1446 йил 15 жумадул аввал | 2024 йил 17 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Мазлумнинг золимни дуоибад қилиши

05:00 / 03.03.2017 3748 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобирдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Қулоғим ва кўзимни менга салоҳиятли қилгин. Иккисини менга икки ворис қилгин. Менга золимлар устидан нусрат бергин ва улардан ўч олишимни ўзимга кўрсатгин», – дер эдилар
».


Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги баъзи жумлаларни алоҳида шарҳ қилишимизга тўғри келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қулоғим ва кўзимни менга салоҳиятли қилгин» деганлари, қулоқ ва кўзимни соғ-саломат қилгин, уларнинг менга яхшилик йўлида хизмат қилишларини насийб қилгин, деганларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Иккисини менга икки ворис қилгин» деганлари, мени қулоқ-кўзим соғ ҳолимда вафот эттиргин, улар ортимдан меросхўр қолгандек бўлсин, деганларидир.

Бу ҳадисдан банда Аллоҳ таолодан кўз ва қулоғининг соғ-саломат бўлишини ва бу неъматларнинг умр охиригача бардавом бўлишини сўраб дуо қилиши кераклигини ўрганамиз.

Шунингдек, бу ҳадиси шарифдан мазлум золим устидан нусрат сўраб ва ундан ўч олишнинг осон қилинишини сўраб дуо қилиши жоиз эканини билиб оламиз.


Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Менга қулоғим ва кўзимдан ҳузур бахш эт. Иккисини мендан кейин қоладиган ворис қил. Менга душманим устидан нусрат бер ва ундан ўч олишимни менга кўрсат», – дер эдилар
».

Шарҳ: Бу ҳадис аввалги ҳадиснинг лафзи бироз ўзгарган шакли экан. Золимлар ўрнига душман зикр қилинган экан.

Ушбу икки ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Қулоқ ва кўзни салоҳиятли қилишни сўраб дуо қилиш борлиги.

2. Қулоқ ва кўздан ҳузур бахш этилишини сўраб дуо қилиш борлиги.

3. Қулоқ ва кўзни ворис қилишни сўраб дуо қилиш борлиги.

4. Золимлар устидан нусрат берилишини сўраб дуо қилиш борлиги.

5. Золимлардан ўч олишни ўзи кўришини сўраб дуо қилиш борлиги.


Саъд ибн Ториқ ибн Ашйам ал-Ашжаъий ўз отасидан ривоят қилади:

«Биз эрталабдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борар эдик. Эркак ҳам келарди. Аёл ҳам келар эди. Ва:
«Ё Расулуллоҳ! Намоз ўқиб бўлгандан кейин нима дейман?» – дер эди. Ул зот:
«Аллоҳим! Мени мағфират қилгин. Менга раҳим қилгин. Мени ҳидоят қилгин. Менга ризқ бергин», дегин. Булар сенга дунё ва охиратни жамлайди», – дер эдилар
».

Шарҳ: Демак, намоздан кейинги дуода Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан мағфират, раҳм, ҳидоят ва ризқ сўраш жоиз экан. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган, асар бўлиб қолган дуо экан.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига саҳобалар эрталабдан келишга одатланганлари.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам келиши.

3. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоздан кейин қилинадиган дуони сўраб ўрганганлари.

4. Намоздан кейинги дуода Аллоҳ таолодан мағфират–гуноҳни кечиришни сўраш яхшилиги.

5. Намоздан кейинги дуода Аллоҳ таолодан раҳим қилишини сўраш яхшилиги.

6. Намоздан кейинги дуода Аллоҳ таолодан ҳидоят қилишини сўраш яхшилиги.

7. Намоздан кейинги дуода Аллоҳ таолодан ризқ беришни сўраш яхшилиги.

8. Бу ривоятда зикр қилинган дуодаги нарсаларни Аллоҳ таолодан намоздан кейинги дуода сўраш бандага дунё ва охиратни жамлаши.

Ушбу ҳадиси шарифда келган дуонинг арабча матнини ёдлаб олиб, намоздан кейин ўқиб юришга одатланилса, яхши бўлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз .мулойимлик, деб таржима қилган сўз арабчалар .рифқ, деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл давоми...

4169 05:00 / 03.03.2017
Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон алАнсорий оталаридан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимки ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик давоми...

3057 05:00 / 03.03.2017
Ислом соғлиқни сақлаш борасида катта аҳамият берган нарсалардан бири тозаликка риоя қилишдир. Дунё тарихида ҳеч ким, ҳеч қандай тузум ва дин тозаликка риоя давоми...

8075 14:30 / 08.07.2022
Менинг одатим, агар пиёда юришга кучим етса, машинага чиқмайман. Агар қуёш нури остида юришга кучим етса, соясалқин жойда юрмайман. Бу Ливаннинг қуёши бўладими, давоми...

3819 05:00 / 04.03.2017
Аудиолар

134662 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54972 14:35 / 11.08.2021