1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Таҳорат — инсонни гўзал қилади

18:00 / 31.01.2021 2508 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизда таҳорат деб ўрганиб қолинган маълум ва машҳур амал арабчада «вузуъ» дейилади. «Вузуъ» сўзи луғатда «гўзаллик» ва «ялтираш» маъноларини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти билан баъзи аъзоларни ювиш «вузуъ» деб айтилади.

Таҳорат энг аввало, Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. У мусулмон инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Таҳорат поклик демакдир. У инсонни гўзал қилади. Соғлом бўлишини таъминлайди ва яна бошқа кўплаб фойдалар келтиради.

Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳар бир ибодатга таҳоратли ҳолда киришига буюрган. Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди. Бир кунда беш вақт намоз ўқийдиган одам доимо таҳорат билан покланиб юриши керак.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ

«Эй иймон келтирганлар! Намозга турсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» (6-оят).

Ушбу ояти каримадан ҳанафий мазҳаби уламолари таҳоратда тўртта фарз борлигини олишган. Булар қуйидагилардан иборат:

1. Юзни ювиш.

2. Қўлларни чиғаноқлари билан қўшиб ювиш.

3. Бошга масҳ тортиш.

4. Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.

Уламоларимиз таҳорат борасида келган ҳамма ҳадис ва манбаларни ўрганган ҳолда ишлаб чиққан таҳорат одобларига, бу борадаги қоидаларга назар соладиган бўлсак, бу ҳақиқатни яна ҳам тўлароқ тушуниб етамиз.

Таҳорат одоблари қуйидагилар:

1. Қиблага қараб ўтириб таҳорат қилиш зарур. Таҳорат ибодат бўлгани учун уни қиблага қараб қилиш керак бўлади.

2. Баланд жойда ўтириб таҳорат қилиш лозим. Ишлатилган сувлар бадан ёки кийимларга сачрамаслиги учун шундай ва бундан бошқа қулайликларга эга бўлиш талаб этилади. Мисол учун, совуқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш қулай бўлса, ўта иссиқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш кўп ноқулайлик ва қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун таҳорат қиладиган жой ва шароитлар қулай қилиб олинса, яхши бўлади.

3. Таҳорат қилишда узри бўлмаса, бировнинг ёрдамидан фойдаланмаслик керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аксар ҳолларда шундай қилганлар. Ибодатда мутавозелик, ҳамма нарсани ўзи бажариши афзал саналади.

4. Таҳорат пайтида гапирмаслик даркор. Балки Аллоҳнинг зикри ва дуо билан машғул бўлиш мақбулдир.

5. Узуги бор одамлар уни бир қимирлатиб остига сув етказиши лозим.

6. Оғзига ва бурнига ўнг қўл билан сув олиб, бурунни эса чап қўл билан тозалаб қоқиш керак.

7. Шошилиб қолмаслик учун намоз вақти кирмасидан таҳорат қилишни бошлаш керак.

8. Сувни исроф қилмаслик талаб этилади.

9. Ишлатиш осон бўлиши учун таҳорат суви солинган идишни ўнг томонига қўйиб олса қулай бўлади.

10. Қалбдаги ният билан тилдаги гапни бирлаштириш.

11. Ҳар бир аъзони ювганда «Бисмиллаҳ»ни айтиб, дуо ўқиш.

12. Таҳорат қилиб бўлгандан кейин «калимаи шаҳодат»ни ва ривоятда келган дуони ўқиш.

13. Таҳорат қилиб бўлгач, икки ракат намоз ўқиш.

Мусулмон инсон кундалик ҳаётида доимо баданининг маълум қисмлари пок ҳолда юриши учун таҳорат етарлидир. Исломда таҳоратнинг ўзи билан кифояланиб қолинмайди. Балки мусулмон инсонга бутун баданини пок тутиш учун Аллоҳ таоло ғуслни ҳам фарз қилган.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога шукр қилиш кучли мўминнинг сифатларидан саналади. Банданинг шукр қилиши ndash унинг бахтлилигидан, ички хотиржамлигидан, кўнглида кири йўқлигидан, давоми...

2014 14:05 / 21.06.2024
Қопқон тулкининг думини қисиб, узиб юборди. Бошқа бир тулки ундан .Думингни нега кесдинг, деб сўради.Думи узилган тулки .Мен ўзимни шундай ҳис қиляпманки, гўё давоми...

3003 15:33 / 25.01.2023
Оврўпа халқлари устидан черковнинг ҳукмронлиги янада кучайган пайт... Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида инсон чидаб бўлмайдиган ҳолат ҳукм сурар эди. Ўта бузилган динни давоми...

4445 14:41 / 02.01.2019
1144 йилнинг декабрь ойида Мосул амири Имадуд Дин Занги Эдессани босиб олганидан сўнг, 1145 йили папа Евгений III 1145ndash1153 янги салб юришига чақириқ билан чиқди. Жўшқин давоми...

2776 11:00 / 05.10.2023
Аудиолар

213519 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132729 14:35 / 11.08.2021