1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Отамнинг илмини сизга мен бераман (иккинчи мақола)

08:16 / 28.09.2020 2490 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх шогирдига қараб, «Қаерда юрибсан, Абу Вадоа?» деди. У: «Аёлим оламдан ўтди. Шунинг учун дарсларга келолмадим. Узр, устоз!» деди. Устоз: «Бизга хабар бермабсан-да, борар эдик, дардингга шерик бўлар эдик», деди. Сўнг шогирдига насиҳат қилди, жаннат, дўзах ва қабр ҳолатларини сифатлади. Абу Вадоа кўзларига ёш олди.

Масжиди Набавийдаги дарслардан бирида устознинг ёдига шогирди Абу Вадоа келганда узилиб қолган гапи тушиб, уни шогирдларига айтиб қўймоқчи бўлди. Шогирдларига эшиттириб, «Дунёдаги яхшилик эркак учун солиҳа аёл, аёлга эса солиҳ эркакдир» деб, ўшанда эшик тақиллаганда узилиб қолган фикрини якунлаб қўйди. Устознинг «солиҳ эркак» деган иборасига шогирди Абу Вадоа жуда муносиб эди. Устоз буни бир неча дақиқа зеҳнидан ўтказгач, шогирдидан: «Эркак кишига ёлғиз яшаш қийин. Уйланиш ҳақида ўйлаб кўрмадингми?» деб сўради. Абу Вадоа: «Йўқ, устоз. Ҳозир мол-давлатим йўқ. Уч дирҳам пулим бўлса, менга ким ҳам қизини берарди?» деди. Устоз: «Мен-да», деди. Абу Вадоа нима дейишини билмай қолди.

Абу Вадоа кейинчалик ўша лаҳзадаги ҳиссиётларини таърифлаб, шундай деди: «Устозимдан «Мен-да» деган сўзни эшитиб, шайх нимани мақсад қилдилар экан деб ўйлаб қолдим. Наҳотки илму маърифат ва ҳуснда тенги йўқ бўлган қизларини менга никоҳлаб берсалар?! Йўқ, йўқ! Менга бироз пул бериб, мол-давлатимга муносиб хотин топиш учун ёрдам бермоқчилар. Мен камбағал бўлсам, мол-мулким йўқ бўлса... Кейин менга тегишга рози бўладиган камбағалроқ аёл изласалар керак деган хаёлга бордим. Ана шундай хаёлларда сузиб юрганимда устоз қўлларини қўлимнинг устига қўйдилар. Ҳамманинг олдида «Бисмиллаҳ» деб, ҳамду сано, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтдилар-да, «Гувоҳ бўлинглар! Саъид ибн Масайяб суюкли қизи Фалончини Аллоҳнинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ва уч дирҳам маҳр эвазига Абу Вадоага никоҳлаб беради», дедилар. Сўнг яна салавот айтиб, нутқларини тугатдилар ва бизга тавфиқ ва тўғри йўл тилаб дуо қилдилар».

Шом пайти Абу Вадоа уйида рўзасини очиб, ифтор қилиб ўтирар эди. Бир пайт эшик тақиллаб қолди. «Ким?» деди Абу Вадоа. Эшик ортидан «Саъид!» деган жавоб келди. Қирқ йилдан бери устозини ўз уйи ва масжиддан бошқа жойда кўрмаган шогирд ҳайрон бўлиб қолди. «Бу вақт устозим Саъид ибн Мусайябдан бошқа қайси Саъид эшикни тақиллатиши мумкин? Шайх гапларидан қайтдилармикан? Ёки қизлари менга тегишга рози бўлмадимикин?» Абу Вадоанинг онгидан бир лаҳзада ана шу фикрлар ўтиб кетди. Чиқиб қараса, эшик олдида қадрдон устози Саъид ибн Мусайяб билан келинлик либосидаги қиз туришарди. Келиннинг ёнида совғалар кўтариб олган яна бир нечта қиз ҳам бор эди». Шайх шогирди Абдуллоҳга: «Сен бўйдоқ эдинг, энди уйландинг. Кечани ёлғиз ўтказишингни хоҳламадим. Бу сенинг рафиқанг» деб, қизини ташлаб кетди.

