1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Кийинишига қараб кимлигини биламиз

05:00 / 04.03.2017 6085 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Истиқлол бизга ўзлигимиз, қадриятларимиз, қадим анъаналаримиз қайтишига йўл очди. Халқимиз руҳий асоратдан, таъқибу тазйиқ ва қўрқувлардан озод бўлди. Бизга яшаш завқи, бунёдкорлик илҳоми бахш этилди. Юртимиз чинакамига обод ва маъмур бўлди.


Не саодатки, Истиқлолимизга, Ватанимизга, келажагимизга муносиб баркамол авлод вакиллари вояга етди. Уларнинг одоб-ахлоқ, илму тафаккур бобидаги муваффақиятлари кўп. Бундан қувонамиз, фахрланамиз. Бироқ, айрим ҳолларда, кўча-кўйда, жамоат жойларида миллатимизга мос келмайдиган тарзда кийиниб олган ёшларни, айниқса, қизларни кўриб, кўнглимиз ранжиши ҳам бор гап.

Аслида, ким қандай кийиниши ҳар бир инсоннинг шахсий ишидир. Лекин бир туйғу борки, уни писанд қилмаслик кўнгилга хавотир солади. Бу туйғу - гўзал хулқ, ўзбекона одобу ва андишага нисбатан эҳтиром ҳамда ҳурматдир. Чуқур ва холис назар ташлаганда кийиниш одоби миллийликка хослик, қадриятлар ва анъаналардан келиб чиқади. Зотан, азалдан халқимизда "Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши - кийимдур", мазмунидаги ҳикмат бор.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) шогирдла¬рини виқорли, салобатли кийинишга ундар эдилар. Чунки бу ишда илмни ва илм аҳлини ҳурмат қилиш бор. Инсон кийим танлаш борасида миллий-диний қадриятлари чега¬расида тургани яхши. Кийиниш маданияти инсоннинг диди қандай эканини кўрсатади.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий (раҳматуллоҳи алайҳ) бир мўътабар байтларида: 

Яхши суҳан жонга оройиш,

Яхши либос танга оройиш,

деб ҳикматли насиҳат берадилар. 

Кийим-кечакнинг озода бўлиши жуда муҳим ҳисобланади. Имомиддин Насимий (раҳматуллоҳи алайҳ): 

Муриднинг пирини сўрмоқ дейдилар одат эмас,

Орифона бир назар қил, кисватидин белгили, –

деган байтларида инсоннинг кийими ҳам улуғлар мақомидан бир белги бўлишига ишора қилдилар. Кийим билан аввало аврат аъзолар ёпилади. Ёзнинг иссиқ, чанг-тўзонли кунларида, қишнинг қаҳратон совуқлари, қор-ёмғирли, изғирин-тўфонли паллаларида нозик инсон жасади либос билан ҳимоя қилинади. Кийим инсоннинг кайфиятини, руҳиятини – ички олами, маънавиятини, қолаверса, қай да¬ражада тарбияли эканини белгилаб беради.

Аллоҳ таоло яратган ҳар бир миллат ва элатнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари йўқ эмас. Бу нарса илоҳий ҳикмат асосида жорий қилинган. Хужурот сурасининг 13-оятида бундай дейилади: "Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларинг билан танишишларинг учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроқларингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир".

Демак, дунё халқларининг турли миллатга мансуб бўлиб, бир-бирларидан фарқли равишда ҳаёт кечиришлари азалдан Яратганнинг иродаси ва илму ҳикмати тақозо этган ҳақиқат экан. Рум сурасининг 22-оятида бу мазмун янада аниқроқ баён этилди: "Унинг белгиларидан (яна бири) - осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларинг ва рангларингнинг хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир".

Покиза, айниқса, янги либослар киши кайфиятини кўтариш билан кучига куч, қалбига жўшқинлик бағишлайди; табиатини очиб, кўнглини ёриштиради, ишларини ҳиммат ва ғайрат билан бажаришига боис бўлади. Худди шунинг¬дек, нопок, ифлос кийимлар, аксинча, кайфиятни туширади, куч-ғайратни кеткизади, кўнгилни зимистон қилиб, табиа¬тини хира қилади.

