1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Намоз ўқиётган одамнинг олдидан кесиб ўтмаслик

13:00 / 27.09.2020 5249 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي جُهَيْمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَوْ يَعْلَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يَدَيِ الْمُصَلِّي مَاذَا عَلَيْهِ لَكَانَ أَنْ يَقِفَ أَرْبَعِينَ خَيْرًا لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ. قَالَ أَبُو النَّضْرِ: لَا أَدْرِي قَالَ أَرْبَعِينَ يَوْمًا أَوْ شَهْرًا أَوْ سَنَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

 

Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик гуноҳ бўлишини билганида, албатта, унинг олдидан ўтишдан кўра қирққача тўхтаб турмоғи ўзи учун яхши бўлар эди», дедилар.
Абу Назр: «Қирқ кун, дедими ёки ой ёхуд йил, дедими, билмай қолдим», деди».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ривоятда исми келган Абу Назр ушбу ҳадисни ривоят қилувчилардан биридир. У киши ўзларига ушбу ҳадисни айтиб берган Буср ибн Саъийд раҳматуллоҳи алайҳ қирқ кун, дедиларми, қирқ ой ёки қирқ йил, дедиларми, билмай қолган эканлар. Абу Назр ана ўша омонатга хиёнат қилмай, қандай бўлса, шундай ҳолида ривоят қилмоқдалар.
Бу ҳадиси шарифда намоз ўқувчининг олдидан ўтиш қанчалар қаттиқ гуноҳ эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Агар ўша намоз ўқувчининг олдини кесиб ўтувчи ўзига бу ишидан қанчалар гуноҳ бўлишини билса, қирқ йилгача қимирламай кутар экан.
Демак, намоз ўқиётган одамнинг олдидан зинҳор кесиб ўтмаслигимиз зарур.

ولِلتِّرْمِذِيِّ وَابْنِ حِبَّانَ: لَأَنْ يَقِفَ أَحَدُكُمْ مِائَةَ عَامٍ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْ أَخِيهِ وَهُوَ يُصَلِّي

Термизий ва Ибн Ҳиббонлар қилган ривоятда:
«Албатта, бирингизнинг юз йил тўхтаб турмоғи унинг учун намоз ўқиётган биродарининг олдидан ўтишидан кўра яхшидир», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоят аввалги ривоятда айтилган муддат қирқ кун ёки ой эмас, қирқ йил эканлигини тасдиқлайди.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا صَلَّى أَحَدُكُمْ إِلَى شَيْءٍ يَسْتُرُهُ مِنَ النَّاسِ فَأَرَادَ أَحَدٌ أَنْ يَجْتَازَ بَيْنَ يَدَيْهِ فَلْيَدْفَعْهُ فَإِنْ أَبَى فَلْيُقَاتِلْهُ فَإِنَّمَا هُوَ شَيْطَانٌ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингиз ўзини одамлардан тўсиб турадиган нарсага қараб намоз ўқиса-ю, биров унинг олдини кесиб ўтмоқчи бўлса, бас, уни даф қилсин. Агар кўнмаса, уришсин. Ундай одам шайтондир», дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳу­нинг бу ҳадисларининг машҳурлиги бежиз эмас. Унга бир ҳодиса сабаб бўлган.
Бу ҳақида Имом Бухорий Абу Солиҳ ас-Саммондан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг жумъа куни ўзини одамлардан тўсадиган нарсага қараб намоз ўқиётганини кўрдим. Бас, Бани Абу Муъайтлик бир йигит унинг олдидан ўтмоқчи бўлди. Абу Саъийд унинг кўкрагидан даф қилди. Йигит атрофга қараб, Абу Саъийднинг олдидан бош­қа ўтадиган жой топа олмади-да, қайтадан яна ўтишга ҳаракат қилди. Бас, Абу Саъийд уни аввалгидан кўра қаттиқроқ даф қилди. Шунда йигит Абу Саъийдни уришди ва Марвоннинг олдига кириб, шикоят қилди. Абу Саъийд ҳам унинг ортидан Марвоннинг олдига кирди. Бас, у:
«Сен билан биродарингнинг ўғлига нима бўлди, эй Абу Саъийд?» деди. Шунда Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳу юқоридаги ҳадисни айтдилар.
Марвон Умавийларнинг бошлиқларидан бўлиб, Марвон ибн Ҳакам номи билан машҳурдир. У халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг отасидир. Маълум вақт Мадинаи Мунавварага амир бўлиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида у саккиз ёшда эди.
Марвон ибн Ҳакам олтмиш уч ёшларида Дамашқ шаҳрида, 65‑ҳижрий санада вафот этганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Намоз ўқийдиган одам сутрага қараб намоз ўқиши кераклиги.
2. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтиш керак эмаслиги.
3. Намоз ўқиётган одам ўз олдидан ўтмоқчи бўлган кишини қайтариши зарурлиги. Қайтариш қўл билан бўлади.
4. Агар шунда ҳам қайтмаса, қаттиқроқ қайтариш зарурлиги.
5. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан огоҳлантиришига ҳам қарамай, ўтишга ҳаракат қилган одамнинг шайтонга тенглиги.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, намоз ўқувчилар олдидан ўтмаслигимиз, ўзимиз намоз ўқиётган пайтимизда олдимиздан ўтмоқчи бўлганларни қайтармоғимиз лозим.

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
569. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомда ҳозир бўлсак, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4080 18:00 / 08.10.2021
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг аввалгисиман. Тўпланиб келганларида давоми...

4571 19:00 / 21.12.2018
Муҳожир ва ансорларНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот асҳоблари Маккадан Ясриб шаҳрига ҳижрат қилишиб, у жойда яшай бошлашди. Саҳобалар Маккадаги ўз давоми...

5000 17:36 / 22.02.2018
476. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Meнинг мacжидимдaги биp нaмоз yндaн бoшқacидaги мингтa нaмoздaн яxшидиp. Фақaт давоми...

3549 15:00 / 12.02.2021
Аудиолар

210859 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар