1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қандай қилиб мусулмон бўлдим? (биринчи мақола)

09:00 / 18.04.2021 4131 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ат-Таржумон (каталонча Ансельмо Турмеда) (1355 – 1423) – малоркалик насроний руҳоний. Кейинчалик Исломни қабул қилади ва Тунисга кўчиб ўтади. Араб ва лотин (каталон) тилларида ижод қилган биринчи ёзувчилардан. У Тунисидаги Хафсид шаҳрида вазир бўлган ва 1423 йили Абу Фарис Абдулазиз II даврида шу ерда вафот этган. Унинг «Туҳфатул ариб фир-радди ъала аҳлис-салиб» (баъзи нусхаларда «ариб» ўрнига «лабиб» деб ёзилган) номли асари жуда машҳур. Асарнинг бош қисмида ўзи хабар берганидек, ёзувчи олдин Испаниянинг Лорида шаҳрида, сўнг Италиянинг Болония шаҳрида насронийликдан таълим олган. Кейинчалик устози епископ Никола Мартелнинг яширин тавсияси билан Тунисга келади ва Исломни қабул қилиб, исмини «Абдуллоҳ» деб ўзгартиради. Тунисда араб тилини ўрганиб, давлат идорасида таржимонлик қилган. «Туҳфатул ариб...»ни ҳижрий 823 (милодий 1420) йили ёза бошлаган. Муаллифнинг ўғли тайёрлаган асарнинг арабча хулосаси Берлин кутубхонасида турибди. Бундан ташқари, арабча аслининг бир қанча қўлёзма нусхалари турли кутубхоналарда сақланмоқда. Арабча матни ҳижрий 1290 йили Англияда босилган. Милодий 1895, 1904 да ва кейин бир неча йиллар давомида Қоҳирада ҳам нашр этилган. Асарнинг французча таржимаси кенг ўрганилган.

Маълумингиз бўлсин, мен Майорка диёриданман. Бу шаҳар денгиз бўйида икки тоғ орасидаги кичик бир водий билан ажратилган бўлиб, тижорат яхши йўлга қўйилган мамлакатдир. Иккита бандаргоҳи бор. Бу бандаргоҳларда қимматбаҳо моллар ортилган кемалар тўхтайди.

Отам Майорка аҳолисидан. Мендан бошқа фарзанди йўқ. Олти ёшга тўлганимда мени бир руҳоний муаллимга топширди. Мен бу руҳонийдан Инжилни ўргандим. Икки йил давомида Инжилнинг ярмидан кўпини ёдладим. Шундан сўнг икки йилча Инжил луғатлари ва мантиқ илмини ўрганиш билан машғул бўлдим. Кейинчалик Каталон ерларига кирувчи, насронийлар орасида илм диёри ҳисобланган Лорида шаҳрига бордим. Бу мамлакатни ўртасидан денгиз иккига ажратиб туради. Тупроқларида олтин кўп бўлса-да, харажатларини қопламагани учун олтин қазиб олинмайди. Мевага жуда бой. Деҳқонларнинг битта шафтолини тўртга бўлиб қуёшда қуритишганини, қовоқ билан сабзини қоқи қилиб, қишда сувлаб барра сабзавотдек истеъмол қилишларини кўрдим. Насронийлардан илм ўрганишни хоҳганлар бу ерга тўпланишади. Адади минг-минг беш юзтагача борадиган талабалар гуруҳига фақат уларга дарс берадиган роҳибгина аралашади ва бошқаради. Мамлакатда энг кўп ўсадиган ўсимлик сафрондир. Мен бу ерда олти йилча тиб ва нужум илмини ўқидим. Сўнгра тўрт йил давомида Инжил ва Инжил луғатларидан дарс бердим.

Кейинчалик Набунияга бордим. Бу ер жуда катта шаҳар ҳисобланади. Атрофда тош бўлмагани учун иморатлари ғиштдан қурилган. Мамлакатдаги ҳар бир ғишт қуювчининг махсус тамғаси бор. Ғиштларнинг пишиқ-пухталиги маъмурлар томонидан назорат қилинади. Биронта ғишт қуювчининг ғишти уқаланиб кетса, пули қайтариб олиниб, дарра билан жазоланади.

Ҳар йили бу шаҳарда илм олиш учун икки мингдан ошиқ талаба тўпланади. Таҳсил олаётганлар ажралиб туриши учун, хоҳ ҳукмдор бўлсин, хоҳ шаҳзода, барчалари руҳоний кийимини кийишади. Уларни ҳам фақат дарс берувчи роҳиб бошқаради. Мен бу мамлакатга келгач, Никола Мартил исми билан танилга насоролар орасида обрўйи баланд кекса бир роҳибнинг черковига жойлашдим. Бу зот насоралар орасида илм ва диндорлик жиҳатидан юксак мартаба соҳиби, замонасининг олими эди. Ҳукмдорлар у билан маслаҳатлашиб иш кўрар, совға-саломлар юборишар эди. Унинг бу ҳадяларни қабул қилиши шараф ҳисобланарди, насронийлар уни жуда эъзозлашарди.