Хуллас, керак бўлса, либослар кўнгил тубидаги гўзал ва пок ниятлар, орзуларни ифодалаши керак. Жаноб Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) янги либос кийсалар ёки кийимларини алмаштирсалар: “Эй Раббим! Парварди¬горим! Бу либослар билан менинг кўринишимни чиройли қилдинг! Ўзингга ҳамд бўлсин! Энди хулқу одобимни ҳам, амалларимни ҳам ана шундай гўзал ва ёқимли қилгин!” деб дуо қилар эдилар. 

Зеро, ушбу дуоларни ўқиш ва эслаб юриш суннат амал¬лардан ҳисобланади. Демак, бу ғоят савобли ишлардандир.

Юқорида шоир “Орифона бир назар қил, кисватидин белгили”, деганида инсон кийиб юрган либоси билан ўзининг ким экани, тарбияси нечоғли, ўзининг таъби, диди, табиати-тийнати ҳамда бошқа кўз илғамас жиҳатларига ишора қилишни уқтиради. Ваҳоланки, ҳозир кишилар тасаввур қилаётганларидек, зинҳор қимматбаҳо, дабдабали, ҳашаматли, ялтир-юлтир ва ҳоказо кийингани инсоннинг ақлли, фаросатли эканини билдирмайди. Инсонга унинг жозибали кийимига қараб баҳо берадиганлар маънавий қолоқ, ақли шошиб қолган кишилардир. Саҳобалар, тобе¬ин ва таба-тобеинлар инсон қадр-қийматини унинг амали, имон-эътиқоди билан белгилашган. Ўша вақтларда ҳам бошқалар ақлини лол қолдириб, башанг кийинувчилар кўплаб топилган, лекин ҳар кимнинг амали, эътиқодига қараб, эътибор ва муомала қилинган.

Хилма-хиллик, биринчи галда одамларнинг ташқи кўринишида, кийган кийимларида намоён бўлади. Кийинишига қараб, одамнинг ички дунёси ва маънавиятига баҳо бериш барча халқларда ҳам бор гап. Аждодларимиздан мерос - кийиниш маданияти ўзлигимизни англатишини, асрлар шиддатига дош берган иродамизни, сабру-қаноатимизни, пок умидларимизни ифода этишини унутмайлик. Миллий кийимлар ва безак турлари тарихимиз давомида шаклланган бўлса-да, кейинги пайтда турли ўзгаришларга юз тутаётгани сир эмас. Бу ҳол табиий. Лекин ўзгаришларини, янгиликларни оқилона қабул қилиш керак. Миллийлик инсон ботинида ҳам, зоҳирида ҳам сақланиб қолмоғи жуда муҳимдир.

Инсоннинг чиройи кийими, унинг қиммат-арзонлиги билан эмас, балки тақвоси ва хулқи билан ўлчанади. Но¬мини бадхулқлик, разиллик, пасткашлик билан булғамаса, ҳар қандай ораста кийим уни чиройли кўрсатиб, жамолини очаверади. Кийим жуда қиммат бўлиши дуруст эмас, баҳоси ўзига муносиб, ранги очиқ ва инсон табиатини енгиллаш¬тирадиган, кўринишини виқору салобатли қиладиган, шу билан бирга ҳар қандай дабдабадан холи, содда бўлиши мақсадга мувофиқ.

Зеро, жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал¬лам) кийимнинг ораста, бежирим, камтаргина бўлишини тарғиб қилдилар. Эркакларни ҳарир, шойи, парча каби мато¬лар, тилла каби матоҳлардан фойдаланишдан қайтарганлар. Самовий динларнинг ҳаммасида кийимларнинг содда, их¬чам, ибодатга мувофиқ келадиган, бежирим, камтарона бўлиши талаб қилинади.

Қиммат, ҳашаматли, ялтироқ, шунингдек, ба¬данни сиқиб турадиган тор, ҳаддан зиёда калта ёки ҳаракатланишга халал бергудек жуда узун ҳамда бесўнақай, очиқ-сочиқлиги билан бегоналар диққатини жалб қиладиган, шаҳвоний ҳисларни қўзғатадиган либослардан сақланиш зарур. Ҳозир бозорларда сотилаётган, айниқса, «мода» деб тарғиб қилинаётган баъзи чет кийимларини гапирмай илож йўқ. Улар адабсизлик, ҳаёсизликни тарғиб қилади, десак муболаға бўлмайди.

