1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Инсон азиз ва мукаррамдир!

05:00 / 03.03.2017 4437 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсин, икки олам сарвари Пайғамбар алайҳиссаломга саловоту саломлар бўлсин! Аллоҳ таоло инсонни Ўзи яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азиз қилиб яратди.


Инсонни Ўзи яратган барча жонзотлардан афзал қилган. Парвардигор одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйган, ҳатто фаришталарини ҳам Одамга таъзимга буюрган. Аллоҳ таоло бундай дейди:  

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” .

Расулуллоҳ (сав) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида:

“Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир” – деган эканлар. Мана бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейиладики, яъни “Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса, нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафсу шаҳват фақат нафсни қондириш, шаҳвоний ҳирсни қониқтиришга ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳу маъсият ишларидан қайтмасликка бошлайди. Бинобарин, агар инсоннинг ақли нафсу шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади. Аммо, бордию нафсу шаҳвати ақлидан ғолиб келиб, уларнинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у ҳайвонлардан ҳам паст мартабада қолган бўлади.

Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло “Инсонни азиз ва мукаррам қилдик” – деди. Тафсир китобларида инсоннинг қайси неъматлар туфайли мукаррам эканлиги тўғрисида кўпгина мисоллар келтирилган. Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилганлар:

1. Жисмоний неъматлар. Бунга мисол қилиб, сиҳат-саломатлик, яхши таом, чиройли либос, фаровон турмуш кабилардан иборат бўлиб, бу неъматлар барча бандаларга баробар берилаверадиган нарсалардир.

2.    Руҳоний ёки маънавий неъматлар. Бунга мисол қилиб, имон, ислом, рушду ҳидоят, ахлоқ, инсофу тавфиқ каби ижобий сифатлардан иборат бўлиб, бу неъматлар фақат Аллоҳ таолонинг иноятига мушарраф бўлган бандаларигагина насиб бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзининг бу неъматларини зикр қилишидан мақсади – ҳар бир инсон ўзига ато этилган беҳисоб неъматларига шукр қилсин, бу нарсаларнинг қадрига етиб, уларни фақат хайрли ва фойдали ишларга сарф этсин, деган маънодадир.

Пайғамбар (с.а.в) ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки:

“Кимики ўзидан тўрт нарсани берса, унга ҳам Аллоҳ таоло тўрт нарса ато қилур”. Бу ҳадиси шарифни муҳаддислар Қуръони каримдаги тўртта ояти карима билан тафсир қилган эканлар:

1. Кимики Аллоҳ таолони зикр этиб, доимо ёдида тутса, Ҳақ таоло ҳам уни ёд этади. Бас, Мени ёд этингиз, Мен ҳам сизларни ёд этурман...

2. Кимики ихлос билан дуо қилса, Аллоҳ таоло ҳам дуосини ижобат қилади.

Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) мустажоб қилай!

3. Кимики берилган неъматларга шукр қилса, Аллоҳ таоло ҳам неъматларини янада зиёда қилаверади. Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман.

4. Кимики истиғфор айтиб, гуноҳларига тавба қилса, Ҳақ таоло ҳам унга ўз раҳмат ва мағфиратини ато қилгай.

...Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир.

Парвардигори олам гуноҳига астойдил тавба қилган ва ёмон ишидан тийилган бандасини, Ўзининг раҳмат ва марҳаматларига мушарраф қилади. Қуръони каримда:

 “Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир”, деб марҳамат қилади. Мазкур суранинг кейинги 136-оятида эса

“Айнан уларнинг мукофотлари - Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Яxши) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яxши!” – дейди.

Ана шундай азизу мукаррам яратилган ҳар бир инсон тез-тез ўзини  саволга тутиб туриши лозим: “Биз киммиз, нега дунёга келдик, ўлгандан сўнг қаёққа кетамиз”? 

Инсон ҳаётининг асл моҳияти ана шу уч саволга жойлашган экан, у Аллоҳ таоло берган умрини қандай яшаб ўтиши керак? Бир лаҳзадай тез ўтиб кетадиган йиллар ортда қолганида ва ўлим соатлари яқинлашганида афсус-надомат чекмаслик учун қандай тайёргарлик кўриш лозим? Ана шу саволларга жавоб топиш учун эса Аллоҳ таолонинг инсонни яратишдан мурод ва ҳикматини англаб олишимиз зарур бўлади.

“Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилиб, (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бир нутфадан яратдик. Бас, уни эшитувчи ва кўрувчи қилиб қўйдик”.

Инсоннинг асли бир томчи ҳақир сувдан  иборат. Аллоҳ таоло унга Ўз руҳидан киритгандан кейингина у инсонга айланади, фаришталар сажда қиладиган даражада азиз-мукаррам ва шарафли жонзотга айланади.  Аллоҳ инсонни Ўзининг илоҳий қудрати билан яратиб, унга жон ато қилгани ва малоикаларни инсонга ҳурмат ва эҳтиром юзасидан сажда қилишларига амр этганида илоҳий ҳикмат бор.  Аллоҳ айтади:

“Эсланг, Раббингиз фаришталарга деган эди: Албатта, мен лойдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки, уни ростлаб, унга руҳимдан пуфлаганимдан сўнг, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз”!

Фаришталар инсон Аллоҳ томонидан яратилгани учун унга ҳурмат бажо келтириб, таъзим саждасини адо қилдилар. Мана шу нарса инсонни олий мақомга кўтарди. Раббоний жон ато этилиши инсонни инсон қилди. У энди Аллоҳнинг Ер юзидаги ўринбосари, деган муборак номга мушарраф бўлди. 

 Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир.  Демак, инсоннинг  руҳий-маънавий олами бой бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча иймонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина унинг  даражаси юқори  бўлади. Шундагина Аллоҳ таоло унинг  зиммасига юклаган шарафли вазифани кўнгилдагидек уддалаган бўлади.  

Аллоҳ таоло инсонни бир нутфадан яратибгина қолмай, унга эшитиш ва кўриш қобилиятини ҳам берди. Аммо бу баъзилар ўйлаганидай, инсондаги қулоқ ва кўз аъзоларинигина англатмайди. Бу аъзолар онгсиз ҳайвонларда ҳам бор. Эшитишдан мурод, Аллоҳ юборган ваҳийларга қулоқ солиш, англаш ва ҳаётга татбиқ этиш, кўришдан мурод эса, Аллоҳ таоло борлиқда яратган ҳамма нарсадан ибратланиш, бу ҳақда тафаккур қилиш, Ҳақни танишдир. 

Аллоҳ инсонни  ақл ва идрокда бутун махлуқларидан мукаррам айлаб,  унга Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйди. Унга икки йўл – ҳидоят, имон йўлини ва залолат, куфр йўлини кўрсатиб қўйди. 

Инсон вужудидаги моддий тараф маънавий томонидан устунлик қилса, Ҳақни танимай қолади, фаросат, ақл-идрок кўзи беркилади ва маънавий хасталикка учрайди. Бу хасталикни даволашнинг бирдан-бир йўли эса илоҳий тарбия чашмаларидан қониб сув ичиш, яъни пайғамбарлар воситасида инсониятга юборилган ваҳийларга суяниш, уларни ўрганиб,қатъий амал қилишдир.

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзи яратган ҳар бир мавжудотга муайян вазифани юклаган. Улар хоҳ наботот олами бўлсин, хоҳ ҳайвонот дунёси бўлсин, зиммаларига юклатилган илоҳий хизматни адо этадилар. Инсон ҳам ўзига топширилган омонатга мувофиқ Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш ва Уни таниш вазифасини адо этишга даъват қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирор ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман”.

Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китоблар нозил қилган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган.  Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган.

Ислом динимиз инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқлари – ҳаёт кечириш, обрў ва ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлаш, тафаккур ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш,  ҳалол меҳнат қилиш, барча башар билан тенглик,  яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш  ҳуқуқларини кафолатлайди.  Бугунги кунда  жаҳонда иқтисодий муносабатларнинг глобаллашуви оқибатида инсон қадр-қимматини топтовчи “одам савдоси” деган тушунча  пайдо бўлди. Бу муаммо ҳозирги пайтда бутун жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга соляпти.  

Мамлакатимизда бу иллатнинг олдини олиш, юртдошларимизнинг фирибгарлик тузоғига илиниб қолишларига йўл қўймаслик, одам савдоси туфайли жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.

Одам савдоси инсонни ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларидан маҳрум қилиб, бировларнинг қўлида қул бўлишига маҳкум этади, умрига зомин бўлади, эрки, тақдири ва келажагини оёқости қилади.

