1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Динга меҳрибонлик ва муҳаббат билан чақиринг

17:00 / 12.11.2020 1560 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Андижон вилояти Балиқчи тумани «Оққўрғон» жоме масжиди имом-хатиби Рустамжон домла Ҳамидов билан суҳбат

– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етимликда катта бўлганлари ҳамда динимизда етимларга яхшилик қилиш тарғиб этилгани учун мусулмонлар азалдан етимларга бошқа жамиятлардан фарқли равишда шавқат назари билан қарашган. Бугунги кунда динимизнинг бу кўрсатмаси қай даражада адо этиляпти деб айта оламиз?

– Динимизда тарғиб қилинган етимпарварликни аксарият мусулмон биродарларимиз ўйлаганларидек, етим болани асраб олиб, уни уйида парваришлаш деб тушуниб олмаслик керак. Етим болага яхшилик қилиш, унга кафил бўлишнинг савоби жуда улуғ эканини эшитган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: «Етимнинг кафили жаннатда мен билан шундай бўлади», деб иккита бармоқларини ишора қилганлари ҳақидаги ҳадисни ўқиган ҳар қандай киши бу ишдан бенасиб қолмасликни истайди. Лекин бу ушалмас орзудек туюлади. Сабаби одамларнинг онгидаги «Етим болани қаердан оламан? Ким менга етим болани тутқазиб қўярди? Демак, бу амал мен учун эмас экан» деган тушунча уларни тараддудлантиради. Аслида, етим болани кафилликка олиш у бола хоҳ ўз онаси, хоҳ бува ёки бувисининг қўл остида қолишидан қатъи назар, унинг еб-ичиши, ўқиши, таъминоти, таълим-тарбиясидан бохабар бўлиб туришдир.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: «Мерос тақсимига узоқ қариндошлар, етимлар ва мискин (бечораҳол)лар ҳозир бўлсалар, уларни ҳам у (мерос)дан баҳраманд қилиб, уларга яхши гапирингиз!» (Нисо сураси, 8-оят).

Биз ҳозир шу тарғиб билан чиқдик. Алҳамдулиллаҳ, жуда кўп киши бизга «лаббай» деб жавоб қилишди, чунки бирон етимга меҳрибончилик истагида юрганлар бунинг иложини топа олмай қийналишар эди. Биз саховатпеша кишиларга етим ва боқувчиси йўқ болаларнинг озиқ-овқати, кийим-кечаги, ўқиши учун китоб-дафтари билан таъминлаб бериш таклифини билдирдик. Бу таклифимизни қўллаб-қувватловчилар кўп бўлди. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир бу хайрли ишимиз жуда яхши шаклда давом этяпти.

Албатта, инсон бошқа жонзотлардан хулқ-атвори билан ажралиб туради. Демак, етимларнинг фақат моддий таъминоти билан кифояланмай, унинг тарбиясига ҳам беэътибор бўлмаслик лозим. Шу ўринда бир савол туғилади. Ҳафтада бир марта бозорлик олиб борган киши қандай қилиб унинг тарбияси билан шуғулланиши мумкин? Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида бир байт бор:

Муҳаммад олди олам хулқи хушдин,

Муяссар бўлмади олтин кумушдин.

Пайғамбаримиз алайҳиссалаом қалбларни чиройли хулқлари билан фатҳ этдилар. Сиз ҳар қанча саховат кўрсатинг, ҳар қанча панд-насиҳат қилманг, ахлоқингиз гўзал бўлмас экан, гапирилган гап ва насиҳатларнинг таъсири бўлмайди. Сиз ўзингиз гўзал хулқ билан хулқланингки, Исломнинг, диннинг гўзаллигини улар сизда кўришсин.

– Ҳозир бир хайрли ишга бош-қош бўлганингиз ҳақида айтиб ўтдингиз. Етим ва боқувчисини йўқотган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган бу хайрияга нима туртки бўлди, бу ишлар қандай бошланди?