Халқимиз азалдан жаҳонда гўзал хулқи билан шуҳрат қозонган. Меҳмоннавозлик, олижаноблик, меҳр-мурувват, саховат, раҳм-шафқат, буларнинг бари бизнинг ахлоқимизда мужассам. Демак, кийинишимиз ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Зукко аёлларимиз, паричеҳра қизларимиз калта кўйлаклар, тана аъзолари кўриниб турадиган кийимлар кийишни ўзларига ор деб билишган. Уларни қалб гўзаллиги сержило матолардан шарқона назокат ила тикилган кийимларда ёрқин акс этиб турган.Тарихий асарларда ёзилишича, Хорун ар-Рашид даврида самарқандлик тикувчилар Бағдодга бориб, сарой аёллари учун кийим-кечаклар тикиб келишган. Бу кийимларда ўрталик мезонига амал қилиниб, аёлни ҳаё-ибоси билан бутун гўзаллигини нурлантириб юборувчи тарху бичимлар қўлланилгани баён этилади. Алҳол, ўзбек аёллари ўша пайтларданоқ ўзимизга хос ва мос либослар кийишган. Турли маросимлар ва тадбирларга мослаб махсус кийимлар тайёрлаб қўйишга интилишган.

Қизларнинг ниҳоятда ғалати тикилган шимлар кийиши, киндикларини очиб юриши, қулоқларига керагидан ортиқча сирғалар, ҳатто баданларига ҳам шундай тақинчоқлар тақиб юриши бизнинг ўзбек миллатига муносиб эмас. Баданига суратлар чиздириш эса мутлақо офатдир.

Яна бир жиҳат, ўзбек қизларини беш ёшдан бошлаб оналари, опалари бичиш-тикишга пухта ўргатишган. Деярли барча қизлар чок ишларини, дўппи тикиш, сўзана ва кашталарга нақш солишни мукаммал билишган. Одобда солиҳа, фикрида зебо бўлиб улғайишган. Қисқаси, андишани ҳис этишган, уятни англашган, ихлос, эътиқод деган туйғулар билан қалбларини зийнатлашган.

Бугунги ёшларимиз ҳам тарихимиздан, момоларимиздан қолган анъаналардан ибрат олиб, кийинишда миллийлигимизни унутмасинлар. Ҳар қандай кийимни замонавий, миллийлигимизга хос тарзда бўлишига алоҳида эътибор қаратсинлар. Бу урф-одатларимизнинг бардавом бўлишида, миллатимиз шаъни ва қадри юксак бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Замонамизнинг баъзи йигитлари ҳам қизлардан қолишмайди. Уларнинг шимлари шундай ғалатики, кийим баъзи аъзоларимизни ёпиш учун хизмат қилиши кераклиги унитилгандек гўё. Турли ёрқин бўёқли, ажи-бужи расм ва ёзувлар солинган футболка, гоҳида ички кийим ҳисобланган майка кийиб оладилар. Бош кийим ўрнига ғалати шапкалар, ҳаммаси чет эл «мода» ва намунала¬ри асосида тикилган. Бундай кийинган боланинг қайси миллатга мансуб эканини аниқлаш имкони бўлмайди. Фақатгина зўрға ўзбекча гапираётганидан ўзбек эканини билиш мумкин.

Баъзан кўчада сал ғайритабиий кўринишдаги йигитлар¬га дуч келамиз. Ҳар икки қулоғида зираклар, деярли ҳар бир бармоғида узук, билаги ва тирсаги билан елка оралиғида ҳам тилла занжир. Бу кийим қандай маданиятни, қайси маънави¬ятни тарғиб қилади? Ахир шифокорлар бу ишларнинг бар¬часи инсон соғлиғига катта зарар етказишини ҳартомонлама исботлаб беряптилар-ку.

Энг ачинарлиси, баъзан миллий кийимлар кийиб кўчага чиққан кишига гўё циркдаги ўйинчидек қарашади. Гоҳида масхаралашади. Баъзида эса келиб, ҳатто таъзия билдирган бўлишади. Жаҳон афкор оммаси наздида ҳурмат-эҳтиромга эга бу халқ – ўз миллий-диний қадриятларини йўқотмаган, уларни ҳимоя қила олган ва мумкин бўлса, замон талабла¬рига мос равишда ривожлантирилган либослар ва бошқа санъат турларига эга халқдир.

