1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дилга бўлди жо... (иккинчи мақола)

12:03 / 01.11.2020 1174 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг учта қизлари, яъни Зайнаб, Руқайя ва Умму Кулсумлар оталаридан аввал дорилбақога риҳлат қилишган. Руқайя ва Умму Кулсумлар Пайғамбарнинг амакиси Абу Лаҳабнинг ўғилларига турмушга берилганди, аммо Абу Лаҳаб Пайғамбарнинг ашаддий душманига айлангач, (Қуръони Каримнинг Масад сурасида Аллоҳ таоло уни лаънатлаган) қизлар эрларидан ажрашиб, уйларига қайтишади. 644 – 656 йилларда учинчи халифа бўлган Усмон ибн Аффон улардан бирига уйланади, бироқ қиз кутилмаганда вафот этгани учун энди иккинчисини хотинликка олади, чунки Исломда бирйўла опа-сингилга уйланиш ман этилган. Шу сабабдан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни эъзозлаб, «зун-нурайн» яъни «икки нур эгаси» деб аташган. Туркияда ҳозирги кунларда ҳам Усмон Нурий деган ном тез-тез учраб туради.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кенжа қизлари Фотима розияллоҳу анҳо оталаридан бир неча ойдан кейин вафот этганлар. У Пайғамбарнинг бошқа бир амакиси Абу Толибнинг ўғли ҳазрати Алий билан турмуш қурганлар, ундан иккита ўғил кўргандилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам невараларини жуда яхши кўрар, бўш вақтларида улар билан ўйнар эканлар. Уларнинг каттаси имом Ҳасанни 669 йили заҳарлаб ўлдиришади, кичиги имом Ҳусайн эса 680 йили Карбало яқинида умавийларнинг халифаси Язидга қарши олиб борилган жангда шаҳид бўлган. 661 йилда ҳазрат Алий ўлдирилгач, халифаликни умавийлар эгаллаб олишган эди. Умавийларнинг иккинчи халифаси Язид тахтга ўтиргач, имом Ҳусайн ҳокимиятни қайтадан Пайғамбар авлодлари қўлига ўтказиш учун кураш бошлайди…

Суннийлар ҳам унга (ҳазрати Фотимага) юксак ҳурмат-эҳтиром билан қарашади. Суннийлиги ҳар қандай шубҳа-гумонлардан холи бўлган форс шоири Муҳаммад Иқболнинг 1917 йили чоп этилган «Румузи беҳуди», яъни «Ўзликдан кеча олиш сирлари» эпосида ва Алий Шариатийнинг Эрондаги Ислом инқилоби даврида чоп этилган «Фотима Фотимадир» асарида ҳам бу аслзода ва олийҳиммат муслима тўғрисида юрак торларини чертиб ўтадиган ёқимли сўзлар айтилган. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳазрат Алийнинг бошқа болаларидан эмас, балки Биби Фотиманинг ўғилларидан, яъни имом Ҳасан ва имом Ҳусайндан тарқаган авлодларгина «саййидлар» деб юритилади. 1331 йили Ғазна шаҳрида вафот этган шоир Саноийнинг ушбу мисралари кўнгилларни ром этмасдан қолмайди:

«Қизлар, жувонларга тўла бу дунё,

Аммо хойруннисо Фотима қайда?»

Кўриниб турибдики, «хойруннисо», яъни «аёлларнинг аълоси» деган даража нафақат Хадича розияллоҳу анҳога, балки кейинчалик унинг кенжа қизига ҳам берилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофидаги аёллар тўғрисида ҳам анчагина маълумотлар бор. Уларнинг баъзилари Ислом илк нозил этилган пайтда оилалари билан Ҳабашистонга ҳижрат қилишган. Умму Осиё каби аёллар эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари билан бирга ғазотларда иштирок этиб, ярадорларга ҳамширалик қилишган. Ўз-ўзидан маълумки, улар намоз ва бошқа диний тоат-ибодатлар адо этиладиган масжидларга бемалол кириб, тадбирларда қатнашишган, чунки ҳадисларнинг бирида бундай дейилган: «Аллоҳ йўлида хизмат қилаётган ҳамшираларга Аллоҳ таолога сиғиниладиган жойларга киришларига тўсқинлик қилманг».