– Бир опамиз бироз маблағ бериб: «Шу масжид атрофида яшайдиган муҳтож одамларга тарқатсангиз, домла», дедилар. Шу баҳона муҳтож оилаларни суриштириш асносида, бир етим болалар ҳақида айтиб қолишди. Билсак, улар жуда ночор аҳволга тушиб қолишган экан. Шундан бошланди бу ишларимиз... Масжид жамоатида тижоратчими, деҳқончилик билан шуғулланадими, хуллас калом, саҳоватпеша кишилар билан бамаслаҳат етим болаларга ёрдам кўрсатадиган бўлдик. Масжиддаги амри маъруфларда одамларни хайру саховатга даъват қилиб, қизиқтириб бордик. Aлҳамдуллилаҳ, саховатли кишиларимиз кўп, бу ишлар давомли бўлиб келяпти. Бу хайрли ишларга сабабчи бўлган ҳалиги аёлга: «Сиз бу ишларга шериксиз, Aллоҳдан умидни кўп қилинг», десам, опамиз: «Домла, бу ҳам кам аслида», дейдилар. Ишонсангиз, унча-мунча киши беролмайдиган хайрияларни қиладилар. Aллоҳ у кишини саломат қилсин, фарзандлари диёнатли, фазлли бўлсин.

– Яхшиликлардан, хайрли ишлардан илҳомланиш бор гап. Сиздан ибрат олиб, сизга ҳавас қилиб, ўзлари яшаётган жойдаги етим ва боқувчисини йўқотган болаларга ғамхўрлик қиладиган, уларнинг нафақаларидан хабар оладиган яхши инсонлар кўпайиб бораётган экан, шу тўғрими?

– Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда қилаётган ишларимиз ёритиб борилади, буни кўриб бошқа жойларда ҳам шу ҳаракатлар бошланяпти. Бундан жудаям хурсанд бўлиб кетаман. Мана Хоразмда, Сурхондарёда, Тошкентда, Фарғонада, Наманганда, Aндижонда ва бошқа жойларда шу каби хайрли ишлар қилиняпти. Биз бу хайриялар билан Фарҳодга ўхшаб тоғни ёриб, нариги томонга ўтиб кетолмасак ҳам, яъни етим ва қаровчиси йўқ болаларнинг муаммоларини тугатиб юбора олмасак-да, яхши ишни бошладик. Битта одам озгина ҳисса қўшса ҳам суюниб кетавераман.

Ҳозир 350 тадан ошиқ болаларимиз бор, озиқ-овқат билан юз фоиз таъминланган, алҳамдулиллаҳ. Биз болаларни оталиққа олишни таклиф қиламиз, етим болага кафил бўлинг, деймиз. Кафиллар дарров топилади, ҳаттоки хайрия учун навбатда турган саховатпеша одамларимиз бор.

Яқинларимга, мени ўзига устоз деб билганларга доим одамларни динга меҳрибонлик ва муҳаббат билан чақиринг, деб таъкидлайман. Aбдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ишларидан таажжуб қиласиз: у киши Куфада бўлган вақтларида бир жойдан ўтаётсалар, бир йигит қўшиқ айтаётган экан. «Овози ёқимлилигини қаранг, қанийди шу овоз билан Қуръон ўқиса», дебдилар. Бу гап ҳалиги йигитга етиб борибди. Шунда йигит: «Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мақтадими?» деб ўрнидан туриб кетган экан. Сўнг Aбдуллоҳ ибн Масъуднинг олдиларига бориб, ёнларида ўтириб Қуръондан таълим олган.

Бизнинг йўлимиз ҳабибимиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга лойиқ уммат бўлиш ва лойиқ умматларни тайёрлаш.

Ёшлигимда бир киши: «Қиёмат қойим бўлганда сартарошлар, одамларга уй қуриб берадиган усталардан нур чиқиб туради», деган эди. Шунда мен ҳам шу икки касбдан бирини танлашга қарор қилиб, дурадгорликни ўргандим. Бир куни устозимдан «Қиёмат кунида энг яхши одамлар аҳли илмлар бўлади» деган гапни эшитиб қолдим. Ўша кундан илм олишнинг ишқига тушдим. Йигитларга, қизларимизга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларини айтаман: «Ким дунёни хоҳласа, тижорат қилсин, ким охиратни хоҳласа, зуҳду тақво билан ибодат қилсин, ким икковини ҳам хоҳласа, илм ўқисин!»

– Ота-онаси тирик бўла туриб, уларнинг меҳридан мосуво болалар ҳам бор. Масалан, ота ҳам, она ҳам турмуш қуриб, бола бошқа яқинлари ёки ажрашиш туфайли ота ёки онаси билан қолган болалар. Уларга яхшилик қилганда ҳам етимга яхшилик қилгандек савоб бўладими?

