сабабларга кўра айтайлик, давоми...

3847 05:00 / 15.02.2017
164. 121. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам.Албатта, Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни халқ қилди. Уларни яратишдан фориғ бўлганида давоми...

4052 05:00 / 07.03.2017
. ,. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Отаонани йиғлатиш оққ бўлиш ва гуноҳи кабиралардандирrdquo. Имом Бухорий ривояти.Отаонани хурсанд давоми...

5228 16:16 / 16.01.2018
Хотиннинг яшаш жойини тайёрлаб бериш эрига вожиб бўлади. У бир уй бўлиб, эрнинг оиласидан ҳеч ким бўлмаслиги керак, агарчи эрнинг бошқа хотиндан бўлган боласи давоми...

3055 05:00 / 15.02.2017