634 – 644 йиллари ҳукм сурган иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб ҳам гарчи аввал бошда унчалар хоҳламаган бўлса-да, кейинчалик бу ҳадисни ҳаётга татбиқ этишда ҳисса қўшган. Қаттиққўллиги ва ҳақиқатпарварлиги ила машҳур бўлган бу ҳукмдор аёлларга нисбатан анча кўнгилчан эди. Ривоят қилишларича, акаси Умар Пайғамбарнинг ашаддий рақиби бўлишига қарамасдан, синглиси Ислом динига ўтади. Буни эшитган Умар синглисини ўлдиришга отланади, бироқ синглисидан эшитган Қуръон оятлари унга шунчалар таъсир қиладики, шу заҳоти Ислом динига ўтиб, кейинчалик Ислом дини учун жонфидоликка ҳам тайёр бўлган мусулмонга айланади. Бу ривоят ҳазрат Румийнинг насрий асари «Фиҳи мо фиҳи»да ҳам мисол қилиб келтирилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари ўзларининг мўмин-қобиллиги, тақводорлиги билан машҳур бўлишган. Улар ичида, айниқса, Пайғамбарнинг чевараси Саййида Нафиса алоҳида эътиборга лойиқ. У олтинчи имом Жаъфари Содиқнинг келини бўлган. Саййида холаваччаси Сакина билан Қоҳирага келади ва бу ерда ўзининг художўйлиги, тақвоси билан машҳур бўлади. Тарихчи олим Халликоннинг ёзишича, Исломдаги тўрт мазҳабдан бирининг асосчиси имом Шофеъий бу қиздан сабоқ ўрганишни ўзига шараф деб билган экан. Саййида Нафиса кароматгўй, нафаси ўткир қиз бўлган. Нафиса вафот этгач, 208 йили унга бир мақбара қурилган. Ҳозирги кунларда ҳам одамлар бу мақбарани зиёрат қилишади. Ўрта асрларда, айниқса, мамлуклар даврида султонлар Қоҳира саройида Саййида Нафиса хотирасини авайлаб асрашган.

Юқорида мисол қилиб келтирилган мисралар, яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ҳамда у зотнинг бир қанча аёлларга уйланганлиги нафақат насроний дини олимлари, балки насронийларнинг кўпчилигига аллақандай эриш туюлгани, уларнинг ғашини келтиргани сир эмас. Улар ўзини Пайғамбар деб атаган кишининг шунча уйланишини онгига сиғдира олмаган, чунки улар Худога сиғинишнинг асосий йўли роҳиблик деб ўйлашган. Пайғамбарнинг кўп марта уйлангани, яъни у зотнинг дунёвийлиги насронийлар онгидаги роҳиблик, таркидунёчилик тушунчасига мос келмас эди. Мусулмонлар эса бу ҳолатда бирорта ёмонлик, динга зидлик кўришмайди, чунки улар Қуръон ва ҳадислардаги «енг, ичинг, кийининг, дунёдан завқланинг, фақат меъёрдан ошиб кетманг, исрофгарчиликка йўл қўйиб, золимлардан бўлманг» деган таълимотларга амал қилишади.

Сўзимизнинг бошида мисол қилиб келтирилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини ҳинд-мусулмон оламининг етук уламоси, деҳлилик Низомиддин Авлиё талқин этиб, «аёллар, хотин-қизлар» деганда Оиша розияллоҳу анҳо назарда тутилган, «кўнглим хуши, дил юпанчи, кўзим қораси» дегани эса Фотимадир дейди. Зеро, бу сўзлар айтилган вақтда Фотима намоз ўқиётган экан. Бу энди бироз ошириб юборилганга ўхшайди, шу сабабдан бизнингча Ибн Арабийнинг талқини кўпроқ ҳақиқатга мос келади. У кишининг айтишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларни табиий майл билангина эмас, балки Аллоҳ таоло хотин-қизларни севимли қилиб яратгани учун яхши кўрган. Энди ўртадаги «хуш бўйлар» деган сўзга келсак, (асл маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда ёқтирган хушбўйликлардан ташқари) у араб тилидаги иккита муаннасдаги «хотин-қизлар» ва «намоз» ўртасидаги ягона музаккардаги сўздир. У бир томондан аёлларга, иккинчи томондан руҳониятга боғланиб, сўфийларни тўхтовсиз хаёл суришга, бу сирнинг мазмунини англаб етишга мажбур қилган.

(Тамом)

Биринчи мақола

Олмон исломшунос олимаси Аннемарие Шиммел

«Ҳилол» журнали 10(19) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муслим ибн Субайҳ Куфий айтади .Отам шундай ҳикоя қиладилар .Муғийра ибн Шўъба ва бир араб йигит бир аёлга совчи юборишибди. Йигит келишган, кўркам эди. Аёл давоми...

2670 08:00 / 12.12.2020
Эрхотин ўзаро алоқа қилганида эркакдан тахминан 200, 000000 икки юз миллион сперма ажралиб чиқади. Мантиқан олганда агар бу миқдор сперма бачадонда жойлашса 200,000000 давоми...

2782 10:00 / 26.03.2021
Вуҳайб ибн Варад, Суфён Саврий ва Юсуф ибн Асбот роҳимаҳумуллоҳ бир куни жамланиб қолишди. Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ деди Олдин ўлимни ёмон кўрар эдим. Бугун эса давоми...

1711 10:06 / 18.11.2021
САВОЛ Аллоҳ илмингизга янада барака берсин. Биз Украинада савдо билан шуғулланамиз, у ерда .Аҳбош, деган фирқа бор. Улар бозорларга кириб, ўзбекларни ўзини йўлига давоми...

3571 20:48 / 25.04.2016