1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Нозик хилқат вакиллари

11:00 / 21.02.2021 3652 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар, чунки аёл қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Бас, аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар!»

Имом Бухорий ривоят қилган

Ҳадис таржимасида «муомалада бўлинглар» деб ўгирилган сўз араб тилида жуда кенг маънода қўлланади. Бу сўз «бир-бирингизни шунга буюринглар», «ўзаро тавсия беринглар», «ушбу васиятимни қабул қилиб, унга амал қилинглар» деган маъноларни ҳам ўз ичига олади. Ҳадиснинг айрим матнларида, жумладан, Видолашув ҳажида айтилган хутбада «яхши» сўзи очиқ айтилган. Бунда қавс очиб юборилади ва таржима қуйидагича бўлади: «Аёлларга яхши муомалада бўлинглар!»

«Аёл қовурғадан яратилган», деганда Ҳавво онамизнинг Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан яратилгани назарда тутилган. «Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир», дейилганда аёлнинг эркакдан ақлу тафаккурда, ҳис-туйғуларда фарқли эканига ишора қилинган. «Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан», дегани «Ундан ўз табиатига зид нарсани талаб қилсанг, Аллоҳ берган хусусиятларини ўзгартиришга уринсанг, ундан айрилиб қоласан, ажралишингга тўғри келади», деганидир. Чунки жамиятда ўз вазифасини бажариши учун аёлга ўша табиат керак.

Бир сўз билан айтганда, у шуниси билан аёл. Бироқ бу кўрсатма аёлликка хос бўлган хусусиятларгагина тегишли. Аммо аёлда меъёрдан ташқари ҳатти-ҳаракатлар, одобсизлик, шариат чегараларидан ташқари ҳолатлар кузатилса, у ҳолда уни мулойимлик билан тўғрилаш керак бўлади. Шу боис ҳадисда «агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади», дейиш билан бунда ҳам меъёр бўлиши кераклиги, ҳар қандай ишни аёлликка тўнкаб, ўзини оқлаш ярамаслиги уқтирилмоқда.

Аёл киши қуйидаги турдаги эркакларни ёқтирмас экан:

1. Учраган аёлга қизиқиб кетадиган эркакни.

2. Аёлнинг туйғуларини риоя қилмай, ҳар бир камчилигини танқид қиладиган эркакни.

3. Ўзида кўп хатолари бўла туриб, аёлнинг комил бўлишини талаб қиладиган эркакни.

4. Аёлнинг ёшини сўраган эркакни.

5. «Сендан чиройли аёл бор» деган маънога ишора қилиб гапирувчи эркакни.

6. Аёлнинг ўтмишини сўраган эркакни.

Эркаклар учун эслатма:

• Эркак ўзининг эркаклигини унутгандагина аёл «эркаклашади».

• Эркак ўз аёлини аёллик мақомида тутиб тура олмагандан кейингина аёл унинг «хўжайини»га айланади.

• Эркак уйда талаб қилинганидек эркак бўлолмагач, аёл ҳам талаб қилинганидек аёл бўлолмайди.

Аёллар фазилати

• Аёл, ҳатто дунё тўла бойликка эга бўлса ҳам, эридан ҳадя олса, қувонади.

• Аёл каби фазилат манбаи бўлган неъматни кўрмадим.

• Гўдаклигида отасини жаннатга киришига сабаб бўлади.

• Балоғатга етиб, турмушга чиққанда, солиҳа бўлса, эрининг динининг ярмини тўлдиради.

• Она бўлганда фарзандлари учун жаннат унинг оёқлари остида бўлади.

Аёлнинг табиати:

• Аёл ўзи бемор бўлса ҳам эрининг дори ичишига кўмаклашади.

•Аёл ўзи ғамга ботган бўлса ҳам эрига тасалли беради.

• Аёл ўзи чарчаган бўлса ҳам эри учун бедор бўлади.

• Аёл танимаган кишисининг мусибати учун ҳам қайғуриб, йиғлайди.

Шундай экан, жуфтларимизга зулм қилмайлик, эркаклар.

Muslim.uz, savollar.muslimaat.uz маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг сифатидир. Ёмон хулқлар заҳри қотилдир. Улар ўз эгасини шайтоннинг йўлига ва обрўни тўкадиган абадий хасталикларга бошлайди. давоми...

1925 09:02 / 02.09.2021
Қурайшдан бир киши маккалик Умму Қайс исмли аёлга совчи қўйди. Умму Қайс мусулмон бўлиб, Мадинага ҳижрат қилган эди. Муслима аёл у кишига Мадинага ҳижрат қилсагина давоми...

3093 13:52 / 04 март
Ниқоб маска тақиш қачондан бошланганҚадимда, ун сотувчилар ва нонвойлар бозорига ниқоб тақиб кириш шарт бўлган. Бу иш соғлиқни сақлаш мақсадида амалга оширилган давоми...

2692 18:00 / 15.03.2021
Билишимиз зарур бўлган нарса бор. Албатта Сумайя, Ёсир, Анас ибн Назр, Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳумлар Исломнинг азиз бўлгани ва мустаҳкамлашганини давоми...

1703 16:00 / 02.10.2021