1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Буйрак – Аллоҳ таолонинг улкан неъматларидан биридир (биринчи мақола)

11:00 / 04.02.2021 7375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا ۗ إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Наҳл сураси, 18-оят).

Аллоҳ таоло бизга сон-саноқсиз неъматлар ато қилган ва қилмоқда. Бизга энг яқин нарса ўз танамиздир. Ўзимизда қанча неъматлар бор. Ўзимиздаги неъматларнинг қадрини бирор аъзоимизни йўқотганимизда ёки ўша аъзо бемор бўлганда ҳис қиламиз. Инсон ҳали тўлиқ ўрганилмаган мавжудотдир. Бирор марта ўзимиз ҳақимизда, танамиздаги сон-саноқсиз неъматлар ҳақида ўйлаб кўрганмизми?! Танамиздаги улкан неъматлардан бири буйрагимиздир.

Хўш, буйрак қандай аъзо ва унинг вазифаси нималардан иборат?

Буйрак — одам ва умуртқали ҳайвонларда сийдик ҳосил қилувчи ва уни ажратувчи жуфт аъзо бўлиб, ловия шаклида бўлади ва қорин бўшлиғининг орқа томонида, умуртқа поғонаси бел қисмининг икки ёнида жойлашган. Қорин парда буйракларнинг олд юзасини қоплаб туради. Олд ва орқа юзалари яссиланган, ҳар бир буйракнинг бўйи 10-12 см, эни 6 см, йўғонлиги 3-4 см, оғирлиги ўртача 140-150 грамм бўлади. Ўнг буйрак тепасида жигар борлиги туфайли чап буйракка нисбатан бир оз пастроқда ётади. Буйракнинг юқори учи умуртқага яқин, пастки учи эса умуртқадан узоқроқ бўлади. Буйракнинг умуртқага қараган ички томони ўртасида ботиқ жой бўлиб, у буйрак дарвозаси дейилади.

Буйракнинг ботиқ юзасига буйрак жоми тақалиб туради. Буйрак дарвозасидан буйрак артерияси ва нервлар кириб, вена, лимфа томирлари ва сийдик йўли чиқади. Буларнинг ҳаммаси биргаликда буйрак оёқчаси деб аталади. Буйрак ичида буйрак усти безлари бор. Моддалар алмашинуви натижасида ҳосил бўладиган чиқинди ва зарарли моддалар организмдан буйрак орқали чиқиб кетади. Шу билан бирга буйрак организм учун зарур миқдордаги сув ва минерал тузларни сақлаб, ташкарига чиқармай қўяди, организмнинг ички муҳитини таъминлайди. Буйрак сийдик билан биргаликда сийдикчил (мочевина), сийдик кислота, тузлар ва сувни чиқариб туради. Буйракда биологик фаол моддалар (ренин, простогландин ва б.) ҳосил бўлиб, улар қон таркиби, қон ивиши ва қон босимини маромга солиб туради. Буйракни фиброз парда, ёғ капсуласи ва бириктирувчи тўқимадан иборат фасциялар ўраб, ушлаб туради. Буйрак пўстлоқ ва мағиз қисмдан иборат. Пўстлоқ қисмининг қалинлиги 4-13 мм келади. Бу қисм остида мағиз кисми жойлашган; у 12-15 та конуссимон буйрак пирамидаларидан иборат. Ёндош пирамидалар орасига пўстлоқ қисм суқилиб кирган бўлиб, буйрак устунчаларини ҳосил қилади. Пирамидалар ўртача 1 млн. майда каналча (нефрон)лардан иборат, шу нефронларда сийдик ҳосил бўлади, бунда суюқлик қондан сизиб ўтади (фильтрланади), қайта сўрилади ва секреция рўй беради. Ҳар бир нефрон буйрак таначалари билан сийдик каналчаларидан иборат. Сийдик буйрак таначаларида фильтрация йўли билан пайдо бўлади.

Буйрак таначаси қўш деворли капсула (Шумлянский-Боумен капсуласи) бўлиб, деворлари орасида ёриқсимон бўшлиқ бор; сийдик чиқувчи найча (каналча) шу бўшлиқдан бошланади. Капсулада майда қон томирлар коптокчаси (калаваси) бор. Сийдик каналчаларида бирламчи сийдик қайта сўрилади, концентрацияси ошади ва шаклланган сийдикка айланади. Сийдик каналчалари қўшилиб, йирикроқ йиғувчи каналчалар ҳосил қилади. Сийдик каналчалардан буйракнинг аввал кичик, кейин катта косачаларига ва ниҳоят буйрак жомига ўтади. Ундан сийдик йўли орқали қовуққа қуйилади. Буйракдан ўртача 1,5 л сийдик ажралиши учун организмдаги қон буйракдан бир кеча-кундузда ўртача 360 марта ўтиб, етарлича тозаланиб туради. Бунинг учун буйракка келадиган қон миқдори ва босими доимо етарли бўлиши керак. Агар қон босими пасайиб буйракка қон кам келса, у ренин модда ажратиб қон босимини оширади. Бу ҳолат сурункали қайтарилса, қон томирлар деворининг сиқилиши туфайли қон босими кўтарилиб, буйрак босими пайдо бўлади. Буйрак ривожланишида нефрон найчасининг учи берк бўлса, буйрак истисқоси кузатилади. Буйрак касалликларини нефрология ўрганади.