Баъзи мўътабар манбаларда саломатликка ошуфта ли¬бослар тўғрисида маслаҳат-тавсиялар берилган: 

Либоснинг ранги кишининг ёшига, кайфиятига, му¬айян жамиятда тутган мақомига мос бўлиши керак. Кўп гулдор, қизил ранг аралашган либослар эркаклар¬га дуруст бўлмаса-да, аёлларга ярашади. Шунингдек, фақатгина қора, сариқ ва қизил ранглардан иборат ли¬бослардан сақланиш тавсия этилган. Бу ранглардан фақат Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қайтарганлари учун эмас, балки улар ўзига хос равишда инсон психологиясига, кай¬фиятига салбий таъсир кўрсатиши важидан шундай. Ма¬салан, қизил – саркашликни, қора – тундлик, кайфиятсиз¬ликни туғдиради.

Либоснинг кенглиги борасида ўртачалик – меъёрга риоя қилиниши керак. Аъзолар сиқиладиган даражада тор, жисмга ноқулайлик келтирадиган ва ҳаракатланишга халал берадиган даражада кенг бўлмаслиги лозим. Ниҳоятда тор кийимлар организмнинг қон айланиш тизи¬ми бузилишига олиб келади. Эркаклар ички кийимлари¬нинг жуда торлиги аянчли ҳолатлар келтириб чиқариши аниқланган. Галстук, кўйлак ёқаси, камар ёки белбоғлар баданни сиқадиган даражада маҳкам боғланмайди. Акс ҳолда, бу эркин ҳаракатланишга халал бериши билан тезда чарчашга олиб келади. Гоҳида эса ички ва ташқи касалликларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Кийим кишининг жисмига мос равишда, эркин ҳаракатланишга имкон берадиган қилиб тикилган бўлиши шарт. Ниҳоятда калта ёки кичик ва зиёда даражада узун бўлиши жоиз эмас. Чунки бундай кийимларнинг тезда сийқаси чиқиб, эскиради. Натижада, ярашмай қолади, ҳатто кайфиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Либос замон ва миллий қадриятлар талабларига жавоб берсин. Илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқларимиз билан фахрланганимиз каби, миллий кийимларимиз билан ҳам ифтихор туйишимиз керак. Зеро, миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббатни билдиради.

Яна нозик томони, имкон қадар ҳар бир ҳолат учун алоҳида кийим кийиш яхши. Меҳмондорчилик, иш, дала-боққа алоҳида, уйда кийиш ва ҳатто уйқу учун ҳам алоҳида кийимлар бўлиши дуруст. Зеро, бу либослар “умри”ни узайтиришидан ташқари тиббий, маданий жиҳатдан ҳам мақбулдир.

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, бизнинг барча миллий кийимларимиз нафақат маънавиятимизни, балки баданимиз, аъзоларимизни ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилади. Ёки дўппиларни олайлик. Ҳар вилоятнинг ўзига хос дўпписи бўлиб, уларга солин¬ган нақшлар олам-олам маъно, диний ва миллий қадрият ҳикматларини ифодалайди. 



Баҳодир МУҲАММАДИЕВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Улуғ аллома, шайх Саъид Камалий ҳафизаҳуллоҳнинг шогирларидан бири ҳадис матнини ўқий бошлади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар .Киши давоми...

2498 19:39 / 01.12.2022
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан чиқадиган бўлсалар, .Бисмиллаҳи, таваккалту алаллоҳи, Аллоҳумма, иннаа давоми...

43849 05:00 / 02.03.2017
Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули Кимга яхшилик қилай, дедим..Онангга,, дедилар. .Кимга яхшилик қилай, дедим..Онангга,, давоми...

3435 05:00 / 03.03.2017
Бухорий ўзларининг .Саҳиҳ,ларида Ибн Умар розияллоҳу анҳу орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У зот .Дунёда ўзингни ғарибдек ёки йўловчидек давоми...

3563 05:00 / 04.03.2017