1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Тавҳид ва ибодат

00:06 / 03.12.2016 7841 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Тавҳид – луғатда ваҳҳада-юваҳҳиду-тавҳийдан масдаридан олинган бўлиб, бирор нарсага бирлик ва фардликни нисбат беришни ва ундан кўпликни инкор этишни англатади. Чунки, шу вазнда келган феъл ва масдарлар, нисбат беришни баён этади. Мисол учун, «фассақтуҳу» дейилса, унга фисқ нисбатини бердим», дегани бўлади. Шунинг учун ҳам, «Ваҳҳаттуллоҳа» деса, «Аллоҳга ваҳдоният нисбати бердим» ва «Албатта, Унинг Ўзи якка эканига ишондим», дегани бўлади. 

  Бунда, Уни битта қилдим, маъноси йўқ. Чунки У зотнинг ваҳдонияти, қилувчининг қилиши билан бўлмайди.
Шаърий истилоҳда эса: «Тавҳид Аллоҳга ширк келтиришнинг турли кўринишларидан воз кечиш ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам шериги йўқ», деб эътиқод қилишдир. 

 ҚУРЪОН ВА СУННАТ УЛАМОЛАРИ ТАВҲИДНИНГ ҚИСМЛАРИ ҲАҚИДА 

 Тавҳид уч қисмдан иборатдир: 

 

 Сифатлар тавҳиди, Робблик (Парвардигорлик) тавҳиди ва Илоҳийлик (ибодатга сазаворлик) тавҳиди.
Сўнгра Илоҳийлик тавҳидининг ўзи яна иккига бўлинади:
Исбот ва маърифатдаги тавҳид ҳамда талаб ва қасддаги тавҳид. 

 МУТАКАЛЛИМЛАР ТАВҲИДНИНГ ТУРЛАРИ ҲАҚИДА 

 Билингки, Тавҳид: 

 

 1. Ёки мавжудликнинг вожиблигини фақат Аллоҳга боғлашдадир.
2. Ёки холиқлик – яратувчиликни ёлғиз Аллоҳга боғлашдадир.
3. Ёки маъбудият – ибодат қилиниш ҳаққини ёлғиз Аллоҳга боғлашдир. 

 АШЪАРИЙ ТАВҲИДНИНГ ТУРЛАРИ ҲАҚИДА

 Билингки, Тавҳиднинг уч даражаси бордир.
Биринчиси – Зотнинг тавҳиди.
У идрокдан ташқари нарса бўлиб, муқаддас зотнинг нафсига ўхшаш нарсадир.
Иккинчиси – сифатлар тавҳиди.
У барча қудратни Аллоҳнинг шомил қудрати ичига ғарқ бўлган, деб билмоқдир. Бошқа сифалар ҳам шунга ўхшашдир.
Учинчиси – ишлар тавҳиди.
У эса ўта ишончли илм ила борлиқда Аллоҳдан ўзга таъсир қилувчи йўқ, деб билмоқдир. ал-Маржоний, «аш-Шарҳи ал-Ақоид ал-Жалолий» (1 ж. 252 с.) 

