1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳилол

Ифторликни қандай ўтказиш керак?

10:00 / 12.04.2021 4233 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ифторликни қандай ўтказиш керак? Бу борада айрим хатоларга йўл қўймаяпмизми?! Аслида ифторлик маросими қилишдан мақсади нима? Ғийбат қилсак рўзамиз очиладими? Фитр садақасини бериш кимнинг зиммасига вожиб?

Бу каби саволларга жавоб олиш учун “Ҳилол” журналининг жорий йилги Рамазон ойига бағишланган 4-сони билан танишишингизга тўғри келади. Унда сиз нафақат юқоридаги саволларга жавоб топасиз, балки Рамазонга оид кўплаб керакли маълумотларга эга бўласиз.

Шулардан бири “Рамазон ойидаги хатоларимиз” мақоласидир. Унда муаллиф “Баъзи кишиларимизда “Рўзадор кишини тўйдирган одам рўза тутганнинг савобини олади” деган гапни нотўғри талқин этиб, ифторлик маросимига ўнлаб, юзлаб одамларни чақирса-да, кейин ўзи рўза тутмай юравериши одати ҳам йўқ эмас. Бу одат мутлақо нотўғри тушунча оқибатидир. Аввало рўза тутганларга таом берган киши рўза тутганнинг савобини олади, дегани “ўзи рўза тутмаса бўлаверади” дегани эмас. Қолаверса, ҳеч бир савоб иш шариатда фарз қилинган ибодатни адо қилмай қўйишга сабаб бўла олмайди” , дея ёзади.

Дарҳақиқат, муаллиф ёзанидек, халқимиз орасида ана шундай кишилар ҳам топилади. Лекин аслида ифторлик қилишдан мақсад нима? Бу масала ҳам мақолада ойдинлаштириб берилган.

Жумладан, “Рамазон ойидаги ифторлик маросимида ўнлаб рўзадорни тўйдириш яхши иш. Аммо бошқа хайру эҳсонлар каби бу маросим ҳам шариатда аслида бева-бечора, мискин-фақирларни кўзлаб жорий қилинганини унутмаслик керак. Ифторлик маросими қилиш ҳеч кимга фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Бизда, айниқса, яқин қариндошлари оламдан ўтган кишилар нима қилиб бўлса ҳам каттароқ ифторлик дастурхони ёзишга, кўпроқ одам чақиришга уринишади. Эҳтимол, ўзига тўқ ва пулдор кимсалар бундан бундай қилишга эҳтимол иқтисодий жиҳатдан қийналмас, аммо камбағал кишининг ўзини, бола-чақасини мушкул аҳволда қолдириш эвазига ифторлик қилиши шариатга асло тўғри келмайди. Ифторлик қилиб, бой-бадавлат, казо-казоларни иложи борича кўпроқ айтиб фахрланиш, бева-бечора, мискин-фақирларни айтмаслик эса мутлақо Ислом руҳига тўғри келмайдиган ишдир.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ифторлик қилиш деганда фақат уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки бунга керакли маблағни бериш ҳам энг яхши ифторлик ҳисобланади. Чунки бунда рўзадор, ҳақдор одамни риёкорликсиз ифтор қилдирилган бўлади.

Баъзи ифторликларда хўжакўрсинга, дабдабага берилиб кетиб, унга ношаръий ишларни аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш нотўғри тасаввур ва ишларга барҳам беришимиз керак”, дейилади.

Шунингдек, журналдаги “Рамазон ойидаги молиявий иботдалар” мақоласи ҳам барчага қизиқ бўлиши тайин. Чунки ундаги савол-жавоблар ҳар бир мўмин кишига дахлдордир. Шу билан бирга Тоҳир Маликнинг “Рух шифоси” мақоласи ҳам ҳеч бир кишини беэътибор қолдирмайди. Ёзувчи унда Рамазони шариф ҳақида мулоҳаза юритади.

Журналдаги бошқа мавзудаги чиқишлар ҳам ўқувчилар учун фойдалидир. Жумладан, “Тарбия катталардан бошланади” сарлавҳали Хорунхон ҳожи Аюбхонов билан фарзанд тарбияси ҳақида суҳбат барча ота-оналар учун бир ойна вазифасини ўта ажаб эмас. Чунки  Хорунхон ҳожи домланинг мавзу доирасида билдирган фикрлари ана шундай мулоҳазага чорлайди кишини.

Бундан ташқари, нашрнинг “Хандақда қатнашган энг ёш саҳоба”, “Масжид ичида ўқиладиган дуо”, “Шаҳватга таслим бўлма” каби турли мақолалари ҳам ўқувчига бир олам маънавий озуқа беради.

Хуллас, журналнинг навбатдаги сони билан танишган киши бунинг учун сарфлаган вақтига ачинмайди. Балки яна журнал саҳифалари яна давом этишини истаб қолади.

Бобур Муҳаммадий тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳилол 1438, 3сонЖурнални кўчириб олиш

7840 17:04 / 06.02.2017