Аллоҳ инсонларни яратар экан, уларга дунё ҳаётида жуда кўп неъматларни ато этиш билан бирга тўғри йўлни, ҳидоят йўлини ҳам кўрсатиб қўйган. Бандаларини ҳидоятда бўлиб, Ўзига чин бандалик қилишларини талаб этган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

“Дарҳақиқат, Биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилувчи (мусулмон) бўлсин ва хоҳ ношукр (кофир) бўлсин, йўлга йўлладик”.

Аллоҳ таоло инсонларга дунё ҳаётида тўғри йўлни кўрсатиб қўйгани хабарини беряпти. Инсонларнинг бир гуруҳи ҳидоят йўлига юриб, Ҳақни топди, Аллоҳга шукр қилувчилар сафидан жой олди. Бошқа бир гуруҳи эса буни кўра, била туриб ҳам гуноҳ ва исён кўчасига кириб, ношукрлардан бўлди. Ана шундай ношукр, кофир кимсаларни охиратда нима кутиб турганини баён этиб Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик.Сўнгра (қариган сари), уни асфаласофилинга (қомати хам бўлишга) қайтардик”.

Ҳақиқатан, айрим инсонлар борки, дунёнинг ҳавойи нафсларига ғарқ бўлиб, охиратдаги ҳисоб-китобни унутиб қўйишган.  Шайтон ва нафс кўйида елиб-югуришади-ю Аллоҳнинг буйруқларини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларини эсдан чиқаришади. Аллоҳ берган неъматларни истаганларича тасарруф қилишади-ю лекин буларнинг шукрини қилишмайди, ато этилган ризқдан ва неъматлардан миннатдор бўлишмайди. Турфа хил таом ва шарбатларни истеъмол қилишади, хилма-хил кийимларни кийишади, кўркам ва қулай уйларда яшашади, яхши уловларни минишади, бола-чақа қилишади. Аммо булар учун шукрни унутиб қўяди.  Бир донишманд айтганидай “бир-икки кунда ўтадиган, йигирма йилдан сўнг келадиган тўйингга йиллаб матоҳ, сеп йиғасан, сандиқ тўлдирасан. Аммо абадий яшайдиган охират дунёси учун сандиғингни бўш олиб борасан”. 

Дунёга келдингми, бир кун кетиш бор. Фоний дунёдан абадий охиратга кўчиш бор. Оқибатнинг хайрли, савол-жавобнинг осон бўлиши дунёдаги солиҳ амалларимизга, Аллоҳга бандалик қилишимизга боғлиқ.  Дарҳақиқат, ислом дини таълимотлари инсоний тушунча чегараси доирасида комил инсонни ўз атрофидагиларга доимо меҳр-мурувватли, мунис-меҳрибон, ўзгаларнинг ҳожатларини чиқарувчи бўлишга чорлайди. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб бундай деганлар:

“Сизлардан бирнингиз токи ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа биродарига ҳам раво кўрмагунгача ҳақиқий мўмин бўла олмайди”

Аллоҳ таоло бизларни Ўзини таниб-билишимиз учун яратган экан. Агар Уни билсак ва танисак, Унга қулликда ва тоат-ибодатда бўламиз. Ўзимизнинг кимлигимизни, не мақсадда яратилганимизни, дунёга нега келиб,қаёққа кетишимизни англасак, Парвардигоримизни ва Унинг Расулининг кўрсатмаларини англаймиз. Аллоҳ яратган мавжудотларни танисак, уларнинг Яратувчисини таниймиз ва Унинг ҳаққини  адо этган бўламиз. Аллоҳ таоло хабар бериб айтганидек:

“Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар”. 

Шунингдек, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат этиб айтадилар:

“Мўминлар ўзаро бир-бирларига дўстлик, эзгулик ва меҳрибонлик кўрсатишларида тананинг бир аъзоси бетобликдан шикоят қилса, қолган аъзолари ҳам бедор ва нотинч бўлган гавдага ўхшайдилар”.  

