1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

«Ҳамд байроғи менинг қўлимдадир»

19:00 / 21.12.2018 4714 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг аввалгисиман. Тўпланиб келганларида мен уларнинг хатибиман. Ноумид бўлганларида мен уларнинг хушхабарчисиман. Ул кунда ҳамд байроғи менинг қўлимдадир. Фахр эмас-ку, мен Роббим ҳузурида одам боласининг энг мукаррамиман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фахр учун эмас, балки воқецликдаги ҳақиқат бўлмиш ҳолатни васф қилган ҳолда ўзларининг афзалликларидан бир нечтасини зикр қилмоқдалар.

1. «Одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг аввалгисиман».

Яъни «Вақти соати етиб, қиёмат қоим бўлиб, Аллоҳ таоло томонидан одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг ичидан биринчи бўлиб тирилтириламан». Аввал ҳам ўрганиб ўтганимиздек, бу улкан фазлдир.

2. «Тўпланиб келганларида мен уларнинг хатибиман». 

Яцни «Қиёмат куни қайта тирилтирилган одамлар Роббилари ҳузурига тўпланиб келганларида мен уларга қарата хутба қиламан». Албатта, ана шундай улуғ мақомда, маҳшарда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қиёмат аҳлига қарата хутба қилиш ҳуқуқининг берилиши ҳазилакам иш эмас. Бу ҳол Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақомлари қанчалик улуғ эканлигини, у зот инсон зотининг афзали эканлигини яна бир бор кўрсатади.

3. «Ноумид бўлганларида мен уларнинг хушхабарчисиман».

Яъни «Одамлар қиёмат даҳшатларини кўриб, ҳамма нарсадан умидларини узиб бўлганларида мен уларнинг жаннатиларига хушхабар берувчиман».

Албатта, бу мақом ҳам энг улуғ, ҳеч бир одам зотига насиб этмаган мақомдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммадан афзал эканликларини шунинг ўзидан ҳам билиб олса бўлади.

4. «Ул кунда ҳамд байроғи менинг қўлимдадир».

Бу маъно ҳам олдин ўтган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ҳамд байроғи менинг қўлимдадир» деган гаплари «мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтадир», деганларидир.

5. «Фахр эмас-ку, мен Роббим ҳузурида одам боласининг энг мукаррамиман», дедилар». 

Ҳа, Роббил оламин ҳузурида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан мукаррамроқ одам боласи йўқ. Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқеълик шу. Бу эса ўз-ўзидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг афзал банда эканликларини кўрсатади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кирган куни ундаги барча нарсадан зиё чиқди. У зот вафот этган куни ундаги барча нарсани зулмат босди».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан ҳижрат қилиб, Мадинаи Мунавварага етиб келиб, унга кирганларида у зотнинг фазлларидан шаҳардаги ҳамма нарсалардан зиё таралиб, нур чиқиб кетгани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликларининг яна бир далолатидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дорулбақога риҳлат қилганларида у зотнинг фазлларидан ажраб қолаётган Мадинаи Мунавварадаги ҳамма нарса зулматга кўмилган экан. Бу ҳол ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликлари қай даражада улуғ эканлигига ишорадир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Аврат, инсоннинг уят жойи маъносини билдириб, намоз ўқиганда ўша жойларни тўсиш лозим. Акс ҳолда намоз қабул бўлмайди.Аллоҳ таоло.Эй Одам болалари, ҳар бир масжид давоми...

4217 14:01 / 09.08.2020
794. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бирортангиз бир биродарини учратса, салом берсин. Ораларини дарахт, девор ёки тош ажратса, қайта давоми...

756 19:00 / 28.11.2025
479. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага яқинлашганларида .Аллоҳим, мен унинг икки тоғи орасини худди Иброҳим давоми...

4605 14:00 / 19.02.2021
301. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз таҳорат қилса, бурнига олган сувни чиқариб ташласин, ким тош давоми...

7624 15:40 / 06.12.2019