ТАФТАЗОНИЙ ВА ТАВҲИД ТАЪРИФИ 

 Тавҳид ҳақийқати - улиҳиятда (ибодатга сазоворликда) ва унинг хусусиятларида Аллоҳга шерик йўқлигини эътиқод қилишликдир.
Аҳли Ислом ўртасида ҳеч бир хилофсиз, оламнинг тадбирини қилиш, жисм ва руҳларни яратиш, ибодатга ҳақдорлик ва қадимдан ўз-ўзида қоим бўлишлик (¤зича мавжуд бўлишлик)дан иборат Аллоҳнинг Ўзига хос хусусиятларидандир («Шарҳул Мақосид» 2-64).
Шубҳасиз бу тавҳиднинг хос турига қилинган таъриф бўлиб, у – Улуҳият тавҳидидир.
Бас, бу таъриф, Аллоҳ таолонинг сифатларидан тўрттасини У зотнинг улуҳияти ва маъбудияти (ибодатга сазоворлиги) хусусиятларидан қилмоқда.
1. Оламнинг тадбири.
Аллоҳ таоло осмону ердаги ҳамма ишнинг тадбирини қиладир.
2. Жисмлар ва руҳларни халқ қилиш-яратиш.
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг холиқи-яратувчисидир. У зот ҳар бир нарсага вакилдир.
2. Ибодатга ҳақдорлик. 
«Бу, албатта, Аллоҳ ¤зи ҳақлиги ва Ундан ўзга сиз илтижо қилаётганлар ботиллигидандир. Албатта, Аллоҳнинг ¤зи Олий ва Буюкдир» (Ҳаж: 62).
«Бас, билгин, албатта, ҳеч бир илоҳ йўқ, магар Аллоҳ бор» (Муҳаммад. 19).
3. Аллоҳ таолонинг ўз-ўзидан мавжудлиги. 
«Аллоҳ, Ундан ҳеч бир илоҳ йўқ зотдир. У тирикдир, доимо қоимдир»... (Бақара. 255) ва:
«Туғмади ва туғилмади» (Ихлос. 3) ва: «У аввалдир, охирдир» (Ҳадид. 3).
Қуръони каримда, ушбу сифатлар билан далил келтиришлик, хос хусусиятлар ва белгилар билан далил келтириш қабилидандир. Чунки Қуръони каримда Роббилик тавҳиди Улуҳият тавҳидига ҳужжат қилингандир.
Мисол учун, «Намл» сурасида:
«Осмонлари ерни яратган зотга...»дан (Намл: 60)
«Сен: «Агар ростгўй бўлсангиз ҳужжатларингини келтиринг!» деб айт» дейилган (Намл: 64).
Ушбу оятларнинг беш жойида, Роббилик тавҳидини Улуҳият тавҳидига далил қилинган.
Аллоҳ таоло ҳар бир оятнинг охирида:
«Аллоҳ билан бирга Илоҳ борми?» деган (Намл: 60).
Бас, асос Улуҳият тавҳидидир.
Бошқа сифатларнинг тавҳиди эса, Улуҳият тавҳидига далил сифатида келтирган.
Чунки келган ҳар бир расул ва набий:
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир», деган. (Ҳуд: 50)
Сўнгра эса, қолган сифатлар тавҳиди ила Улуҳият тавҳидига далил келтирганлар. 