Таассуфки, айрим  виждонсиз кимсалар одамларнинг соддалиги, ҳақ-ҳуқуқини билмаслигидан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишмоқда. Улар ҳур, озод кишиларни алдаб, улар ҳуқуқини поймол этиб арзимас матоҳ каби “қуллик”ка сотиб юборишмоқда. Бундай кимсаларнинг нопок қилмишлари туфайли қанчалаб юртдошларимиз, хусусан  аёл-қизларимиз хорижий ўлкаларда  азоб чекиш ҳолатлари кузатилмоқда. Одам савдоси ниҳоятда қабиҳ иш бўлганидан бу ёвузликка қарши мамлакатимизда жиддий кураш олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш йўлида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.  Ҳар бир шахс инсон шаъни, ҳуррияти ва шарафига доғ бўлиб тушаётган бу иллатни батамом тугатиш ишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари лозим.

Одам савдоси дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан биридир. Бу жуда мунозарали, баҳсталаб масала. Кимдир сабаб сифатида иш тополмаётганини рўкач қилади, кимдир пули йўқлигини, кимдир алданиб қолганини айтади. Тўғри, ҳар ким ўзи кўрган вазият, билган воқеадан келиб чиқиб муносабат билдиради. Аммо энг асосий сабаб, фуқароларда, айниқса ёшларда ҳуқуқий билимларнинг етишмаслиги деб ҳисоблайман. Нима, улар одам савдосининг борлиги ҳақида эшитмаганми? 

Ахир маҳаллалар, қишлоқлар, олий ўқув юртлари, коллежлар, ишлаб чиқариш корхоналарида бу жиддий мавзуда қанчадан-қанча тадбирлар ўтказиляпти. ОАВ томонидан роликлар, кўрсатувлар, видеофилмлар тайёрланган, тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Аммо барибир одам савдоси қурбонлари бўляпти. Нега? Шунча маълумотларга қарамай, қўшниси, қариндоши ёки энг яқин дугонасининг ёлғонига ишониб, алданиб қолаётганлар қанча? Шунинг учун одам савдоси муаммосининг илдизида ёлғон, алдов, ноқонунийлик ётибди. Биз фаолиятимизда бекорга асосий эътиборни аҳолининг маънавий ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратаётганимиз йўқ.

Одам савдоси деган хунук атаманинг ортида инсоннинг камситилиши, хўрланиши, ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилиши каби мислсиз азоб-уқубатлар борлигини ҳар ким ўзининг тасаввури доирасида билади. Аммо шунга қарамай, ана шу кўргуликнинг қурбонига, жабрланувчисига айланиб қолади. Яратган томонидан ўзига ато этилган ҳаётни, яшаш ҳуқуқидай дахлсиз эркини бировларга бериб қўяди ва бундан бир умр азият чекади. Мамлакат чегарасини ноқонуний босиб ўтаётганини била туриб, мусофир юртда бирор кор-ҳол бўлса, ҳоли не кечиши ҳақида ўйламайди. Гўё бу савдо уларнинг бошига тушмайдигандай. Ваҳоланки, бу муаммодан ҳеч ким ҳимояланмаган!

Инсонликнинг асл моҳияти Аллоҳга бандалик қилишда экан, Парвардигоримизга имон келтириб, бир-бирларимизни чиройли амаллар қилишга ва ўзаро сабрли ва қаноатли бўлишга даъват этайлик! Аллоҳ таоло барчаларимизга тинч ва тотувликда, бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатиб истиқомат қилишни насиб айласин! 


Баҳодир МУҲАММАДИЕВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муроса қилиб ё одоб сақлаб ўтирмайман. Ҳа, сизга ўз динингиз, менга эса ўз диним..Сизга ўз динингиз ва менга ўз диним, Кафирун сураси, 6оят.Бу бошқани рад этиш эмас. давоми...

1796 16:00 / 11.01.2022
Рисоламни бошлашдан олдин, яқин ўтмишда ўтган олимлардан бирининг ажойиб фикрини эслаб қолдим. Ушбу ажобтовур жумлалар мавзуимизни янада осон суратда давоми...

3679 05:00 / 01.03.2017
Анасдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир яҳудий бола хизмат қилиб юрар эди. У бемор бўлиб қолди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни давоми...

2638 05:00 / 03.03.2017
Муҳаммад ибн Саъд ибн Моликдан, у отасидан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмонни сўкиш фосиқликдир,, дедилар,. Шарҳ Ким бўлишидан давоми...

5479 05:00 / 03.03.2017