1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони карим дарслари (126-дарс) «Тайсир»даги етти қироатнинг санади

13:30 / 02.03.2021 1723 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Али алКисоий қироати.

1) Абу Амр ад‑Дурий ривояти:

«Бизга уни Муҳаммад Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Умар ибн Муҳаммад ал‑Муаддал хабар берган. У айтганки:

«Бизга Абдуллоҳ ибн Аҳмад ад‑Димашқий хабар берган. У айтганки:

«Бизга Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Асад ан‑Насибий хабар берган. У айтганки:

«Бизга Абу Умар ад‑Дурий Алий ал‑Кисоийдан нақл қилган».

(Абу Амр ад‑Доний айтади:)

«Мен ушбу қироат билан Қуръоннинг ҳаммасини Абул‑Фатҳ аз-Зарирга ўқиб бердим. У айтганки:

«Мен Абдулбоқий ибн ал‑Ҳасанга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Муҳаммад ал‑Жуланда[1] ал‑Мавсилийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Жаъфар ибн Муҳаммадга ўқиб бердим. У айтганки:

«Мен Абу Умарга ўқиб берганман. У айтдики:

«Мен Ал‑Кисоийга ўқиб бердим». 

2) (Алий ал‑Кисоийдан) Абул‑Ҳорис ривояти:

«Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад хабар берди ва айтдики:

«Бизга Ибн Мужоҳид хабар берди ва айтдики:

«Бизга Муҳаммад ибн Яҳё хабар берган, у Абул‑Ҳорисдан,­­ у ал‑Кисоийдан нақл қилган».

(Абу Амр ад‑Доний айтади:)

«Мен ушбу қироат билан Қуръоннинг ҳаммасини Абул‑Фатҳ Форис ибн Аҳмадга ўқиб бердим. У менга айтдики:

«Мен Абулҳасан Абдулбоқий ибн ал‑Ҳасан ал‑Муқрийга ўқиб бердим ва у менга айтдики:

«Мен Зайд ибн Алийга ўқиб бердим ва у айтдики:

«Ал‑Баттий нисбати билан танилган Аҳмад ибн ал‑Ҳасанга ўқиб бердим. У айтдики:

«Мен Абулҳасан Муҳаммад ибн Яҳё ал‑Кисоий ас‑Сағирга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Абул‑Ҳорисга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Ал‑Кисоийга ўқиб бердим».

Бу еттинчи порлоқ сиймо Абулҳасан Алий ибн Ҳамза ан‑Наҳвий бўлиб, Бану Асаднинг мавлоси бўлган. Ўзи форс авлодидан. «Кисоий» деб аталишига сабаб шуки, у киши «кисо», яъни кўйлак‑иштон каби кийимни эҳром қилган. У Ҳамза аз‑Зайётнинг қўлида ўқиган. Унинг (Ҳамзанинг) санади юқорида ўтди. 

Шунингдек, бу зот Ийсо ибн Умарда, у Талҳа ибн Мусаррифда, у Ан‑Нахаъийда, у Алқамада, у Ибн Масъудда, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда ўқиган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қироатни Жаброил алайҳиссаломдан, у Лавҳул Маҳфуздан, Оламларнинг Робби – Аллоҳ таолодан олган.

Энди у (Мулла Рўзи ибн Муҳаммад Толеъ ал‑Бухорий) ўзи етишган нарсанинг, унга сероб қилиб берилган мана бу улуғ неъмат, буюк марҳаматнинг қадрини билсин. Аллоҳ таолонинг Китобидан таълим берсин. Унга талаби илм билан келган кишига қанотини паст қилсин, ўзида ҳосил бўлган нарса билан чекланиб қолмасин, балки зиёдалашиш талабида бўлсин. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларнинг саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзининг Китобида мана шунга буюриб, «Роббим, илмимни зиёда қилгин», деб айт», дегандир. Шунингдек, бу мақом унда ҳусни хулқ ва ҳилмни ўстирсин. Тоабад мен унга машойихларим – устозларим менга қилган насиҳатни қилиб қоламан:

Ошкору махфий ҳолда Аллоҳга тақво қилгай, ривояти тўғри бўлиши ҳаракатида бўлгай, ўзи ўқиганида ҳам, ўзгага ўқитаётганида ҳам ўзидан олдинги ўтган устозларига эргашгай. Мен унга хатодан қайтишдан ор қилмасликни, ўзидан ўтган камчиликда нафсу ҳавосига эргашмасликни, ўзидан кичикка шафқат кўрсатиб, билмаган нарсасида мулойимлик билан тўғри йўлга солишни, ўзидан каттани эъзозлаб, агар ундан озор етса ҳам, ўтиб юборишни, ўзига зулм қилганни кечиришни, биродарларга муҳаббат кўрсатишни ўзининг сармояси қилиб олишни, дўстларга қўлидан келганича, бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам, яхшилик қилишни қатъий васият қиламан. Зеро, тавозуъ – ўзини паст олиш билан ўзининг қадри юксалади, унга неъматлар ёғилади. Аллоҳ таоло унга доимо раҳмат назари билан боқсин. Мен Аллоҳ таолодан Қуръони Карим менинг учун ҳам, унинг учун ҳам зиёнимизга эмас, фойдамизга ҳужжат бўлишини, бизларга Ўз баракоти билан эҳтиёжимиз тушган нарсани осон қилиб беришини умид қиламан.