Қаранг, биргина аъзо шунча вазифани бажаради. Аллоҳ таоло буйракка қон босимининг кўтарилишига сабаб бўлувчи махсус моддаларни ато қилган.

Қани айтингчи, тилсиз, ақлсиз буйрак қачон, қанча миқдорда ренин моддасини ажратиб, қон босимининг ошишига сабаб бўлишни қаердан билди экан?!

Буйрак организмга зарур бўлган сув ва минерал тузларни сақлаб, ташқарига чиқармай қўйишни, фақат чиқинди ва зарарли моддаларни чиқаришни кимдан ўрганди?!

Албатта, буйракка қачон, қанча миқдорда керакли модда ишлаб чиқариш, тана учун зарур моддаларни ушлаб қолиб, фақат зарарли нарсаларни ташқарига чиқариш хусусиятини Аллоҳ таолонинг Ўзи ато қилгандир!

У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

قَالَ فَمَن رَّبُّكُمَا يَٰمُوسَىٰ قَالَ رَبُّنَا ٱلَّذِىٓ أَعْطَىٰ كُلَّ شَىْءٍ خَلْقَهُۥ ثُمَّ هَدَىٰ

«У (Фиръавн): «Иккингизнинг Роббингиз ким, эй Мусо?» – деди. У: «Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган Зотдир», – деди» (Тоҳо сураси, 49-50-оятлар).

Буни қарангки, соғлом, буйрагидан шикоят қилмайдиган кишининг буйрагидан танадаги қон бир кеча-кундузда 360 марта ўтар экан. Уни ким ўтказади? Буйрак қонни шунча миқдорда ўтказиб тозалаши учун керакли тезкорлик ва имкониятни қаердан олди? Албатта, Аллоҳ таоло буйракни керакли жиҳозлар билан яратган ва улар кун давомида ана шунча миқдордаги қонни кўп марта ўтиб тозаланиши учун хизмат қилади.

Бирортамиз буйрагимиздан сутка давомида 360 марта қон ўтиш жараёнини ҳис қилганмизми? Танамиз ичида ҳар куни қон билан боғлиқ ана шундай ҳодиса бўлади, шу ҳақида ўйлаб кўрганмизми? Биз буни сезмаймиз, қонимиз тозаланиш пайтида оғриқ бўлмайди, бунинг учун пул ҳам сарфламаймиз.

Буйраги касал бўлган, буйраги ўз вазифасини бажара олмай қолган, танасидаги қонни махсус қурилма воситасида ювдирадиган кишилар ҳақида эшитганмисиз? Ундай беморлар бир ҳафтада камида уч марта таналаридаги қонни ювдиришади. Қонни ювиш, уни зарарли моддалардан тозалаш жараёни тахминан 4-5 соат давом этади. Бемор шунча вақт ювадиган қурилма ёнида ўтиради. Бу пайтда бемор оғриқни, чарчоқни ҳис қилади, кўнгли айнийди, танасида қуруқшаш ёки қичишишни сезади ва бу иш учун кўп пул сарфланади.

Касалланган буйракка дам бериш, танадаги қонни тозалаш учун ишлатиладиган қурилманинг номи гемодиализ деб аталади.

 

Гемодиализ – қонни заҳарли моддалардан тозалаш, қон муҳити ва сув-минераллар алмашинувини мувозанатлаш усули. Асосан, ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилигига, кислоталар, ишқорлар ва бошқа(лар) моддалардан заҳарланганда, организмга мос келмайдиган қон қуйилган ҳолларда қўлланилади. Гемодиализда вена ёки артерия қони махсус капиллярли диализатордан ўтказилиб, қон такибидан ортиқча сув, сийдикчил ва бошқа(лар) кераксиз моддалар сўриб олинади. Сурункали буйрак етишмовчилигида организмни буйракни кўчириб ўтказишга тайёрлашда асосий муолажа ҳисобланади. Ўткир буйрак етишмовчилигида гемодиализ қўллаш зарарланган буйракка дам бериб, сўнгра унинг фаолияти тикланишига олиб келади.

Буйрагимиз жуда ажойиб аъзо. У гормонлар ишлаб чиқаради, қонни фильтрлайди, минералларни қабул қилади, пешоб ишлаб чиқаради ва соғлом кислотали-ишқорли балансни ушлаб туради.

(Давоми бор)

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расмда квазарнинг тахминий сурати акс этган. Квазар ndash галактика ядросида пайдо бўладиган, кучли радионурланишга эга бўлган, коинотдаги энг ёрқин давоми...

1995 12:23 / 20.12.2023
Аллоҳ таоло Мурсалот сурасида шундай марҳамат қилади.Ерни ўзига тортувчи қилиб қўймадикмиhellip тирикларни ва ўликларни, 2526оятлар.Яъни ер устида юрган тирикларни давоми...

8320 15:10 / 05.10.2020
иккинчи мақолаБуйракни кўчириб ўтказиш амалиёти дунёдаги кенг тарқалган жарроҳлик амалиётларидан бўлиб, битта буйрак баҳоси 1000 дан 30 минг долларгача баҳоланар давоми...

3546 11:30 / 05.02.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Қиёмат сурасида шундай марҳамат қилади .Қиёмат куни билан қасам. Ва маломатчи нафс билан қасам. Инсон Бизни унинг давоми...

3480 11:30 / 19.09.2019