1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сеҳрнинг муолажаси

11:00 / 14.12.2020 4991 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун-қоидаларини тааммул билан ўйлаб кўрган киши турли офатлар ва беморликларнинг ориз бўлиши ҳам борлиқдаги муқаддар қонун-қоидалардан бири эканлигини англаб етади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бўладиган синовдир.

Ким «Солиҳ бандалар бало ва мусийбатлардан узоқда бўлади», деб ўйласа, хато қилади. Солиҳ кишига офат ва мусийбатларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга бўлган муҳаббатининг аломатидир. Солиҳ кишига, жумладан, беморликларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилганлиги аломатидир. Бундай кишилар учун офат ва беморликлар гуноҳларининг каффоротидир.

Ҳа, агар мусийбатга учраган банда солиҳ бўлса, мусийбат унинг учун гуноҳларга каффорот ёки даражотларининг кўтарилишидир. Агар осий бўлса, мусийбат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунёнинг бевафо эканлигини эслатишдир.

Гоҳида бандага сеҳр ва кўз тегиши орқали ҳам мусийбат етади. Шунинг учун мусулмон одам мазкур икки нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши лозим. Сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир. Сеҳр ва кўз тегишдан сақланиш бир неча услублар ила амалга ошади. Улар қуйидагилар:

1. Тавҳид ила руҳни тетиклаштириш.

2. Борлиқдаги барча нарсанинг тасарруфини фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи қилишига иймон келтириш.

3. Яхшиликларни кўп қилиш.

4. Сеҳргарлиги ва кўзи борлиги ила машҳур бўлган одамлардан узоқда бўлиш.

5. Сеҳр ва кўз тегишидан Аллоҳдан паноҳ сўраб, керакли дуо ва зикрларни ўқиб юриш.

6. Мазкур дуо ва зикрлар ҳаққ эканлиги ва уларнинг фойдаси борлигига иймон келтириш. Мазкур иймон қанча кучли бўлса, таъсир ҳам шунча кучли бўлади.

7. Мазкур дуо ва зикрларни айтганда қалб ҳозир бўлиши. Чунки ғофил қалб ила қилинган дуо қабул бўлмайди.

8. Кундузги дуо ва зикрлар Бомдод намозидан ва кечкилари Аср намозидан кейин айтилади.

9. «Оятул Курсий», «Бақара» сурасининг охирги икки ояти, «Ихлос», «Фалақ» ва «Наас» суралари сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш учун ўқилади. Бошқа дуолар ва зикрлар «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг тиб ва дам китобининг тегишли жойида келган.

10. Сеҳрланиб қолганлик ва кўз текканлик аломатлари қуйидагича: кишининг аъзолари соғ бўлатуриб, бошининг у ер-бу ери оғриса, юзи сарғайса, кўп терласа ва бавл қилса, иштаҳаси йўқолса, юраги бежо бўлса, белининг ва икки курагининг пастида оғриқ бўлса, узрсиз хафалик ва юрак сиқилиши бўлса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.

Шунингдек, бекордан-бекорга хавфсирайверса, аччиғи чиқаверса, одамларга қўшилгиси келмай қолса, дангаса бўлиб қолса, уйқуси келаверса, қўйингки, тиббиётга оид бўлмаган ҳолатларга учраса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.

Мусулмон одамнинг иймони ва қалби кучли бўлиб, васвасага йўл қўймаслиги лозим.

Сеҳр қилинган одам бир неча йўл билан муолажа қилинади.

Биринчиси: сеҳрнинг жойи аниқ бўлса, уни олиб, «Фалақ» ва «Наас» сураларини ўқиб туриб, тугунлари ечилади. Сўнгра куйдириб юборилади.

Иккинчиси: сеҳрни ўзига ўхшаш сеҳр билан муолажа қилиш. Бу иш ҳаромдир.

Учинчиси: шаръий дам солиш йўли билан муолажа қилинади. Бунда «Фотиҳа», «Фалақ» ва «Наас» суралари ёки Набийимиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган дуолар ўқилади.