– Аслида фарзандларини тирик етим қилиб қолдираётган оталарни тирик дейишга тилим ҳам бормайди. Ҳатто баъзи бундай «оталар» берадиган арзимас алиментдан ҳам қочиб юради ёки бирор кам ойлик ёзадиган ишга номига кириб олиб, бошқа сердаромад иши бир ёқда қолиб, ўша паст ойлиги ҳисобидан алимент ажратади. Албатта, давлатимиз, маҳалла-кўй бундай боларни ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Лекин қўлдан берган қуш тўярмиди. Қолаверса, оиладаги отанинг ўрнини ҳеч ким босолмайди.

Энди шундай ночор болага яхшилик қилса, савоб бўладими-йўқми деяпсиз. Мен сизга бир ҳадис айтай, Пайғамбаримиз алайҳиссалом чанқоқдан ўлар ҳолатга келган итнинг олдидан ўтиб кета туриб, унга раҳми келган ва ёнидаги қудуқдан махсисига ип боғлаб, сув олиб, итга ичирган фоҳиша аёлнинг жаннатий бўлгани ҳақидаги хушхабарни берганлар. Аллоҳнинг бир махлуқига ёрдам бергани учун ана ўша ахлоқи бузуқ аёл жаннатга ҳақли бўлган. Ота-онаси ташлаб кетган, ночор аҳволдаги болага ёрдам қўлини чўзган кишининг эришадиган даражасини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.

– Домла, маҳрам-номаҳрам масалаларини тушунган кишилар эмизиш ёшидан ўтган қизларни асраб олишдан тийилади. Сабаби қиз вояга етганда ўгай ота билан муомалаларида юзага келиши мумкин бўлган вазиятлардан андиша қилишади...

– Маҳрамлик жиддий масала. Шунинг учун юқорида ҳам таъкидлаб ўтканимдек, болани асраб олишдан кўра, уни кафилликка олиб, ёрдам бериб турилгани маъқул. Шунда у бола ҳам ўзининг маҳрами қўлида қолаверади. Ҳеч кими йўқ болаларни имконияти борлар қарамоғи олгани афзал. Фақат бунда ниятни тўғри белгилаш керак. Қариганимда коримга ярайди, деб эмас, Аллоҳнинг розилиги, деб қараш лозим бу ишга. Етимнинг бошини силаган киши эртага уни уйли-жойли қилгач, «Болам, менинг мақсадим сени тўғри йўлга, ҳаётга йўллаб қўйиш эди, мен шуни адо этдим, бундан кейин ҳам ёрдамимни аямайман. Буёғи ўзингнинг танловингга боғлиқ», деб у боладан эмас, бу қилган иши учун Аллоҳнинг раҳматидан, Унинг жаннатдан умид қилсин.

Суҳбатимизни ўзим яхши кўрган, кўп қайтарадиганим бир байт билан тугатсам. Ушбу байт Фаридиддин Атторнинг «Тазкиратул авлиё» деган китобида келади:

Ҳарки хандонот ятими хастаро,

Бозиё бад жаннати дар бастаро.

Ҳар қандай одамки – яхшими-ёмонми, қанақа бўлмасин, етим болани кулдира олса, унинг учун ёпилиб қолган жаннат эшиклари очилиб кетади. Барчамизга мана шундай юксак мартабалар насиб этсин.

Ғиёсиддин Юсуф суҳбатлашди

«Ҳилол» журналининг 11(20) сонидан

 

Мавзуга оид мақолалар
Оилаларнинг бузилишига сабаб бўладиган, аёллар томонидан содир этиладиган биринчи хато ndash номаҳрам эркак билан холи қолиб гаплашишдир. Хоҳ телефон, хоҳ ижтимоий давоми...

25404 16:00 / 29.07.2019
Савол Одамлар орасида .Агар инсон жума куни вафот этса, тўғридантўғри, саволжавобсиз жаннатга тушади, деган ақийда мавжуд. Шу гап қанчалик ростЖавоб Бисмиллаҳир давоми...

6434 08:00 / 16.11.2018
Савдогарларнинг алоҳида аҳамият беришлари лозим бўлган ишларидан бири қалбаки пулларни муомалага киритмасликдир. Гоҳида савдогарнинг қўлига қалбаки, давоми...

1785 14:05 / 13.10.2019
Сувайд Калбийдан ривоят қилинади .Зарр ибн Ҳубайш Абдулмалик ибн Марвонга ваъзнасиҳат тўла мактуб ёзди. Мактубнинг охирида қуйидаги сўзлар бор эди .Эй давоми...

2626 08:05 / 04.04.2020