1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Шукр қилиб яшаш улуғ фазилатдир

05:00 / 04.03.2017 5799 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонларни энг гўзал суратда яратди, унга ҳар хил нозу неъматларни беҳисоб берди ва ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб бормоқликка буюради. Парвардигоримизнинг неъматларини катта-кичик демай, уларни шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, иншоаллоҳ. Бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилиниб:



“...Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур...”, - дейилган. Оятдан маълум бўладики, Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир киши доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай мусулмон ҳам ана шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир.

Одатда, бизга бирор яхшилик етса, “Аллоҳга шукр”, деб қўямиз. Неъматларга шукр қилиш учун кўп ҳолларда, тилимиздагина шукрона айтиш билан кифояланамиз. Аслида “шукр” сўзи миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади.

Киши ҳақиқий неъмат берувчи Зотнинг марҳамати борлигини идрок этса, қалб шукрона айтган бўлади. Шукр сўнгра тилга кўчади, яъни “Аллоҳга шукр” ёки “Алҳамдулиллоҳ” дейилади. Шунингдек, уламолар Аллоҳ таолонинг “Раббингизнинг (сизга ато этган барча) неъматлари ҳақида эса (одамларга) сўзланг”, ояти хусусида фикр юритиш, ўқиш ҳам шукрга далолат қилади, дейишган.

Неъмат албатта, моддий бойликнинг ўзидангина иборат, деб ҳисоблайдиган инсон адашган бўлади. Чунки, унга берилган ҳаёт неъмати, жисмидаги ички ва ташқи аъзоларининг бир маромда ишлаши, яъни, кўзининг кўриши, қулоғининг эшитиши, тилининг таъм билиши, юрагининг уриб туриши, буларнинг барчаси аслида бебаҳо неъматдир. Инсон ушбу неъматлар кўз ўнгида такрорланавергани туфайли уларни оддий ҳол санайди. Ҳолбуки, ушбу неъматлар содда қилиб айтганда, бирор жойдан сотиб олинган ёки ижарага берилган эмас, балки, бизларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳадядир.

Банда қилган яхши амаллари билан ҳам Аллоҳга шукр келтириши мумкин. Аллоҳ таоло амр этган ибодатларни чиройли тарзда бажариш, гуноҳларнинг катта-кичигидан ҳам тийилиш билан инсон ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дуо, тоат-ибодат ва эзгу ишларни кўп давом этардилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, сиз барча гуноҳлардан покланган зотсиз-ку?”, - деб сўрашса: “Аллоҳга шукр қилмайинми?”, - деб жавоб берар эканлар.

Қачонки, Аллоҳ сақласин, кўзимизга шикаст етсагина, кўзимиз борлигини, бирор жойимиз оғриб қолса, оғриган ўша аъзо танамизнинг қайси жойида жойлашганлиги ҳақида "билиб қоламиз". Ана ўшанда дунёда кўзи ожизлар, оёқ ёки қўллари ишламай қолган одамлар, узоқ йиллардан буён Аллоҳ берган дард туфайли тўшакка михланиб қолган одамлар ҳам борлигини ҳис қиламиз. Бу ҳиссиёт бизларни шукр қилишга ундайди.

"Соғлик - инсонлар бошидаги тож бўлиб, уни фақат ва фақат соғлигини йўқотган инсонлар кўра оладилар". Яна, баъзида ишларимиз юришмаётганлиги, қилаётган ишларимизда зафар ёр бўлмаётгани ҳақида нолиймиз. Шундай пайтларда биздан кўра ҳам ҳоли ночор, аммо, шукроналик билан ҳаёт кечираётган, тўкин дастурхон олдида ўтириб, сархил неъматлар ичида яна нималарнидир бўлишини хоҳлаган пайтимизда соддагина ҳаёт кечириб, тани соғ, хотиржамлигини барча неъматлардан устун қўядиган инсонлар ҳам борлигини эслашимиз лозим.

Саид ибн Жубайр (рз.)дан ривоят қилинади, у киши: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир”, - деганлар.

Истиқлол йилларидан олдин мана бундай масжидларни тўлдириб, ёшу қарилар эмин эркин ибодатларимизни адо этишимиз қаёқда эди. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб:

“Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, - деганлар.

Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири – бу юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли хил офат ва балолар ҳақида радиодан эшитиб, телевидениедан кўриб турибмиз. Ҳар куни ҳар хил қўпорувчилик воқеалари содир бўлаётган жойда инсонлар уй қурармиди, тўй қилармиди ёинки халқининг кўнглига хурсандчилик сиғармиди?! Шундай юртлар борки, хали ҳануз у юртларда тинчлик йўқ. Туғилган фарзанд уруш ўчоғида туғилиб, катта бўлиб, уйланмай вафот этаётганлар қанча?!

Шу ўринда бир ҳикояни эсласак, узоқ йўл босиб келаётган мусофир ўзининг оёқ кийими эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига “шунақа ҳам ночор одам бўламанми?” дея ўз ҳолининг забунлигидан афсусланди.

Шу ҳолида мусофир нолиган ҳолда шаҳар дарвозасига яқинлашар экан, дарвоза тагида инсонлардан бирор нарса беришларини тиланиб ўтирган тиланчига кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: “Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукрлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан-да”, деб шукроналик йўлини тутди.

Бу воқеа гарчи аввалги замонларда бўлиб ўтган бўлса-да, ҳозирги пайтда ҳам ўз мазмун-моҳиятини йўқотмаган. Зеро, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солмоғи, борига шукр қилмоғи лозим. “Неъматнинг қадри кетганда билинади”, деган сўзни кўп бора эшитганмиз. Ушбу сўз ҳақида бироз мулоҳаза қилсак, олам-олам маъноларни топган бўлар эдик. Неъмат деб, Аллоҳ таоло томонидан берилиб, эвазига шукр талаб қилинган қадри юксак нарсага айтилади.

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқдалар. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда. 

Бу хайрли ишларда намозхонларнинг ва масжид ходимларининг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Улар ҳар бир байрам арафасида қабристонлар ва бошқа зиёратгоҳ атрофларида уюштириладиган ҳашарларда фаол қатнашадилар. Бундан ташқари кўплаб саҳоватпеша кишиларимиз байрам арафасида ўзлари ва масжидлар орқали боқувчисини йўқотган ва кам таъминланганларга кўплаб моддий ёрдам кўрсатиб, уларнинг хонадонига байрам шукуҳи кириб боришига сабабчи бўлмоқдалар. Буларнинг барчаси тинчлик ва хотиржамликдандир.

Жаннатмонанд юртимизда тинчлик-омонлик, хотиржамлик ҳукм сураётгани буюк неъмат бўлиб, юрт тинчлиги қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан боқмоғимиз зарур. Ана шулардан хулоса қилиб, турли хил низолар, ҳар хил тушунмовчиликлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин каби офатлар рўй бермаслигини истасак, Яратганга шукр қилиб яшашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб: "...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман, борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир", дейди ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Ушбу ояти карима юқоридаги фикрларимизга далил бўлиб, неъматларга шукрона қилишимиз, неъматларни зиёда бўлишининг асосий сабаби эканини таъкидлайди. 

Ҳақиқатан тинчлик бўлиб турса кўнгилга тўй-ҳашам, хурсандчилик сиғади. Юрт тинч бўлса тараққиёт, ривожланиш бўлиб, аҳоли меҳнат қилади, ризқини териб оиласи билан баҳам кўради. Уй-жой ҳам қилади. Шунинг учун ҳам бу неъматларнинг қадрига етмоғлиғимиз лозимдир.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиб, тоат-ибодатда бардавом бўлмоқ охиратнинг обод бўлишига сабаб бўлса, неъматларнинг шукрини адо этиб, куфрона неъматдан сақланмоқ бу дунёнинг ободлигига сабабдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”, - деб ваъда берган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилган ҳолда, Ўзининг шукр қилувчи бандаларидан бўлишимизни насибу рўзи айласин!


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Улар мусибат етганда .Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз,, дерлар.Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана давоми...

7031 05:00 / 01.03.2017
Бинобарин, бахтли онларда ҳовлиқмаслик, кулфат ва машаққатга йўлиққанда эса, бахтиёр кунлар яна келажагини ёдда тутиш ва шунга биноан, сабртоқат, қаноатни қўлдан давоми...

4780 05:00 / 03.03.2017
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида ўзимни ёмғирдан пана қиладиган ва қуёшдан тўсадиган уйни ўзим давоми...

2941 05:00 / 03.03.2017
Жамиятда олий маълумотли, олий даражали шахслар борки, барчалари институт ёки университетларда таҳсил олишган. Ҳеч ўйлаб кўрганмизми, биринчи университет давоми...

1949 15:30 / 24.12.2021