Имом Абдурраззоқ «Мусаннаф» номли китобида сеҳрнинг муолажаси ҳақида қуйидаги маънони келтирган:

«Сидрнинг баргидан еттита олинади. Уларни икки тошнинг орасига олиб, туйилади. Унга «Каафи­рун», «Ихлос», «Фалақ» ва «Наас» суралари уч марта ўқилади. Сўнгра сувга солиб ичилади ва ғусл қилинади. Аллоҳ шифо бергунча такрор қилинади».

Тўртинчиси: сеҳр қилинган нарса қоринда бўлса, ич суриш, бошқа жойда бўлса, қон олиш билан бўшатиш.

11. Дам солишнинг шартларидан бири – Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари ҳамда ривоят қилинган дуолар билан бўлишидир.

12. Дам солиш араб тилида ёки (бошқа тилда бўлса) маъноси тушунарли бўлиши шарт.

13. Дам солиш ўзича таъсир қилмаслиги, шифони фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина беришига эътиқод қилмоқ шарт.

14. Дам солувчи тақводор, солиҳ мусулмон бўлиши керак. У қанчалар тақводор бўлса, таъсири шунчалик кучли бўлади.

15. Дам солиш жараёнида сидқидилдан Аллоҳга юзланиш ва ёлвориш лозим.

16. Киши ўзига-ўзи дам солгани афзал.

17. Дам солдирувчи киши солиҳ мўмин бўлиши керак.

18. Дам солдирувчи киши шифони ихлос билан Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраши лозим.

19. Шифо бўлмаяпти, деб шошилмаслиги керак.

20. Кўз тегишидан хавфсираган жойларга тумор, кўзнинг шакли, отнинг тақаси каби нарсаларни осиш мумкин эмас.

21. Сеҳргарлар одамларни ўзига ишонтириш учун тақводор бўлиб кўринишга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун улар намоз ўқишлари, зикр қилишлари ва одамларни жалб қиладиган яна бошқа ишларни ҳам амалга оширишлари бор.

22. Сеҳргарларнинг аломатлари кўп. Шулардан бири – улар беморнинг ва унинг онасининг исмини сўрайдилар. Ҳолбуки, шаръий дам солишда бу исмларнинг ҳеч кераги йўқ.

23. Сеҳргарлар баъзи кийимларини ёки кийим парчаларини келтиришни сўрайдилар.

24. Сеҳргарлар маълум сифатга эга бўлган ҳайвонни келтиришни сўрайдилар. Уларни жинларга атаб сўйишлари ёки қонини беморга суртишлари мумкин. Бу ҳам сеҳргарликнинг аломати.

25. Сеҳргарлар маъносини тушуниб бўлмайдиган тилсим ва шаклларни чизадилар.

26. Сеҳргарлар беморга тўртбурчак шакллар ичига турли ҳарфлар ва рақамлар ёзилган варақлар беришади.

27. Сеҳргарлар беморларга одамларга аралашмай, маълум муддат алоҳида хонада яшашни амр қиладилар ва ҳоказолар.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳофиз улкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

3629 21:58 / 27.04.2017
Ҳаммам ибн Яҳё айтади .Омир ибн Абдуллоҳ хасталаниб қолгач, қаттиқ йиғлади. Бу касаллик уни олиб кетиши аниқ эди. Ёнида ўтирганлар у зотга .Эй Абу Абдуллоҳ, нимага давоми...

2785 08:02 / 03.02.2020
Оқил инсоннинг аломатлари саккизтадир Ишида орқа ўгирмасдан, пешвоз чиқувчи бўлади. Ўз замонаси аҳли билан талашиб тортишмасдан, балки муроса қилувчи бўлади. давоми...

1989 11:00 / 20.03.2023
1984 йилги ЛосAнжелес Олимпиадасининг дзюдо мусобақаси финалларидан бири олимпия тарихида ўзгача из қолдирган. Ўшанда мисрлик Муҳаммад Али Рашван жароҳат олган давоми...

3458 13:30 / 14.01.2020