Бу ҳақда Абу Вадоанинг ўзи шундай дейди: «Ифторлик қилиш учун таом тайёрлаб қўйган эдим. Дастурхоним ловия, ёғ ва арпа нондан иборат эди. Бир пиёла тоза сув ҳам бор эди. Келин ўзига тўқ хонадонда ўсганлиги учун унинг кўзи тушган биринчи нарсаси мана шу камтар егуликлар бўлмасин деб, уларни узоқроққа қўйдим. Сўнг томга чиқиб, «Эй фалончи! Эй фалончи!» деб, қўшниларимни чақирдим. Эшитган қўшниларим қараб, «Нима керак?» дейишди. Қўшнилар уйимда бегона аёлнинг овозини эшитиб, ёмон хаёлга бормасин деб, «Саъид ибн Мусайяб қизини менга никоҳлаб бердилар. Шуни сизларга билдириб қўймоқчиман. У энди менинг уйимда», дедим. Баъзилар: «Эй Абу Вадоа, бизни масхара қилаяпсанми?» деса, айримлар: «Бу жинни бўлиб қолибди. Саъид халифанинг ўғли валиаҳдга бермаган қизини сенга берадими?» дерди. Мен: «Аллоҳга қасамки, шайх ваъдасини бажарди. Келин менинг ҳовлимда», дедим. Қўшнилар бу гап қанчалик тўғри эканини билиш учун хотинларини меникига чиқаришди. Қўшни аёллар келин ҳақиқатан ҳам уйимда эканини кўришди. Улар қайтиб бориб, Саъид ибн Мусайябнинг қизи ҳақиқатан ҳам менинг уйимга келин бўлиб келганини айтишди. Кеч тушиб қолганига қарамай, бутун маҳалла бизникига йиғилишди. Аёллар келинни ясантиришди, эркаклар мени безантиришди. Бирпасда тўй бошланиб кетди. Тўй камтаргина бўлса-да қалбга хурсандчилик бахш этди. Бу хурсандчилик Аллоҳ йўлидаги муҳаббатдан пайдо бўлган эди».

Саъид ибн Мусайяб қизини нима учун Абу Вадоага никоҳлаб бергани ҳақида сўрашганда: «Қизимни бойлиги ёки камбағаллиги билан танилган одамга эмас, ҳаёт йўлида собитқадам бўлган одамга бердим. Унинг қуроли дин ва фазилатдир. Қизимни унга бераётганимда уларнинг фазилати ва табиати бир-бирига мос бўлишига ишонган эдим. Эркак ва аёлнинг табиати бир-бирига мос бўлиши жуда муҳимдир. Барчага маълумки, бу мосликни ҳеч қандай бойлик эвазига сотиб олиш мумкин эмас. Бу мослик бир-бирига яқин бўлган, бир-бирига муҳаббатли бўлган икки қалбнинг бир-бирини тушунишидир», деди.

Ибн Вадоа тўйдан кейинги кунлар ҳақида айтади: «Келин билан ўтказган биринчи ҳафта жаннатда ўтгандек бўлди. Бир ҳафтадан сўнг кўчага чиқмоқчи бўлсам, хотиним: «Қаерга?» деб сўради. Мен: «Отангиз Саъиднинг дарсларига кетяпман», дедим. Хотиним: «Бу ерга ўтиринг! Отамнинг илмини сизга мен бераман», деди.

(Тамом)

«Солиҳлар гулшани» китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Али ибн Зайд ибн Жудъон ҳикоя қилади .Ансорийлардан бирининг ўлим соати яқинлашди. У ўғлига шундай васият қилди .Ўғлим Сенга бир васиятим бор, уни ҳар доим ёдингда давоми...

2338 08:50 / 23.04.2019
Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир.Шундай бўлганидан кейин ким ҳам Унинг азобидан қочиб қутула олар эканСураи давоми...

8079 21:10 / 31.03.2019
СаволАссалому алайкум, мен сизга ушр тўғрисида қуйидагича савол бермоқчиман1савол Баъзан киши ерни нақд пулга сотиб олиб, деҳқончилик қилиши мумкин. Бу ҳолатда давоми...

3146 14:35 / 23.02.2020
Қуръонда пайғамбарлар дуолари давоми Қуръонда Ийсо алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган....Унинг исми Масийҳ Ийсо ибн Марям, бу дунёю охиратда обрўли ва яқин давоми...

2263 21:00 / 27.04.2019