 ВАЛИЮЛЛОҲ ДЕҲЛАВИЙ ВА ТАВҲИД ДАРАЖАЛАРИ 

 Билинки, тавҳиднинг даражаси тўртдир:
Биринчиси: Мавжудликнинг вожиблигини фақат Аллоҳ таолога боғлашдир. Бас, Ундан ўзганинг вужуди вожиб бўлмас. Бунга Аллоҳнинг қуйидаги сўзи далолат қилур: «Аллоҳ, Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ зотдир. У тирикдир, доимо қоимдир» (Бақара. 255).
Иккинчиси: Аршни, осмонлару ерни ва бошқа барча мавжудотларни халқ қилиш-яратишни фақат Аллоҳ таолога боғлашдир. Бунга Аллоҳнинг қуйидаги сўзи далолат қилади: «Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир ва У ҳар бир нарсага вакилдир» (Зумар. 62).
Ушбу икки даража ҳақида илоҳий китоблар ҳам, араб мушриклари ҳам баҳс юритмаган. Ҳамда яҳудий ва насароларда бу икки сифатга хилоф қилмаганлар. Балки, Қуръон, бу нарсалар, улар наздида мусаллам нарсалардан эканлигини очиқ айтган.
Учинчиси: Осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг тадбирини фақат Аллоҳга боғлаш. Яъни, оламнинг ҳаммасининг тадбирини фақат Аллоҳ қилади, деб эътиқод қилиш. Бунга Аллоҳнинг қуйидаги сўзи далолат қилади:
«Халқ, (яратиш) ва амр (юритиш) Унга эканлиги» (Аъроф. 54).
Яъни, Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳамма нарсани яратганидек, Унинг ¤зи уларга амр қилади, қайтаради ва ишларининг тузиш жиҳатидан ҳам, шариатга киритиш жиҳатидан ҳам тадбирини қилади.
Яна Аллоҳ: «У осмондан ергача ишнинг тадбирини қилур» (Сажда: 5) дейди.
Борлиқнинг барча иши Аллоҳнинг қўлидадир. У зот оламдаги ҳеч бир нарсанинг тадбирини ¤з халқидан бирортасига топширмаган; анбиёларга ҳам, расулларга ҳам, авлиёларга ҳам, қутбларга, абдол ва ғавсларга ҳам, имомлару фаришта ва жинларга ҳам.
Тўртинчиси: Албатта, Ундан ўзга ҳеч ким ибодатга сазовор эмас. Бунга қуйидаги оятлар далолат қилади:
«Бас, билгин, албатта, ҳеч бир илоҳ йўқ, магар Аллоҳ бор» (Муҳаммад. 19).
«Ҳеч бир илоҳ йўқ магар У Раҳмон ва Раҳийм зот бор» (Бақара. 163).
«Аллоҳ, Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ зотдир. У тирикдир, доимо қоимдир» (Бақара. 255).
Бунга ўхшаш оятлар кўп. Ушбу икки даража бир бири билан табиий равишда боғлиқдир. Чунки, оламнинг ҳаммасининг тадбирини фақат Аллоҳга боғлаш, У зотнинг ибодатга ҳақдор эканига, бошқани ҳақдор эмаслигига далилдир. Уларнинг орасидаги алоқа далил ва ҳукм алоқасидир.
Мушрик фирқаларнинг ихтилофи ушбу икки даражада бўлгани учун ҳам, Қуръони карим ўша икки даражани исбот қилишга, ораларидаги табиий боғланишни алоҳида кўрсатишга, катта аҳамият берган. Шунингдек, уларнинг шубҳаларига қониқарли раддиялар қилган («Ҳужжатулллоҳил Болиға» 1-123).

 ТАВҲИДНИНГ ЎРНИ

 Лаа Илаҳа Иллалллоҳу - Ундан бошқа илоҳ (ибодатга сазовор зот) йўқдир.
Ушбу калима - тавҳид калимаси бўлиб, барча пайғамбарлар шунга даъват қилгандир. Ушбу калима ила одам ширк зулматидан чиқиб иймон нурига кирадир. 

 Далиллар: 

 «Илоҳингиз ёлғиз илоҳдир. Раҳмону раҳийм бўлган Ундан ўзга илоҳ йўқдир» (Бақара. 163).
«Бас, билгин, албатта, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир» (Муҳаммад. 19).
«Аллоҳ, фаришталар ва илм эгалари адолат ила туриб гувоҳлик берурларки, Азизу Ҳакийм бўлган зотдан ўзга илоҳ йўқдир» (Оли Имрон. 18).
«Албатта, илоҳингиз ёлғиз илоҳдир» (Анбиё. 108).
«Албатта, У ёлғиз илоҳдир» (Анъом. 19) оятлари.
Тавҳид ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар: Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким, Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, албатта, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир, деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади», дедилар». Икки Шайх ривоят қилган.

 Ушбу ҳадисда иймон ва тавҳиднинг фазли ҳақида, яъни қуйидаги нарсаларга иймон келтириш фазли ҳақида сўз кетмоқда:

 

 1. Аллоҳдан ўзга бандалар ибодатига сазовар илоҳи маъбуд йўқлигига,
2. Аллоҳнинг ёлғиз эканлигига,
3. Аллоҳнинг шериги йўқлигига,
4. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига,
5. Ийсо алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига,
6. Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг Биби Марямга ташланган калимаси эканига, яъни «Бўл!» деганида отасиз дунёга келганига,
7. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳдан бўлган руҳ эканига.
8. Жаннат ҳақ эканига,
9. Дўзах ҳақ эканига, иймон келтириш.

 Ҳадисда ушбу нарсаларга шоҳидлик берган одамни нима амал қилган бўлса ҳам Аллоҳ таоло жанатга киритиши таъкидланмоқда.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир одам келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга кириши, ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши», дедилар» Муслим ривоят қилган.
Яъни, икки сифат бор экан. Улар икки нарсани вожиб қилар экан. Шу икки сифат бўлса, ортидан икки нарса келмаса бўлмас экан, ўша икки сифат қайси? демоқчи бўлди. 

 Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам қисқа ва қониқарли жавоб бердилар:

 1. «Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолида ўлса жаннатга кириши» вожиб.
Яъни, биринчи сифат Мувваҳҳид – Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлиш. Бу сифат жаннатга киришни вожиб қилади. Бунга эга бўлган одам жаннатга кирмай қолмайди. Гуноҳига яраша дўзахда ётгандан кейин бўлса ҳам жаннатга киради.
2. «Ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши» вожиб. 
Ундай одам дўзахга кирмай қолмас. Чунки Аллоҳ таоло ўзига ширк келтиришни асло кечирмаслигини қатъий равишда таъкидлаган.

 Тавҳиднинг фойдаларидан:

 

 1. Тавҳид бағри кенгликнинг энг улуғ сабабидир. Чунки у Аллоҳ таолога нисбатан бўладиган одобнинг энг улуғ даражасидир.
2. Ким тавҳид ҳақиқатини рўёбга чиқарса, ҳисобсиз ва азобсиз жаннатга киради.
3. Тавҳид қачон қалбда ундан ачитқининг бир донасича блса ҳам дўзахда абадий қолишни ман қилади. Агар у қалбда мукаммал бўлса, умуман дўзахга киришни ман қилади.
4. Тавҳид ила гуноҳлар мағфират қилинади ва ёмонликлар ўчирилади.
5. Тавҳид бу дунё ва охират ғамларини кетишининг бош сабаби.
6. Тавҳид ила шайтондан сақланади.
7. Тавҳид ҳасадгўйнинг ёмонлигини даф қилади.
8. Тавҳидда бўлганларга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари насиб бўлади.
9. Тавҳид бўлганлар қиёмат куни Аллоҳ таолонинг изни ила ўз қариндошларини шафоат қиладилар.
10. Тавҳид соҳибига бу дунё ва охиратда ҳидоят, камолот, ва омонлик ҳосил бўлади.
11. Тавҳид Аллоҳ таолонинг розилиги ва савобига эришишнинг асосий сабабидир.
12. Тавҳид барча гап сўз ва амалларнинг қабул ва савобга сабаб бўлиши учун асосий шартдир.
13. Тавҳид бандага яхшиликларни қилишни, ёмонликлардан четланишни осон қилади ва мусийбатларда тасалли беради.
14. Тавҳид қалбда камолга етса, эгасига иймонни маҳбуб қилади ва зийнатлайди ҳамда унга куфр, фисқ ва исённи ёмон кўрсатади.
15. Тавҳид бандани махлуқларга қул бўлишдан, улардан қўрқишдан, қарам бўлишдан озод қилади.
16. Тавҳид ила Аллоҳ таоло бу дунёда нусрат, иззат, шараф, ҳидоят ва осонликни кафолатлайди.
17. Тавҳид ила Аллоҳ таоло бу дунё ва охиратнинг ёмонликларини даф қилади ва фаровон ҳаёт ҳамда хотиржамлик ато қилади.
18. Тавҳид комил бўлса риё, нифоқ каби ботиний гуноҳи кабираларни даф қилади.
19. Тавҳидда бўлганларнинг ортидан қилинган дуо ва садақалар фойда беради. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Макка ва Мадинадан бошқа ҳар бир юртни албатта, Дажжол оёқ давоми...

2737 19:00 / 03.04.2023
Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида қуйидагиларни айтади .Сўнгра сиз, эй адашганлар, ёлғонга чиқарувчилар, 51оят. Ундан кейин сиз, эй иймон, ҳидоят, тўғри йўлдан давоми...

1982 19:00 / 18.09.2023
Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири бўлган .добба, ndash жонивор ҳақида Намл сурасида бир оят бор. Аллоҳ таоло .Уларнинг бошига сўз ланган азоб давоми...

2790 19:00 / 06.03.2023
937. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам«Бирортангиз ўзига етган зарар туфайли ўлимни орзу қилмасин. Агар ўлим тилашдан давоми...

7063 17:45 / 13.07.2017