Мен бу биродаримиздан бўш ҳолида-ю, банд ҳолида каминани дуои хайрда унутмаслигини, хусусан, ҳаққимга иймон саломатлиги, барча гуноҳу айбларимнинг мағфират бўлишини, бизни мазкур биродаримиз ва яқинларимиз билан Доруссалом жаннатда саломат бирга қилишини дуо этишини сўрайман. Зеро, барчамиз ўшанга муҳтожмиз, у ерда нималар бўлишини Аллоҳ билувчидир.

Аллоҳ таолодан бизларга сўзда ва амалда тавфиқ, муваффақият ато этишини, хато қилиш ва тойилишдан сақлаш билан бизларга лутф кўрсатишини сўраб қоламан. Албатта, У Зот бунга қодирдир ҳамда ижобат қилишга ҳақлидир.

Мен бу биродаримизга қироат ва ривоят билан, барча важҳларни ўқиши ва ўқитишига ижозат бердим. Аллоҳ таоло менга ҳам, унга ҳам бу ишни осон қилсин ва муваффақ айласин, омин!

Бу муборак хатм Маккаи Мукаррамадаги Бухоро амири шаҳаншоҳ Амир Абдулвоҳидхонга тегишли такяда бўлди. Аллоҳ у кишини давомий боқий қилсин, муроду мақсадларига етказсин ҳамда мажлисдошларию умаролари, қозиларию бош қозилари, раҳбару мулозимлари билан азизлик ва омонликда айласин. Чунки қонунлар ва даврнинг интизоми улар билан камолини топгай. Уларнинг фазилати ва ўрни доимо замон пешонасида ярқираб, уларнинг мақтовлари ҳар бир тилда жорий бўлиб туради. Бу хатмона бир қанча уламоларнинг ҳозирлигида бўлди. Улар бугунги куннинг энг сара сиймолари, замонанинг пешволари, асрнинг намояндаларидир. Аллоҳ уларни Ўз паноҳида асрасин, уларга Ўз инъому эҳсонини бардавом айласин. Бизнинг ҳам, уларнинг ҳам оқибатларимизни иймон билан тамомласин. Бу эса халқнинг энг яхшиси – у кишига афзал салавот, энг покиза салом бўлсин – Набийимиз ҳижратидан ҳисоблаганда, 1325 йил Зулҳижжа ойининг саккизинчиси, якшанба оқшоми бўлди. Аллоҳ таолонинг фазлидан, буюк Пайғамбарининг ҳурматини васила қилиб, бизларга ҳам, сизларга ҳам ризо ва қабулни ато этишини сўрайман. Зеро, У энг улуғ Хожа, энг буюк сўралувчидир. 

«Иззат Робби бўлмиш Роббинг улар қилаётган васфдан покдир. Ва юборилган расулларга салом бўлсин! Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамд бўлсин!» (Соффаат сураси, 180-182-оятлар).

Яратган Парвардигорининг афвидан умидвор Абдуллоҳ Қори.

Ўрганилган бу санад бир қорининг санадидир. Ундан бошқа ҳам бир қанча санадлар мавжуд. Ушбу ижоза ва санад матни билан танишган ҳар қандай инсон Аллоҳ таоло Қуръони Каримни сақлаш ҳақидаги ваъдасини нечоғлик рўёбга чиқарганини кўриб, тан бермай иложи йўқ. 

 

«Қуръон илмлари» китобидан

[1] Аслида Муҳаммад ибн Алий ибнЖуланда.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қуръон, сўзининг луғавий маъноси Энг аввал .Қуръон, лафзининг асл келиб чиқишини ўрганиб олишимиз, унинг луғавий далолатларига, Қуръон учун ихтиёр қилинган бошқа давоми...

10423 10:03 / 02.11.2018
тўртинчи мақолаСуннатнинг Қуръон билан насх қилиниши.Насхнинг бу қисми бўйича бир оз хилоф бўлиб, мазкур хилоф имом Шофеъийга нисбат берилади. Аммо кўпчилик давоми...

4337 14:45 / 05.05.2020
106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса,ndashқалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно,ndashким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб давоми...

3584 05:00 / 23.01.2017
Одамлар оятларнинг бошига қўйиладиган, бирбиридан ажратиб турувчи рамзларни бошқаларидан олдин ва тезроқ қабул қилдилар. Чунки уларда оятлар тақсимини билишга давоми...

4882 13:30 / 17.03.2020
Аудиолар

131586 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52062 14:35 / 11.08.2021