Мен бу роҳибдан насоро динининг усул ва ҳукмларини ўргандим. Доимо унинг хизматида бўлдим. Унга яқин бўлишга ҳаракат қилдим. У ҳам мени ҳар кимга энг яқин талабаси сифатида таништирарди. Бир-биримизга шу даража яқинлашиб кетдикки, уйининг ва омборларининг калитларини менга топшириб қўйди. Аммо уйидаги, онда-сонда кириб турадиган бир хонанинг калитини бермади. Аллоҳ билади, балки бу ерга унга ҳадя қилинган нарсаларни қўяр. Мен унинг ҳузурида ўн йил илм ўргандим. Бугун ғайратим билан ҳаракат қилиб, унга қаттиқ боғланиб қолдим.

Бир куни устозим касалга чалиниб, дарсга чиқолмади. Талабалар дарсхонада ўтириб, бир қанча масалалар бўйича музокара қила бошлашди. Ниҳоят, баҳс Аллоҳ таолонинг ҳазрати Ийсога туширган «Сендан сўнг бир пайғамбар келади, исми шарифи Парақлитдир», мазмунидаги илоҳий ҳукмига келиб тўхтади. Йиғилганлар ўртасида бу хусусда жуда кўп мунозара бўлди. Бироқ масалани ҳал қилолмай тарқалишди. Мен ҳам ўрнимдан туриб, устозим ҳузурига кетдим.

– Бугун қандай мавзуларни гаплашдиларинг? – деб сўради устозим мендан.

– Парақлит исмида ихтилоф бўлди. Фалончи ундай деди, писмадончи бундай жавоб қилди, – дедим.

– Сен нима дединг? – деб сўради устозим.

– Фалон шарҳчининг Инжил шарҳида кўрсатган жавобини бердим, – дедим.

Жавобни эшитган устоз:

– Сен хато қилмабсан, масалага бир оз яқинлашибсан, – деди. – Фалончи хато қилибди. Фалончи эса жуда яқинлашибди. Лекин ҳеч ким тўғри жавоб бермаган. Бу улуғ исмни фақат илми кучли олимларгина билишади. Сизнинг эса, илмдан насибаларинг жуда оз.

Устознинг бу гапларидан сўнг мен ўрнимдан туриб, унинг оёқларига ёпишдим.

– Ҳазрат, ўзингизга маълум, мен ватанимни тарк этиб, узоқ ўлкалардан бу ерга келганман. Ўн йилдан бери ризолигингизга эришиш учун ғайрат қиляпман. Сиздан беҳад кўп билим олдим. Ҳозир сиз муҳтарам устозимдан бу муборак исмни ҳам ходимингизга билдириш билан эҳсонингизни тугал қилишингизни ўтинаман.

Менинг сўзларимни эшитиб, устоз йиғлай бошлади ва бундай деди:

– Ўғлим, валлоҳил аъзим, менга яхши хизматинг, севгинг ва садоқатинг сабабли сени жуда яхши кўраман. Ҳа, бу муборак исмни билишда чексиз фойдалар бор. Лекин сир сақлаёлмайсан деб қўрқаман. Насоролар билиб қолишса, сени ўша заҳоти ўлдиришади.

Унинг сўзлари менинг қизиқиш ва ҳайратимни янада орттирди:

– Устоз, – дедим. – Аллоҳ, Инжил ва Масиҳ ҳаққи, менга айтадиган сирларингизни ҳеч кимга очмайман!

(Давоми бор)

  • «Туҳфатул ариб фир-радди ъала аҳлис-салиб» асари асосида тайёрланди
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ақийда, сўзи арабча .ақада, феълидан олинган бўлиб, .бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш, деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. давоми...

1496 19:00 / 15.02.2020
Асмоъий шундай ҳикоя қилади .Буюк саҳобий Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзлари ҳақида мақтов эшитсалар, шундай дер эдилар .Аллоҳим Сен мени ўзимдан ҳам яхшироқ давоми...

2058 07:10 / 27.06.2019
Шайх Абу Абдураҳмон ибн Уқайл Зоҳирий араб тилидаги журналда чоп қилинган .Таборих,1 номли мақоласида шундай дейди .Қирол Фаҳднинг Мусҳафи шарифни жамлаш бўйича давоми...

1846 08:22 / 14.06.2020
Мўминмусулмонлар .жин, деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг давоми...

2973 17:35 / 25.10.2018
Аудиолар

135089 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55367 14:35 / 11.08.2021